фахрия

Тарихий манбаларда қайд этилишича, Алишер ­Навоий истиқомат қилган уй “Унсия” деб аталиб, ўз даврида чин дўстлар, ижод аҳли, устоз ва шогирдлар учун дилбар суҳбатлар ошиёни, эзгулик, хайру эҳсон ҳамда илм-маърифат маскани бўлган. Аҳли толиблар камолоти учун у зот бунёд этган мадрасалардан бири“Ихлосия” деб юритилган. Ҳазрат мангу қўним топган Мусалло майдони эса эзгу ниятлар, хайрли дуолар қилинадиган пок кўнгиллар саждагоҳи сифатида маълум ва машҳурдир.

Буюк бобокалонимиз номлари билан аталгувчи Миллий боғимиз ичра, ҳазрат сиймоси нур таратиб турган муаззам гўшада бунёд этилган “Адиблар хиёбони” билан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг янги оқ ва кўркам ­биносига боқиб фахр ва шукроналикда кўнгилдан эзгу ниятлар ўтди.

 

Бу гўшаким, дил баҳр олар, муанбар зиёратгоҳ бўлгай,

Соҳибким ҳазрат Навоий, демакким, саодатгоҳ бўлгай,

Мисли “Мусалло”дек аҳли кўнгилга саждагоҳ бўлгай,

Бунга пок қалбла келганлар анга ўзи гувоҳ бўлгай.

 

Ишқ аҳли-чун ғам найсонин тўсгувчи бир шамсиядек,

Ихтиёр этган кўнгилга интизор “Ихлосия”дек,

Ҳазрат дўстларга дастурхон ёзган қутлуғ “Унсия”дек,

Ҳар ниҳолга сояйи сарв мисол ошён, паноҳ бўлгай.

 

Фалак меҳробида ой ҳам юлдузларни меҳмон этур,

Бу кўшк боғбонлари ҳар лавҳ юзин гулу райҳон этур,

Аҳли диллар назму насрин аҳли эл чун эҳсон этур,

Кўнгиллардан учган ҳислар бир бехиштий сабоҳ бўлгай.

 

Бул Адиблар хиёбони — кўринг қандай нурхонадур,

Мудом баҳор яшнаб турган, боғи эрам, гулхонадур,

Айвонида Ҳазрат дуо қилиб турган пирхонадур,

Пок кўнгиллар нур сочгувчи мунаввар сайлгоҳ бўлгай.

 

Cўз мулкининг даврони бу, ким келмиш ёр жаннат анга,

Бу боғ аро маъни гули сочар нури талъат анга,

Ҳазрат ўзи шеър айтмак-чун бергувсидир навбат анга,

Бунда гаҳи Фарҳод, гаҳи ошиқ Мажнун ҳамроҳ бўлгай.

 

Бу бўстон бир улуғ қалбдан, мўътабар бир эҳсон бўлмиш,

Айтинг, бундай иноятлар аҳли дилга қачон бўлмиш,

Кўнгил учун юксак мақом, даражоту инъом бўлмиш,

Ҳақ илтифот этгувчи бир муаззам хайргоҳ бўлгай.

 

Келинг, камолот касб этган, маъвойи лутф зотлар келинг,

Ишқ ила қалби мунаввар, комрону дилшодлар келинг,

Марғуб кўнгил ғунчасидек, умиди ободлар келинг,

Очилмоқ вақтин ўтказманг, гулламаслик гуноҳ бўлгай.

 

Бундин мужда элтур ҳар ён мисли чопар шаббодалар,

Бунда жам бўлғуси ҳар кун соҳиби ишқ озодалар,

Ҳақ васлини қўмсаган ул аҳли қалб давронзодалар,

Бунда ҳар бир сўзон сўзким, мисли меҳригиёҳ бўлгай.

 

Ахир Ҳазрат ул марҳамат нигоҳи-ла боқиб турар,

Бир иноят гулистони-ҳар бир қалбни ёқиб турар,

Ботин ичра сўз уммони мисли қондек оқиб турар,

Бунда ашъор айтган дилга булбуллар хайриҳох бўлгай.

 

Кўнгил Ҳаққа элтар йўлки, кўнглингизни поклаб келинг,

Кибр туйнук очган бўлса, ўшал жойин чоклаб келинг,

Ошиқларнинг мангу сўзин, Юсуфдек такрорлаб келинг,

Кўнглингизда сўз гулласин, аввал сўз бисмиллоҳ бўлгай.

 

Очинг қалблар деразасин рахин хушбўй ҳаво кирсин,

Даҳр боғи ичра балққан офтобдин нур, даво кирсин,

Асли навосоз бу элга ҳаётбахш ул наво кирсин,

Бир-бири-ла ёвлашганга мисли бир узргоҳ бўлгай.

Давр низомин адл этган зот азмин Ҳақ ҳам қўллагай,

Даврон эли дуосига монанди ижобат йўллагай,

Кўнгилларда сўз гулласа, жисму жон, Ватан гуллагай,

Одамий орзуманд элга бу жой бир саждагоҳ бўлгай!

 

Минҳожиддин Мирзо

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan