“Бу ерда олижаноб халқ яшайди”

“Бу ўша “Манас”ми? Йўғ-ей?!”

“Олтмиш йил пахта дебмиз, ер тирнабмиз. Косамиз оқармабди.”

“Минг марта десам — оз. Чексиз раҳмат, Президентимизга!”

Тонгнинг ипак нурлари юз-кўзимизни силаганда ижодкор дўстлар билан йўлга тушдик. Автоуловлар деразасидан ташқарини кузатамиз: йўл четига экилган мирзатерак ниҳолларининг барглари қуёш нурида ярқирайди. Ям-яшил далалар бир қарасангиз узоқдаги тоғларга туташиб кетгандек… Қишдан баҳорга зориқиб чиққан она ернинг кўксида ҳаёт қайнайди. Дид ва меҳр билан қурилган иссиқхоналар, пешонасини қийиқ билан тан­ғиб, ерга ишлов бераётган деҳқонлар, кундан-кунга келинчакдек гўзаллашиб бораётган қишлоқлар ортда қолади. Биз бирданига элга қадрдон бўлиб қолган “Манас” қишлоғига ошиқамиз. Йўл олис. Бироқ дилкаш суҳбатлар асносида қишлоққа қандай етиб борганимизни ҳам билмай қолибмиз.

Икки тарафига чиройли арчалар экилган йўлакдан юриб борарканмиз чор-атрофдаги орасталик, оппоқ уйлар, сўриларда қўр тўкиб ўтирган нуроний отахонлар, онахонлар, кўзлари олов болаларни, сулув келинчакларни кўриб бирдан баҳри дилимиз очилиб кетди. Мана, қаршимизда йигирма биринчи асрнинг “Манас”­и қўлини кўксига қўйиб, жилмайиб “Хуш келибсизлар”, деб бизларни қаршилаб турибди. Олтмиш йил мобайнида кўксига нур тушмаган, шу ерликлар қайта-қайта таъкидлаганидек, узоқ йиллар пахта деб, ер тирнаб, косаси оқармаган одамларнинг қишлоғи. Бироқ атиги 45 кунда худди эртаклардаги каби ўзга жамол, ўзга чирой касб этган, бугунги кунда паҳлавонлардек кучга тўлиб, дунёни ўзига чорлаётган маскан.

Эрта тонгдан бошланган шодиёна бизни ҳам оҳанрабодек ўзига тортди. Тўкин дастурхон атрофида қўшиқ тинг­лаб роҳатланаётган одамлар, уларга кўрсатилаётган иззат-эътибордан мамнунлик барчанинг юз-кўзида балқиб турибди. Даврабоши бизни турли номинациялар бўйича совғаларни топширишга чорлайди. Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоир, камина, ёзувчи Қўчқор Норқобил ўртага чиқиб, ғолибларни даврага чорлаймиз. ­“Ибратли қайнона ва келин” номинацияси бўйича Зебинисо она Абдувалиева ва унинг беш нафар келини – Гулбаҳор, Наргиза, Дилафрўз, Гулҳаё ва Одинахонга совғаларни топшираётганимда манаслик келинчаклар дугоналарига ҳавас ва фахр билан қараб турганини ҳис қиламан. Ҳа, доимо ибрат бўлишга интилиш халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган гўзал қадриятларимиздан, асрлар мобайнида муқаддас оила пойдеворига қўйилиб келинаётган олтин ғиштларни эслатади менга.

“Обод қишлоқ” дастурининг “Манас” қишлоғидан бошлангани бежиз эмас. Муҳтарам Президентимиз ишни қийин, оғир, машаққатли қишлоқдан бошламасак, одамлар бизга ишонмайди, бу ерда олижаноб халқ яшайди дегандилар.

Кўз ўнгимга қишлоқнинг аввалги ҳолати келади: увадаси чиқиб ётган кўчалар, пуф деса йиқилгудек эски уйлар, ва… булдозернинг тумшуғи тегар-тегмас қулаб тушаётган деворлар… Қишлоққа қаторлашиб оқиб келаётган қудратли машиналар…. Улкан ҳашарга отланган эл…

2018 йилнинг қирқ беш куни қишлоқдаги кўп қаватли 34 та хонадонга баҳор нафасини олиб кирди. Илк марта бу хонадонларда чучмома, бинафшаларнинг ҳиди анқиди, эшик ва ромлар янгилангач, уйларнинг томидаги олтмиш йиллик рутубатлар ўтмишга улоқтирилгач, ипак пардаларда қуёш нури жилваланди. Йўллар асфальт қилинди. 1500 метр­дан зиёд пиёдалар йўлаги, Кумушкентнинг марказий кўчалари кумушдек ярқираб кетди. 3000 туп мевали ниҳол, 3400 туп арча кўчати экилди. Ер ости сизот сувлари кўтарилишининг олди олинди. Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш тадбирлари амалга оширилди. Эскирган трансформаторлар янгиланди. Кўп қаватли уйлар олдида тандирхоналар қурилди. 17 та болалар майдончасини қуришга киришилди.

Кўкбулоқ кўчасида катта дошқозонларда сумалак пиширилди. Унинг иси бутун қишлоқни тутди. Янги қурилган тикувчилик иншооти юзлаб ёшларга қучоқ очди. Нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган кичик завод ишга тушди. Бугунги кунда “Манас”да олти ярим мингдан зиёд турли миллатга мансуб аҳоли бир-бирига елка тутиб яшайди. Улар иссиқ-совуқ кунларида доимо бирга. Чинорнинг томирларидай бир-бирлари билан чирмашиб кетган. Улар бугун ҳам бир ­дастурхон атрофида баҳамжиҳат ­гурунглашишмоқда…

Даврага ижодкор дўстларимиз, биз билан борган санъаткорлар чиқишди. Халқимиз табиатан ижодкор, табиатан шоир, ёзувчи, санъаткор. Қўлида боласини кўтариб, даврадан кўз узмаётган аёллар ҳам уларни шеър айтиб эркалайди. Бир онахон олдимга келиб: “Яна бир шоира опамиз бор-ку, улар кўринмайдими?” деб қолди. Биз Умидахон билан ижодкор опаларимизнинг исм­ларини бир эслаб айтдик. Онахон: “Йўқ”, деб тураверди. Охири мен: “Турсуной Содиқовами?” деб сўрадим. “Ҳа, ҳа, – деди онахон. “Турсуной опам вафот этдилар, онажон”, дедим товушим титраб. Онахоннинг кўзларига мунг чўкди, юзларига фотиҳа тортди. “Қанийди, ҳозирги “Манас”имизни кўриб, бир сўз айтсалар. Афсус…”

Ҳа, бугуннинг “Манас”и ҳаммага ўзини кўз-кўз қилгиси келади. Аввалги “Манас”га келиб-кетиб, меҳмон бўлиб юрганлар улкан ўзгаришлардан ҳайрат ва ҳавасини яшира олмаяптилар. Суҳбатдошларимдан бири яқинда уларни йўқлаб келган қадрдонлари ҳақида сўз очиб, қишлоқни таниёлмай: “Бу ўша “Манас”ми, йўғ-ей!” деганини кула-кула завқ-шавқ билан гапириб берди.

Яна бир суҳбатдошим – уч ўғил, тўрт қизнинг онаси Анора Намозова. Анора опанинг турмуш ўртоғи Чўтбой Намозов бурун бригада бошлиғи, ­кейин раис ва директор бўлиб ишлаган. Йиллар мобайнидаги бошдан кечирган машаққатлари, аҳолининг тоза ичимлик сувдан қийналгани, унутилган гул каби бир чеккада мунғайган қишлоқ манзараларини эслаб: “Ўтган кунларни ёзсам ҳали-бери тугамайди, ўқиган одамнинг юрагини эзадиган бир достон бўлади”, – дейди Анора опа. – Дилда дардинг бўлмаса, сардафтаримни кавлама, деган машо­йихлар. Йиғилган дардларга қулоқ соладиган одамнинг ўзи йўқ эди.       Президентимизга минг бор раҳмат десак ҳам оз – чексиз раҳмат…”

Шу аснода манаслик келинчак тандирга ёпиш учун саватга ёйган нонларини кўтариб, чиройли табассум билан олдимиздан ўтади. Тандирхона ҳам кўп қаватли уйларнинг ёнгинасида. Димоғимизга хушбўй иссиқ нон иси урилгандай бўлади. Хаёлимдан машҳур қўшиқ айланади: “Тандир тўлиб узилди нон, узилди нон, момо…”

Тандир тўла нон – бу ҳаёт қўшиғи… Заминни боладай бағрига босиб, улғайтирадиган ҳаёт қўшиғи. Бу орада санъаткор инимиз Валижон даврадаги болакайларни атрофига тўплаб саволга тутади: “Катта бўлсанг ким бўласан?” Битта саволга ҳар хил жавоблар… Бурро қизалоқ эса жавоби   бошқача: “Келин бўламан!” Атрофдагилар олқишлайди. Ажиб дунё! Болаликдан оналик китобини ўқишга тараддуд кўраётган манаслик қизалоқ.

 

Қувончига тор келиб дунё,

Қушлар билан тиллашиб иноқ.

Сочи пахмоқ қўғирчоғини

“Болам” дея суяр қизалоқ.

Рўмолчага йўргаклаб уни,

Ювиб, тараб, кийинтириб оқ.

Алласи-ла қаршилаб тунни,

Жой ҳозирлаб қўяр қизалоқ.

Ипак сочин елпиб шаббода,

Юлдузлар нур сочганда иноқ.

Келажакни бағрига босиб,

Ширин тушлар кўрар қизалоқ.

 

Дунёнинг қайси бир пучмоқларида ўқлар отилиб, портлашлар юз бериб, бегуноҳ одамлар ҳаётдан кўз юмиб, ширин гўдаклар қисмати еру осмон оралиғида муаллақ қолаётган бир замонда орзуларга тўла қалб билан тонг­ни соғ-саломат қаршилаш, қишлоқларнинг қисқа муддатда гулга бурканиб, чирой очиши, Қуръони карим сураларининг гўзал қироатлари, халқимиз тилидаги чексиз дуолар – буларнинг бари юртдошларимизнинг ҳаётдан рози бўлиб яшаши йўлида олиб борилаётган улуғ ислоҳотлар самарасидир.

“Манас” қишлоғидаги ўзгаришлар айни баҳор палласида содир бўлди. Бугун қишлоқда шарқираб оқиб ётган тоза ичимлик суви, гуллаб, мева туккан дарахтлар, кўзни олгудек гуллар чамани ўз тилида шукроналик қўшиғини куйлаётгандай…

Боласини бағрига босиб, шодиёналарни томоша қилаётган суқсурдек жувонни суҳбатга тортаман: “Отингиз нима?” “Саодат!” “Қизингизнинг исми-чи?” “Хадича”. “Тўхтанг, битта суратга тушириб олай!”

Нигоҳлари беғубор она-болаларни тасвирга оламан. “Бу суратни “Манас”­нинг келажаги деб номлайман.” Жувон мамнун кулади. Хадича онасининг рўмолини ушлаб менга талпинади. Бу ҳолат қалбимга нақшланади.

“Юрган дарё, ўтирган бўйра”, дейди халқимиз. Эрталаб биз билан бирга келган қуёш уфққа оғаётганда бизни беозор манзилимизга етказган автоуловларга ўтирамиз. Дарё бўлиб, янада янгиланган дунё бўлиб ўтирамиз. Ёш, навқирон “Манас” қишлоғи биз билан хушнуд хайрлашади, гўё дуогўй онахон қиёфасида: “Бизнинг “Манас”га яна келинглар”, дея лутф қилади. Халқ гуриллаб дуога қўл очади: “Илоҳим, юртимиз тинч, Президентимиз омон бўлсинлар!”

Қулоқларим остида эса: “Бу ерда олижаноб халқ яшайди”, деган сўзлар жаранглайди…

Шарифа САЛИМОВА,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan