«Оқ кема»нинг янги талқини

854

Атоқли қирғиз адиби Чингиз Айтматов ижоди миллионлаб китобхонлар қалбини забт этган. Унинг асарларидаги умуминсоний ғоялар, эзгулик билан ёвузлик, адолат билан разолат ўртасидаги азалий кураш ва айни ҳодисаларнинг фалсафий ифодаси китобхонларни бефарқ қолдирмайди. Бинобарин, ёзувчи ижодининг умрбоқийлиги ҳам шунда.

Мамлакатимиз раҳбарининг “Буюк адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорида   қайд этилганидек, “Чингиз Айтматов нафақат қирғиз эли, айни пайтда, бутун туркий мамлакатлар, жумладан, ўзбек халқи учун ҳам азиз ва қадрли сиймо, Ўзбекистоннинг улкан дўсти эди”. Ёзувчи қолдирган бой адабий меросни ўқиш ва ўрганиш, халқимиз, айниқса, ёш авлод ўртасида кенг тарғиб қилиш муҳим тарбиявий аҳамиятга эга. Бу вазифаларни амалга оширишда театр санъатининг имкониятларидан фойдаланиш ижобий самара бериши аниқ.

Чингиз Айтматовнинг машҳур қисса ва романлари дунёнинг кўплаб театрлари, хусусан, юртимизда ҳам қайта-қайта саҳналаштирилган. Адибнинг “Оқ кема” қиссаси ҳам бундан мустасно эмас. Қисса илк бор 1983 йил Ёш томошабинлар театрида таниқли режиссёр Маҳкам Муҳамедов томонидан саҳнага қўйилган, спектакль намойишига адибнинг ўзи ҳам ташриф буюрганди. Режиссёр қиссанинг фалсафий оламига кириб, турфа рамз ва маъжозлар орқали фавқулодда гўзал, оҳорли ва таъсирчан томоша яратишга эришганини эътироф этиш лозим. Бола тасаввурида яшаётган эзгулик тимсоли — Шохдор она буғи сценографик ечим орқали кўрсатилади, яъни томошабин бу образни рамзий маънога эга эканини ҳис қилади. Шунингдек, спектаклда сўзсиз, сукутга асосланган саҳналар ҳам учрайди. Бу томошанинг фалсафий мазмунини янада кучайтирган. Режиссёр бола образини таниқли актриса Ёдгора Зиёмуҳамедовага ишониб топширади. Нега болани актриса ўйнаши керак, деган табиий савол кўпчиликни қизиқтирарди. Актриса бола табиатини ишонарли   талқин қилади, унинг масъум нигоҳлари, гоҳи қувноқ, гоҳида ҳазин овози томошабинни ром этади. Спектаклда асосий қаҳрамонлар — Мўмин чол (Эргаш Раҳимов), Ўразқул (Шуҳрат Зиёмуҳамедов), Сайдаҳмад (Лутфулла Саъдуллаев), Бекей хола (Саломат Йўлдошева) образларини гавдалантирган актёрлар ҳам ўз ижро маҳоратини кўрсатишади. Спектакль Чингиз Айтматовга ҳам маъқул бўлади ва у томошадан сўнг саҳна ортига ўтиб, режиссёр ва актёрларни бирма-бир табриклайди.

Кейинчалик Сурхондарё вилояти мусиқали драма театрида режиссёр Неъмат Пардаев ҳам бу асарга мурожаат қилиб, ажойиб спектакль яратди. Бу сафарги талқинда асосий эътибор шахс ва жамият мавзусига қаратилди. Режиссёр турли рамзий деталлар   орқали бола хаёлида яшаётган икки хил дунё – эзгулик ва ёвузлик ўртасидаги зиддиятларни акс эттиради.

Яқинда Ўзбек Миллий академик драма театрида премьераси бўлиб ўтган “Оқ кема” спектакли машҳур асарнинг навбатдаги талқинига айланди. Асарни саҳналаштириш учун Қозоғистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, Олмаота давлат драматик театрининг етакчи режиссёри, профессор Абубакр Раҳимов таклиф этилди. Режиссёр икки ойдан зиёд вақт мобайнида театр жамоаси билан ҳамжиҳатликда ишлаб, фалсафий руҳдаги асарнинг янги талқинини топишга ҳаракат қилди.

“Оқ кема” – хаёлот ва ҳақиқат, эртак ва ҳаёт, инсон ва табиат тушунчалари бир-бирига сингиб кетган гўзал қисса. Бир қарашда воқеаларнинг реал ёки рўёлигини ажратиб бўлмайди. Шу боис асарнинг саҳнавий талқинини яратиш осон эмас. Бунинг учун, аввало, муваффақиятли инсценировка зарур. Бу вазифани Ўзбекистон Санъат арбоби Олимжон Салимов амалга оширди. Айтиш жоизки, инсценировка муаллифи адабий матнга эркин ёндашиб, қиссанинг энг таъсирчан, ёрқин ва саҳнабоп лавҳаларини топишга интилган. “Оқ кема” ҳақида яхлит тасаввур берувчи, мантиқан бир-бирига боғланган умумий композиция ҳосил қилинган. Шунингдек, Олимжон Салимов инсценировкада муаллифнинг ижодий қарашига дахл қилмаган ҳолда саҳна имкониятлари ва талабларини ҳам инобатга олиб, воқеалар изчиллиги ва драматизмига алоҳида эътибор қаратган.

Саҳнанинг дов-дарахт билан қоплангани яшариш, янгиланиш, ҳаёт завқига ишора. Бу манзарага зид тарзда қуриган тўнкалар ҳам кўрсатилади. Буниси энди разолат, жаҳолат, зулму зўравонлик ифодасидек таассурот уйғотади. Саҳналаштирувчи рассом Бахтиёр Тўраев шу манзарага монанд ёруғ рангларга урғу беради, саҳнани худди мўъжазгина сайёрага менгзаб, оқ тусга буркайди. Ҳатто табиатан яшил дарахтлар ҳам оқ-кўкиш тусда товланади. Оқ ранг бу – поклик, гўзаллик, меҳру муҳаббат, бир сўз билан айтганда, дунёдаги бор эзгу фазилатлар тимсоли. Қисса ва спектаклнинг “Оқ кема” деб номланишини ҳам шу билан изоҳлаш мумкин.

Спектакль бош қаҳрамони бола ­(актёр Нурмуҳаммад Хўжамов) тасаввурида икки хил дунё, асарда таъкидланган икки эртак жонланади. Бири фақат ўзигагина тегишли, иккинчисини эса бобоси сўзлаб берган. У теварагида ёмонлик, ёвузлик, разолатга гувоҳ бўлганидан ўз хаёлида яратган эртаклари нақадар тотли ва сурурли эканини ҳис қилади. Бола ролини гавдалантирган ёш актёр Нурмуҳаммад Хўжамов ижросининг табиийлиги эътиборни тортади. У қаҳрамони қалбидаги изтироблар, руҳий кечинмаларни самимий кўрсатади. Бобоси қишлоққа келган кўчма дўкондан яп-янги папка олиб берганида, Шохдор она буғи ҳақидаги ривоятни илк бор эшитганида, нигоҳини олис-олисларга қадаб, оқ кема ва кемадаги отасини интиқ кутганида бола вужудининг беғубор ва шаффофлигини қалбан туямиз.

Боланинг яқин дўсти, сирдоши Мўмин чол образини Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Рустам Каримов ижро этди. Актёр ўз тажрибаси ва маҳоратига таянган ҳолда қаҳрамони характеридаги мутелик, вазминлик, оғиркарвонликни ишонарли талқин қилган. Унинг хатти-ҳаракатлари, қадам босишлари, ҳатто сукут сақлашда ҳам турфа ноҳақликларни кўравериб дийдаси қотган, аммо бу иллатларга қарши бош кўтаролмаган нуроний сиймо акс этади. У набирасига Шохдор она буғи ҳақидаги ривоятни ҳикоя қиларкан, юзу кўзида қўрқинч, раҳму шафқат ифодаси пайдо бўлади. Рустам Каримов Мўмин чолнинг зоҳирий қиёфасига хос аломатларни топган бўлса-да, унинг ботини, ички туғёнларини етарлича очиб беролмаган. Ваҳоланки, асар бўйича Мўмин чолнинг дарди, изтироблари анчайин теран, бироқ спектаклда у болага нисбатан пассив бўлиб кўринади. Фикримизча, спектакль ва инсценировкада унинг руҳиятини тўла очиб бериш учун етарли материал ажратилмаган.

Бола ва Мўмин чол тасаввуридаги покиза дунёнинг зидди ўлароқ нафс ва зулм йўлини тутган, оламни фақат қора бўёқларда кўрувчи салбий персонажлар — Ўразқул (актёр Беҳзод Муҳаммадкаримов), Сейдаҳмад (актёр Бахтиёр Юсупов) ва бир гуруҳ овчи йигитлар спектаклнинг асосий конфликтини ҳаракатга келтиради. Қиссада ҳам эзгулик ва ёвузлик, некбин ва бадбин қарашлар ўртасидаги зиддият шу икки тоифа қаҳрамонлар орқали ифода этилган. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Беҳзод Муҳаммадкаримов ижросидаги Ўразқул инсоний фазилатлардан йироқ, нафси ҳар нарсага тайёр, золим ва тубан кимса сифатида жонланади. Айниқса, олий тимсол — Шохдор она буғини ўққа тутиб, шохларини болта билан чопаётганида, қилган ишидан ҳузурланиб қаҳ-қаҳ уриб кулганида манфур жамиятнинг бор рафтори акс этади. Шубҳасиз, бу лавҳа асар ва спектаклнинг энг авж нуқтаси. Зеро, бунда жар ёқасидаги инсониятнинг чинакам таназзулини кўриш мумкин. Буғининг бир парча гўштини тутиб, не қиларини билмай турган бола, кўз ёшига кўмилган, аммо руҳан ва жисман ожиз Мўмин чол тимсолида жамиятдан яккаланган мазлум кимсаларнинг умумлашма образи яратилган. Бола фақат эртак дунёси билан ёвузликка қарши курашади: саҳнада тутинган акаси Қулибек (актёр Ихтиёр Отажонов) пайдо бўлиб, қўлидаги автомат билан Шохдор она буғини овлаган барча ёвузларни кунпаякун қилади. Бироқ бу боланинг фикратидаги ширин рўёдан бўлак нарса эмасди…

Таъкидлаш ўринлики, спектаклда Ўразқул образига бирёқлама ёндашилган. Қиссага кўра, у фарзанд кўрмагач, ич-ичидан сиқилиб, ичкиликка ружу қўяди. Қалбидаги чексиз нафрат, аламу қийноқларнинг бир учи ҳам шу билан боғлиқ. Спектаклда эса Ўразқул табиатидаги бу жиҳатлар эътиборсиз қолдирилган, натижада қаҳрамон характерининг асл моҳияти тўла англанмаган.

Ўразқулнинг хотини, бир умр фарзандсизлик доғидан азият чеккан Бекей ролини таниқли актриса Лола Элтоева ўйнаган. Актриса Бекейнинг дарду аламга тўла ҳаётини ички эҳтирослар ва руҳий ҳолатлар орқали кўрсатиб беради. Дилбар Икромова гавдалантирган кампир Бекейнинг бефарзандлигини юзига солганида, Лола Элтоева ижро манерасига хос динамик жўшкинлик, лирик ҳарорат юзага чиқади.

Юқорида таъкидлаганимиздек, Шохдор она буғи – инсониятнинг энг олийжаноб фазилатларини ўзида мужассам этган рамзий образ. Умуман, Чингиз Айтматов асарларини мутолаа қилган ўқувчи жонзотлар билан боғлиқ кўҳна ривоятларга кўп дуч келади. “Алвидо Гулсари”даги вафодор от Гулсари,   “Асрга татигулик кун”даги Қоранор туя, “Қиёмат”даги Акбара исмли бўри образлари бунинг ёрқин ифодасидир. Адиб асарларини саҳналаштираётган режиссёр ушбу рамзларга жиддий аҳамият қаратиши зарур. Афсуски, “Оқ кема” спектаклида Шохдор она буғи образи ниҳоятда жўн ва схематик чиққан.     Актриса Мадина Мухторованинг буғи либосида саҳнага чиқиши ва дидактик оҳангда сўзлаши Айтматов тагматнларидаги фалсафаю ташбеҳларни йўққа чиқаради. Биз юқорида Маҳкам Муҳамедов саҳналаштирган спектаклда Шохдор она буғи образи рамзий йўсинда кўрсатилганини таъкидлаган эдик. Мазкур спектаклга ҳам айнан шундай ёндашилса, тўғри бўларди, деб ўйлаймиз.

Қайд этилган камчиликларга қарамай, Чингиз Айтматов қаламига мансуб машҳур асарнинг академик театр саҳнасига қўйилиши қутлашга арзигулик ҳодиса. Қолаверса, адиб таваллудининг 90 йиллиги арафасида бу саъй-ҳаракатнинг салмоғи янада ошади. Ҳозир мамлакатимиз театрларида Чингиз Айтматов асарлари асосида қатор спектакллар саҳналаштириш режалаштирилган. Хусусан, Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқий театрида “Сарвқомат дилбарим”, Қашқадарё вилояти мусиқали драма театрида “Жамила”, Жиззах вилояти мусиқали драма театрида “Чингизхоннинг оқ булути” асарларини саҳнага қўйиш учун тажрибали режиссёру актёрлар жалб этилган. Давлатимиз раҳбари томонидан қўшни мамлакатлар билан дўстлик-биродарлик алоқаларини мустаҳкамлашга катта эътибор қаратилаётган бир даврда бундай изланишлар, албатта, зарур. Шу маънода қирғиз ёзувчисининг “Оқ кема” асари қозоқ режиссёри томонидан ўзбек театрида саҳналаштирилишини ҳам қардош халқлар ижодкорларининг дўстлиги, ҳамкорлиги маҳсули сифатида эътироф этиш лозим.

 

Шоҳрух АБДУРАСУЛОВ,

Тадқиқотчи

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг