ҲАР ЮРАКНИНГ ЎЗ БАҲОРИ БОР

Май – баҳорнинг энг етук палласи: ғалла бошоққа, бедалар гулга кирган, борлиқ ҳам ишққа инган масрур дамлар. Ҳассос шоир Ҳамид Олимжоннинг сатрлари ёдга тушади:

Ҳар юракнинг бир баҳори бор,

Ҳар бир қалбга

Ишқ бўлар меҳмон.

Ҳар юракда гуллар муҳаббат,

Бўстон этар уни бегумон…

 

…Йўллар хаёлларга суръат беради. Поёнсиз осмонга туташиб кетган кўм-кўк далалар ҳаёт сурурини бахш этади. Сафарлар ижодкорни ана шундай ҳайратлантириб, илҳомлантириб, қоғоз қоралашга, ижод қилишга ундайди. Халқ ҳаёти, одамларнинг қалб кечинмалари, орзу-умидлари ҳақида сўз юритиш учун уларнинг орасида бўлиш адибга илҳом ва ижод дояси бўлиб хизмат қилади.

Элимиз ардоғидаги бир гуруҳ шоиру носирлар, адабиётшунос олимлар билан Жиззах вилоятига   қилган сафаримиз ана шундай қалб кечинмалари билан бошланди…

ҲАЁТГА ОШУФТА ЛАҲЗАЛАР

Мамлакатимиз тараққиёти янги паллага кирди. Янгиланишлар руҳи сафар асносида янада яққол сезилади.   Айниқса, йўлдошларинг борлиқни бадиий идрок этадиган, ўзига хос тимсол, ташбеҳ ахтарадиган синчи сўз усталари бўлса! Эътиборга молик ҳар бир манзара уларнинг нигоҳидан четда қолмайди. Ҳаяжону ҳайрат тўлқинлари юракдан юракларга кўчади. Зеро, ижодкорга сув ва ҳаводай зарур бўлган илҳом манбаи ҳам шу неъмат – ҳайрат, ҳаяжон!

Жиззах шаҳрига кириб келар эканмиз, йўл атрофида бунёд этилган замон нафаси уфуриб турган кўп қаватли уйлар, дўкону бозорлар, ораста йўлаклар, боғу боғчалар, қийғос гуллар кайфиятингни чоғ этади. Ширин ташвишлари билан андармон одамлар чеҳрасида хуш кайфият барқ уради…

Ижодий сафар атоқли давлат ва жамоат арбоби, адиб Шароф Рашидовнинг Жиззах шаҳрида бунёд этилган ҳайкали пойига гул қўйиш маросими билан бошланди. Мазкур тадбирда вилоят фаоллари, ҳудудда яшаб ижод қилаётган носиру шоирлар, ёшлар иштирок этди. Шундан сўнг ушбу улуғвор майдонга туташиб кетган хиёбонда қад ростлаган, халқимизнинг суюкли фарзандлари Ҳамид Олимжон ва Зулфияхонимга ўзгача эҳтиром билан барпо этилган ёдгорлик мажмуаси пойига гул қўйилиб, таъзим бажо келтирилди.

Халқимиз меҳр-муҳаббат, садоқат тимсоли сифатида улуғлайдиган бетакрор шоира Зулфияхоним “Ҳаёт варақлари” эсдаликларида Ҳамид Олимжонни шундай хотирлайди: “Назаримда, бизни ҳаётга бўлган ошуфталик бирлаштирган…”. Бу айни ҳақиқат эди! Умр сувдек оқиб кетган бўлса ҳам, уларнинг ёди қалбимизда эгизак хотиралар бўлиб муҳрланган.

Саёҳат вилоят болалар кутубхонасида давом этди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари, таниқли адиблардан ташкил топган ижодий гуруҳ кутубхонада ўқувчилар учун яратилган   шарт-шароитлар билан яқиндан танишди. Зиё масканида ёшларнинг мутолаа завқини туйиши учун янада кенгроқ имкониятлар яратиш борасида таклифлар билдирилди.

 

“БУ БОҒЛАР БИР БОҒЛАР БЎЛАДИ ҲАЛИ…”

Ҳамид Олимжон ва Зулфияхоним номидаги она тили ва адабиёти фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослашган мактаб-интернати. Президентимизнинг эътибори, меҳри билан       ташкил этилган ижод мактаби. Бу ерда таҳсил олаётган ўғил-қизларнинг қалбида ижод куртаклари ниш урмоқда.

Шеърларини тўлқинланиб, гоҳ баланд овозда, гоҳ шивирлаб ўқиб, кўнгилга озуқа, завқ олган шоиринг билан дийдорлашиш ўқувчи учун чиндан-да ҳаяжонли. Айниқса, ижод мактаби ўқувчиси учун бу – юксак билим ва сабоқ. Сафарнинг асл мақсади ҳам шу эди, аслида. Меҳмон ижодкорлар аввалдан қилинган режа асосида ўзлари учун ажратилган синфхоналарга кирди.

Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид 8-синф, филология фанлари   доктори, адабиётшунос олим Нўъмонжон Раҳимжонов ҳамда “Маънавий ҳаёт”     журнали бош муҳаррири, шоир Эшқобил Шукур 7-синф, “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири, таниқли адиб       Аҳмаджон Мелибоев 6-синф, Ўзбекистон халқ шоири Анвар Обиджон 5-синф ўқувчиларига ижод масъулияти, мавзу танлаш ва ёзиш техникаси борасида сабоқ     берди. Дарс жараёни қизғин кечди, қирқ беш дақиқага мўлжалланган сабоқлар бир ярим соатда ниҳоялади. Ўқувчиларнинг ижодий машқлари тингланди, таҳрир сабоқлари ўргатилди. Ўғил-қизлар ижодкорларни турли мавзулардаги саволларга “кўмиб” ташлади. Масалан, бир ўқувчи Аҳмаджон Мелибоевга савол берди:

– Болаликда нимани орзу қилгансиз?

Устоз жилмайиб жавоб қилди:

– Яшаб турган уйимизнинг томидан чакки ўтмаслигини! – Синфхонага сув қуйгандек жимлик чўкди. – Рост, ёмғир ёғса, уйимиздан чакки томар эди: ҳаммаёқ шалаббо… Сизда бундай қийинчиликлар йўқ: чиройли уйлар, ўқиш учун кутубхоналар, мана бундай мактаблар, боғ-роғлар – ҳаммаси муҳайё!

Шу ўринда, ижод мактаби хусусида икки оғиз сўз: мазкур таълим муассасаси бир юз эллик ўринли ўқув биносига эга. 2017–2018 ўқув йилида фаолиятини бошлаган билим даргоҳида айни дамда 120 нафар ўғил-қиз таҳсил олаётир. Ўқувчилар психологик сўровнома, она тили ва адабиёт фанидан тест асосида танлаб олинган. Юз ўринли ётоқхона, етмиш беш ўринли шинам ошхона билан таъминланган.

Мактабда маънавий-маърифий     тадбирларга кенг ўрин берилган. 24 нафар малакали ўқитувчи-мураббий ўқувчи-ёшларга таълим бермоқда…

Ушбу ижод мактабида Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси Маъмура Юсупованинг фаолият олиб бораётгани ҳам бизни қувонтирди. Маъмурахоннинг кўксини безаб турган кўркам нишон истеъдодли қизалоқларда ҳавас уйғотиб, уларни юксак марралар томон чорлаб турганини илғаш қийин эмас…

 

“ШОИРУ ШЕЪРУ ШУУР…”

…Тушдан сўнг ижод мактабининг анжуманлар залида жиззахлик ижодкорлар, ёшлар, ижод мактаби ўқитувчи ва ўқувчилари билан ижодий учрашув ўтказилди. Шеър ўқилди, савол-жавоблар бўлди, фикр-мулоҳазалар билдирилди. Сўзга чиққан адиблар бугун мамлакатимизда адабиёт соҳасини ривожлантириш, шоир ва ёзувчиларнинг ҳаёт сифатини яхшилаш, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш борасида давлатимиз томонидан яратилаётган имтиёзу имкониятлар, қилинаётган амалий ишлар, улуғвор режалар ҳақида сўз юритди.

Учрашув ажиб анжуманга айланди. Айниқса, Жиззах педагогика институти талабаси, ёш ижодкор Муҳайё   Худойқулованинг “Ҳамид Олимжон ва Зулфия ҳайкали пойида” номли шеъри барчада илиқ таассурот қолдирди.

Тадбир сўнгида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ташаббуси билан чоп этилган китоблар ижод мактаби кутубхонасига ҳадя қилинди. Ўқувчи-ёшлар таниқли ижодкорлардан дастхат олди, адабиёт байрами даҳлизу пиллапояларга, айвонларга кўчди…

 

САРҲИСОБ

Ижодий сафар мактаб-интернат ўқитувчи-мураббийлари иштирокида ўтказилган давра суҳбати билан давом этди: ижод мактаби фаолиятини       такомиллаштириш, дарс жараёнларини қизиқарли ташкил этиш, ўқувчиларнинг ижодий қобилиятини юзага чиқариш   борасида фикр-мулоҳазалар айтилди.

Суҳбат жараёнида, шунингдек, қабул имтиҳонларида албатта ижодий суҳбатни жорий этиш зарурати тилга олинди. Халқ таълими вазирлиги бош мутахассиси Мирзоҳид Ибрагимов бу масалани ҳамкорликда ҳал этсак бўлади, деди.

Мулоқот давомида мактабда таниқли ижодкорларнинг ижодий маҳорат сабоқларини мунтазам йўлга қўйиш, ўқувчиларнинг ижодий машқларини республика болалар нашрларида ёритиш, болалар кутубхоналари билан онлайн   учрашувларни ташкил этиш ва бошқа муҳим масалалар бўйича келишиб олинди.

Шу куни кечқурун     пойтахтдан келган таниқли ижодкорлар, шунингдек, Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги ижод мактаби вакилларини Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Солиев қабул қилди. Мулоқот   жараёнида ижод мактабининг ютуқлари, яқин орада қилиниши лозим бўлган ишлар   хусусида фикр алмашилди.

 

УЧМАДАГИ УЧРАШУВ

Учма қишлоғи Фориш туманидаги баланд қоялар бағрида жойлашган илҳомбахш, сўлим гўша. Ижодий сафарнинг кейинги куни мазкур қишлоқда жойлашган 28-мактабда давом этди. Қизғин суҳбатлар шеърга уланди. Ўқувчилар кўзлари порлаб шеър айтганида, жаранги қояларда акс садо берди.

Мушоира айни авжига чиққан чоғда қизиқ ҳодиса рўй берди: хонага бир жуфт қалдирғоч учиб кириб, шеър оҳангига ҳамоҳанг чуғурлай бошлади. Гўё улар даричадан эмас, шеърият бўстонидан учиб келгандай эди. Бу ҳол кечага ўзгача шукуҳ, қалбларга фараҳ бахш этди. Ҳолатга мос шеърлар янгради:

 

Қалдирғочларга бер айвонларингни,

Эгаси бор юртнинг эртаси бордир…

 

Улуғбек Кенгашев, Лола Сафарбоева, Муаттар Муҳаммедова каби ўқувчилар томонидан ўқилган улуғ шоирларнинг шеъру ғазаллари меҳмонларни ҳам, учмаликларни яна бир бор адабиётга ошуфта этди.

…Буюк аждодимиз Заҳириддин     Муҳаммад Бобурнинг пурмаъно сатрлари ёдга тушади: “Йўлчи йўлни не билур, то раҳнамо кўрсатмагай…” Зеро, адабиёти юксак халқнинг қалби, қадри,     маърифати, маданияти юксак бўлади. Тафаккури теран миллат ўзининг ҳам, ўзгаларнинг ҳам тинчлигини, тотувлигини, дўстлигини қадрлайди.

Қалдирғоч қанотидек қошларга,   рангидек тим қора қорачиқларга    боқиб амин бўлдикки, Зулфияхоним   айтганидек, “Бу боғлар бир боғлар бўлади ҳали…”

Нодир ЖонузоҚ,

Фахриддин Ҳайит

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan