Биёбондаги нола

Салим чўпоннинг тоғ бағрида туғилган қишлоғи, отасидан қолган ҳовли‑жойи бўлгани билан умри шу биёбонда ўтди. У чакана қўй‑қўзиларни тоғ ёнбағирларида боқиб юрган отасининг қўлидан таёқни олганида, боринг ота, сиз дуойи жонимизни қилиб юринг, деган гапни айтиш учунгина йигит киши туғилишини   энди‑энди фаҳмлаб етаётган дамлари эди.

Отаси ундан рози кетди. Агар давлат     чакана қўй‑қўзиларни йўқотиб, барчасини умумхўжалик ҳисобига ўтказиб юбормаганида,   Салим чўпон бу дашту биёбонни хаёлига келтирмай, ўзининг тоғу тошлари орасида тўй‑маъракаларда, жаноза‑азаларда яқинларига елкадош бўлиб яшарди. Чакана сурувлар тугаб, давлатга қарашлисини боқа бошлаганидан сўнг, чўпон етишмайди деб уни шу ерга жўнатиб юборишганди. Хоҳласанг шу, хоҳламасанг бор, тошингни тер. Қўлидан нимаям келарди? Давлат чўпони бўлганидан сўнг, биёбонда ҳам шарт‑шароити бошқаларга нисбатан ёмонмас. Сурув сақланадиган отар, унинг бир четида кулба. Қишда ўтин келтириб беришади. Ёзда ҳар икки кунда сув машинаси келиб, циcтернани тўлдириб кетади. Маоши тайин. Озиқ‑овқатларини ҳам керагидан ортиғи билан ташлаб кетишади. Колбаса, пишлоқ, сарёғ, ҳар хил консервалар, қанд, чой, нон, ун. Бунақа нарсаларнинг бир хилисини Салим чўпоннинг қишлоғида туғилганлар ҳатто кўришмаган ҳам. Гўшт‑ёғдан ҳам қисинадиган жойи йўқ. Шундай экан, туғилган қишлоғидан узоқда эканига таскин берадиган нарсалар ҳам бор‑да. Кейин, қолаверса, ҳозир тоғ қишлоқларининг кўпи чўлга кўчирилган. Тушига ҳам кирмаган пахтачилик билан шуғулланиб, донг таратганлар орасида унинг ҳамқишлоқлари ҳам бор. Улар чўлдаги пахтачилик хўжаликларида уруғ‑уруғ бўлиб яшашади. Шу боис, мусофирликлари ҳам унчалик билинмайди. Бу дашту биёбонда эса, Салим чўпоннинг ёлғиз ўзи ва сурув-сурув қўйлари. Отаси ҳали ҳаётлигида бошини иккита қилиб қўйган эди. Ўзи азалдан кўнгли бўлмаган эканми, қариндош‑уруғларидан олисдалигини, ҳеч кими йўқлигини, устига устак уч йилдан буён фарзанд кўришмаётганини дийдиё қилавериб, биринчи хотини ундан кетди. Наилож! Хотин ит эмаски, боғлаб қўйсанг. Аммо бу дашту биёбонда итни боғлаб қўйсанг ҳам узоққа бормай ё сиқилиб ёинки қутуриб ўлади.

Салим чўпон сўққабошликка энди‑энди кўникканида савоб бўлар деб қишлоқда қаровсиз қолган бир беванинг бошини унга боғлаб беришди. Мана ўттиз йилдирки, у ҳам сурув атрофида куймаланиб, ёрдам беради. Авваллари орзу‑умидларидан гапирарди, серюлдуз осмон остида фарзандларига кўкрак тутганида ундан бахтиёрроқ, масрурроқ аёл йўқдек эди. Икки ўғил кўришди, улар дуруст ўқиб, шаҳарга кетиб юборишди. Энди аёли ҳам гапирмай қўйди, дашту биёбон сингари у ҳам гўнг, соқов.

Салим чўпон қўзисидан қоракўл тери олинадиган қўйлар сурувини боқади. Аммо гапнинг сирасини айтганда, дунёнинг бошқа ҳеч ерида қўйларни тилла кукуни сепилган хашак билан боқадими, бошқа усул қиладими, бунақа терини топиб бўлмайди. Салим чўпоннинг кейин‑кейин билиб олганига қараганда, чалов, янтоғ, турфа ҳид таратадиган чўл ўсимликлари орасидаги шувоқ бунга сабабчи эмиш. Ўзи кўримсиз бўлгани билан бу ердаги шувоқнинг таркибида олтин кўп эмиш. Мана шу шувоқ шохларини чимдиб еган совлиқ қўйларнинг қўзилари терисида ҳам олтин бор эмиш, шунинг учун нархи баланд экан.

Қўзилаш мавсуми чоғларида қоракўл терилар ёйилган майдон хазонрезгиликни эслатади. Салим чўпон у ёққа кўпам боравермайди. Юк машиналарига бир кунлик, икки кунлик, уч кунлик қўзиларни бағиллатиб ортиб юборишади. Уларни ўша ёқда сўйиб, терисини олиб қуритишади. Қуритишнинг ҳам ўз йўл‑йўриғи бор, буни биладиган одамлар ишлашади у ёқда. Битта совлиқ олти мартагача қоракўл тери берадиган қўзи туғади. Олтинчисини совлиқнинг қорнини ёриб олишади, мана шунисининг териси энг қиммат ҳисобланади. Ўзиям тунда оловдек ёнади. Давлат бошлиқлари, катта ҳарбийларнинг бошларидаги папахалари, телпаклари ана шунақа ҳали туғилмай она қорнидан ёриб олинган қўзининг терисидан тикилган.

Отар ёнига юк машинаси келиб тўхтади. Елкалари бироз букчайган баланд бўйли,   қирқ‑қирқ беш ёшлардаги қоп‑қора қисиқкўз ҳайдовчи кабинадан тушиб, жиякларининг яғири чиқиб кетган дўпписини негадир   бошидан олиб, каттакон кафтига қарсиллатиб ураркан:

— Ҳалитдан бу иссиқни қаранг, — деди Салим чўпон билан кўришиб бўлгач, шикоят оҳангида бош чайқаб. — Билмадим, ёз келса нима қиларканмиз?

— Пешонада борини кўраверамиз, — деди Салим чўпон бепарво оҳангда, чидаганга чиқарган — бу биёбонда юришнинг ўзи бўладими.

— Янгага айтинг, бир коса сув берсинлар, — ҳайдовчи гапни обу ҳаво шикоятидан бошлаганининг сабабини маълум қилди. — Сув олиш эсдан чиқипти денг, танглай ёпишиб кетди, ёмон чанқатди одамни.

Салим чўпон индамай кулбага кириб кетди. Кўп ўтмай обкаш тўла сув кўтариб чиқиб, уни ҳайдовчига тутди. Ҳайдовчи чўнқайиб ўтирганча, бўйнидаги юмғоқни ликиллатиб обкашдаги сувни ичиб тугатди.

— Э, раҳмат! — деди сўнгра обкашни эгасига узатиб. — Бу биёбонда бир кун ташна қолган одам тил тортмай ўлиши аниқ.

— Янами? — сўради Салим чўпон.

— Ҳа, майли, — бош ирғади ҳайдовчи.

Салим чўпон олиб чиққан сувни ҳайдовчи бу гал шошмай‑ошиқмай, нафас олиб‑нафас олиб ичди.

— Энди бас, — деди обкашни қайтиб бераркан.

Салим чўпон обкашни олиб ичкари кириб кетди. Кўп ўтмай қўлида қандайдир қоғозлар кўтариб чиқиб ҳайдовчига узатди. Ҳайдовчи уларга кўз югуртириб чиқиб:

— Олтмиштами? — деб сўради.

Салим чўпон бош ирғади.

Ҳайдовчи машинасига яқинлашиб, кабинанинг очиқ эшигидан ичкари бошини суқди. Кабина шифтига қистириғлиқ ручкани олди. Қоғозларни ўриндиққа қўйиб уларга имзо чекди, ярмини ручкага қўшиб кабина шифтига қистириб қўйди, қолганларини Салим чўпонга қайтариб берди.

— Кечаги ўттизтанинг накладнойларини ҳам тўғрилаб қўйишимиз керак, — деди Салим чўпонни хотиржам қилмоқчи бўлгандек.

Салим чўпон унинг бу гапини эшитса‑да, эшитмагандек миқ этиб оғиз очмади.

Ҳайдовчи машинага ўтираркан, кабинанинг нариги томонидаги эшикни очмоқчи бўлиб:

— Ўтирасизми? — деб сўради.

Салим чўпон бош чайқаб:

— Сиз бораверинг, — деди.

Машина мотори гуриллади. Унча олис бўлмаган жойда ўтлаб юрган сурув томон йўл олди. Салим чўпон қўлидаги қоғозларга пича фаромуш назар ташлаб турди. Сўнгра уларни қўйиб чиқиш учун ичкари йўналди.

Салим чўпонга ичкаридан аёли эргашиб чиқди. Улар сурув томон йўлга тушишди.

Машина сурув ёнида тўхтаган, чўпоннинг сурувни қўриқлаб юрган бўрикалла иккита ити рулда ўтирган ўлжанинг кабинадан қачон тушишини пойлаганича бир‑бирларига гал бермай ириллаб туришгани учун, ҳайдовчи кабинадан тушмай ўтирарди.

Салим чўпон итларга нимадир деб дўқ урган эди, улар ортга қарай‑қарай нари кетишди.

— Сиз бўлмасангиз биров яқинлашса еб ташлашади, — деди ҳайдовчи мудҳиш бир манзарани кўз ўнгига келтириб, юраги алланечук бўлиб.

Салим чўпон индамади. Хотини ҳайдовчининг гапини ёқтирмагандек, унга ола қараб қўйди.

Кейин қўзиларни ортиш бошланди.

Ҳайдовчи кузовнинг ортини очиб қўйди.

Хотини қўшоқлаб қўлига тутқазган қўзиларни Салим чўпон кузовга юклайверди. Ҳаш-паш дегунча олтмишта қўзи юкланди. Ҳайдовчи уларни яна қайта санаб, саноғи тўғрилигига ишонч ҳосил қилгач, кузовни беркитди.

Кабинага чиқаркан:

— Қани дуо беринг, — деди кафтини ёзиб, чўпонга қараганича. — Эсон‑омон етказиб бориб, топширайлик.

Салим чўпон кафтини ёзди, унинг ортидан хотини ҳам шундай қилди. Салим чўпон гапни чўзмай:

— Омин, — дея кафтини юзига сурди.

Унинг бу ҳаракатини қолганлар ҳам такрорлашди.

Ҳайдовчи кабина эшигини ёпди.

Мотор гуриллаб ўт олди.

Кузовдаги қўзиларнинг баъраши битта оғиздан чиқаётгандек тасаввур уйғотар, шунинг учун совлиқлар ўзларининг қўзиларининг овозларини ажратиб ололмай, сурувга бўри оралагандек саросималаниб туришарди.

Машина жойидан силжиди.

Кузовдаги ялакат баърашлар орасидан бир овоз чинқираётгандек алоҳида ажралиб чиқди. Сурувда ғуж бўлиб туришган қўйлар орасидан бу овозни таниб қолган совлиқ баъраганича ажраб чиқди‑да, машина ортидан югурди. Машина ортидан қувишга чўпондан ҳайиқиб баҳона излаб туришган итлар ҳам вовуллаганча унга эргашди.

Машина жинғиллар оралаб ўтган тупроқли йўлдан кетарди.

Унинг ортидан югураётган совлиқ ва итлар тўзон орасида гоҳ йўқолиб, гоҳ кўзга ташланиб қолишарди.

Тобора олислаб бораётган юк машинаси кузовидаги қўзилар овози эшитилмас, она совлиқ эса ҳамон чарчаш нималигини билмай олға интиларди. Итлар эса энди ўз вазифаларини эслаб қолишиб машинани унутишган, совлиқнинг олдини тўсиб, уни сурувга қайтариб ҳайдаб келиш пайида бўлишарди.

Чанг‑тўзон орасида нимагадир туртиниб ўмбалоқ ошиб кетган она совлиқ жойидан туролмай, тумшуғини машина кетаётган томонга чўзганча шу қадар чинқириб баърардики, унинг ноласидан теварак‑атрофдаги буталар соясидаги ертешар жониворлар ўзларини тумтарақай дуч келган тешикларга уришарди.

Машина узоқлашиб кетди. Итлар уни қайтиб келмаслигига ишонч ҳосил қилгилари келгандек, анча жойгача вовуллаб қувиб боришди. Кейин ўз жасоратларидан фахрланиб, изларига қайтишди.

Салим чўпон ва хотини ерда ётган совлиқнинг олдига келишди. Совлиқ энди нажотсиз товушда зўр‑базўр маърар, ҳарчанд уринмасин ўрнидан туролмасди.

Салим чўпон унинг узанган олдинги бир оёғини қўли билан пайпаслаб ушлаб кўраркан, дарҳол вазиятни пайқади.

— Синипти, — деди ўзига‑ўзи гапираётгандек оҳиста товушда.

Унинг бу сўзини нарироқда тик турган хотини эшитса‑да, индамади. Чамаси, у бунақа ҳодисаларни кўравериб кўзи пишиб кетган эди.

Салим чўпон совлиқнинг нариги томонида туриб чўккалаганча уни елкасига олмоққа уринди. Совлиқ оғриқнинг зўриданми, ҳамон мунгли баърарди. Уни елкасига кўтариб олишига ёрдамлашаётган Салим чўпоннинг аёли туйқусдан тилга киргандек:

— Тилла шувоғи бошини есин биёбонингизнинг, — деди йиғламсираган овозда. — Тилла териси бошгинасини есин.

Салим чўпон, тилингни тий, демоқчи бўлиб аёли томонга қаради‑ю, унинг қиёфасидан ич‑ичидан алангали пўртана етилиб келаётганини кўриб индамади. Елкасидаги юкни сезмаётгандек чапдастлик билан қаддини тиклаб, қадамини илдамлатганча сурув томон кетди. Унинг икки томонида итлар ўйноқлаб боришарди. Аёл анча ортда қолди.

Шойим БЎТАЕВ

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan