Адибнинг ижодий меросидан

Ҳаммаси боғдан ўт ошириб тушаётган Алиқулга кўзи тушиб қолганидан бошланди. Говмишини эслади. Шошганча уйига қайтди. Ток айрисида турган ўроқни оларкан, “Мамат чол индамасмикан?” деб ўйланиб қолди. Сўнг беихтиёр оғилхона томон юрди. Охурда ўтган кузда тоғаси Боботоғдан юборган сомон турганини кўрди.

Қиш бўйи шу сомон, томорқадан чиққан озроқ маккапояси билан озиқланади сигир жонивор. Баҳор бошланиб, молларнинг оғзи кўкка тегди-ю, қуруқ хашакка қарамай қўйди.

У симтўр тўсиқдан осонгина ошди. Бўйи баравар ўсиб ётган ўтларни ўришга тушди.

– Ҳе, нима қиляпсан?

Азим ўришдан тўхтади. Овоз келган томонга қарамади. Бу овоз боғ қоровули Мамат чолники эканини билган эди. Ўзини босиб, билаги билан манглай терларини артди. Сукут сақлади. Чолга муносиб жавоб қилиш учун сўз излади. Ниҳоят, беписанд оҳангда:

– Кўрмаяпсизми ўт олаётганимни?! – деди.

– Ишинг қизиқ-ку, бола? Боғни беэга дедингми?

– Ҳа. Беэга дедим, хўш?

– Беэга дедим? Ишинг қизиқ-ку, бола? Йўқ, бундай гап кетмайди. Ҳукуматимизнинг ерида эгасиз нарса йўқ.

– Қўйинг бундай гапни! – чолнинг гапини бўлди Азим. – Нима, боғ бир сизникими, хўш?

– Мен боғнинг эгасиман. Мен нима десам айтганим бўлади.

– Отангиздан қолган боғ йўқ!

– Отамдан қолган боғ бор!

– Бу боғда менинг ҳам ҳаққим бор.

– Ҳаққинг бор? – истеҳзоли кулди чол. – Ҳе, бола, биласанми сен қандай замонда яшаётганингни? Меросхўрлик ўтган замонда эди. Ҳаққи борлар ҳув, мозорда дўмпайиб ётибди!

– Сен ўлмайсанми, сенданам қолмайдими бу боғ, хўш?

– Сен ҳали сенлаяпсанми? – зуғум қилиб келаётган Мамат чол боланинг бармоқлари ўроқ дастасини қаттиқ сиқаётганини, ранги оқариб, лаблари пир-пир учаётганини кўриб, ёқалашишга ботинмади. Қўлида эса ҳеч нарсаси йўқ, ҳар куни олиб юрадиган таёғини ҳам унутиб қолдирган эди. Чол кетар экан, яна дўқ урди.

– Агар замон кўтарганда, оғзи-бурнингдан қонингни келтирардим. Бурнингни бир ишқайин ажриққа ишқагандай, энангдан туғилганингга бир пушаймон бўл! Бригадирга бораман!.. Боғнинг эгаси кимлигини билдираман! Хўш-хўш, деб жекирадиган тилларингни…

У Мамат чолнинг жазаваси тутишини билиб боққа қадам босмас эди. Бугун негадир бир кирди – ўзиям билмайди. Бўлмаса бир боғлам ўт нима деган гап. Чолнинг ўғли Алиқул-ку кунни ўт ташиш билан кеч қилади. Йўқ, чол ўт олгани учун эмас, бошқа кеки борлиги учун заҳрини сочди. Азимнинг ҳам чолда кеки бор.

…Қоронғи кеча. Эшик секин-секин тақиллади. Ички зулфинининг шиқирлаши эшитилди. Онаси уйғонди. Лампа чироқнинг пилиги кўтарилиб, хона ёришганда, Азим эшик тирқишидан суқилган чўп таранг тортилган занжирли зулфин илгагини кўтаролмай, майишиб кетганини кўрди. Чўп дам пастга тушар, дам юқорига кўтарилар эди.

Онасининг ҳадиксираган овози эшитилди:

– Кимсан?

– Бақирма, Фотма, мен. Бир қара эшикдан, бир оғизгина гапим бор.

Бу Мамат мўйлов эди. У вақтлар кекириб, қорнини силаб, унча-мунча одамга гап бермай юрарди. Ўшанда онаси йиғлаган эди.

– Майли, мени оёқости қилмоқчи бўлсанг, сенгаям боққан балоси бордир. Ўлганларнинг арвоҳига топширдим. Яратганнинг борлиги рост бўлса, эшигимни қоққан қўлларинг синсин!..

Кейин. Эртаси Азим панадан пойлаб туриб, уни роса тошбўрон қилган эди.

…У ўй-хаёллар билан Мамат чолнинг яна қандай можаро бошлаб келишини кутиб ўтирганида, Алиқул кўриниб қолди. Бир кўнгли у билан жанжаллашиб, аламлари ҳуморидан чиқай деди. Лекин Алиқулнинг қарашларида қандайдир бир хайрхоҳлик аломатларини кўрди.

– Ўр, ошна, ўравер, – деди Алиқул қайишган оҳангда. – Бригадир отамга индаманг, кирса кирибди, бир пиёла оқ деб сигир сақлашади, деди.

— Яна нима деди, хўш? – у Алиқулни сўз билан ачитишга баҳона излай бошлади. Алиқул елка учириб, кўзларини пирпиратди.

– Ҳеч нарса дегани йўқ. Ўзи отамга ошириб гапирибсан. Билсанг, отам яхши одам.

– Отанг яхши одам экан, деб оёғингни остига ўзимни таппа ташлайинми? Хўш, яна нималар демоқчисан? Хўш, сенингча бориб йиқилайин ҳам. Нима учун? Биласанми, бу тақир ерни бобом қандай азоблар билан боғ қилган, хўш?

– Биламан, ошна, – Алиқул Азимнинг ёнига ўтирди. – Уйда гурунг бўлса отам кўп гапиради. Кўп улуғ одам эди. Муҳаммаджон боғбон улуғларнинг назари тушган одам эди, дейди.

– Бу боғнинг ўзиям ўша пайтларда бошқача эди, ошна, – дея энтикди Азим. – Анорни бир эсла. Ҳар бири чойнакдай бўларди. Бобом ўлди, ўша йили анор кўмилмай қолди. Шундай шовуллаган анорлар совуқ уриб, бир йилда ўтин бўлди-қолди.

– Отанг ҳам ғайратли, шаштли одам бўлган. Аварияда нобуд бўлган куни ҳозиргидай эсимда. Укаларинг билан зор-зор йиғлаб, ҳамманинг кўнглини бузганларинг, одамлар девор бир нурай бошламасин экан, деб кўзларига ёш олганлари ҳозиргидай эсимда…

Азим бу дилкаш гурунгдан енгил тортиб уйига қайтди.

Кечаси туш кўрди. Боғнинг ўртасида юрган эмиш. Қаёқдандир афсоналардаги ғаройиб от пайдо бўлди. От тебранади, ёллари тўлғонади. Азим ўзича дермиш: “Алпомишнинг Бойчибори эмасмикан-а?” Ярқироқ эгар устида ўтирган оқ чакмонли нуроний чол бобоси эмиш…

Қўлидаги ҳассаси билан беҳизор томон ишора қилиб: “Чоп, Мамат бобонгни чақириб кел, боққа сув очилиб кетибди, бандни бориб боғласин”, деди. Азим Мамат чолнинг ўдағайлагани эсига тушиб, ерга қараб тураверди. Бобосига кўп гапларни айтмоқчи бўлди. Ҳар бир анори чойнакдан катта анорзорнинг совуқ уриб ўтинга айланганига, таёқ билан қоқилаётганидан дарахтларнинг меваси билан бирга шохлари қарсиллаб синиб тушаётганлигига Мамат чолни сабабчи қилиб кўрсатгиси келди. Қараса, от йўртиб ­боряпти. Азим от изидан йиқилиб-сурилиб югурди. Кетманг, бобожон, кетманг, сувни ўзим бориб боғлайман, деди. Оқ от ва бобоси катталашиб, туманга айланиб кетди.

У уйғонди. Тушини энтикиб-энтикиб эслади. Бобоси, Мамат чолни ­чақириб кел, деганида нега югуриб бормаганига афсусланди. Кейин, ­негадир, бирдан феъли айниди: “Бормаганим яхши бўлди. Боғнинг эгаси мен…”

Зойир МАМАЖОНОВ

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan