Ёндафтардан (маҳорат мактаби)

628

Ҳаёт магнит – ўзига тортади, ёзувчи шу магнитни ўзига юқтира олсагина китобхонни ўзига торта олади.

* * *

Яхши ёзолмаганингни кечириш мумкин, лекин яхши ёзишни истамаганингни кечириш мумкин эмас.

* * *

Менинг бир қариндошим бор, ёзувчи бґлиш учун илми ҳам, лаёқати ҳам бўлмагани ҳолда, ёзувчиликка ҳавас қилади; илми борлигини, бошқа одамларга қараганда адабиётга яқин эканини кўрсатиш учун ҳамма ерда «П» ўрнига «Ф» ишлатади.

* * *

Кишининг бир ғояга садоқати танлаган касби-ҳунари билан шу ғояга қай даражада яхши ва кўпроқ хизмат қилгани, қилаётгани билан ўлчанади.

* * *

Адабиёт атомдан кучли, лекин унинг кучини ўтин ёришга сарф қилиш керак эмас.

* * *

Сергап, эзма одамни суҳбатда изза қилиш, сергап, эзма нотиқа «қисқароқ бўлсин!» деб сўз ташлаш кифоя, лекин сергап, эзма ёзувчини албатта судга бериш керак.

* * *

Микроб қанчалик хавфли бўлса, уни шунчалик катта қилиб кўрсатадиган микроскоп керак. Сатира ўтига учраган киши, виждони бўлса, одамларнинг юзига қаролмайди, виждони бўлмаса, оғзидан кўпик сочиб, ёзувчининг кетидан болта кўтариб югуради.

* * *

Адабиёт ҳунар, уни касбга айлантириб олган ёзувчи олмага тушган қуртдан фарқ қилмайди.

* * *

Адабий асар ёзиш учун, ҳеч шубҳасиз, талант керак. Лекин ёзилган нарсани ўчириш, китобхонга зарур гапларнигина қолдириш учун талантнинг ўзигина кифоя қилмайди, инсоф ҳам керак.

Абдулла ҚАҲҲОР

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг