САҲРО КЕЛИНЧАГИ

Минорлари кўкка бўй чўзган қадим шаҳар ортда қолди. Жануби-ғарбда уфққа қадар ястанган саҳро кенгликлари сари ичкарилаб боряпмиз. Ҳамкасбим шоир Шодмон Сулаймон билан борар манзилимиз нега Қандим деб номланишини ўзимизча мушоҳада қиламиз. Саҳро қўйнида яқин бир-икки йил орасида қад кўтарган замонавий мажмуа гарчи шу ном билан аталган бўлса-да, эсимизни танигандан буён бу сўз қулоғимизга таниш ва бироз тансиқроқ ҳам туюлади.

 

— Талабалик йилларимиз тайёрлов бўлимига ўқишга келган бир қизнинг исми шундай эди. Кейинроқ чўл ва саҳро ўсимликларига оид адабиётларни ўқиганда озиқбоп буталар қатори қандим ҳам тилга олинганига кўзим тушган. Лекин дала-даштларни шунча кезиб бу ўсимликни кўрмаган эканман.

Ҳамроҳим шундай дея қўлидаги телефон экранига нималарнидир ёзиб, бир зумда интернетдан қандимнинг суратини топди. Апрелдан то сентябрь-октябргача гуллайдиган юлғунга сира ўхшамайди, у август ойи охирларида қип-қизил бўлиб гуллайди. Қандим айни кўкламда оч қизил, пушти рангда чиройли гулларкан. Бамисоли саҳро келинчаги дейсиз.

Қизиқишимиз ортиб, ён-атрофга боққунча Пойкентга келиб қолдик. Бу қадим шаҳар харобаларини чорак аср аввал “Буюк Ипак йўли — мулоқот йўли” халқаро илмий экспедицияси чоғида ҳайратланиб томоша қилганман. Сўнгги вақтда топилган осору атиқалар асосида (дастлабкилари аллақачон хориж музейларини безаб турибди) Пойкент қадимшунослик музейи ташкил этилибди. Халқимизнинг бой ўтмиши, маънавий дунёсини ўзида жо этган музей билан бафуржа танишмоқни кейинга қолдириб, шу жойдан шимол тарафга буриламиз.

Пойкент яқинидаги Қоракўл темир йўл бекати атрофи улкан саноат базасига айланибди. Саҳродаги йирик қурилишлар – халқаро магистраль газ қувурлари, газни қайта ишлаш саноати иншоотларига зарур ускуна ва жиҳозлар, технологик қурилмалар, мураккаб шароитларда “ишнинг кўзини ўяди”ган қурилиш техникаси ҳам шу ерда вагонлардан туширилиб, керакли манзилларга етказиларкан. Айни шу жойда, Бухоро — Олот темир йўл тармоғидан ўнг тарафга янги йўллар чиқарилган. Бу йўллар қирқ беш-эллик чақиримдан сўнг бизни Қандим газни қайта ишлаш мажумасига етказади. Корхонанинг тайёр маҳсулотларини буюртмачиларга жўнатишда қулайлик яратадиган пўлат излар қум-шағал билан мустаҳкамланмоқда. Унга ёнма-ён тушган автойўл шу қадар равонки, саҳрода бундай мўъжизавий йўл қуриш мумкинлигидан ҳайратга тушасиз.

Мажмуага қадар ҳали олис, юқори туманлар экинзорларидан чиқаётган сизот сувлар саҳродаги кўллар томон оқаётган катта-кичик зовурлар, юлғунзор далалар ортда қолди. Бош коллектор ўтган жойда эса, кечагина улкан кўприк қуриб битказилибди, энди унинг ён-атрофи обод қилинмоқда. Барханлар оралаб ўтган йўлнинг ҳар икки тарафига кўчма қумлар ҳамласидан сақловчи кўплаб қамиш пояли четан тўсиқлар қадаб чиқилган. Мажмуага яқин ҳудудларда йўлга яна бир қатлам асфальт-бетон қопланаётгани учун айланма йўллар орқали манзилга ошиқамиз.

Кўп ўтмай кўз олдимизда мажмуанинг тантанали очилиш маросимидан телевидение намойиш этган тасвирлар орқали тасаввуримизга муҳрланган улкан иншоот бор бўй-басти билан намоён бўлди. Бу ерда яқин атрофдаги Қандим, Қувачи-Олот, Оққум, Порсанкўл, Ҳожи ва   ўарбий Ҳожи конларидаги юздан ортиқ қудуқлардан қувурлар орқали етказиб бериладиган хомашё турли қўшимчалардан тозаланиб, таркибидаги конденсатли газ ва олтингугурт ажратиб олингач, газўчоқда фойдаланиш ва экспортга жўнатишга тайёр ёнилғига айланади. Энг сўнгги русумдаги хорижий технология ускуналари билан жиҳозланган мажмуа “Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг компанияси ва “Лукойл” компаниялари ҳамкорлиги меваси бўлиб, унинг қурилишида Жанубий Кореянинг “Хундай Инжиниринг” ҳамда Россия ва бошқа мамлакатларнинг йирик компаниялари қўлни-қўлга бериб ишлаган.

“Ўзбекнефтгаз” ва “Лукойл” компаниялари иштирокида “Қандим газ-конденсат конлари гуруҳини ўзлаштириш” лойиҳасини ҳаётга татбиқ этишга 2016 йил апрель ойида киришилиб, ҳамкор компания томонидан уч миллиард доллардан зиёд инвестиция маблағлари йўналтирилган. Ўтган қисқа вақт ичида лойиҳа доирасида йилига 8,1 миллиард куб метр газни қайта ишлаш қувватига эга йирик завод, ер остидаги қимматбаҳо ёнилғини юзага чиқарувчи бир юз ўн тўртта қудуқ, тўртта газ хомашёсини йиғиш пункти, ўндан зиёд махсус майдонлардан иборат табиий газни тўплаш тизимини ўз ичига олган улкан мажмуа қуриб битказилгани ҳайратингизни оширади. Бунинг натижасида тозаланган товарбоп газ ҳамда 130 минг тоннадан зиёд барқарор газ конденсати олинмоқда. Айни чоғда 370 километр узунликдаги газ узатиш қувурлари ҳамда умумий масофаси 160 километрни ташкил этувчи автойўллар фойдаланишга топширилгани ҳам мазкур саноат комплекси маҳобатидан далолат бериб турибди.

Ўзбекистонда газ конларини ўзлаштиришда янги босқични бошлаб берган мажмуанинг юраги эса, албатта, газ тозалаш иншоотидир. Мутахассислар гувоҳлик беришича, корхонанинг лойиҳада белгиланган муддатдан саккиз ой аввал ишга туширилишида “БАСФ”, “Якобс”, “Ханивелл” ва бошқа кўплаб хорижий компанияларнинг илғор технологиялари ва илмий ишланмалари татбиқ этилиб, юқори малакали мутахассислар жалб қилингани ҳам муҳим аҳамият касб этган. Қурилишда “Хундай Инжиниринг”, “Поско” ва “Джи-Эс” каби дунёга машҳур компаниялар қатори ўзбекистонлик меҳнат жамоалари, муҳандису қурувчилар ҳам фаол иштирок этишибди. Буни иншоотни барпо этишда бевосита қатнашган кекса қурувчи Мансур Салимовнинг корхона маҳобатидан илҳомланиб ёзган “Қандим қаҳрамонларига қасида”сини ўқигандаёқ яққол ҳис этдик:

 

“Ўзбекнефтгаз”, “Лукойл” ҳамкорлигин элчиси,

Келди Ҳинду Оврупо, корейснинг зўр ишчиси.

Бунёдкорлик, меҳнат-ла ўтар кундуз, кечаси,

Дўстларнинг ташрифидан хушнуд мезбон Бухоро.

 

Амриқо, Малайзия ҳам келишди кўмакка,

Тили, дини бошқа, лек юрак яқин юракка,

Бир лаҳзада айланди бир мақсад – бир тилакка,

Дўстларга таҳсин айтар ширинзабон Бухоро.

 

Чилангар, қурувчилар тин олмас шом, кундузи,

Оператор, ҳайдовчи, технологи, ошпази.

“Қандим” бўлажак ҳали она юртим юлдузи,

Муқаддас ер, мусаффо, улуғ осмон Бухоро…

 

Юрт отаси қўл берган, зафарларга йўл берган,

Садоқати чексиз-у, меҳрини мўл-кўл берган,

Бу эл меҳнат, саховат, эзгуликка дил берган,

Асрларнинг бағридан келган карвон Бухоро…

 

Албатта, улкан иншоот ва унинг турли технологик қурилмаларига жон бахш этган бунёдкорлар шарафланган ушбу дил изҳорида заррача муболаға йўқ. Қурилиш жараёнида қуёш панелли батареялардан олинган электр қуввати дизель генераторли электр станциялар энергиясидан тежамли фойдаланишда ғоят қўл келган бўлса, эндиликда мажмуа ва унинг ишчилар шаҳарчасига олис манзиллардан юқори кучланишли электр тармоғи тортиб келинибди. Бош иншоот ва шаҳарчанинг техник ҳамда маиший эҳтиёжлари, айни пайтда, янгидан экилган дов-дарахтларни обиҳаёт билан таъминлаш учун чучук сувли артезиан қудуқлар қўл келаётган экан. Ош-овқат учун эса елим идишларга қуйилган ичимлик сувдан фойдаланилади.

Мажмуа ҳамда ишчи-мутахассислар вахта усулида ишлаб яшайдиган – сменадан бўш вақтлари ҳордиқ оладиган, овқатланадиган, спорт билан шуғулланадиган қароргоҳ энг замонавий экология талаблари асосида барпо этилганини эшитиб, йўлимизни яна давом эттирдик. Вертолётлар учиб-қўнадиган махсус парвоз майдончасига қадар шай қилиб қўйилган бу шаҳарча корхонадан беш-ўн чақирим шимолроқда — атайин шамолгоҳ жой танланиб, тоза ҳаво оқимлари йўналишида барпо этилибди.

 

ЭРТАКМИСОЛ ШАҲАРЧА

Бу шаҳарчани “газовик”лар қўналғаси ҳам дейишаркан. Унга айни туш пайти боришимизга тўғри келди. Дарвоза ёнидаги очиқ майдонда бежирим автобуслар саф тортиб турибди. Улар ҳозиргина ишчи ва мутахассисларни корхонадан тушликка олиб келган экан. Дарвозадан ичкари ҳатлашимиз билан ўзимизни эртакларда тасвирланган ўзга бир оламга келиб қолгандек ҳис эта бошладик. Энг аввало, эрта баҳорда экилган гужум, қора арча, қрим қарағайи, акация каби яна номини биз билмаган бир қанча манзарали кўчатларга елим жўмраклардан қуйилиб турган обиҳаётни кўриб завқимиз келди. Агар шу зайлда парвариш қилиб борилса, бу кўчатлар тағин уч-тўрт йилдан сўнг катта дарахтга айланиб, оққушлардек қанот ёзган қўналға-ётоқхоналар ва бошқа маданий-маиший иншоотларни мўл-кўл соясидан, саҳро қўйнидаги микроиқлимидан баҳраманд этиши тайин.

Пештоқидаги рақамларга қараб бир-биридан фарқлаш мумкин бўлган ётоқхоналар катта шаҳарлардаги меҳмонхоналардан асло қолишмайди. Иссиқ ва совуқ сув дейсизми, замонавий ювиниш хонаси дейсизми, юмшоқ диван-каровату бежирим мебеллар, топ-тоза поёндозлар – барчаси муҳайё этилган. Кондиционерлар бир маромда гуриллаб ишлаб, саҳро ҳавосини мўътадил қилиб турибди. Қишнинг изғирин, совуқ кунлари ҳам бу қароргоҳда яйраб яшайсиз: барча бинолару маданий-маиший масканлар италянча иситгичлар билан жиҳозланган. Уларда ҳатто ҳароратни тартибга соладиган ускуналар ҳам мавжудлигини кўриб, қойил қолмаслик мумкин эмасди.

Шаҳарчанинг ишдан бўш вақтларда спорт билан машғул бўладиган, китоб ўқиб ёхуд ўзаро гурунглашиб ўтириладиган соябон айвонли майдончалари ҳам сизни мафтун этмай қўймайди. Газчилар учун яратилган шароитларни кўзимиз қувнаб томоша қилаётганда тушликдан қайтаётган эски қадрдонимиз — икки-уч йил бурун Қоравулбозордаги нефтни қайта ишлаш заводида танишган Шуҳрат Раҳмоновни учратиб қолдик. У 1995 йили Тошкентдаги техника университетини битирган. Нефтни қайта ишлаш корхонасида йигирма йил муҳандис бўлиб ишлаб бой тажриба орттирган. Саҳро қўйнидаги янги мажмуага эса у каби моҳир мутахассислар жуда зарур. Унинг юз-кўзларидан ушбу корхонага ўтиб ишлаётганидан мамнунлиги шундоқ кўриниб турибди. У каби малакали муҳандисларга мажмуанинг мураккаб технология ускуналаридаги электр жиҳозлар ишини назорат қилиш ишониб топширилган.

Шуҳратжон билан ҳол-аҳвол сўрашиб,   мажмуа ва шаҳарчада яратилган шароитлар билан қизиққанимизда у фахр билан: “Бунақасини ҳали кўрмаганмиз”, деди. Сўнг оиласи ҳақида, фарзандлари қандай касбларни ёқтириши тўғрисида ҳам билгимиз келди. “Ўғлим Миразиз ҳозир лицейда ўқияпти. Албатта, ота касбига қизиқади-да”, деб жавоб берди у. Шуҳрат Раҳмонов ва унинг ҳамкор дўстлари билан ҳам мириқиб суҳбатлашмоқчи эдик. Бироқ тушлик вақти тугаб, ишчилар автобусларга чиқа бошлаганда мулоқотни мухтасар қилдик. Ахир уларнинг ҳар бирини ўзига ёққан ва энг муҳими ишониб топширилган янги иш жойлари кутаётир. Уларга ҳавасманд кўплаб ёшларнинг орзуси ҳам шундай маҳобатли замонавий корхоналарда касб сирларини эгалламоқдир.

Бизни шаҳарчанинг бир йўла уч юз киши овқатлана оладиган улкан ошхонасига таклиф этишди. Юз-қўлни ювиб умумий залга ўтилган жойдаги компьютернинг жажжи қурилмаси эътиборимизни тортди. Унга бармоқ босишингиз билан экранда суратингиз кўриниб, агар сиз шу корхона ходими бўлсангиз, бир зумда ичкарига ўтиш учун махсус ёрлиқ ёзилиб чиқаркан. Албатта, урф-одатимизга кўра меҳмонлар сийланади. Шу боисдан бизнинг бармоқ босишимизга ҳожат қолмади. Хушбўй таомлар ҳиди анқиган зални ҳозиргина келган йигит-қизлар тўлдирган. Ёнимиздаги столда корхонанинг бошқарув идораси қизлари ўтиришган экан. Улар таомдан сўнг чой устида ўзаро гурунглашаётганда танишиб олишга ҳаракат қилдик. Феруза Қизилтепадан, Муқаддас Муборакдан, Муҳаббату Муножат Қаршидан келиб, ишга жойлашибди. Ҳар бири ҳаётдан ўз ўрнини топиб, улкан корхона ишида жавлон ураётганидан мамнунлиги очиқ чеҳра ва иболи табассумларидан аён кўриниб турибди. Уларга боқиб устоз адибимиз Пиримқул Қодировнинг газчилар ҳаёти тасвирланган “Қадрим” қиссаси қаҳрамонларини учратгандай бўлдим. Бу ёшлар ҳам Зулайҳо ва Искандардек шу манзилларда ўз бахтларини топишига астойдил ишонгинг келади…

* * *

Улкан корхона ва унинг эртакмисол шаҳарчаси билан танишаётиб, кўнглимдан шундай ўйлар кечди: бундай замонавий иншоотлар фақат экспорт имкониятимизни ошириб қолмай мамлакатнинг буюк истиқболига ҳам хизмат қилади. Ватан келажагини яратишга, миллат шарафини улуғлашга бел боғлаган ёшларнинг орзуларига қанот бўлади, тафаккурга куч беради. Бугун корхонани хорижлик ҳамкорлар билан бирга, жаҳонга машҳур компанияларнинг илғор технологияларидан фойдаланиб барпо этган бўлсак, келажакда уларни ўзимиз бемалол қура оладиган, дунё мамлакатлари шундай иншоотларни бизнинг ҳамкорлигимиз ва мутахассисларимиз иштирокида қуришни орзу қиладиган даражага эришамиз.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан   инновация ва технологиялар ривожланган мамлакатларнинг нуфузли университетлари Ўзбекистонда ўз филиалларини очаётгани ана шу мақсадларга хизмат қилади. Дунёга     машҳур ўқув даргоҳларида таълим олган   илмга чанқоқ, тафаккури теран истеъдод эгалари ўз юртимизга хизмат қилади. Миллатнинг ақл-идрок потенциали хорижга чиқиб кетишининг олди олинади. Бундан олтмиш-етмиш йил муқаддам буюк аллома Ҳабиб     Абдуллаев истиқболни олдиндан кўриб, ана шу мақсад йўлида жон куйдирган ва юртимиз равнақини кўра олмайдиган кимсалар қутқусидан азият ҳам чеккан эди. Айни бугун Ҳабиб Абдуллаев, Саъди Сирожиддинов сингари буюк сиймолар орзу қилган замон келди. Бугунги ёшларимиз Шароф Рашидов каби миллат оталари орзу қилган “қудратли тўлқин” бўлиб ўз кашфиётлари билан илмий-маънавий тафаккур ривожига ҳисса қўшмоқдалар.

Биз ижодкорлар бу каби истеъдодли ёшларнинг ҳаёти, муҳаббати, кечинмаларини чуқур ўрганишга масъулмиз. Уларнинг Қандимдаги каби йирик корхоналардаги қизғин фаолияти, интилишларини мураккабликлари билан теран тасвирлаб, адабиётимизни авлодларга идеал бўла оладиган замон қаҳрамонлари образлари билан бойитишимиз зарур.

* * *

Шу ўйлар билан саҳро бағридаги мўъжаз шаҳарча атрофидаги манзилларга назар солдик. Бир-икки чақирим шимолроқда “Enter Engineering” қурилиш компанияси мутахассисларининг қароргоҳи жойлашган экан. Шу ерда геодезист Эркин Ишмуҳамедов билан танишдик. У оиласи, фарзандлари билан пойтахтда яшаса-да, йигирма кунлик вахтада ишлагани ҳар сафар Қандим чўлларига қатнайди. 2006 йили Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтини битириб, кадастр ва ер тузувчилик ихтисосини эгаллаган. Газ олинадиган қудуқлар ҳудудини ободонлаштириш ишлари геодезистсиз битмас экан. Бу касбу кор эгаларининг ишига доир эски тасаввурларим ғолиб келиб, “нивелировкачи экансиз-да” десам, “Э, ака, нима деяпсиз, нивелирлар аллақачон урфдан қолган. Ҳозир ундан юз чандон аниқ ишловчи электрон ускуналар чиқиб кетган”, дейди. Эркинжон ва унинг сафдошлари яқинда етмиш бешинчи газ қудуғини тўлиқ ишга туширишибди.

Апрель-май ойларида чиройли гуллаб саҳронинг энг зийнатли ўсимлигига айланадиган қандимни ҳам бизга шу йигит кўрсатди. Шу ҳудудларда қандим(суратларда) кўп учраркан. Табиатда унинг ўндан ортиқ тури бўлиб, қорақалпоқ ва қозоқлар жузган деб атайди. Илмий тилдаги номи эса – сalligonum. Қизғиш-нопармон тусда гуллаганда медузанинг бошига ўхшаб кетади. Қадим-қадимдан табиат гўзалликларини беҳад қадрловчи одамлар бу ўсимликни саҳро келинчаги деб атаб, қизларига шундай исм қўйганлари ҳам бежиз эмас. Айрим қандим турларининг уруғи шифобахш, илдизи ва шох-шаббасидан нафис бўёқ ҳамда ошловчи моддалар олинаркан, ўзи эса чорва моллари учун тўйимли озуқа.

Шамол қўзғалиб, турфа гиёҳлар ҳиди   димоққа урилди. Саҳро шароити эмасми, борлиқни ёндиргудек олов пуркаётган офтоб юзини бирпасда қум тўзони қоплай бошлади. Гирдоб қовжираган ўтларни чирпирак қилиб учириб, кўз очиргани қўймайди. Кучли шамол гоҳ увиллаб, гоҳ шувиллаб турфа товушлар чиқаради. Баланд минорали электр узатиш тармоқларининг бақувват симларга уланган қўнғироқчалари ҳам қандайдир куйни хиргойи қилаётгандек. Лекин улкан мажмуа ва унга ёндош ҳудудларда инсон измидаги қудратли механизмлар бир маромда вазмин гуриллаб, барқарор ишламоқда. Ва буларнинг барчаси тасаввурингизда ўзига хос бир симфонияга айланадики, беихтиёр замон шиддатини янада теран ҳис эта бошлайсиз. Негадир шу топда бир неча йил бурун “Шарқ тароналари” фестивалида Гран Прига сазовор бўлган туваликларнинг “Уран-Хай” миллий ансамбли ижро этган “Энасой” қўшиғи ёдимга тушди. Қай бир жиҳати билан халқ бахшиларимиз ижодига ўхшаб кетадиган оҳангларда табиат ва мусиқа ўзаро уйғунлик касб этган. Буюк кенгликларнинг бетимсол сукунати аро ўкирган шамол ва саҳро жонзотлари нидоси, гувиллаб ишлаётган замонавий бурғилаш қурилмалари шовқини қулоққа чалингандай бўлади.

Бундай ўзига хос садолар бугунги Қандим чўлларининг ҳам улуғвор симфониясидир. Шу симфония оҳанглари оғушида улкан мажмуадан қайтиб, Қоракўл тумани марказига етиб келдик. Туман ҳокими Ҳусниддин ўойиров билан танишиб, ҳол-аҳвол сўрашиб билиб олдикки, у киши матбуотимизнинг ҳозиржавоблиги, қизиқиб ўқилишини таъминлайдиган омилларга жуда эътиборли раҳбарлардан экан. Қандим мажмуасининг қурилиши ва аҳамияти ҳақида бизга жуда кўп нарсаларни сўзлаб берди, корхона билан яқиндан танишув чоғи олган тасаввурларимиз янада бойиди.

— Мажмуа иншоотларини барпо этишга ўн мингга яқин ишчи ва мутахассис жалб этилди, — дейди Ҳусниддин Муродович. — Уларнинг анча қисми бизнинг қоракўлликлар эканлигидан фахрланамиз. Бугун ҳам мажмуада икки минг киши ишлаётган бўлса, уларнинг беш юз-олти юз нафари туманимиз вакиллари. Давлатимиз раҳбарининг улкан қурилиш бошланиши ва фойдаланишга топширилиши муносабати билан мажмуага ташриф буюргани, нутқ сўзлагани туманимиз ёшларини ғоятда руҳлантириб юборди.

Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбари ўз нутқида кўлами ва технологиялари бўйича ноёб ҳисобланган, дўстона ҳамкорликнинг яна бир тимсолига айланган Қандим газни қайта ишлаш мажмуаси мамлакатни жадал ривожлантиришга хизмат қилишини алоҳида таъкидлагани, айни чоғда: “Мажмуа қурилишида иштирок этган минглаб ёш мутахассислар илғор технологик ечимлар ва юқори халқаро сифат стандартлари асосида энг йирик ишлаб чиқариш объектларини жадал қуриш бўйича замонавий усулларни ўзлаштиргани, бу ерда орттирган кўникма ва тажрибасини келгусида мамлакатимизда янги лойиҳаларни амалга оширишда қўллаш имконига эга бўлгани муҳим аҳамият касб этади”, деб ишонч билдиргани бежиз эмас.

Янги корхона одамларни иш билан банд қилиш масаласини ҳал этибгина қолмай, мактаб ва коллежларда таҳсил олаётган минг-минглаб ёшларнинг мамлакат нефть ва газ саноати равнақи учун зарур бўлган ноёб ихтисосликларни эгаллашга қизиқишларини ҳам оширгани барчага хуш ёқмоқда. Бунда юқори малакали мутахассислар тайёрлаш борасида самарали ҳамкорликнинг йўлга қўйилгани муҳим аҳамият касб этаётир. Қоракўллик ёшлардан — Бухоро муҳандислик технология институтининг нефт-газ бўлими талабаси Сирожиддин Меҳмонов, Бухородаги нефть ва газ касб-ҳунар коллежининг юқори босқичида таҳсил олаётган Муроджон Нарзуллаев ва бош­қаларнинг Ёшлар иттифоқи туман кенгашидаги мулоқотларда Қандимдаги янги мажумага бориб ишлаш, олий ўқув юртларида мазкур иншоот учун керакли мутахассисликларни эгаллаш орзусида эканликларини эшитиб, шунга амин бўлдик.

* * *

Қоракўлдан Бухорога қайтаётганимизда Сайёд қишлоғи деган ёзувга кўзимиз тушди. Шодмонжон: “Бу раҳматли Тилак Жўранинг қишлоғи”, деганда хаёлимда бир зум дилбар мисралари билан ўзига ҳайкал қўйиб кетган заҳматкаш шоиримиз қиёфаси жонланди. Тилак ака камтарлиги ўзига ярашган гўзал инсон эди. Тақдирнинг мукофотини қарангки, яхши шоирлар ҳам саҳронинг гўзал гиёҳлари каби илдиз отган манзиллари номини       абадиятга муҳрлаб кетар эканлар.

 

Мурод АБДУЛЛАЕВ,

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси мухбири

Тошкент — Қандим — Тошкент

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan