Малайзия илҳомлари

БАЛИҚЧИ

Хитой денгизига тўр ташлаб чапдаст,

Дуо ўқир миқти балиқчи Салоҳ.

Худо деган банда қаровсиз қолмас,

Марҳамат назарин ташлагай Аллоҳ.

 

Тош асридан мерос қоним урди жўш,

Ов савқида юрак гупурди батанг.

Тўр тортишдим, чиқди қиз каби оқтўш,

Бўйи бўйимга тенг бинойи наҳанг.

 

Салоҳ чилвир солди ойқулоққа маст,

Сўнг ҳансираб “Меҳмон, сен кимсан?” деди.

“Мен ҳам балиқчиман, ҳа, сенга ҳамкасб…”:

Шу тоб дил ҳазилга мойилроқ эди.

 

Сўраб, суриштириб, ўйга чўмди чол:

“Ўлжа ўлжа эмас қучоқ тўлмаса.

Қандай балиқчисан? Ахир, бу не ҳол?

Акула бўлмайди денгиз бўлмаса…”

 

Тўлқинлар қутуриб келар басма-бас,

Соҳилда киборлар кезишар тўп-тўп.

Дедим: “Худо бериб турса ҳеч гапмас,

Денгизимиз йўғу, акуламиз кўп”.

 

ҚИЁФА

Кеча бўйро эдик, бугун-чи, дарё,

Буям Ҳақдан ёрлиқ, авваламбоши.

Қизиқ, сафар чоғи менга доимо

Учрар жигарларим қиёфадоши.

 

Бишкекда тоғамни кўргандай бўлдим,

Бўйи-басти худди қуйиб қўйгандай.

Раҳматлини ёдлаб ҳасратга тўлдим,

Қандай инсон эди, соф эди қандай!

 

Москов қўналғаси ҳамиша тирбанд,

Оломон бир тусда   кулранг сурувдай.

Шу жойда учратиб қолсам-а бирдан

Холам эгизагин – жуфт томчи сувдай.

 

Бани одамзоднинг бобоси – Одам,

Қавми инсоният момоси – Ҳавво.

Рангимизга Иқлим сайқал берса ҳам,

Эгиз чеҳралар кўп оламда аммо…

 

Кўзсевги давридан ўтганман, лекин

Юрмалада бир қиз хаёлим олди.

Нигоҳин қизғаниб сўзларкан секин,

Эсимга биринчи севгимни солди.

 

Шоир йўл-йўлакай ахтарар ташбеҳ,

Ўхшашлик қидирар қадам-бақадам.

Малаккада бир чол, қўлида тасбеҳ,

Каттамни эслатди ойдин бу одам.

 

Остонада кўрдим Қўқон шамолин,

Мажлисларда дўстлар кўргузди дийдор.

Баъзи манзилларда манфур ва золим

Рақиб нусхасин ҳам учратганим бор.

 

Тасаввурдан минг бор кўламли дунё,

Кезган сарим минг бор ошди ҳурматим,

Онамнинг ўхшашин топмадим асло,

Оламда онамдай инсон кўрмадим!

 

КУАЛА-ЛУМПУР.

ХИТОЙ БОЗОРИ

Одам қумурсқадай ўйнайди ғужғон,

Фойда учун маймун илонни қучган.

Биров ният қилиб панд ейди бунда,

Биров ҳормай эчки қасамлар ичган.

 

Бир марталик буюм бозоридир бу,

Бир пул саналади одамий туйғу.

Тайёр бир марталик сохта илтифот,

Тайёр бир марталик қалбаки кулгу.

 

Бир марта кийишда кўйлак сузилар,

Биринчи куниёқ шиппак узилар.

Бир тақишда таққа тўхтайди соат,

Бир бурашда ирғиб қулф ҳам бузилар.

 

Аммо талаб борки, бунда таклиф бор,

Кепак баҳосига харидор хуштор.

Совға олиши шарт шўрлик сайёҳлар,

Қариндош-уруғ кўп, кутар дўсту ёр.

 

Бўғоз ёлғон қўша туғар ёлғонни,

Шайтон ўша-ўша, туғар ёлғонни.

Навбат-навбат туриб алданган одам

Навбат-навбат билан алдар инсонни…

Бозорга ур, токи молинг бор, шерик,

Савдога кир, то мажолинг бор, шерик.

Бир марталик арзон молинг кўп, ахир,

Ўзи бир марталик ҳолинг бор, шерик.

 

Бозор, кўзим тушди ёғли юзингга,

Кўзимга қарама, қара кўзингга!

Бир марталик севгинг бошингдан қолсин,

Бир марталик дунёнг сийлов ўзингга!

 

МАЛАЙЗИЯДА

Сафар чоғи менга битта малай деди:

“Ўзбек, бизнинг халқ ёқдими, қалай?” деди.

 

Қиякўзга аскиядан олай дедим,

“Ошна, бизда ҳам кўпчилик малай, дедим.

 

Ўз қорнининг югурдаги талайгина,

Бошлиғига, хотинига малайгина…”

У хўмрайди: “Жонимга ўт қалайдирсиз,

Қараб турсам, сиз ҳам сўзга малайдирсиз!

 

Бир гап айтиб кўнглингизга солай зиё,

Ҳаёт шундай, бутун дунё – Малайзиё!

 

СОАТ

Малайзиянгниям кўрсатдинг, шукур!

Сув урилган тандир буғланар шундай.

Елкага ёпишар кўйлагинг қурғур,

Булути заминга туташ тутундай.

 

Иссиқ ёмғир қуяр шовиллаб бирдан,

Зум ўтмай тепангда офтоб чарақлар.

Деҳқончилик қийин бунақа ерда,

Фақат мева берар лалми дарахтлар.

 

Бу ерда ёғмайди қолган ишга қор,

Фурсат ғанимат деб ҳеч ким уринмас.

Бетоқат ер тепиб турмаслар зинҳор,

Кўча-кўйларда ҳеч соат кўринмас.

 

Тўғри-да, не керак тошсиз тарози,

Чексиз тушунча-ку бу зорманда вақт.

Соатсиз ҳам халқи ҳаётдан рози,

Соатбай келмайди агар келса бахт.

 

Хотиржам юксалган эгизак бино,

Равон йўллар тушган бамайлихотир.

Кунлари фил каби одимлар гўё,

Не қайғу? Фалакда ўаффор ва Қодир.

 

Фақат биз, кунгира соатлар тақиб,

Шошамиз боқмасдан ойга, қуёшга.

Олтин лаҳзаларни лаҳзага чақиб,

Асабий чопамиз наҳорги ошга…

Иқбол МИРЗО,

Ўзбекистон халқ шоири

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan