Биз ким – ҳазрати ўзбеклармиз

Президентимизнинг “…Тарихий ҳақиқатни қарор топтириш, халқимизнинг эзгу фазилат ва қадриятларини абадийлаштириш учун Шомаҳмудовлар оиласига бағишланган “Халқлар дўстлиги” деб номланган ёдгорлик ансамблини пойтахтимиз марказидаги майдонга қайтариш адолатли бўлар эди…” дея телевидение орқали қилган мурожаатини эшитар эканман, бағрикенглик, элпарварлик, инсонийлик, етимпарварлик деб аталмиш яхшилик сувда чўкмаслиги, ўтда ёнмаслигига яна бир бор амин бўламан.

“Халқлар дўстлиги” номи билан аталган ёдгорликнинг ўз жойига қайтарилиши нафақат майдоннинг кўркига кўрк қўшади, балки одамларнинг қалбида меҳр-мурувват туйғуларини янада ўстиради. Бу тарихий қарор бундан ўттиз уч йил илгари рўй берган бир воқеани эсимга солди.

1985 йил. Иккинчи жаҳон уруши ғалабасининг қирқ йиллигини нишонлашга катта тайёргарлик кўрилаётган эди. Биз журналистлар ҳам бу мавзуда жўяли бирор нарса ёзиш ниятида ўйга толган эдик. Мен ҳозирги “Ўзбекистон Овози” газетасининг ахлоқ, одоб бўлим мудири бўлиб ишлардим.

Бу пайтга келиб Шомаҳмуд ота ҳаётдан кўз юмган, Баҳри ая ҳам саксон тўрт ёшда эди. Уларни кўргим келди. Шу билан бирга, уруш тугаганига ўтган қирқ йил мобайнида бу хонадондан паноҳ топган, турли миллатга мансуб ўн тўрт етим қизалоқ ва болакайларнинг кейинги тақдири мени қизиқтирар эди.

Кўкча даҳасидаги Шомаҳмудов номли кўчадаги дарвоза олдида тўхтайман. Дарвоза пештоқига “Бу уйда Улуғ ватан уруши йилларида ўн тўрт миллатнинг етим қолган болаларини тарбиялаб, вояга етказган Шоаҳмад Шомаҳмудовлар оиласи яшамоқда”, деб ёзилган мармар лавҳа ўрнатилган эди. Эшикни очиб, ичкари киришимни биламан, болакайларнинг қий-чув, шўх овозлари эшитила бошлади.

Болалар овози келаётган хонага кираман. Ўртада хонтахта, унга тирсагини тираб ўтирган оппоқ сочли, нурли чеҳрали Баҳри ая атрофини ўраб олган болакайлар чуғур-чуғурида жилмайиб, саломимга алик олади.

— Боласи тушмагурлар зерикиб қолишган чоғи, бир-бирларини кўришса мазза қилиб яйрашади. Уларни ҳай-ҳайлаб турадиган оналари ошхонада банд шекилли, ҳозир келишади, ўтиринг, қизим.

Бу пайтлар Баҳри ая ўттиз бир невара, ўн тўртта эваранинг бувиси эди. Ўзимни таништираман. Ўзбекистон халқ рассоми, Ўзбекистон Бадиий академиясининг академиги Абдулҳақ Абдуллаевни эслаймиз. Дарвоқе, Абдулҳақ Абдуллаев турмуш ўртоғимнинг тутинган акаси эди. Бир пайтлар Шомаҳмудовларнинг оилавий суратини чизгани боис улар қалин бўлиб кетган, тўйимизда ҳам иштирок этишганди. Баҳри ая рассом оилавий картинани қандай ишлагани ҳақида, болалар ўшанда ҳам шўхлик қилишиб, бири ўтирса, бири туриб кетиб, рассомни ташвишга солгани, расмга тушириш жараёни нақадар қизиқ кечгани ҳақида кулиб-кулиб гапириб берди.

Қаршимда она ватанимиз бошига оғир, мусибатли кунлар тушганда оғзидаги ош-нонини, эгнидаги кўйлагини, уй-жою ҳузур-ҳаловатини етим-есирлар билан бўлишган оддий ўзбек аёли ўтирар эди. Бу хонадон буюк шоиримиз ўафур ўулом айтганидек:

Бунда бор:

Ҳарорат,

Муҳаббат,

Шафқат

Ва меҳнат нонини кўрамиз баҳам, —

дея ўқ ва бомбалар боши узра ёмғирдай ёғилиб турган иттифоқнинг турли шаҳарларидан Тошкентга эвакуация қилинган болакайларни иссиқ бағрига олган юзлаб ўзбекистонликларнинг табаррук остонаси эди.

Баҳри аяга қараб туриб, ҳавасим келади. Шу оддий ўзбек аёлида қанча жасорат, қанча фидойилик, қанча меҳр-мурувват мужассам эканлигидан ҳайратланаман. Уй тўрига илинган сурат орқали Шоаҳмад ота гўё бизнинг суҳбатга қўшилиб:

Сен етим эмассан,

Тинчлан жигарим,

Қуёшдай меҳрибон

Ватанинг онанг,

Заминдай вазмину

Меҳнаткаш мушфиқ,

Истаган нарсангни тайёрлагувчи

Халқ бор – отанг бор,

Чўчима жигарим,

Ўз уйингдасан! —

дея шоиримиз каломини ҳар сония такрорлаб, ўн тўрт болага оталик, мураббийлик, боқувчилик қилган оғир дамларидан ҳикоя қилаётгандек.

Баҳри ая оилавий суратли альбом, болалари, ўзи ва турмуш йўлдоши ҳақида ёзилган лавҳалар, очерклар босилган газета-журналлар, турли ҳужжатларни менга кўрсатаётиб ҳам ўша мудҳиш уруш онларини яна бошдан кечираётгандек ҳаяжонланади.

Шу орада даврамиз янада кенгайди. Баҳри аяни йўқлаб қизи Ҳабиба, болалари ва умр йўлдоши кириб келишди. Аслида унинг исми Зина, Ҳабиба деб унга Баҳри ая исм қўйган. Болалар уйидан олиб келишганда у уч ёшда эди. Бу хонадонда ўсди, улғайди, ўқиди. Ҳозир ҳамшира бўлиб ишлар экан. Турмуш ўртоғи Собиржон илғор қурувчи, уларнинг беш фарзанди бор. Дам олиш куни бўлгани учун Эргаш, Фёдор, Олгалар ҳам уйда эканлар. Улар оналарига ёнма-ён, қўшни бўлиб яшайдилар. Баҳри ая кўргани чиққан фарзандларини илиқ қарши олар экан, чиройи янада очилиб кетди.

…Олга ишлаётган Тошкентдаги “Кўн-чарм-галантерея” заводининг тикув цехига кириб келганимда, иш вақти охирлаб қолган эди. Олга қўли қўлига тегмай, қалпоқ тикар эди. Цех бошлиғи Исмоил Иброҳимов билан суҳбатлашаман.

— Бизда ҳар бир тикувчи кунига бир юз элликта қалпоқ чокларини тикиши керак. Олга режани ҳамиша ортиғи билан бажаради, — дейди у. — Йигирма йил бўляпти заводимизга ишга келганига. Ҳаммамиз ундан хурсандмиз. Ишда илғор, моҳир мураббий. Меҳнатсевар, жамоатчи. Одамнинг яхшиси, ишчининг асили шу-да!

Эргаш Шомаҳмудов ҳам ишчи. Хотини Зоя билан шаҳар маиший хизмат комбинатида ишлайди. Иккиси ҳам ўз ишининг устаси. Уларнинг икки фарзанди, неваралари бор.

Шоаҳмад ота Фёдорга Йўлдошбой деб исм қўйган, гоҳ Фёдор, гоҳ Йўлдошбой деб чақираркан. У уруш йилларини эслагани сайин, кўзларига ёш олаверди. Федяни Тошкентга олиб келиб ундан сўрашганда, ўзи ҳақида ҳеч нарса айта олмаган. Қайси шаҳардан келганини билмас, неча ёшда эканлигини ҳам айта олмасди. Фамилияси ҳам ҳар хил эди. Лекин бир нарса аниқ хотирасида, ўшанда унинг қулоғи санчиб оғриётганди. Бир ўзбек аёли сийнасидан сут сизиб, қулоғига қуйганда жони ором олган эди. Уйғонганда, бошида унга термулиб ўтирган қарғашойи кўйлакли бир аёл билан дўппили кишини кўрган эди…

Бу иссиқ чеҳралар, офтобдек қайноқ, меҳрибон кўзлар унинг болалик қалбида чуқур из қолдирди. Унинггина эмас, бу хонадон бошпана берган, болам, деб бағрига олган турли миллатга мансуб, ўн тўрт болакайнинг ҳам қалбида улар. Булар — Рафиқ, Эргаш, Олга, Зина, Ҳабиба, Раиса, Володя… миллати ҳам турли — чуваш, молдован, татар, яҳудий, қозоқ…

— Отам ҳаммамизни ҳам худди мен сингари ночор бир аҳволда уйга олиб келган, бағрига олган, — деб эслайди у. — Отажоним олижаноб инсон эдилар. Улар ўз қўлимда ҳаётдан кўз юмдилар. Уларни орамизда йўқлигига ҳануз ишонгим келмайди.

Фёдор билан бир неча бор учрашдик. Гоҳ уйида, гоҳ таҳририятда, гоҳ иш жойида, гоҳи сафарга кетиш олдидан, гоҳида сафардан қайтгач… Йўлдошбой Шомаҳмудов Республика кон-геология комплекс экспедициясида йигирма йилдан буён техника назорати ва хавфсизлиги муҳандиси бўлиб ишлар экан.

— Вазифам ниҳоятда масъулиятли, — дерди ҳар гал учрашганимизда.

Қазилма бойликлар қандай шароитларда қазиб олиняпти, техника хавфсизлигига риоя қилиняптими, йўқми – бу муҳим масала. Баъзи жойларда бунга иккинчи даражали машғулот, деб қарашади. Бундай кайфият билан мутлақо келиша олмайман.

— Йўлдошбой Шомаҳмудовнинг ўзига хос жиҳати, фазилати ҳам мана шунда, — дейди экспедиция бошлиғи А.ўаниев. У лоқайдлик, масъулиятсизлик билан чиқиша олмайди.

Фёдор Кульчиковский кўпинча бирга катта бўлган ака-укалари, сингиллари ҳақида, уларнинг ҳар қайсиси ҳақида алоҳида-алоҳида меҳр ва ҳурмат билан такрор-такрор сўзларди. Муаззам билан Ҳамидулло бир-бирларини севиб турмуш қуришибди. Акаси Рафиқ ўн тўрт бола орасидан биринчи бўлиб нафақага чиқибди. Шурик бўлса, ота-онасини, Рая ва Адик онасини топибди… Ҳикоясининг шу ерига келганда у ўзини тутаолмайди, кўзларига ёш олади…

Баҳри аяни кўриб, у билан суҳбатлашиб, фарзандлари ҳаёти, меҳнат фаолияти билан яқиндан танишиб, кўнглим тўлди ва кўтарилди. Бу таассуротларимни “Уруш болалари” сарлавҳали очеркимда намоён этдим. Очерк газетамизнинг 1985 йил 26 апрель сонида чоп этилди. Орадан бир ҳафтача вақт ўтар-ўтмас ўиждувон шаҳар қизил изтопарлар клуби аъзолари ва унинг раҳбари география ўқитувчиси Эркин Латипов номидан газетамизга қуйидаги мазмунда хат келди: “Клубимизга Днепропетровский област, Васильковский районидаги “Шляхом коммунизму” район газетасининг штатсиз мухбири К. Салниченко мактуб йўллаб, “Письменное” қишлоғи фуқароси, бир юз икки ёшли Дарья Алексеевна Кульчановская улуғ ватан уруши йилларида невараси Фёдор Кульчановскийни йўқотиб қўйгани, уни топишда ёрдам беришимизни сўраган. Биз Фёдорни излаяпмиз. Балки, “Уруш болалари” очеркидаги Фёдор қариянинг неварасидир, бизга ёрдам беринг”.

Кўзларимга ишонмайман. Болакайларнинг хатларини қайта-қайта ўқийман. Қирқ йил. Айтишга осон. Наҳотки, Фёдор ана шу момонинг невараси бўлса. У билан суҳбатлашганимда қариндош-уруғларини қидира- қидира чарчаганини, исм-шарифи чалкашиб кетганидан, қай бир фамилия орқасидан излашни билмай, ҳафсаласи пир бўлганини айтган эди. Фёдорни излайман. Ишхонасига, уйига қайта-қайта қўнғироқ қиламан…

Эртасига эрталаб Фёдор Кульчиковский таҳририятга кириб келди. Бу хушхабардан қаттиқ ҳаяжонда эди.

— Агар самолётга билет бўлса, шу бугуноқ Днепропетровскийга учаман, — дейди ҳаяжон билан Фёдор.

Эртасигаёқ Фёдор Днепропетровскийдан қўнғироқ қилиб турибди-да.

— Топдим, жигарларим билан учрашдим. Худога шукур, — деган ҳаяжонли овозидан ғоят хурсандлиги сезилиб турарди. Таҳририятга, менга қайта-қайта миннатдорчилик билдирарди… икковимиз икки томонда қувонч кўз ёшларини тўкардик…

У билан суҳбатимиз телефон орқали қанчалик қисқа бўлган бўлса, қайтиб келгандан сўнг у шу қадар узоқ давом этди. Унинг сафар таассуротлари шу қадар қизиқарли, ҳаяжонли эдики, уни эшитганим сари эшитгим келарди.

— Васильковский туманидаги “Письменное” қишлоғи кўчалари кўриниши, ҳовли-жойларининг қўра билан ажратилиб қўйилгани худди биздаги чекка қишлоқларни эслатар эди, — деб ҳикоясини бошлади Фёдор. — Қўра билан ўралган бир хонадон олдига келганимизда, қишлоқ оқсоқоли Майстренко тўхтаб, куймаланиб юрган кампирни кузата бошлади. Юрагим шиғ этиб кетди…

— Меҳмонларни қабул қиласизми, онажон, —   деди оқсоқол.

— Вой болажонларим-ей, меҳмонларни қабул қилиш ҳам гапми, кўзимга суртаман, ичкарига марҳамат…

Кўринишдан у уйда ёлғиз эди. Дарров дастурхон ёзиб, бизни меҳмон қилишга ҳозирлик кўра бошлади. Юриш-туришидан, гап-сўзларидан бир юз икки ёшга кирганга ҳеч ўхшамас эди. Шунда қишлоқ оқсоқоли:

— Дарья Алексеевна, йўқотиб қўйган неварангиз Фёдорни топиб берсам, менга қандай совға берар эдингиз, — деди кулиб.

Момо атрофидагиларга синчковлик билан разм сола бошлади.

— Назаримда, у мутлақо ҳаяжонламаётгандай, бепарво кўринди. Шунда мен ўзимни тутолмадим, бувижон дея, унинг бағрига отилдим, — дейди Фёдор. — Кейин хола бўлмишим Вера Ивановна кириб келди. У билан ҳам қучоқлашиб кўриша кетдим.

Жудолик ва учрашув. Қирқ йиллик айрилиқдан сўнг рўй берган дийдор онлари фақат биз учун эмас, бувижонимнинг қўни-қўшнилари, бутун қишлоқ аҳли учун ҳам қувончли воқеа экани кўриниб турарди. Бироқ қалбимда бир шубҳа менга сира тинчлик бермасди. Бу қувонч онлари абадий меники, бизники бўлиб қолишини жуда-жуда истардим. Бунинг учун ҳақиқатдан ҳам қариндош эканлигимизни исботлайдиган, тасдиқлайдиган далил керак эди. (У пайтларда ДНК ташхиси, деган нарса отлиққа ҳам йўқ эди.) Очиғини айтсам, танишган кунларимиз бир-биримизга яқин қариндошлардек интилган ва бунга жуда-жуда ишонган бўлсак, орадан хийла вақт ўтиб, ана шундай далилларга эҳтиёж сезила бошлади. Бувим онамдан қолган танҳо ёдгорлик — суратига дам-бадам қараб қўяр экан, қиёфамни онам чеҳрасига солиштираётган туюларди. Орқамдан юриш-туришимни кузатаётгани, суҳбат чоғларида юзимга синчковлик билан тикилиб-тикилиб турганини сезиб қолардим. Баъзида холам икковлари пичирлашади… Шунда наҳотки, бегоналар бўлсак, деган шубҳа қалбимни кемиради. Нима бўлганда ҳам энди мен уларни ташламайман. Бувим ва холам деб, бир умрга улар билан борди-келди қилавераман, деган ниятни кўнглимга тугиб, бироз таскин топаман.

Бир куни нонушта пайтида, бувим ўнг қўлимнинг кўрсаткич бармоғига тикилиб қолди ва ошхонага чиққан холамни чақира бошлади. У келгунича бувим мендан: “Бу қандай яранинг излари”, деб сўради. Билмайман, деб елка қисдим. Бувимга жавобим жуда ёқиб тушди ва холамга бармоғимни кўрсатиб, эслайсанми, эсла-чи, деди жилмайиб. Холам, ўйланиб қолди. Бувимнинг сабри чидамади.

— Наҳотки, эсингдан чиққан бўлса, ахир хаскаш устига йиқилиб тушиб, бармоғини қирқиб олгани, дори қўямиз деганимизда қўрқиб, дод-вой солгани эсингдан чиққан бўлса.

— Бўлди, бўлди, — деди холам ҳам шошиб. — Хонаки дори қўярдик. Уни мен тайёрлардим…

Эртаси куни бувим бирдан “Пайпоғингни еч”, деб қолдилар. Иккала оёғимдаги иккинчи, учинчи бармоқларим ўртаси одатдан бошқачароқ, туташиб кетган, бармоқларим усти пардали эди. Бувим ҳаяжонланиб кетди, ўғлимнинг оёқ бармоқлари ҳам худди шундай эди дейди. Бувим билан холам ҳам пайпоқларини ечиб, оёқларини менга кўз-кўз қилишди. Уларнинг бармоқлари ҳам худди меникига ўхшар эди. Биз бу ўхшашликдан ҳам суюнамиз, ҳам йиғлаймиз… Кейинги куни бундан ҳам ғаройиб воқеа рўй берди. Бувижоним бирдан кўйлагимни ечишга буюрди. Кўкрак қафасларим ўртасидаги ҳолни кўриб, дод солиб йиғлади.

— Бу ҳол ҳам туғма. Буни чақалоқлигингдаёқ кўрганман. Онангга ўзим доялик қилганман…

Бу далиллар бизнинг қариндошлар, жондошлар эканлигимизга сира шубҳа қолдирмаган эди. Ҳар кунги мулоқотлар, бизни бир-биримизга   яқинлаштириб борарди. Шоаҳмад отам ва Баҳри онажоним билан мақтанишимни қўймасдим. Ака-укаларим, опа-сингилларим билан уруш йилларида тушган суратларимизни уларга кўрсатаман. Бувим билан холам улар орасидан мени ҳеч иккиланмай топиб, кўрсатиб, кўз ёши қилиб олишарди. Ота-онам ҳаётдан эрта ўтиб кетишгач, мен бувимнинг қўлида қолган эканман. Бувим оғир касал бўлиб қолиб, вақтинча мени болалар уйига топширган экан. Тўсатдан уруш бошланиб, болалар уйи бир кечада эвакуация қилинган. Бувим эса бундан хабарсиз қолган.

— Қарамоғимда бўлганинг учун ҳам менинг фамилиямда — Кульчановский, деб юритилар эдинг. Болалар уйига ҳам сени шу фамилияда топширган эдим, — дейди бувим. Кульчановский қандай қилиб, Кульчиковский бўлиб кетгани билан бувим қизиқиб сўрайди. Шунда Улуғ ватан уруши йилларида Тошкентдаги ўн тўртинчи болалар уйининг рўйхатига ёзилган, турли дафтарларда исмим тўғрию, аммо фамилиям бузилиб, ҳар хил ёзилганлигини айтиб бердим. Бу фамилиялар орасида менинг асл фамилиям – Кульчановский ҳам бор эди.

Невараси изларини излаб болалар уйига, ундан жон ҳолатда, вокзалга ошиққан Дарья бувижон фақат бир сўзни эслаб қолганди. Болаларни Шарққа олиб кетишди, Шарққа. Қирқ йил кўзлари Шарққа қараб нигорон бўлди. Мухбир билан бувижоннинг бахтли учрашуви бўлмаганда, бу дийдор армонлигича қолиб кетармиди?! Ўша дийдор онларида бувижон набирасига қараб, “Энди ўлсам армоним йўқ, кўзим очиқ кетмайди”, дебди ва “Сени вояга етказган, бошингни силаган ўша ўзбекойим Баҳрихонни бир кўриб, раҳматимни айтсам, қанийди”, деб орзу қилибди.

Буви ва набира учрашуви ҳақида бу ғаройиб ва ибратли ҳикояни эшитар эканман, мавзуга қайтмасам бўлмас, орзу-армонлари ушалган икки инсон бахти, қувончи билан газетхонларни баҳраманд этмасам бўлмас, деган фикрга келдим. Ва эшитганларимни қандай бўлса шундайлигича “Дийдор” сарлавҳали мақоламда баён этдим. Мақолам “Совет Ўзбекистони” газетасининг 1986 йил 25 февраль сонида эълон қилинди. Бувижон билан набира ҳақидаги бу хушхабарни матбуот илиб кетди. “Правда” газетаси “1941 йилга қайтиб” сарлавҳали катта мақола босди ва унда газетамизнинг хайрли ишини тилга олиб ўтди. “Неделя”, “Известия” газеталари ва Ўзбекистондаги барча рўзнома ва журналларда бу хушхабар ўз акс-садосини берди.

Лекин мени барибир Дарья Кульчановскаянинг орзу-армонлари тинч қўймасди. Дунёнинг икки бурчагидаги бир-бирига талпиниб, дил розилигини айтгиси келиб турган қарияларни учраштириш нияти оромимни ўғирлаган эди. Уларни хусусий йўллар билан учраштириш ноқулай, наинки, ҳар икковлари ҳам кексайиб қолишган, бири 100 ёшдан ошган, иккинчиси 90 ёшга қараб бораётган қариялар йўл, сафар ҳаракатларини кўтара олишармикан, деган хавотир ҳам йўқ эмас эди. Барибир, ўша 1986 йилдаги “Ўзбекфильм” қошидаги хужжатли фильмлар студиясининг атоқли режиссёрларидан иккитасига (ҳозир уларнинг исм ва фамилиялари эсимда йўқ) мурожаат қилдим.

Ўзбекистоннинг энг оддий, энг содда, энг самимий одамлари тарихи, маънавияти билан боғлиқ бу нодир воқеаларни ҳужжатли фильмларда олиб қолиш, Баҳри ая билан Дарья буви учрашувларини ташкил қилишни бир сония ҳам кечиктирмаслик кераклиги, уларнинг кексайиб қолганликлари, дардманликларини ҳисобга олиб, бу хайрли ишга шошилиш кераклигини бир эмас, бир неча бор таъкидладим. Тўғри, улар йўқ дейишмади, ҳатто бу воқеани қизиқиб, жон қулоқлари билан эшитишди. Лекин амалий ишга келганда, кундалик режаларини баҳона қилиб, пайсалга солишди. Шунда Ўзбекистон Маданият вазирлигидаги мутасадди ходимларгача илтимос билан чиқдим. Вақт кетиб борарди. Афсус, бу орада икки қариянинг ҳам оёқлари ердан узилди. Биз хайрли ишдан кечикиб қолдик. Темирни қизиғида босмадик. Бу лоқайдликми? Ёки бефарқликми? Ўзингиз баҳосини беринг. Бу олижаноб аёллар ҳақида ҳужжатли фильм яратилганда, бугунги дориломон кунларимизда улар тарихдан, инсонпарварликдан, халқлар дўстлиги деб аталмиш элпарварликдан инсониятга нақадар гўзал сабоқлар берган бўларди…

Дилбар МАҲМУДОВА,

Ўзбекистон Республикасида

хизмат кўрсатган журналист

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan