Чавандоз бўлсанг қамчинг юлдузга тегсин

Шоир Шодмонқул САЛОМ билан суҳбат

– Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида “миллатимизнинг руҳи бўлган она тилимиз, азалий қадриятларимизни сақлаб қолиш ва авлодларга безавол етказиш, халқимизнинг онгу тафаккурини юксалтириш, мустақиллигимизнинг маънавий асосларини яратиш, сўз санъаткорларини бирлаштириш, уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, ёш истеъдод эгаларининг салоҳиятини рўёбга чиқариш борасида” ижодий уюшма амалга ошираётган ишлар алоҳида таъкидланган. Шу муносабат билан сизнинг ижодкорнинг бирдан-бир фаолият қуроли бўлган сўз ва ижоднинг асл моҳияти ҳақидаги фикрларингизни билмоқчи эдим. Шеър нима, шоир аслида ким?

– Куннинг учдан икки қисмини ўзингга ажратмасанг — келажакдан умид қилма, деган экан бир аллома. Демак, қолган бир қисмини ўзгаларга — ишга, дунё ташвишларига ажратмоғинг кифоя демоқчи-да. Бу бир қисмнинг ичида фарзанд тарбияси ҳам, дўстларга, одамларга камарбаста бўлиш ҳам бор. Ҳа, оқил фарзанд тарбияси сенинг келажагинг эмас, бу унинг — фарзандингнинг истиқболидир. (Кўп кўргансиз: “Шу болаларни деб ижод йўлидан кетолмадик”, деб ўзини оқлаганларни. Ё уларнинг бўлгани шу, ёки улар Худодан кўп нарса қарздор!) ­Халқу жамият олдидаги фуқаролик бурчи ҳам — муқаддас. Аммо бу ҳам ўша бир қисмга киради. Унда икки қисмга нима иш қолади, дерсиз? Гап шунда-да!

Юқоридагилардан ортиб ўзингга икки ҳиссани ажрата олибсанми, сен — зўрсан! Сен шунчаки оддий одам эмассан. Ишон! Бизнинг қўнғирот боболар айтмоқчи, чавандоз бўлсанг, қамчинг юлдузга тегиб қайтсин, бўлмаса, отдан туш!

Бутун борлиғингни – соғлигинг, руҳий ва жисмоний қудратингни, эрку истакларингни сендан талаб этиб, эвазига ҳеч нарса ваъда қилмай ўтгувчи сирли ИЖОД жараёни ва ҳосили сенинг қолган икки қисм умрингга арзийдими? Аммо барибир нимадир кутасан-ку. Нима ўша? Бу қўрқув ва умид оралиғидаги ўзингнинг тимсолингда бутун башариятнинг мазмунини, улуғ илоҳнинг моҳиятини излаш ва топиш (йўли ёки жараёни)дир! Ва минг азоб оралаб юриб топганларингни сахоларча (ҳиммат билан) улашмоқдир! Бу энди оддий, ҳамма ҳам тушунадиган, қадрлайдиган, орзу этадиган жўн нарса эмас.

Президентимиз қарорида “Уюшма аъзоларининг ижтимоий-маънавий фаоллиги ва масъулиятини ошириш, уларни халқимизнинг қадимий тарихи ва бой маданиятини, эл-юртимизнинг фидокорона меҳнати билан эришилаётган туб ўзгаришларни теран акс эттиришга қаратилган юксак бадиий асарлар яратишга рағбатлантириш” алоҳида таъкидланган.

Бугун адабиёт аҳли учун олам гулистон бўлди! Бунинг учун фақат ташаккур айтмоқ керак! Шоир-ёзувчига бугунгичалик эҳтиром кам учрайди. Ахир, тарихга қаранг! Кўзларингиз тиниб кетади. Кўп эмас, иккита буюк сўз устасини айтай! Буюк ва бечора Бальзак! Иккинчиси, ўзимизнинг мағруру ҳақир Шукур Холмирзаев!

Парижнинг иркит кунжаги бўлмиш, бироз истеҳзо билан “даҳолар етиладиган банка” дейилгувчи Лотин маҳалласида очлик ва совуқ сабаб бошидан буғ чиқиб кетса-да, мутолаа ва ижоддан тўхтамаган Бальзак қарийб юз жилдлик адабий обида қолдирди. Ва Тур деган овлоқдан чиқиб, “Париж, бир кун менга таъзим қиласан!” дея ҳайқирган ўспирин Оноре де Бальзак деган номни онгли дунё тарихига муҳрлаб қўйди! Бўлгани шу. 51 йил яшади. Оилага улгурмади, ортидан тирноқ қолмади. Бир умр кўнгил ва ҳаёт курашида кўнгилнинг томонини олиб яшади. Тенгсиз шон-шуҳрат қозонди. Аммо чалғимади. Даврлардан даврларга ошиб келаётир.

Шукур ака-чи? Шўро замонида камолга етган адиб мустақилликнинг синовли йилларида ҳам мардона ижод қилди. Ўзининг бурчини унутмади. Ўз ибораси билан айтганда, масжиддагидек бетаъма яшади. Азобланди, аммо “воҳ” демади. Бир умр ўзбекни алқади, яхши кўриб койиди, севиб қийналди, кечириб яхши кўрди. Бир коса таомга қаноат қилолди… Ва халқининг, ўқувчиларининг туганмас меҳрига сазовор бўлди.

Шу гаплар кўздай ҳақиқат экан, бугунгидек яйраган замонда нега ёзмаслик, ёзганда ҳам нега дунёни қучгудек шашт билан ижод қилмаслик керак. Юрт мустақил бўлди, халқ фаровон — дард тугаб қолдими? Ёзадиган гап қолмадими? Йўқ! Энг катта ва оғир вазифа бизга кўндаланг. Чўлпону Фитрат, Қодирий, Ойбек, А.Қаҳҳор, А.Орипов,     Э.Воҳидов, Р.Парфи, Ш.Холмирзаев, У.Азим, Ш.Раҳмон, Ҳ.Худойбердиева, Э.Аъзам, А.Суюннинг олдидаги вазифа       ўз-ўзича маҳобатли эди. Аммо уларнинг   жамият ва адабиёт олдидаги вазифаси бироз бошқачароқ эди. Қолаверса, улар юкни белгиланган жойгача елкалаб олиб келиб қўйдилар. Бу уларнинг юки эди. Бизнинг оғир вазифа эса мутлақо бошқа. Вазни ҳам, малоллиги ҳам ўзига хос. Енгилдек туюладию жуда вазмин, ўнғайдек кўринса-да бениҳоя ноқулай, мураккаб. Тирноқдек   келадиган (8 гигобайтлик) флешкада бир дунё маълумотни олиб юриш мумкин бўлган замон адиби шунга қараб иш кўрмоғи,   инсоннинг бугунги аҳволи руҳиясини катта маҳорат билан тадқиқ этмоғи керак.

Яқинда бўлган воқеа: Фарғонада Эркин Воҳидов номидаги истироҳат боғида юрган эдим. Акам билан. Икки сўлоқмондай туппа-тузук ўзбек боғдаги бунёдкорлик ишларига қараб туриб, бири иккинчисига шундай деди: “Шу ишларга сарфланган пулга иккита яп-янги “Каптива” берса керак?!” Акам кўзини қисиб, лабини тишлади: жим, гапирма, дегани бу. Нима ҳам қилардим мен. Ахир мен ҳам, акам ҳам шу икки ўзбекнинг биримиз-да. Ҳа, сал мундайроғи! Ёки “Навоийни биласанми?” деган саволга “Ҳа, ­Навоий Бухорога чегарадош”, деб жавоб берган талаба ҳам бизга ­замондош.

“Қачон замоним келади-ю мен зўр шеъримни ёзаман?” деган шоирнинг ўша замони кўз олдидан ўтиб кетаётган бўлади. Унутмайлик: энг катта ватанпарварлик — бурчни бажариш! ­
Ҳар кимнинг ўз иши, вазифаси бор. Худди XVI асрдаги адиб ва файласуф Г. де Бальзак ­билан XIX асрдаги Оноре де Бальзакнинг маслаги биру вазифаси фарқ қилганидек!

— Истеъдоднинг шакл­ланишида меҳнатнинг ўрни қандай, деб ўйлайсиз?

— Саволга юқорида қисман жавоб берилди. Аммо қисқа бир-икки оғиз мулоҳаза: бир номатлуб иллат пайдо бўлди бизда. Бу бир ижодкорнинг бошқасини (умуман бошқаларни ҳам) ўқимаслиги. Ва ўқиса-да фазилат, нафосат эмас, бошқа нарсалар излаб ўқиши. Ўқишни хаёлига келтирмай “телеграм” орқали бир-бирига шеър йўллайдиган қавм майдонга келди. Бу — довулдан олдинги сукутдай қўрққулик ҳолат. Истеъдод меҳнат эканини билмай, ҳис қилмай, ўйламай ҳам ёзишни истовчилар кўпайди.

— Ўзаро гурунгларнинг бирида “авлод бўлолдикми”, деган саволга жавоб қидираётганингизни айтган эдингиз…

— Секинроқ гапиринг: катта авлод эшитиб қолмасин! Саволимга жавоб топдим: “Ҳозирча йўқ! Аммо бу ҳол рўй бераётир”. Носирлар Ж.Кенгбоев, У.Ёқубов, Ф.Жабборов, Н.Чориев, А.Суюнов, М.Тиловова, Н.Иброҳимова ва бошқа дўстлар. Бу ёзувчилардан бир ўқувчи сифатида умидим катта! Ўзимнинг шоирликдан умидим бўлса-да адабиётнинг нортуяси — прозанинг катта маҳобат касб этишини жуда истайман.

— Бугунги адабий жараён хусусида қандай фикрдасиз?

— 2011 йилда “Тафаккур” журналида босилган шеърларимга ёзувчи Аҳмад Аъзам қисқа, тугал, пишиққина сўз ёзди. Шу воқеадан сўнг уюшмамиздаги бир йиғинда ёнига бориб кўришиб, ўзимни таништирдим. У киши билан юзма-юз туриб илк ва охирги марта гаплашганим шу. Орадан бир неча йил вақт ўтди. Мен у киши билан дилдан суҳбат қурмадим. Бу менинг тортинганим, ботинолмаганимдан эмас. Эшитинг… бир йилча бурун қўлимга Аҳмад аканинг “Ҳали ҳаёт бор” деган китоби тушди. Ўқиб чиқдим. Сўнгра бошқа иккита китобини ҳам топиб, излаб ўқидим. Шундай катта ёзувчи орамиздан ўтиб кетибди-ю билмабман. Одамга ўхшаб бир суҳбатини ҳам олмабман. У жуда катта, маҳоратли ёзувчи эди. Худди шундай “ўтиб” кетаётганларимиз кўп. Қадрига етолмаяпмиз.

Назар Эшонқул, Собир Ўнар, Исажон Султон, Абдуқаюм Йўлдошларнинг ҳамма ёзганларини ҳеч бўлмаганда бизнинг авлод тўлиқ ўқимаса бу — нонкўрлик. Биз ўзимиздан бохабар эмасмиз. Руҳий, маънавий хотирамиз бўшашиб кетган. Катталар эса ўқийди, ўқиганлар ҳам. Шунинг учун қурч, пишиқ, етук!

— Шоирнинг жамият олдидаги асл   вазифаси нима?

— Давр шоирнинг олдига қўяётган вазифани ижод аҳли муқаддас деб билса, қабул қилсагина жамият олдидаги қарздан қутулиш имконини топган бўлади. Буни муқаддас деб билиш учун шоир ўзининг тор қобиқларига ўралиб қолмаслиги шарт. “Мен ўзим учун ёзаман. Мени бугунги авлод тушуниши шарт эмас. Буюртма ижодкорни бўғади ва ҳоказо…” деган гаплар ижодкорнинг етилмай қолгани белгиси.

Катта залдаги минглаб ўриндиқларга бир-бирини танимайдиган омма йиғилиб бўлган пайт чироқ ўчиб қолсаю ташқарига чиқишнинг имкони бўлмаса, қандай ҳол рўй беради? Ана шундай ноқулай вазиятда ҳам маърифатли, имонли одамлар бир-бирларини овозларининг оҳангидан таниб оладилар. Ўшаларгина қорон­ғуда содир бўлиши мумкин бўлган ўғирлик, зўравонлик каби тартибсизликларни тўхтатишга қодир. Бундай одамлар касби ва ёшидан қатъи назар ҳаммаслакдирлар. Ҳамма гап шундай овозларданоқ қоронғуликда ҳам бир-бирини таний оладиган зотларнинг оз-кўплигида.

Аммо чироқ ёниши керак! Токайгача қорон­ғулик?! Шу пайт кимдир машъала кўтариб кириб келади. Бу шоир, бу ёзувчи, бу чинакам башариятнинг маънавий маёғи! Шоир ичида қуёшни кўтариб юриши керак!

Шоир – қанотига ўт кетган қушдир!

Унга дон кўрсатманг, беринг осмонни!

То ёниб бўлгунча ёришсин олам,

Токи куйдирмасин куйган жаҳонни!

 

— Энди қўлига қалам тутиб, шеър ёзаётган ёшларга нималарни тавсия қилган бўлардингиз?

— Шеърнинг ўзини ёзиш керак! Маърифий, маиший, шарҳ, изоҳ, даъват, мурожаат,     тарғибот, мадҳ, тасвир шеърияти бизда   маромига етган. Аммо шеърнинг ўзи кам ёзилаяпти. Айниқса, ҳозир. Юқорида санаганларим Шеърни тушунишга восита, холос.

Кейин ҳар бир шоир ўз шеърини ёзиши лозим. Бировнинг оҳанги, яна бировнинг сўз қўллаши, бировнинг мавзу танлаши, бошқасининг манбага ёндашув шаклини ўзлаштириб олиш мустақил шоирлик эмас! Оддийроқ айтсак, ўз овозига, нигоҳига, айтиш усулига эга бўлиш катта ижодий бахт!

Тағин, кейинги пайтда кўп учраётган бир салбий ҳолат бор. Бундан қочишимиз шарт, яъни сўзни фикрга қул қилмайлик. Фикр ҳам туйғу ва сўзга тобе бўлмасин! Улар ўртасидаги нозик уйғунликни, нозик масофани тута билиш, кўра олиш керак! Қолганини истеъдод ва меҳнат ҳал қилади.

Шеър ёзишни ҳам ўргатиш керак. Бу ҳақда алоҳида сабоқ зарур. Бу эҳтиёжни қондириш мақсадида Президентимиз қарорида “Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус       таълим вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Алишер Навоий номидаги     Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети қошида Олий адабиёт курсини     ташкил этиш ҳақидаги таклифи маъқуллансин”, деб таъкидлангани мени жуда хурсанд қилди.

Бу ҳақда айтадиган гапларим кўп. Шеър сеҳри, шоирнинг вазифа-бурчи, ижтимоий, маънавий олами хусусида “Шоирлик шарафи” номли китоб ёзиш ниятидаман.

 

Исломжон ҚЎЧҚОРОВ

суҳбатлашди.

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan