Биз Умра зиёратига борувчиларнинг бешинчи гуруҳига кирган эдик. Бир ҳафта аввал Ҳазрати Имом масжидида гуруҳдаги 48 киши зиёратда бизга раҳбарлик қиладиган Абдулҳаким Орипов билан учрашдик.
У киши ҳаж ва умра зиёратига кўп бор гуруҳ раҳбари сифатида бориб, шарт-шароитларни яхши ўрганган.

— Ҳаж ва умра зиёратининг ўзига яраша машаққатлари бор, — деди у. — Ибодатни охиригача яхши бажариш сизларнинг интизомингиз, йўл-йўриқларга тўғри амал қилишингизга   боғлиқ. Сизлар покланиш учун боряпсизлар…

Ислом шариатида Байтуллоҳнинг махсус зиёратига “умра” дейишади. “Умра зиёрати” қўлланмасида ибодат тартиби   батафсил тушунтирилган.

Зиёратчиларга Ўзбекистон байроғи туширилган, мамлакат номи ёзилган нимча ва шундай белгилар бўлган кичик сумка, яна бўйинга осиб юриладиган, кишининг расми бор ёрлиқлар берилади. Бундай “форма”ни бошқа мамлакатлар фуқароларида кўрмайсиз. Булар араб ва инглиз тилларини билмайдиган, Маккага илк бор бораётган юртдошларимиз адашиб   қолмасликлари учун қилинган.

Айтилганидек, эрталаб соат 5.00 да Ислом Каримов номидаги халқаро аэропорт кутиш залида тўпландик. Соат 8.00да 233   нафар зиёратчи “Боинг”да Тошкентдан Жиддага парвоз қилди. Самолётда зиёратга бораётган юрист Абдураҳмон Муродуллаев, ҳайдовчи Ҳамидулла Тешабоев, қурувчи Мирмаҳмуд Ҳакимов билан танишдим. Зиёрат давомида бир-биримизга кўмаклашиб, ҳамжиҳат ибодат қилишга ваъдалашдик.

Жидда вақти билан соат 11.00 да самолётимиз манзилга қўнди. Аэропорт бир пайтнинг ўзида 40 та самолётни қабул қила олади. Учоқлар тинимсиз учиб-қўниб турибди. Осиё, Африка ва Европадан зиёратга келаётган турли миллатга мансуб кишиларни учратиш мумкин. Соат 12 дан ошганда автобусларда Мадина сари йўл олдик. Бу ерда ўн икки ой – ёз. 3 февральда Жиддада ҳарорат 35 даража эди.

Шудгорланган далага ўхшаш қип-қизил қум ва катта-кичик     тошлардан иборат саҳрони равон бетон йўл ўқдай кесиб ўтган. Саудия Арабистони саҳро ва ярим саҳродан иборат, сув манбалари жуда кам. Воҳалардагина суғорма деҳқончилик мавжуд. Аҳоли қудуқлардан фойдаланади. Иссиқ тропик иқлим, январь ойида ҳарорат         ўн-йигирма даража иссиқ, июлда эса 45-50 даража ва ундан ҳам ошиб кетади. Ёмғир кам ёғади. Қор эса умуман ёғмайди…

Мамлакатнинг Қизил денгизга яқин ҳудудларида оқар сув, экин экишга яроқли майдонлар бор, дейишади. Ўтган аср 80 – 90-йилларида қишлоқ хўжалигини ривожлантириш бўйича кўп иш қилинган. Ҳозир мамлакат қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган эҳтиёжни ўзи таъминлайди. Чет элга нефть, буғдой ва хурмо экспорт қилади. Зиёратчиларга сервис хизмати юксак даражада. Мамлакатда ҳаж ва умра масалалари билан шуғулланадиган махсус вазирлик бор. Йил мобайнида беш миллионга яқин киши ҳаж ва умра зиёратига келади. Уларга сифатли хизмат кўрсатилади.

Ўзбекистонда ҳам халқаро алоқалар кучайиб, туризм   ривожланмоқда. Чет элларда Самарқанд, Бухоро, Хива каби тарихий шаҳарларимизни кўришга орзуманд кишилар кўпаймоқда. Туризм келажакда мамлакат иқтисодиётининг муҳим соҳаси бўлиб қолиши керак. Бу борада араб биродарларимиздан кўп нарса ўргансак бўлади.

Мадинаи мунаввара ва, хусусан, Расулуллоҳ с.а.в.нинг муборак масжидлари зиёратининг файзи ҳақида кўплаб ҳадислар бор.  “Солатун фий масжидий ҳаза хойрун мин алфи солатин фийма сиваҳу иллал масжидал ҳаром”. Яъни “Менинг масжидимдаги бир намоз ундан бошқасидаги мингта намоздан яхшидир, фақат     Масжидул Ҳаромгина бундан мустасно”. Чунки Масжидул       Ҳаромдаги (яъни дунёдаги барча орзу-ҳавас, ташвишу қайғу ҳаром қилинган жойдаги) бир намоз савоби бошқа оддий масжидлардаги юз минг намоз савобига тенгдир. Расулуллоҳ(с.а.в)нинг     масжидларига боришдан аввал ғусл қилиб, мушк-анбарлардан сепиб, тоза кийимларни кийдик. Йўлда

Соллаллоҳу ва ала Муҳаммад

Соллаллоҳу ва алайҳ вассалам —

деб салавот айтиб бордик. Масжидга киришда ўнг оёқни қўйиб “Бисмиллоҳи вассолату вассаламу ала Расулуллоҳ”, дедик. Яъни “Аллоҳнинг номи билан (кираман), Расулуллоҳга салавот ва       саломлар айтаман”, дедик. Сўнгра қалбдаги энг яхши дуоларни айтиб Равза сари юрдик.

Пайғамбаримиз милодий 632 йилда аёллари Ойша билан яшаган уйда вафот этиб, шу уйнинг ўзида дафн этилганлар. У киши “Уйим билан минбарим ўртасида бир боғ бор”, деганлар. Шунинг учун Равзада икки ракат намоз ўқидик. Кейин ниҳоятда одоб   билан, оҳиста Расулуллоҳнинг қабри томон бордик. Қабри шарифга   юзланиб туриб, тўғрисига келганда “Ассалому алайка ё Расулуллоҳ ва раҳматуллоҳи ва баракатуҳ!” дедим. Сўнг ҳамкасб дўстларим ва фарзандларимнинг саломларини пайғамбаримизга етказдим.

Расулуллоҳ с.а.в. ҳадиси шарифда: “Бирор киши менга салом берса, албатта, Аллоҳ менинг руҳимни қайтаради ва мен ўша одамнинг саломига алик оламан”, деган эканлар. Шуни ўйлаганимда кўнглим юмшаб, кўзларимга ёш келди. Ўзимни бахтли ҳис қилдим. Муҳаммад алайҳиссалом қабрига келиб, салом бериш ҳаммага ҳам насиб этавермайдиган ҳодиса-ку. Мен шунга етказганига шукр қилдим… Пайғамбаримизнинг ёнида сафдоши     ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ (р.а.), унинг ёнида ҳазрати Умар ибн Хаттоб (р.а.) ётибди. Қабрлари ёнига келганда уларга ҳам салом бердим. Сўнг Мадина ҳарамига кириб Қуръон тиловат қилдик, салавот ва дурудлар айтдик.

Муҳаммад алайҳиссалом масжиди ноёб меъморлик намунаси. У маҳобати, нафосати, гумбазлари қуёш нурида ажойиб бир   тарзда товланиб туриши билан ўзига мафтун этади ва дунёда зиёратчилар энг кўп келадиган қадамжолардан бири ҳисобланади. Айниқса, тунда – минораларига ўрнатилган яшил ва оқ     чироқлар порлаб турганда жуда жозибадор кўринади. Бу ердан куну тун одам аримайди. Бу улкан масжид подшоларнинг бир     неча   авлоди умри ­мобайнида бунёд этилган. Уни барпо этишга Усмонли турклар кўп маблағ ва куч сарфлашган.

Пайғамбаримиз масжидидан чиққач, шарқ томон юриб, катта кўчани кесиб ўтсангиз “Бақиъ” қабристони келади. У Мадинадаги энг катта ва қадимий қабристон. Унда жаннатилиги тириклигида башорат қилинган ўн саҳоба дафн этилган. Шулардан бири Ҳазрати   Усмон(р.а.)дир. У пайғамбаримизнинг икки қизи — Руқия ва Умму Гулсумга уйланган. Қабристонда бундан ташқари Ҳазрати Абдураҳмон бинни Ауф, Ҳазрати Сад бинни Муаз дафн этилган. Ҳазрати Сад бинни Муаз вафот этганда Арши аъло ларзага келган дейишади. Қабристонга жами ўн минг саҳоба дафн этилган. Ҳазрати   Фотима, Ойша онамиз, пайғамбаримизнинг яна тўққиз аёли ҳам шу жойга қўйилган. Ҳазрат Алининг набиралари Имом Ҳасан, Имом   Жаъфар Содиқ ҳам шу ерда абадий қўним топишган.

Биз ўзбекистонлик зиёратчилар Мадинага келган кунимизнинг индинига Пайғамбар алайҳиссалом билан боғлиқ қадамжоларга, жумладан, Уҳуд тоғига, Икки қиблали масжидга, Кубо масжидига бордик. Бизга шу ерлик ўзбек, ўуломжон қори Абдураҳмон йўлбошчилик қилди.

Қубо масжиди пайғамбаримиз Мадинага келганларидан кейин биринчи марта қурган масжидлари. Пайғамбаримиз Маккадан Мадинага келганларида Мадина ансорлари у кишини хурсандлик билан кутиб оладилар. У киши бир саҳобанинг уйида меҳмон бўладилар. Кейин оқ туяларига миниб йўлга тушадилар. Туя қаерга чўкса, ўша жойда қоламан, дейдилар. Туя Қубо қишлоғида чўкади. Пайғамбаримиз ўша жойда қолиб, бир етимнинг ерини сотиб олиб, ўша жойда масжид қурадилар. Кўпчилик қатори ўзлари ҳам ишлаганлар. Масжиднинг устунлари хурмо ёғочидан тайёрланиб, устига хурмо шох-шаббалари қўйилганди, учта эшиги бор эди, меҳроби, минбари, безаги йўқ эди.
У пайтларда масжидларда жойнамоз ҳам, бўйра ҳам бўлмасди. Бу нарсалар кейинроқ расм бўлган.

Муҳаммад алайҳиссалом Мадинада яшаганларида ҳар шанба пиёда ёки уловда шу масжидга келиб намоз ўқиб кетар эканлар. Саҳл Ҳунайф(р.а.)дан ривоят қилинишича, пайғамбаримиз “Ким уйида таҳорат қилиб, Қубо масжидига келиб намоз ўқиса, умранинг савобини олади”, деган эканлар (Имом Аҳмад ривояти).

* * *

Биз Мадина шаҳри марказидаги “Masat Al-Bustan” меҳмонхонасида турдик. У Пайғамбаримиз масжидларидан унча олис бўлмаган жойда. Ҳар куни қийналмай пиёда бориб, беш вақт намозни шу муқаддас масжидда ўқий бошладик. Меҳмонхона ва унинг ошхонасида хизмат қиладиган ходимларнинг кўпчилиги мадиналик ўзбеклар экан. Таомлар ҳам ўзбекча. Менда шу ҳамюртлар билан учрашиш нияти туғилди.

Келганимизнинг иккинчи куни Муҳаммадаюб ака ҳузурига бордим. Яхши кутиб олдилар. Журналист эканимни айтиб, суҳбатлашмоқчи бўлдим. У киши меҳмонхонадаги хонамни сўраб: “Кеч соат 8 да бораман, бафуржа гаплашамиз”, деди. Кечқурун учрашдик. Ота-боболари асли қўқонлик экан. 1929-1931 йилларда шўролар ўзига тўқ, ер-сувли оила бошлиғи бўлгани учун отасини қулоқ бўладиганлар рўйхатига киритади. Шунда бир инсофли одам огоҳлантиради: “Ҳаракатингизни қилинг, акс ҳолда Сибир ёки Украинанинг дашт туманларига сургун қилишади”. Шундан кейин Муҳаммадаюб аканинг отаси рўзғордаги зарур буюмларни уч отга ортиб, кечаси оиласи билан Қўқондан чиқиб кетади. Ўшанда юртидан қочган оилалар кўп бўлиб, бу аслида Фарғона водийсидаги фожиали воқеаларнинг давоми эди.

1930 йили Қўқондан йўлга чиққан оилалар катта қийинчилик билан Саудия Арабистонига етиб боришади. У ерда юртимиздан борган қочқинлар кўп эди. Уларнинг вакиллари қирол Абдул Азиз бинни Абдураҳмон ҳузурига кириб, бошларига тушган кўргиликларни айтишади. Қирол уларни яхши кутиб олади, уй қуриб олишлари учун Тоиф шаҳридан ер ажратиб, моддий ёрдам кўрсатади. Кейинги қироллар ҳам ўзбек муҳожирларга яхши муносабатда бўлишади. Миллатдошларимиз араб юртида уй қуриб, секин-аста ўзларини ўнглай бошлайдилар.

Ҳозир Саудияда 28 миллиондан ортиқ аҳоли яшайди. Шундан бир миллионга яқини ўзбеклар. Улардан уч юз минг ўзбек Макка ва Мадинада яшайди. Ҳаммалари ўтган асрнинг 20-30-йилларида юртимиздан кетиб жон сақлаган миллатдошларимиз авлодлари.

– Юртимиз мустамлака бўлган йилларда ҳар гал хайр-эҳсон қилганимизда биз арабистонлик ўзбеклар Ватанимизни дуо қилиб, унинг озод ва мустақил бўлишини Аллоҳдан сўрардик, – дейди Муҳаммадаюб ака.

 

* * *

Мадинада бўлганимизнинг учинчи куни кечқурун Абдуҳаким ака огоҳлантирди:

– Эртага эрталаб Маккага жўнаймиз. Ҳамма барвақт туриб, ғусл қилиб, эҳром кийимини кийиб, соат беш яримда биринчи қават фойесида тўплансин.

Эрталаб соат олтида автобусда Макка сари йўл олдик. Йўлда Оқ масжидда тўхтаб намоз ўқиб, эҳромга кирдик – умрага ният қилиб талбия айтдик.

Соат 11да Маккага етиб бордик. “Al-Kisvah” меҳмонхонасига жойлашгач, икки ракат намоз ўқиб ташқарига чиқдик. Кичик автобусларда Масжидул Ҳаром яқинигача бордик. У ёғига етакчимиз бошчилигида тартиб билан юриб, талбия айтганча Каъба томон юрдик. Ҳажарул асвад(қора тош)нинг қаршисидан ўтаётганимизда қўл кўтариб такбир айтдик. Шу ердан тавоф бошланди. Мен ўзим билган дуоларни айта бошладим.

Беихтиёр бутун умримни ўйладим. Даҳрий тузумнинг матбуотида ишлаган йилларим кўз ўнгимдан ўтди. Билиб-билмай қилган гуноҳларимни кечиришини Аллоҳдан сўрадим. Мамлакатимиздаги ҳар бир миллат ўз урф-одатини эмин-эркин бажара оладиган, ҳар ким ўз динига бемалол амал қила оладиган даврлар келганига шукрона айтдим. Аллоҳга муножот қилиб, Юртбошимиз омон бўлишини, Ўзбекистонимиз тинч, осмони мусаффо, халқимизнинг ризқ-насибаси бутун бўлишини кўзда ёш билан сўрадим. Мен билан бирга Умра зиёратига борган рафиқам Тўлқиной билан ҳалол меҳнатнинг нонини едириб ўстирган болаларимизнинг тан-жони соғ бўлиб, бола-чақалари бахтли-саодатли ҳаёт кечиришларини тиладим…

Каъбани етти марта айлангач, Мақоми Иброҳимда икки ракат намоз ўқидик. Замзам сувидан тўйиб ичдик. Кейин такбир ва таҳлил айтиб, тасбеҳ ўгириб, Сафо ва Марва тепаликлари орасида юрдик. Саъй қилиб юрганимизда чақалоқ Исмоилни қумга ётқизиб қўйиб, Аллоҳдан нажот сўраган Биби Ҳожарнинг ҳолатини эсладим. Саъй амали охирига етгач, соч олдириб, гуруҳ раҳбари бошчилигида меҳмонхонага ­қайтдик.

Кечқурун хуфтон намозини ўқигани Масжидул Ҳарамга келдик. Бу масжидда бир марта намоз ўқисангиз оддий жойда юз минг бор намоз ўқиганнинг савобини олар экансиз. Мазкур масжидда ҳозир бир   пайтнинг ўзида 600 минг киши намоз ўқий олади. Лекин дунёда мусулмонлар ҳам, Маккага келувчилар ҳам кўпаймоқда. Шунинг учун Саудия Арабистони ҳукумати 2022 йилгача Масжидул Ҳарамни кенгайтириб, бир пайтнинг ўзида икки ярим миллион одам намоз ўқийдиган бўлишини режалаштирган. Меҳмонхоналар сони ҳам кўпаяди.

Масжидул Ҳарамда ҳамхонам Ҳамидулла билан бирга хуфтон намозидан сўнг, нафл   намозини ҳам ўқидик. Анча вақт тасбеҳ ўгириб ўтиргач, Қуръон тиловат қилдик, бундан ҳосил бўлган савобни барча умидвор бандаларга бағишладик. Маккада бўлганимизда Масжидул Ҳарамга келиб, намоз ўқишни канда қилмасликка ҳаракат қилдик.

 

* * *

Сафарда бир кунимиз Арафот, Мино ва Муздалифани зиёрат қилишга кетди. Арафотда юрганимизда муфти Зиёвуддинхон ҳақидаги китобда ўқиган гапим ёдимга келди. Шўро даври экан. Совет Иттифоқидан борган ҳожилар Арафотда чодирда ўтиришганда Зиёвуддинхон олдига Саудия Арабистони подшоси вакили келиб дебди:

— Мамлакатлардан келган ҳожиларнинг бошлиқларини подшо ҳазратлари меҳмонга чақираяптилар. Сизни шу меҳмондорчиликка таклиф этиб келдим.

Зиёвуддинхон дебдилар:

— Биз Совет Иттифоқидаги 15 республикадан ўн беш киши келганмиз. Бориб айтинг подшоҳ ҳазратларига, меҳмондорчиликка ҳаммамизни таклиф этсинлар.

Вакил маълум вақтдан сўнг қайтиб келиб, дебди:

— Подшо ҳазратлари ҳаммаларингизни меҳмонга таклиф қиляптилар.

Шундан кейин шўродан борган ўн беш кишининг ҳаммаси подшо уюштирган меҳмондорчиликда қатнашган экан.

1989 йили Ўрта Осиёдан ҳаж сафарига тўққиз кишигина борган. Улар асосан диний идора ходимлари бўлишган. Оддий кишиларнинг Маккага бориб, ҳаж амалларини бажариши учун умуман йўл йўқ эди. Чор ҳукумати даврида бу масалада бирмунча эркинлик бўлган. Лекин у пайтда одамларни ҳажга ташкилий равишда юбориш билан ҳеч ким шуғулланмаган. Ҳар ким ўзига беш-олтита ҳамроҳ топиб кетаверган.

Зиёратда ҳамхонам, юнусободлик Ҳамидулла Тешабоев ҳикоя қилишича, бобоси Топил ота Николай подшо замонида ҳажга борган экан. Уйлангандан сўнг тўрт ой ўтгач ҳажга кетиб, уч йил деганда қайтиб келган экан. Ҳожи бобо келгунича хотинлари туғибди. Қизалоқнинг исмини Ҳожия қўйишибди. Топилҳожи бобо жўралари билан аввал Афғонистонга, ундан Ҳиндистонга ўтишибди. Бомбейда кемага ўтириб, уч кунда Жиддага боришган экан.

Ўзбекистон ҳукумати Саудия Арабистони билан дипломатик алоқа ўрнатгач, имон-эътиқодли кишиларнинг ҳаж ва умра зиёратларига ташкилий равишда боришлари учун қулай шароитлар яратилди. 2017 йилгача ҳар йили мамлакатимиздан ҳажга 5 минг зиёратчи, умрага 7 минг зиёратчи борарди. Бу йилдан талаб кўплиги ҳисобга олиниб, ҳаж зиёратига борувчилар сони 7 мингтага, умра зиёратига борувчилар сони 10 мингтага етказилди. Тадбирнинг ташкилий томонлари такомиллаштирилди.

Зиёратда юрганимизда Учтепа туман “Кўкча Оқтепаси” маҳалласи фаоли Ҳусниддин Сайфуддинов билан шу хусусда суҳбатлашдик.

— Вазирлар Маҳкамасининг “Ҳаж” ва “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида” 2017 йил 28 декабрда қабул қилган қарори айни муддао бўлди, — дейди Ҳусниддин ака. — Бу қарор бизга масалани оқилона ҳал қилишимизга ёрдам беради. Маҳалламизда янги қарор асосида йигирма кишилик комиссия ташкил этдик. Унга маҳалла масжиди имоми, милиция нозири, обрў-эътибори баланд кишилар киритилди. Одамларни ҳаж ва умрага борувчилар рўйхатига ёзишни шу комиссия ҳал қилади.

Алиназар ЭГАМНАЗАРОВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan