1.

Ҳар нимаки жоиз Мавло яратди,

Барчасини азиз, авло яратди,

Одам зотин тенгсиз, аъло яратди, –

Юрт ўғлони элга шундай сўз деди.

 

2.

Буюк зотлар – ярқираган ҳур чақмоқ,

Зулмат бағрин пора-пора этар чок,

Ҳар юракда ёқиб кетар бир чироқ, –

Юрт ўғлони элга шундай сўз деди.

 

3.

Улуғ йўлда улуғ карвон элим бу,

Юлдузларга қўйган нарвон элим бу,

Минг бахтида минг бир армон элим бу, –

Юрт ўғлони элга шундай сўз деди.

4.

Барчага тенг уфургандай гул иси,

Битта нони бўлса, ўзбек улуси

Етти кўча билан егай бўлишиб, –

Юрт ўғлони элга шундай сўз деди.

 

5.

Отажон деб қўлларига сув қуйсам,

Онажон деб тиззасига бош қўйсам,

Ёниб суйсам, ўтдай ловуллаб суйсам, –

Юрт ўғлони элга шундай сўз деди.

 

6.

Ушалгани шудир орзу тилаги,

Ҳар кун кириб келса фарзанд йўлаги,

Она қалби — жаннатнинг бир бўлаги, –

Юрт ўғлони элга шундай сўз деди.

 

7.

Кўк юзини артар булут, кори бор,

Ер юзининг оқ сочиғи – қори бор,

Йигит кўнглин пок тутгучи ори бор, –

Юрт ўғлони элга шундай сўз деди.

 

8.

Қиз бола – бу фаришта дугонаси,

Қалби меҳр-муҳаббат кошонаси,

Ибо-ҳаё рамзи, миллат онаси, –

Юрт ўғлони элга шундай сўз деди.

 

9.

Боғбондан сўр чаманда гул атрини,

Муҳтож билар саховатнинг қадрини,

Керагида тош тиллодан қадрли, –

Юрт ўғлони элга шундай сўз деди.

10.

Ризқ ахтариб неча юртдан келурлар,

Гул шохида сайраб ором олурлар,

Дунё кезган қушлар дардим билурлар, –

Юрт ўғлони элга шундай сўз деди.

 

11.

Яхши кўринай дер юзбўямачи,

Аслини яширар кўзбўямачи,

Баридан баттари сўзбўямачи, –

Юрт ўғлони элга шундай сўз деди.

 

12.

Тўғри сўзнинг қанотини қайирманг,

Ёлғон айтиб, мени элдан айирманг,

Эл сўз дегил деса, мен ҳам шоирман, –

Юрт ўғлони элга шундай сўз деди.

 

13.

Гап ўргатманг мени йўқлаб келганга,

Юрагини ҳасрат чўғлаб келганга,

Нур поёндоз ўз қадрини билганга, –

Юрт ўғлони элга шундай сўз деди.

 

14.

Қалам бўлса эл дардини ёзмасми,

Одам бўлса эл дардида ўзмасми,

Йўқ эса, бош олиб кетмоқ созмасми? –

Юрт ўғлони элга шундай сўз деди.

 

15.

Дўсти кўпнинг душмани кўп, билмайсиз,

Дўст бўлсангиз нега дўстлик қилмайсиз,

Нега қучоқ очиб элга келмайсиз? –

Юрт ўғлони элга шундай сўз деди.

 

16.

Бир нохушлик бўлса, бағрим эзади,

Кўнглим ўзин айбдор каби сезади.

Номард бузар, мард улуғ иш тузади, –

Юрт ўғлони элга шундай сўз деди.

17.

Кўнгил маҳбуб киши ишқибозидир,

Ким оқсоқол, ким ҳоким, ким қозидир,

Топгай қадр гар одамлар розидир, –

Юрт ўғлони элга шундай сўз деди.

 

18.

Бир валломат ариқ қазар, шу кундан,

Неча тирик жон ичади сув ундан,

Юрт эртаси куртак отар бугундан, –

Юрт ўғлони элга шундай сўз деди.

 

19.

Китоб – илму урфон, билим Каъбаси,

Зиёрат аҳлининг шаън-мартабаси.

Умр шамдек сўнар, ҳикмат абадий, –

Юрт ўғлони элга шундай сўз деди.

 

20.

Мақол борки, той қоқилиб от бўлар,

Ёт дейверсанг, туғишганлар ёт бўлар,

Эл бирлашса, арвоҳлар ҳам шод бўлар, –

Юрт ўғлони элга шундай сўз деди.

 

21.

Ўзлигингдан аввал англа ўзингни,

Қуръон нури равшан этсин кўзингни,

Темур шаҳди ила қайра сўзингни, –

Юрт ўғлони элга шундай сўз деди.

 

22.

Юрагимда армоним кўп, бори гап,

Бир тилагим – ўзбекона орият,

Дунё кезсин, камол топсин пок ният, –

Юрт ўғлони элга шундай сўз деди.

 

23.

Ойдай чирой очсин Ватан талъати,

Юксал, буюк алломалар миллати.

Келди яшаш чоғи юртни гуллатиб, –

Юрт ўғлони элга шундай сўз деди!

Саъдулла ҲАКИМ

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan