Дахлдор шоирман аҳли башарга

ПОЙДОРЛИК

 

Қай бир халқ Ватани қорли ўлкадир,

Қай бир халқ Ватани бесарҳад ўрмон.

Қай бир халқ Ватани тоғли, улкандир,

Қай бир халқ Ватани серорол уммон.

 

Ҳар бир халқ Ватанин атайдир жаннат,

Ҳар бир халқ тупроғин қилгай тўтиё.

Ҳатто саҳросини атар серҳиммат,

Қўтир булоқларин атар авлиё!

 

Ҳар бир халқ ҳақ эрур ўзин сўзида,

Ҳар бир халқ Ватани ҳур ҳидоятлик.

Майли, миллат, ғурур қалб, ўзлигида,

Майли ор, ифтихор қаддин қилсин тик!

 

Амал эмас, орзу-ният абадий,

Инсон эмас, инсоният абадий.

Бир бутун оила коинотда у,

Сурат эмас, ўзлик – сийрат абадий!

 

Курраи арз ичра юртим муҳташам,

Ҳар бир гиёҳида онам иси бор.

Буюк оилада халқим муҳтарам,

Илдизлари она — Ер билан пойдор!

 

МЕН – ЕРЛИКМАН

 

Ё қайтарман, ё қайтмасман: шаҳид, ғозий,

Қучоғингдан учиб кетдим қанот ёзиб,

Лекин мени унутмагил кечмиш, мозий.

Мен — сеники!

Мен — Ерликман!

 

Нима қилай, тинч қўймайди ҳур тафаккур,

Зулматларни ёндиради нур тафаккур,

Юрагимга қувват қуяр зўр тафаккур.

Мен — сеники!

Мен — Ерликман!

 

Юлдузлардан юлдузларга ўтаяпман,

Ёт сайёра бағирларин титаяпман

Ва эҳтимол янги тарих битаяпман.

Мен — сеники!

Мен — Ерликман!

 

Ерим — тангрим, наҳот сенинг монандинг йўқ,

Мен истаган Ҳаёт, ҳаво — маънбаинг йўқ,

Эътиқод йўқ, муҳаббат йўқ, бахт, аҳдинг йўқ.

Мен — сеники!

Мен — Ерликман!

 

Ҳар бир лаҳза ёдга тушар баҳорларинг,

Осиёвий, Овруповий виқорларинг,

Тонготару Кунботар шафақзорларинг.

Мен — сеники!

Мен — Ерликман!

 

Қайтаяпман, о, ассалом, Ота Ерим,

Она Ерим, исларингни соғиндим дим,

Сайёра кўп, юлдузлар кўп, узун йўлим…

Мен — сеники!

Мен — Ерликман!

ЧЕГАРА

 

Ер шарининг асл чегараси бор,

Фазовий чегара, самовий сарҳад.

Инсоният унинг ичида пайдор,

Орзу, ўй, идроки билмагайдир ҳад.

 

Не тафаккур қилди, етгай қўллари,

Коинот оралаб юрибди бугун.

Чегара билмайди унинг йўллари,

Лекин Ер шарида чегара нечун?

 

Нечун бу сарҳадлар, деворлар нега?

Сим ўрамалар – жазойи ўлим?

Тангрим! Ёвузликка тортгил чегара,

Разолат йўлига тортгил девор-сим!

 

Инсон қалбин эркин сақлагил, бироқ,

Қабоҳат тиғларин чиқарма қиндан.

Залолат – чегара билмас бир ботқоқ,

Ботқоқ ҳам қуригай, интилсанг чиндан!

 

Чегара нелигин билмайди қушлар,

Чегара нимадир азим дарёга?

Чегара тортасан бунчалар башар

Ер шари аталмиш кўҳна дунёга?

 

Биламан, ҳар халқнинг ўз Ватани бор,

Ҳар миллат Ватани ўзига жаннат.

Бас, улар яшасин, дўсту биродар,

Ахир, деворларга эрур на ҳожат?!

 

Энг буюк хазина – кўзлар   тўқлиги,

Одамзод кўзларин тўқ қилгил, Тангрим!

Миллатхўр зўравон йўл-йўриқлигин

Бесарҳад дунёдан йўқ қилгил, Тангрим!

 

Чегара… чегара… қўзғар нафратим

Мен озод бир қушман, учмоқ истайман.

Дунёда билмайин сарҳад нелигин,

Она-Заминимни қучмоқ истайман!

 

Менинг шоирона орзуларим мўл,

Оппоқ булутларни қилурман гилам.

Қондош бўл, қурдош бўл, аввал Инсон бўл,

Ер шари бўлгайдир деворсиз Олам!

 

КИМ КЎРИБДИ

 

Ким кўрибди сайёр

Бир овворасин,

Дунёда мен каби Заминпараст йўқ!

Телбадай севолдим

Ер сайёрасин,

Айландим, ўргилдим, кўнглим ошно, тўқ.

 

Тараққиёт, шашт

Бутун Ер шарин

Боғлаб ташладилар Вақту Маконда.

Бугун Париждаман,

Эртан кутар Рим,

Индинга юрибман Вашингтонда!

 

Эрталаб боғимда

Узилган гилос,

Тушликда безайди Рус дастурхонин.

Ширин неварамга

Шоколаддир хос,

Ҳинд диёрининг ширин банани.

 

Она Сайёра, бу

Кўкайимда жо,

Ҳар бир гиёҳининг ўзи менга тот.

Тождор Жамолунгма

Туманлар аро

Бир умр қалбимга солди-ку ҳайрат!

Кўнглинг тоза бўлса,

Очиқдир ҳар юз,

Қора юрак билан юрма, биродар.

Оқиллар, оқинлар

Айтмайди бежиз:

Қуёш нури барча учун баробар!

 

Барҳақ, мен даҳоман!

Ҳур, эркин фарзанд!

Дахлдор шоирман аҳли башарга.

Бу дахл қилмагай

Ҳеч қачон, ҳеч вақт

Она Ватанимни севиб яшашга!

 

ЭЗГУЛИК ЙЎҚОЛМАС…

 

Эзгулик йўқолмас ва ёвузлик ҳам,

Ёруғлик йўқолмас, қоронғулик ҳам.

Тириклик барҳақдир, ўлим ҳам барҳақ,

Кузатиб тургувчи қайда ўзи Ҳақ?

Раҳмон ҳақ эрурми ёки ҳақ Шайтон,

Мезон, у нимадир, нимадир иймон?

Токи яралибди инсон, Одамзод,

Ечим ахтаради… жумбоқ бу Ҳаёт!

Боқиб Сайёрамга, кетаман қўрқиб,

У уммон сингари турибди қалқиб.

Илм-фан қуролин йўқтур саноғи,

Ҳар ёнда ловуллар дин, кин ўчоғи.

Баъзида билмайман, нима талашар,

Беш кунлик дунёда бу аҳли башар?!

Мен ҳеч ким эмасман, ўзимдан бошқа

Ва лекин ёлборгум бугун Қуёшга.

Аё, Қуёш – Тангрим, нури Коинот,

Ўзинг ягонасан бергувчи нажот!

Ҳарки ҳодисотда, ҳар маҳлуқотда,

Шаксизки, ҳазратпеш бу одамзодда,

Ҳар лаҳза, ҳар бир дам, ҳар бир соатда,

ўам-ғусса, тазарру, бахт-саодатда,

Эзгу тафаккурни айла устувор,

У бўлсин музаффар, ғолиб ва туғдор.

Бамисли жаннатнинг озод дарахти

Сарвдек қадрла, бўл марҳаматли!

Ёвуз шуурни ҳам йўқотиб бўлмас,

Уни-чи, занжирбанд тута олсанг, бас!

Бошқа йўл йўқ эрур, бор эрур мудом,

Мавжудлик – ҳаракат, ҳар на бардавом!

 

ЮВЕНАЛ ҚАМЧИСИН…

 

Ювенал қамчисин бер менга, Тангрим!

Пўстақдай савалай назмбозларни,

Сафсатабоз, чучмал, тизмабозларни,

Қофиябоз, сўзбоз, чизмабозларни,

Ювенал қамчисин бер менга, Тангрим!

 

Гар косиб ҳунари ҳиммату ҳикмат,

Ўз касби ишига қилмас хиёнат,

Хиёнат қилса гар олгайдир лаънат

Ва моли бозордан қайтгайдир албат!

Ювенал қамчисин бер менга, Тангрим!

 

Бу-бу шеърбозлар-о… ўйламас асло,

Асл шеъриятда не мазмун, маъно,

Бадиият нимадир, не жаранг, наво,

Муроди не мақом, не аъло, авло?!!

Ювенал қамчисин бер менга, Тангрим!

 

Ростини айтсам гар, кўпидир каззоб,

Кимдандир ўғирлар сатр, байт ё боб,

Мисли қиморбоздир, чекмайдир азоб,

Тизмалар тўқийди қуруқ, ёлғон, дод!

Ювенал қамчисин бер менга, Тангрим!

 

Тўқишар… овозбоз қошига чопар,

Қайдандир отарчи нағмагар топар,

Ким кимнинг оғзини очару ёпар,

Эл ҳайрон, мен улар номидан чопар!

Ювенал қамчисин бер менга, Тангрим!

Азим СУЮН

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan