Ўзбекистон Бадиий академияси йигирма бир йилдан буён қизғин фаолият қучоғида. Санъат тарихи учун бу қисқа фурсат бўлиб кўриниши мумкин. Лекин шу ўтган вақт мобайнида ўзбек тасвирий санъатида юз берган ўзгаришлар, ижодий янгиланишлар кўламига назар солинса, Бадиий академия мамлакатимиз маданий ҳаётида муҳим ўринга эга етакчи ижодий муассасалардан бирига айланганига гувоҳ бўламиз. Мустақиллик йилларида унда таълим соҳасидан тортиб, миллий тасвирий санъатимизнинг барча асосий жабҳалари қамраб олинди. Эндиликда рангтасвир, ҳайкалтарошлик, миниатюра, халқ амалий санъати, санъатшунослик каби йўналишлар билан бир қаторда графика санъати ривожи ҳам Академия фаолиятида муҳим аҳамият касб этади. Шу боис бу соҳада кечаётган изланишлар жараёни, ҳал этилиши лозим бўлган долзарб масалалар ижодкорларнинг доимий эътибор марказида.

Бадиий академиянинг “Sanat” журнали таҳририяти ташаббуси билан Тошкентдаги Фотосуратлар уйида “Ўзбекистон графика санъати муаммолари: кеча, бугун, эртага” мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Соҳа ижодкорлари, санъатшунослар, профессор-ўқитувчилар ва талаба-ёшлар иштирок этган тадбирда графика санъатининг бугунги ривожи, мавжуд муаммолар, уларни ҳал этиш чоралари муҳокама қилинди. Сўзга чиққанлар графика соҳасини ўзбек тасвирий санъатининг етакчи йўналишларидан бирига айлантириш борасида ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдиришди. Давра суҳбатини санъатшунослик фанлари доктори, академик Акбар ҲАКИМОВ бошлаб берди:

— Давра суҳбатимиз соҳа ижодкорлари,   мутахассислар учун кутилган тадбир бўлади, деган умиддаман. Боиси, графикада кечаётган жараёнлар, ижодий ва ташкилий муаммолар жамоатчилик эътиборидан четда қолиб келаётганди. Бугунги суҳбатдан кўзланган асосий мақсад умумий аҳволга ойдинлик киритиб,   олдимизда турган асосий вазифаларни белгилаб олишдан иборат.

Ўзбек графикаси бой тарихга, ўзига хос анъаналарга эга. ХХ асрнинг биринчи ярмидан бошлаб, мамлакатимизда графика мактаби шаклланди, салоҳиятли ижодкорлар етишиб чиқди. Улар графиканинг деярли барча йўналишларида самарали ижод қилиб, миллий санъатимиз ривожига муносиб ҳисса қўшишди. Сўнгги йилларда эса, бу соҳа миллий тасвирий санъатимизнинг бошқа йўналишларидан ортда қола бошлагани сезилди. Бу нафақат ижодий, балки ижтимоий-иқтисодий сабаблар билан ҳам боғлиқ.

 

Радик АЗИЗОВ, график рассом,

Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмасининг “Графика” бўлими бошлиғи:

— Чиндан ҳам муҳокама қилиниши лозим бўлган масалалар талайгина. Соҳада юзага келган турғун вазиятга қарамай, ижодий жараён тўхтаб қолгани йўқ. Ўзбекис­тон Бадиий академияси ташаббуси билан график рассомлар кўргазмаси мунтазам ўтказиб келинмоқда. Уларда катта авлод ижодкорлари билан бирга, истеъдодли ёшлар, институт талабалари ҳам фаол иштирок этиб, ноанъанавий услубдаги ишларини тақдим этмоқда. Айрим ёш ижодкорларнинг асарлари халқаро кўргазмаларда эътироф этилмоқда.

Муаммоларга келадиган бўлсак, сўнгги йилларда графика санъатида кўзга ташлана бошлаган оқсаш, аввало, давр ўзгаришлари билан боғлиқ, деб ўйлайман. Бу йўналишда кўп йиллар ижод қилган устоз рассомлар   рангтасвирга ўтиб кетишни маъқул кўришмоқда. Нега? Бунинг сабабларидан бири график рассомларга буюртма бериш жараёни тўхтаб қолган. Бозор иқтисодиёти шароитида уларнинг ижодий фаолияти ўзини моддий жиҳатдан оқлаётгани йўқ. Бизда шахсий кўргазма учун асарлар бор, лекин буни ташкил этишнинг имконияти йўқ. Чунки график ишлар намойиши катта харажатни талаб қилади. Қалам ҳақига ишлаётган ижодкор учун бу қийин,   албатта. Иккинчидан, компьютер дизайни   оммалашиб, китоб графикаси ўрнини эгаллаб бормоқда. Илгари профессионал рассомлар бажарган заргарона иш билан бугун компьютерни эндигина ўрганган тажрибасиз ёшлар шуғулланмоқда. Нашриётлар профессионал рассомлар билан ҳамкорлик қилмай қўйган.

Бизни қийнаётган жиддий муаммолардан яна бири ижодий-ишлаб чиқариш базасининг йўқлигида. Графика санъатининг аксар йўналишларида ижод қилиш учун махсус жиҳозланган устахоналар керак. Мисол учун, ҳозир бизда ксилографияда ишлайдиган рассомлар деярли қолмаган. Литографияда ишлайдиган ижодкорларимиз бор, лекин босма тошлар етишмайди. Чизув дастгоҳлари эса анқонинг уруғига айланган. Шунга қарамай, ижодий жараённи қайтадан жонлантириш мумкин. Устахоналарни янгидан жиҳозлаб, рассомларни қайта тўплаш қийин иш эмас. Бунинг учун ушбу соҳа ривожига масъул юқори ташкилотларнинг жиддий эътибори ва ёрдами керак.

 

Нигора АҲМЕДОВА, санъатшунослик фанлари доктори, Бадиий академия академиги: — Биз бугун графика санъати турғун ҳолатга келиб қолганини қайд этиш учун эмас, бунинг асосий сабабларини аниқлаб, уларни ҳал этиш йўлларини белгилаш учун йиғилдик, деб ўйлайман. Шу боис, юзаки камчиликларни четга суриб, муаммога чуқур назар солиш керак. Мустақиллик даври тасвирий санъати мисолида оладиган бўлсак, салмоқли ижодий изланишлар, асосан, рангтасвирда бўй кўрсатди. Миллий анъаналар, тарихий, этномаданий меросга мурожаат мўйқалам усталарининг ижодини янада актуаллаштириш имконини берди. Бироқ, негадир, графикада бу тенденция кўзга ташланмади. Умуман, мустақиллик йилларида, хаттотларни ҳисобга олмаганда, графиклар маданий меросимизга жиддий эътибор қаратгани йўқ. Яъни замон билан ҳамнафасликда, жамиятнинг маънавий эҳтиёжларидан келиб чиқиб асарлар яратишга интилишмади.

Маҳоратли графиклар рангтасвирга ўтиб кетишига ҳам ижодий изланишлар доираси торлиги сабаб бўлди, деб ўйлайман. Бунга маълум даражада замонавий технологиялар ҳам таъсир кўрсатди. Лекин юқоридаги ҳолат графика санъатига қизиқиш сўнди, деган хулосани бермайди. Графика ҳамон ўзбек тасвирий санъатининг муҳим соҳаси сифатида изланишда давом этмоқда. Биз ундан воз кечиб, замонавий тасвирий санъатни ривожлантира олмаймиз. Агар замонавий рассом графиканинг   асосий йўналишларидан бехабар бўлса, ксилография, офорт, линографияда ишлашни билмаса, демак, янги экспериментларга ҳам қўл уролмайди. Графиканинг классик кўринишлари ёш рассомлар учун маҳорат мактаби сифатида хизмат қилишидан ташқари, янги изланишлар учун ижодий манбага айланиши мумкин.

Мавжуд муаммоларда соҳа ижодкорларининг ҳам “ҳисса”си бор, деб ўйлайман. Улар тасвирий санъатда кечаётган янги изланишлардан ҳамон четда қолишмоқда. Ваҳоланки, ўарбда графика санъати тараққий этиб, постмодернистик ёндашувлар билан бойиб бормоқда. Вазиятни ижобий томонга ўзгартириш учун фаоллик, янги ижодий ёндашувлар талаб этилади. Биринчи нав­батда, кўргазмалар савиясини ошириш керак. Улар маълум лойиҳа асосида, жиддий тайёргарлик кўрилгандан сўнг ўтказилгани маъқул. Томошабинлар эътиборини тортиш учун график ишларнинг ҳажми катта бўлиши керак. Агар мухлислар орасида бу санъат турига жиддий қизиқиш уйғонса, юқоридаги муаммолар табиий равишда ўз ечимини топади.

 

Акбар ҲАКИМОВ: — Сўнгги йилларда рассомлар учун бериладиган давлат буюртмалари камайиб кетгани рост. Рангтасвирчилар бу муаммони ҳал этиш йўлларини топишди. Шу боис Медат Кагаров, Леким Ибрагимов сингари моҳир графиклар рангтасвирга ўтиб кетишни маъқул кўришди. Бунинг асосий сабабларини янада ойдинлаштириш учун график рассомларнинг фикрини ҳам эшитсак.

 

Анвар МАМАЖОНОВ, график рассом, Бадиий академия академиги: — Графика усталари мойбўёқда ижод қилишни бошлагани тасодиф эмас. Бу, аввало, моддий шароит билан боғлиқ. Илгари графиклар катта буюртмалар олишган, нашриётлар, газета ва журналлар билан ҳамкорлик қилишган. Бугун эса йирик нашриёт уйларининг аксарияти аввалгидек катта таҳририятларга эга эмас, ходимлари сони чекланган. Нашриёт раҳбарлари график рассомлар билан ҳамкорлик қилишни истаган тақдирда ҳам бунга моддий имконияти йўқ. Шунинг учун улар компьютер дизайнерлари хизматидан фойдаланишга мажбур бўлишади.

Мен ижодий жараёнда компьютер дастурларини қўллашга қаршимасман. Аксинча, бу рассомнинг имкониятларини янада кенгайтиради. Лекин муаллифлик ҳуқуқларини четлаб ўтган ҳолда, китоб ва дафтарлар муқовасини мазмунсиз, бачкана суратлар билан тўлдириб ташлаш маънавиятга зид ҳолат, деб ҳисоблайман. Бунинг ўрнига миллий образ ва рамзлардан кенг фойдаланилса, тўғри бўлмайдими?! Агар мазкур ишга профессионал рассомлар жалб этилиб, уларга муносиб ҳақ тўланса, вазият ижобий томонга ўзгариши аниқ.

Кўргазмалар ташкил этиш борасида ҳам жиддий қийинчиликлар бор. Намойишга қўйиладиган асарлар деярли сотиб олинмайди. Бу эса кейинги кўргазмаларда қатнашиш имконини чеклаб қўяди. Ҳозир график рассомлар шахсий архивини бойитиш учун ижод қилаётганга ўхшайди. Улар фақат педагоглик билан шуғулланиши мумкин. Бироқ таълим муассасаларидаги аҳвол ҳам кўнгилдагидек эмас. Масалан, Миллий рассомлик ва дизайн институтида литография, офорт, ксилография каби йўналишларда асарлар яратилмай қўйилган. Китоб графикасида таҳсил олаётган талабаларнинг билим доирасига ҳам ҳавас қилиб бўлмайди. Кўпчилиги китоб ўқимайди, бадиий адабиётга қизиқиши суст. Муаммони ҳал этиш учун, аввало, ёшларни китобхонликка қизиқтириш керак.

 

Людмила КОДЗАЕВА, санъатшунос: — Графика санъатининг анъанавий кўринишларини тиклаш лозимми, деган масалани муҳокама қилишнинг ҳожати йўқ, деб ўйлайман. Уларни   ривожлантириш миллий тасвирий санъатимиз учун сув ва ҳаводек зарур. Агар ёдингизда бўлса, 2003 йили Тошкент Фотосуратлар уйида АҚШнинг Кала университети билан ҳамкорликда катта ижодий лойиҳа ташкил этилганди. Унинг доирасида графика муаммоларига бағишланган давра суҳбати ўтказилган. Қизиғи, бугун кўтарилган аксар муаммолар ўшанда ҳам муҳокама марказида бўлган. Уларни ҳал этиш, графика санъатининг янги тараққиёт йўлини белгилаш борасида кўплаб таклифлар илгари сурилганди. Бироқ орадан қарийб ўн беш йил ўтган бўлса-да, мавжуд муаммолар ўз ечимини топмаганини кўрмоқдамиз.

Биз ўшанда анжуман иштирокчиларига Кала университетининг тажрибасини мисол қилиб келтиргандик. Ушбу таълим даргоҳининг устоз ва талабалари мустақил равишда графика устахоналарини ташкил этишган. Бу ерда турли мамлакатлардан келган рассомлар эркин ижод қилиб, асарларини намойиш этиш, нусхаларини кўпайтириш имконига эга. Шундай ижодий марказни бизда ҳам ташкил этиш мумкин эди. Лекин ўтган йиллар мобайнида график рассомлар бошини қовуштириш, улар учун зарур шароит яратиш борасида бирор-бир иш қилинмади. Натижада илгари тасвирий санъатимизнинг етакчи, сертармоқ йўналишларидан бири бугун тор доирадаги ижодий соҳага айланиб қолди.

График ишларга ҳозир талаб йўқ, деган фикр­га қўшилмайман. Агар томошабинлар эътиборига керакли кўринишда ҳавола этилиб, қизиқарли кўргазмалар ташкил қилинса, албатта, улар харидорини топади. Марказий кўргазмалар дирекцияси фондида ҳозир график ишларнинг катта коллекцияси сақланмоқда. Биз улар билан чекланиб қолмаган ҳолда, замонавий графиклар яратган янги ишлар намойишини ўтказишга тайёрмиз. Гарчи бундай кўргазмаларни ташкил этиш катта харажатни талаб қилса-да, мухлислар орасида ҳақиқий профессионал графикани соғинганлар кўп.

 

Н.АҲМЕДОВА: — Тўғри, график ишларга қизиқиш ҳеч қачон йўқолмаган. Яқин йилларда бу санъат турига эҳтиёж янада ошса, ажаб эмас. Айниқса, мамлакатимизда туризм ривожланаётган пайтда. Қолаверса, ҳозир бунёдкорлик ишлари авжида, пойтахтимизда “Tashkent city” бизнес марказини қуриш бошланган. Табиийки, замонавий бинолар интерьерини безашда график ишлардан кенг фойдаланилади. Бу эса, график рассомларини янада фаол ижод қилишга ундаши аниқ. Шунингдек, хорижий мамлакатлар, масалан, қўшни республикалар билан ҳамкорликни кенгайтириш мумкин. Людмила Кодзаева таъкидлаганидек, ишни моддий-техник базани шакллантиришдан бошлаш лозим. Чунки йирик тижорат буюртмаларини бажариш учун катта устахона, махсус асбоб-ускуналар керак бўлади. Ижодий-ишлаб чиқаришнинг йўлга қўйилишидан нафақат график рассомлар, балки Ўзбекистон Бадиий академияси ҳам манфаатдор.

 

А.ҲАКИМОВ: — Кўриниб турганидек, мавжуд муаммоларнинг асосий қисми моддий-техник шароитга бориб тақалмоқда. Ўз вақтида пойтахтимизда метро йўлининг “Ўзбекистон” йўналиши қурилиши керамика санъати ривожига йўл очганидек, бугун амалга оширилаётган қурилиш ишлари графика соҳасини жонлантириши тайин. Ҳозир график рассомлар учун жуда қулай вазият юзага келган. Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти яқинида жойлашган катта ишлаб чиқариш цехи Ўзбекистон Бадиий академияси ихтиёрига берилди. Унда ҳайкалтарошлар, монументал санъат усталари билан бирга, график рассомлар учун ҳам алоҳида устахоналар ташкил қилиш учун барча шароит мавжуд. Шу жойда ишлатилмай қолган графика дастгоҳлари, бошқа асбоб-ускуналарни жамлаб, ижодий ишлаб чиқаришни қайта тиклаш мумкин. Бу таклифни Бадиий академиянинг Бош­қарув кенгаши муҳокамасига қўйиш зарур.

 

Аслиддин КАЛОНОВ, график рассом, Миллий рассомлик ва дизайн институти ўқитувчиси: — Негадир, cуҳбатимиз асносида таълим соҳасини ижодий ишлаб чиқариш жараёни билан уйғунлаштириш масаласига жиддий эътибор қаратилмади. Илгари биз учун зарур моддий-техник база институтда шакллантирилган эди. Бугун эса кўп дастгоҳлар, босма тошлар қаровсиз аҳволда. Очиғи, улар қаерда, қандай шароитда сақланаётганини ҳам билмаймиз. Аксар керакли материалларни талабалар ўзлари қидириб, сотиб олишади.

Профессионал графиклар учун махсус жиҳозланган устахоналар ташкил этиш лозим. Аммо бундай шароит институтда яратилмаса кейинчалик ижобий натижага эришиш қийин. Шунингдек, ўқув жараёнини сифат жиҳатдан янгилаш, замонавий дарсликларни чоп эттириш, мутахассислик фанларини кўпайтириш каби муаммолар ҳам бор. Баъзи йиллари графика йўналиши бўйича магистрлик босқичи очилмай қолди. Ваҳоланки, ҳозир графиканинг классик турларини мукаммал биладиган устоз мураббийлар бармоқ билан санарли. Бироқ уларнинг ўрнини босадиган авлод ҳали шакллангани йўқ. Бу энг долзарб муаммолардан бири.

 

Акмал НУРИДДИНОВ,

Ўзбекистон Бадиий академияси раиси: — Давра суҳбати иштирокчилари кўтарган масалалар чиндан ҳам долзарб. Графика соҳасидаги муаммолар ҳақида кўпдан буён эшитамиз. Бироқ уларни ҳал этиш бўйича аниқ таклиф ва режалар ҳамон ишлаб чиқилгани йўқ.   Фикримча, юқоридаги муаммоларни ўзимиз   мустақил равишда ҳал қилишга киришишимиз лозим. Бадиий академия раиси сифатида сизларга ҳар томонлама кўмаклашиб, рағбатлантиришга тайёрман.

Академия ихтиёрига катта ижодий цех берилганидан хабарингиз бор. Унинг ичида график рассомлар учун ҳам жой ажратиш мумкин. Марҳамат, Радик Азизов бошчилигида графиклар цехни кўздан кечириб, ўзларига   маъқул жойни танлаб олишсин. Биз уларга керакли шароитни яратиб беришга, барча ускуна ва материаллар билан таъминлашга тайёрмиз. Агар бизда топилмаса, чет давлатларга буюртма берамиз. Гап бу ишларнинг аниқ, тизимли режасини ишлаб чиқишда қолган.

Бугун аввалгидек давлат буюртмаларини кутиб ижод қилиб бўлмайди. Яхши асарлар яратилса, уларни сотишнинг янги йўлларини топиш керак. Бу йилдан ҳукуматимиз томонидан тасвирий санъат асарларини харид қилиш учун 2 миллиард сўм ажратилди. Яқин ойларда биринчи харидни амалга оширамиз. Бу асарлар орасига график ишларни ҳам қўшиш мумкин. Лекин масаланинг бошқа томони бор: мустақиллик йилларида давлат томонидан сотиб олишга арзийдиган график ишлар яратилдими? Назаримда, бундай асарлар кўп эмас. Шунга қарамай биз уларни сотиб олинадиган асарлар рўйхатига киритишга ҳаракат қиламиз.

Бу йил Марказий кўргазмалар залида қозоғистонлик график рассом Ботухон Байменнинг шахсий кўргазмасини ташкил этиш режалаштирилган. Кўргазма доирасида графика санъатига бағишланган конференция ўтказиш мумкин. Унда соҳадаги изланишлар, муаммоларни кенг доирада муҳокама қилиб, ўзаро тажриба алмашиш учун қулай шароит туғилади. Мазкур конференцияда бугунги таклифлар юзасидан амалга ошириладиган ишлар режасини ҳам белгилаб оламиз.

 

А.ҲАКИМОВ: — Графика санъати муаммоларига бағишланган суҳбатимиз соҳа ижодкорлари, мутахассисларни ўйлантириб келаётган саволларга жавоб топиш имконини берди, деб ўйлайман. Тадбирда Ўзбекистон Бадиий академияси раҳбарияти ҳам иштирок этиб, муаммоларни ҳал этиш борасида зарур таклифларни ўртага ташлагани яхши бўлди. Энди ишни биринчи навбатда, графика соҳасининг моддий-техник базасини қайта шакллантириш ва мустаҳкамлашдан бошлаш керак. Радик Азизов график рассомлардан иборат гуруҳ тузиб, амалга оширилиши лозим бўлган ишлар режасини ишлаб чиқиши зарур. Бу жараёнда график рассомларга биз — санъатшунослар ҳам яқиндан ёрдам берамиз. Иккинчидан, график рассомлар фаолиятини рағбатлантириш, улар яратган асарлар савдосини ташкил қилиш бўйича амалий дастур лойиҳасини тайёрлаш лозим. Сотувга қўйиш мумкин бўлган график асарлар сони, баҳоси ва харидори ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлайлик. Учинчидан, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтининг “Миниатюра ва китоб графикаси” йўналиши фаолиятини қайтадан кўриб чиқиш вақти келди. Ундаги таълим жараёни замон талабларига уйғун бўлиши зарур. Тўртинчидан, график рассомлар кўргазмаларини мунтазам ташкил этиб, уларнинг савиясини ошириш лозим. Улар ўзининг мустақил ижодий марказига эга бўлсин.

Албатта, юқорида белгиланган вазифаларни амалга ошириш учун маълум вақт, жиддий саъй-ҳаракатлар талаб этилади. Агар соҳа ижодкорлари, мутахассислар, мутасадди раҳбарлар бир ёқадан бош чиқариб ишга киришсак, графика санъатида мавжуд муаммоларни ҳал этиш йўллари, албатта, топилади.

 

Давра суҳбатини

Азизхон ИМОМОВ тайёрлади.

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan