Бердақнинг Дутори

784

Ибройим   ЮСУПОВ,

Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоири

БЕРДАҚНИНГ ДУТОРИ

Аслинг сенинг оғочдандир,

Сўйла дутор, сўйла дутор.

Оҳинг армону ғамдандир,

Дардинг баён айла, дутор.

 

Улуғ шоир бўлган эганг,

Тинглаган эл-улус ноланг,

Булбуллар жўр ҳар шому тонг,

Номинг достон элга, дутор.

 

Қадим ўтмишга гувоҳсан,

Сайраганда нола-оҳсан,

Бердақ бобомга ҳамроҳсан,

Дардинг баён айла, дутор.

 

Аъло созим куйга бойсан,

Кўҳна дардларим қўзғайсан,

Инграниб мунча бўзлайсан,

Тилинг бўлса сўйла, дутор.

 

ПИЁЛАДАГИ ЧОЙ ЧЎПИГА БОҚИБ

 

Бир пиёла чойни олиб,

Тикилдим мен назар солиб,

Сувдаги солдай чайқалиб,

Келар бир қўноқ, бир қўноқ.

 

Чойни ичмай чайқаб кўрдим,

Юришларин пайқаб кўрдим,

Ўзимча тусмоллаб кўрдим,

Биз томон келар бир қўноқ.

 

Юрт-макони йироқмикан,

Кегейли ё Мўйноқмикан,

Меҳмон атойи худо экан,

Ҳамиша азиздир қўноқ.

 

Тикка сузса чой-шамаси,

Дерлар меҳмон ишораси,

Тўхтаб қолгандай чамаси,

Интиқ қилмай келса тезроқ.

“Тўқсон беш”нинг япроғи кўк,

Боқиб ҳуснингга тўймоқ йўқ,

Кўнгил бўлсин кўнгилдан тўқ,

Буни англарми бу қўноқ.

 

Кундай шуъла сочишлари,

Зимдан қараб қочишлари,

Нозли одим отишлари,

Жондан тўйдирар бу қўноқ.

 

Тунлар сирлашиб ой билан,

Куним ўтар оҳ-вой билан,

Ичиб қўярман чой билан,

Тезроқ келмасанг, эй қўноқ.

 

* * *

Бугун эшитганни эрта кўз кўрар,

Умринг янгиликлар билан бўйлайди.

Ҳатто меҳмон кутишлар ҳам ўзгарар,

Шитоб замон сустликка йўл қўймайди.

 

Аммо халқимизнинг чин инсонлиги,

Бошга иш тушганда меҳрибонлиги,

Яхши-ёмон кунда бек-султонлиги,

Даврон минг турлансин, асло ўлмайди.

 

Қорақалпоқ тилидан

Очил Тоҳир таржималари.

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг