Ижтимоий ҳаёт ЯНГИЛИКЛАР

Акс садо: Тақлид обрў келтирмайди

“Маҳалла” хайрия жамоат фонди ҳамда “Нуроний” жамғармаси фаолларининг тўй-ҳашам ва маърака-маросимларга оид мурожаатига жавобан ёзилган Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Султонмурод Олимнинг мақоласи (“ЎзАС”, 2018 йил, 16 март) менда катта таассурот қолдирди. Мақолада бугунги маънавий савиямизга ярашмаётган урф-одатларга доир барчанинг кўнглидаги фикрлар ифодаланган. Мана, рўза ойи ўтиб, тўй мавсумлари бошланиши муносабати билан ушбу масалада мен ҳам ўз мулоҳазаларимни ўртага ташлашни лозим топдим.

Аслида урф-одатлар маданиятнинг бир қисми. Одатда, юксак маданиятли халқ деганда, замон ўзгариши билан эскирган, янги замонга мос келмайдиган урф-одатлардан воз кеча оладиган, дунё халқлари ҳавас қиладиган урф-одат, расм-русумларни ўз ҳаётига жорий этиб борадиган халқлар тушунилади.

Оилада бирор киши вафот этгудек бўлса, эски одатга кўра дошқозонда ош дамлаб, юзлаб одам чақириб эҳсон қилинишини ҳаммамиз биламиз, уларда иштирок ҳам этганмиз. ­Дастурхонлар ноз-неъматга тўлади — гўё таъзия эмас, тўйми деб ўйлайсиз. Бироқ шунча ноз-неъмат кимга аталган? ­Аслида эҳсонлар камбағал, бева-бечоралар учун қилинарди-ку?! Бироқ етти маҳаллани чорлаб ош берадиганларнинг улар билан асло иши йўқ. Эҳсон жойи ёхуд тўйхона атрофига эса, бири-биридан ҳашамдор қимматбаҳо машиналар сиғмайди. Келаётган одамларнинг аксари бири-биридан олифта ки­йинган. Булар очми, бир луқма таомга муҳтожми? Уларнинг айримлари ижирғаниб: “Оббо, яна ошми? Одамни тинчгина дам олишга ҳам қўймайди”, деб тонг саҳарлаб шаҳарнинг у чеккасидан бу чеккасига йўл олишади…

Ўйлаб кўринг, яхши ниятда эҳсон учун қилинадиган тадбирларни биз нимага айлантириб қўйдик. Одатда, маънавий савияси паст кимсалар мўмай пул топса, ўзларини бош­қалардан устун қилиб кўрсатиш, мен ҳам маданиятлиман, деб мақтаниш учун шундай тадбирларга зўр берадилар. Хўш, уларнинг аҳволи-ку маълум, лекин бошқалар-чи? Бебилиска тўй қилаётганлар қандай йўл билан пул топаётганидан бохабар ҳолда уларнинг ошига йўрғалайверишнинг ўзи ҳам маданиятсизлик эмасми?

Айрим хорижий мамлакатларда бўлганимизда тўй маросимлари жуда ихчам ўтишини кузатдим. Ёшлар талаба бўлса, университет клубида, махсус салон ёки ресторанда яқин қариндош, дўст-ёрларни чақириб 50-100 кишилик тўй қилишади. Тўй, одатда, кеч соат 19:00 га тайинланади. Дастурхонга ҳўл мева, ширинлик, чой қўйилади. Миллий куйлар чалинади, ёш қизалоқлар ўйинга тушади, катталар келин-куёвга бир даста гул бериб табриклайди, кейин ўтириб суҳбат қуришади. Соат 22:00 да кечки таом тортилади. Шу билан тўй тарқайди.

Биздаги келин узатиш дабдабаси, ҳатто хориждаги миллиардернинг ҳам хаёлига келмаса керак. Келин сарпоси, мебеллар, баъзи хонадонларда катта участка қуриб, келин томонга унинг ҳамма жиҳозларини юклаши, телевизор, кир ювгичдан тортиб куёв болага янги машинагача олиб бериш дунё­нинг бирор мамлакатида учрамаса керак. Ҳозир келин-куёв аксарият ҳолларда ўқийди. Уларнинг ўқиш харажати, кийим-кечаги, ейиш-ичиши ота-она зиммасида. Ота-она буларни таъминлашга қодир бўлмаса-чи?! Ҳамма оила ҳам бундай ортиқча харажатларга қодир эмас-ку!

Бизда тақлид кучли, биров қизини узатиб дабдабали тўй қилса, уни кўрган бошқалар ҳам қўлидан келса-келмаса шунга уринади. Бундай тақлидлар оқибатда бахт-иқболга эмас, уруш-жанжал, оилалар бузилишига олиб келаётгани, ахир, ҳеч кимга сир эмас-ку. Энг ёмони, ёшларни боқимандаликка, текинхўрликка, ишёқмасликка, молпарастликка ўргатиб қўйяпмиз ва бу маънавий қашшоқликка олиб келяпти.

Биз, албатта, бу ишларни тарозига солиб ўйлаб кўришга, ҳамма учун мақбул, ҳамма кўриб ҳавас қиладиган урф-одатларни жорий этишга бурчлимиз. Алишер Навоий ҳазратлари:

Табиатға ҳар неки одат ўлур,

Чу вақт ўтғай одат табиат ўлур –

деб ўгит берадилар. Дарҳақиқат, ҳамма урф-одатларни ҳам юксак миллий қадрият деб бўлмайди. Вақт ўтиши билан баъзи одатларимиз эскиради, замон талабига жавоб бермай қолади. Кўплаб мусулмон давлатларида оилада кимдир вафот этса, фотиҳа уч кун масжидда ўтказилади. Ош дамлаб эҳсон қилиш у ёқда турсин, ҳатто келганларга чой ҳам таклиф қилинмайди. Вафот этганларни эслаб, нимаики маросим бўлса, уйда ўз яқинлари билан ўтказилади. Биздаги исрофгарчилик, хўжакўрсинга “Сендан мен камманми?” қабилида кимўзарга ош беришлар шариатга ҳам асло тўғри келмайди.

Замонга мос келмайдиган урф-одатлар масаласида биргаликда, ўзаро кенгашиб, маҳалла-кўй розилиги билан иш тутиш мақсадга мувофиқдир.

Аҳмадқул ҚУРОНБЕКОВ,

Тошкент давлат шарқшунослик институти профессори

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan