* * *

…Даштлар, тўрғайлар, болалик –

олисларда қолган дунёлар.

Канглумнинг йўлларин молалаб,

канглумда ётади синолар.

 

Тўрғайлар, болалик, даштлар –

олислардан сасланган садо.

Канглумга юкини ташлаб,

канглумда бўлади пайдо.

 

Болалик, даштлар, тўрғайлар –

олисларда қолган хотира.

Канглум чокларини йўргайлаб,

канглумга тиғини ботирар.

 

Даштлар, тўрғайлар, болалик

ҳамон яқиндир, ҳамон қадрдон.

Фақат мен олисда. Мен нолали,

канглумга ёнбошлар олис бир армон.

 

Болалик… даштлар… тўрғайлар…

Тўрғайлар… болалик… даштлар…

Даштлар… тўрғайлар… болалик…

 

* * *

… Шу дақиқа –

сополдан   ситилган сир,

шу дақиқа –

узилган   арғамчи.

Шу дақиқа –

меҳр деб, фарёд урган Лир,

шу дақиқа –

абрдан томғиган томчи.

 

Шу дақиқа –

ойнинг чўккан сояси,

юлдузлар талашиб синдирган ҳалқа.

Айрилиқ дояси,

ҳижрон дояси,

йўргаклари йиртилган –

шу дақиқа.

 

Шу дақиқа –

катта шаҳарда ғовур,

кичкина қишлоқда вазмин сукунат.

Дарахтнинг сўнгги яфроғига довур,

шу дақиқа –

тўкилиб, қучар юкунат.

 

Хонадон қувончнинг этагин ушлар,

армон – Ҳақиқатдир,

умид – Ҳақиқат.

Олисларда маҳзун Бойчибор кишнар,

Сомон йўли йиғлар –

шу дақиқа.

     

Шу дақиқа –

қалқиб сузаётган қайиқ,

баҳри муҳит темир тўлқинларида

Шу дақиқа –

инграр, гўзаллик майиб,

давроннинг йўлтўсар йўлқинларида.

 

Шу дақиқа –

кўзлар тўқнашган майдон,

синов чегарадир,

алдов чегара.

Қалб –

туйғулар гум чўкиб ётган сойдан:

ёлғонлар ўрмалар,

ростлар ўрмалар.

 

Шу дақиқа –

дард ахтарган дармон,

шу дақиқа –

кўчиб тушган кўҳна синч.

Шу дақиқа –

сен қучоқлаган армон,

шу дақиқа –

мен симирган соғинч.

 

Шу дақиқа –

сополдан ситилган сир,

шу дақиқа –

узилган арғамчи.

Шу дақиқа –

меҳр деб, фарёд урган Лир,

шу дақиқа –

абрдан томчилаган томчи…

 

* * *

…Сукут – ризолик аломати эмас,

инкор тарзи ҳам эмасдир, зотан.

Сассизлик сасидан сасланган сас –

кангул канорида қуради ватан!

 

Атроф қирчиллама жиловдор ҳийла,

дамакига от қўйиб елар.

Фақат сукут меҳрин тутади сийлаб,

фақат сукут жон қушин силар.

 

Елпатак вақт чопар вақти хуш,

шамоллар қатида тўзғийди адир.

Сукут – Румий дилидаги қуш:

“Ичиндаги ичиндадир”.

 

Руҳнинг майдонида армонлар аҳгар,

руҳнинг йўлларида саргардон бардош.

Сукут – руҳда кўклаган жавҳар,

сукут – руҳдан томчилаган ёш.

 

Таъмалар тўқийди ширин хушомад,

шовқинлар сабрни кемирар чаннон.

Сукут – таъмаларга ён бермаган мард,

сукут – шовқинларга санчилган синон.

 

Тилёғлама ёлғон, хиёнат изи

кўкакай кўксини топтайди неча…

…Сукут – субутга тан муқаддас сезим,

сукут Ҳақдан сув ичган чечак.

 

Сукут – ўзингга ўзинг дуч келмоқ гали,

бир қурбдирки – ўзингни тинглаш.

Очун ўйинларига қўл силкиб, вале,

сукут – руҳнинг ҳисларин англаш.

 

Сукут – ризолик аломати эмас,

инкор тарзи ҳам эмасдир, зотан.

Сассизлик сасидан сасланган сас –

кангул канорида қуради ватан!..

                  

* * *

…Ой, туннинг чироғидирсан,

тунга мудом пайваста нуринг.

Тун сийнасин қароғидирсан,

қароғингдан сочасан қўринг.

 

Ой, туннинг ўроғидирсан,

тун зулматин парча-парчалаб,

борлиқ мулкин туроғидирсан,

туроғингни тўкарсан қалаб.

 

Ой, туннинг фироғидирсан,

ҳижрон ҳажри бўлгайдир малҳам.

Кангул амри сироғидирсан

сироғингни йўллайсан дам-дам.

 

Ой, туннинг сўроғидирсан,

сўроғингга сўроғсан сирдош.

Зулмат сатҳин ёриғидирсан,

ёриғингга бўласан бардош.

 

Ой, туннинг йироғидирсан,

йироғингдир йироғ макони.

Қай синоат қуроғидирсан,

қуроғингдир майл имкони.

 

Ой, туннинг чироғидирсан,

тунга мудом пайваста нуринг.

Тун сийнасин қароғидирсан,

қароғингдан сочасан қўринг…

 

* * *

…Эски сўзлар – рост.

кези келган маҳал, келган пайт ўрни,

Ҳақиқатни ичга ютмайин, рўй-рост,

яширмай, тортинмай айтади тўғри.

 

Эски сўзлар турмас титраб, қалтираб,

олазарак бўлиб боқмас тўрт ёнга.

Ёлғонга ён босмас сира мўлтираб,

ён босмас муғомбир, маккор замонга.

 

Бир тама кутмайди. Бир илинж кутмас

эски сўзлар дуч келган ҳар имодан.

Эски сўзлар ўзин парт-паймон этмас

ўткинчи содирликларга дамодам.

 

Балки, бир қарашда тушунмоқ мушкул,

балки, бир қарашда қийиндир гўё.

Эски сўзлар – олис англаш деган йўл,

идрок вужудида улғайган дунё.

 

Эски сўзлар – аҳднинг собит элчиси,

ростликка йўғрилган аввалдан охир.

Эски сўзлар – дил манзилин йўлчиси,

қадим замонлардан келаётган таъбир.

 

Эски сўзлар   кўҳна очундан не-не

кечимларни олиб кирар руҳимга.

Руҳимга экар муқаддас сабрни,

қаноатни Ватан айлар руҳимга.

 

Ишонгум, суянгум эски сўзларга,

уларни ўзимга билгум қадрдон.

Эски сўзлар тик қарайди кўзларга,

эски сўзлар – Ҳақдан сув ичган имон.

 Эски сўзлар – рост…

Икром ОТАМУРОД

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan