Гастролга кетган туялар

ёхуд бугунги ўзбек циркига бир назар

Ҳар йили авжи баҳор фаслида Халқаро цирк куни нишонланишини биласизми? Умуман, қачон охирги марта циркка бордингиз? Бу саволга жавоб бериш учун болалик даврига қайтишимиз керак чоғи. Ўша пайтда дун±га ҳайрат нигоҳи билан боқувчи мактаб ўқувчилари эдик. Биз учун циркка боришнинг ўзи±қ катта байрамга айланарди. Айниқса, у ердаги ўргатилган турли ҳайвону қушлар бизни сеҳрлаб қўярди. Бугун эса концертга, кино ва театрга тушамизу лекин болалигимизнинг ажиб дамлари ўтган ўша мўъжизавий томоша майдони билан яна юзлашишга вақт топилмайди.  

Бутунжаҳон цирк федерацияси томонидан Халқаро цирк куни таъсис этилиши замирида ҳам бу санъат турини янада оммалаштириш, мухлислари доирасини кенгайтириш мақсади кўзланган бўлса ажаб эмас. Ахир, цирк ҳам ўзида турфа ижод турларини бирлаштирган катта санъат ҳисобланади. Бу соҳада кўплаб фидойи ар­тистлар, юксак истеъдод соҳиблари меҳнат қилмоқда. Улар томошабинларга завқ улашиш учун тинимсиз машқ қилишади, изланишади, ҳаётларини хавфга қўйишади. Гарчи бу санъат дунёнинг деярли барча мамлакатларида кенг тарқалган бўлса-да, цирк артистларининг касб байрамини профессионал миқ­ёсда нишонлаш 2010 йилдан бошланган. Анъанага кўра, ҳар йили апрель ойининг учинчи шанбаси Халқаро цирк куни сифатида белгиланади. Бу йил ушбу байрам мамлакатимизда биринчи бор кенг миқёсда нишонланди. Шу муносабат билан “Ўзбек давлат цирк” жамоаси очиқ эшиклар кунини ташкил этиб, томошабинлар эътиборига махсус байрам дастурини ҳавола қилди.

Пойтахтимиздаги Хадра майдони эрта тонгдан мактаб ўқувчилари, ойижону бувижонлари билан қўл ушлашиб келган жажжи ўғил, қизларга тўлди. Атрофни қуршаган фавворалар сингари тиним билмас, ўйинқароқ болаларнинг суҳбатлари, шўх-шодон кулгиларига қулоқ солганча цирк биносига кирамиз. Доира шаклидаги майдон жажжи томошабинлар билан гавжум. Бугун уларга цирк артистларининг ўрнини эгаллаш имкони берилган. Болалар қувонч билан майдон ўртасида тортилган дорбозлик арқонида маҳоратларини синаб кўришади. Кўп ўтмай қувноқ мусиқа садолари остида майдонга ҳақиқий цирк артистлари кириб келади. Полвонлар, кўзбойлағичу дорбозлар, масхарабоз ва акробатлар саф тортиб барчани қутлайди. Уларнинг орасида майдон қаршисида ўтирган ёш томошабинларнинг тенгдошлари ҳам бор. Учинчи синф ўқувчиси Далер Хамитов баланд ар­қон устидаги акробатик ўйинларни ижро этиб ҳаммани ҳайратга солган бўлса, эндигина етти ёшни қаршилаган Томахон Давлатова кучукчаларини гир айлантириб, турли қилиқларни ­намойиш этди.

Цирк артистлари барча ҳаракатларни осонлик билан бажараётгандек кўринса-да, аслида ҳар бир чиқиш ортида машаққатли меҳнат, узоқ йиллик изланишлар борлигини ҳис этасиз. Болаларга бир олам завқ, хурсандчилик улашаётган ёрқин томошаларни кузата туриб, ўзбек цирк санъатини янада ривожлантириш, мухлислар доирасини кенгайтириш учун нима қилиш кераклигини ўйлай бошлайсиз. Бу ҳақда “Ўзбек давлат цирки” муассасаси раҳбари Рустам Мажидов билан суҳбатлашганимизда, ижобий янгиликларни эшитдик. Яқин йиллар ичида мамлакатимизнинг бош­қа ҳудудларида ҳам цирк томошагоҳларини бунёд этиш режалаштирилмоқда. Келажакда нафақат пойтахтимизда, балки Нукус, Самарқанд, Бухоро каби шаҳарларда ҳам шундай байрамларни ўтказиш анъанага айланади.

Маданият вазирлиги қарамоғидаги муассасада ҳозирги вақтда уч юз эллик нафарга яқин ходим фаолият юритмоқда. Уларнинг икки юз элликдан зиёди ижодкорлар. Цирк коллежини битириб, катта жамоага қўшилаётган истеъдодли ёшлар ҳам талайгина. Бироқ Рустам аканинг айтишича, уларнинг ҳаммаси ҳам профессионал йўлдан кетаётгани йўқ. Аксар ёшлар кейинчалик санъатнинг бошқа турларига, масалан, тез танилиш имконини берадиган эстрада йўналишига ўтиб кетмоқда. Бундай ҳолат цирк артистлари ижод қилишига тўғри келаётган шароит билан ҳам бевосита боғлиқ.

Очиғини айтганда, пойтахтимиз марказида жойлашган цирк биноси таъмирталаб аҳволга келиб қолганини ташқаридан ҳам пайқаш қийин эмас. Бинонинг ичкарисига кирга­нингизда бу янада яққол сезилади. Ажабланарли жиҳати, томошагоҳ ўзининг ярим асрдан зиёд тарихи давомида бор-йўғи бир маротаба тўлиқ таъмирдан чиқарилган. Замонавий цирк жамоалари давр билан ҳамқадам ривожланиб, инновацион технологиялардан кенг фойдаланаётган бир пайтда бизнинг томошаларимиз чироқлар ўйинию ғарбча қўшиқларни гумбурлатиб эшиттириш билан чекланиб қолаётгани сабаби ҳам шунда бўлса керак. Марказий томоша зали икки ярим минг мухлисга мўлжалланганига қарамай, кўп ўриндиқлар эскириб, носоз ҳолатга келиб қолган. Қизиқарли томоша кўриш илинжида келган мактаб ўқувчилари буларга эътибор бермаслиги мумкин. Лекин залдаги ёқимсиз ҳид уларга хуш келмаслиги аниқ. Ваҳоланки, санъат муассасаси нафақат ижодий томондан, балки ўзининг қиёфаси, файзли муҳити билан ҳам томошабинларга завқ бағишлаши лозим.

Назаримизда, томоша майдонининг кўриниши ҳам кўнгилдагидек эмас. Хориждаги цирк усталарининг чиқишларини кўрганимизда томоша майдони ҳавасни уйғотадиган даражада ярақлаб туриши, ўзига хос дизайнга эгалиги билан эътиборни тортади. Бироқ мамлакатимиздаги ягона цирк аренаси бу талабларга тўлиқ жавоб беради, деб айтиш қийин. Унда ўрнатилган турли анжомлар ҳам анча эскириб қолган. Бу ҳолат томошаларнинг ижодий савиясига салбий таъсир кўрсатиш билан бирга, уларнинг хавфсиз ўтишига тўсиқ бўлиши мумкинлиги кишини хавотирга солади.

Цирк жамоасининг заҳматкаш аъзолари орасида қўлга ўргатилган ҳайвонларнинг ўндан зиёд турлари, Африка даштларию Сибир ўрмонларида яшайдиган ноёб жониворлар борлигини ҳам унутмайлик. Байрам дастурида уларнинг чиқишларини ҳам кутган эдик. Бироқ цирк маъмурияти бизга берган жавобга кўра: “Асосий ҳайвонлар гастролга кетган”. Таъмирталаб цирк биносида улар қандай аҳволда сақланмоқда? Ҳайвонлар учун керакли шароитлар яратилганми? Бу саволларга жавоб топмоқчи эдик, бироқ жониворларга ажратилган жойлар билан танишиш имкони бўлмади. Фақат шуни билдикки, от ва туяларни ҳисобга олмаганда, ҳозир фил, айиқларни боқиш учун имконият йўқ экан. Фикримизча, бу алоҳида бир мақола учун мавзу бўлиши ­мумкин.

Цирк ижодкорлари фаолият юритаётган шароит билан бирга мухлислар эътиборига ҳавола этилаётган томошалар савиясини ҳам жиддий кўриб чиқиш вақти келганга ўхшайди. Томошалар болаларга хурсандчилик улашиш баробарида уларнинг дидини ҳам шакллантириб бориши керак. Масалан, болалар учун мўлжалланган дастурларда балоғатга етган қизларнинг йиртиқ-ямоқ шимларда беўхшов ҳаракатларни ижро этиши тўғримикан? Замонавий оҳанглар, ғайритабиий шоулар меъёридан ошса, цирк санъати ўзининг асл жозибасини, ғоявий кучини йўқотиб қўяди. Яъни томоша томоша учун эмас, маънавий тарбия учун хизмат қилсин.

Бинонинг томошабинлар учун мўлжалланган кенг ва ёруғ йўлакларини айланаркансиз, деворларга ишланган ўймакор нақшлар, монументал ижод намуналарига қараб кўз қувнайди. Ҳақиқий кўргазма залларидан қолишмайдиган бу катта майдон ҳувиллаб ётгани бизни ажаблантирди. Аслида бу ерда ўзбек циркининг тарихи, ривожланиш жараёнлари, машҳур санъаткорлар фаолияти ёритилган кўргазмали воситалар туриши керак эмасми?! Бино фойесида турли егуликлар савдоси билан бирга машҳур цирк сулолалари, шу мавзуга оид қизиқарли буклет ва рисолаларни ҳам тарқатиш мумкин. Бу болаларнинг билим доирасини кенгайтиради, цирк тарғиботи учун хизмат қилади. Шунингдек, мазкур жойда цирк санъатига бағишланган кўргазма ва тадбирлар ўтказиш, бадиий адабиётлар савдосини йўлга қўйиш учун қулай имконият бор. Боиси, бу ер доимо ёш томошабинлар билан гавжум.

Байрам куни, одатда, муаммолар ҳақида гапирилмайди. Томоша зали болалар билан тўла, ёрқин чиқишлар бор, ҳамма хурсанд… Бир қарашда цирк ўз зиммасидаги вазифани бажармоқда. Лекин бу юқоридаги муаммолардан кўз юмиб, “алдагани бола яхши” қабилида ишни давом эттириш мумкин, дегани эмас. Цирк санъати мамлакатимиздаги энг илғор, пешқадам   ижодий соҳалардан бири бўлиши зарур. Бунга мутасадди ташкилотлар, аввало, Маданият вазирлиги жиддий эътибор қаратишини истардик. Токи бу санъат тури нафақат болаларни, балки катта ёшдаги томошабинларни ҳам жалб қила олсин. Балки шунда “Қачон охирги мартта циркка бордик?” деган саволга ўрин қолмас.

 

Азизхон ИМОМОВ

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan