Суннат муаллим

Инсон болалигидан эртаклар эшитиб, китоблар ўқиб, кинолар кўриб, тасаввури, дунёқараши шу асосда шаклланади. Шунданмикан, кўпинча ҳаётдан кўра санъатдан, адабиётдан олган таассуротларимиз устунлик қилиб кетади. Ҳолбуки, биз билан замондош бўлиб яшаётган инсонларнинг умр саргузаштлари, қилаётган ишлари китоб ёки кинодагидан кам эмас.

Ҳикоямиз қаҳрамони, таниқли филолог олим, тажрибали ношир, журналист, педагог, “Маънавият” нашриёти директори, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Суннат ака Аҳмедов ҳам ана шундай оддий, лекин ҳаёти, тақдирида ажойиб ва ғаройиб воқеалар, ибратли жиҳатлар кўп бўлган юртдошларимиздан. Машаққатли меҳнати ҳамма вақт ҳам ярқ этиб кўзга ташланавермайдиган бундай инсонларни илм ва ижод лашкарининг орқа қисмида борадиган таъминот бўлимига қиёс қилиш мумкин.

Доимо иш, янгиликка интилиш билан банд бўлган бу мардум одатда ўзи тўғрисида сўз очишни хушламайди. “Бошқасини қўйинг, ишдан гапиринг”, дейди камтарлик билан. Оғирнинг – устидан, енгилнинг остидан юриш – уларга бегона.

Атоқли аллома ва адиб, Ўзбекистон Қаҳрамони Озод Шарафиддинов севимли шогирди, заҳматкаш адабиётшунос олим Бегали Қосимов ҳақида “Сўнгги жадид” деган мақола ёзиб, ХХ асрдаги ўзбек маърифатчилик ҳаракатига, бу инсоннинг ана шу жараёндаги ўрни ва ҳиссасига юксак баҳо берган эди. Табиийки, бу ҳаракат ХХI асрда ҳам давом этмоқда. Умуман, халқ, миллат маърифатсиз, бу йўлдаги фидойи инсонлар меҳнатисиз равнақ топиши мумкинми? Йўқ, албатта.

Хаёлга дафъатан шундай фикр келадики, агар Озод домла ҳаёт бўлганларида Суннат Аҳмедовни ўзбек маърифатчилик ҳаракатининг янги асрдаги энг фаол намояндаларидан бири сифатида эътироф этган бўлардилар. Бундай деб айтиш учун асослар бор.

Биринчидан, Суннат Аҳмедов ХХ аср бошларида жадид боболаримиз асосий фаолият йўналиши деб билган таълим-тарбия соҳасида узоқ йиллар меҳнат қилди. Ўзбекистон миллий университетида ёшларга педагогика, ўзбек адабиёти фанларидан сабоқ берди. Шу билан бирга, илмий-тадқиқот ишлари билан ҳам шуғулланиб, мавлоно Муқимий асарлари асосида номзодлик диссертацияси ёқлади. ўулом Каримов, Шариф Юсупов, Озод Шарафиддинов, Бегали Қосимов сингари илм-фанимиз заҳматкашларининг этагини тутиб, ўзи ҳам маърифат фидойисига айланди.

Иккинчидан, устоз ёзувчимиз Мурод Муҳаммад Дўст ибораси билан айтганда, Суннат муаллим ҳаёти ва фаолиятининг катта қисмини нашриёт-матбаа соҳасига бағишлади. Дастлаб “Ўқитувчи” нашриётида ишлаб, умумтаълим мактаблари учун дарсликлар, дастур ва қўлланмалар чоп этишда фаол қатнашди.

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов фармонига биноан “Маънавият” нашриёти ташкил топиши билан унинг директорлиги учун Суннат Аҳмедов энг муносиб номзод деб топилди. Яқин тарихимизда “ўтиш даври” деб ном олган, ёш, мустақил давлатимиз эндигина оёққа туриб, тараққиётнинг ғоят мураккаб босқичига қадам қўйган ўша йиллари янги нашриёт ишини йўлга қўйиш, унинг моддий-техник базаси, кадрлар таркиби, буюртмалар портфелини шакллантириш, истиқбол режаларини белгилаш қийиндан-қийин, оғирдан-оғир вазифа эди. Лекин нашриёт директори ўзига юкланган ишончни оқлаш учун ишга шунчалик қаттиқ киришдики, орадан бир йил ўтар-ўтмас аниқ натижалар кўзга ташлана бошлади. Дарвоқе, нашриётда босилиб чиққан дастлабки китоблар айнан жадид ҳаракати намояндалари – Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдурауф Фитрат, Абдулла Авлоний асарлари бўлганига нима дейсиз?

Ўша пайтда “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири бўлиб иш бошлаган, бу соҳанинг нони нақадар қаттиқ эканини бошидан ўтказиб, ноширлар меҳнатига тан берган Озод Шарафиддиновнинг сўзлари ҳануз ёдимизда: “Чёрт побери, Суннат ишга жиддий киришди”.

Бугунги кунда “Маънавият” нашриёти ҳақида гап кетса, Суннат ака ҳақли равишда “У – менинг ҳаётим”, дейди ўзига ярашадиган андак ғурур – болаларча самимий “мақтанчоқлик” билан. Нима ҳам дердик, гердайса, дўпписини осмонга отса, ярашади. Чиндан ҳам, маънавий-маърифий ҳаётимизда ана шу икки воқелик – “Маънавият” ва Суннат Аҳмедов феномени шунчалик уйғунлашиб кетганки, уларни бир-биридан айри тасаввур этиш асло мумкин эмас. Бу ҳақда гап кетганда, Суннат аканинг қирқ йиллик қадрдони, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Эркин Аъзамнинг сўзларини эслаш ўринли: “Суннат Аҳмедов уй қурмади, дала ҳовли қурмади, лекин эл-юртга маърифат улашадиган замонавий нашриёт барпо этди”.

Шу ўринда кичик бир эслатма: Суннат муаллимнинг она тарафдан бобоси — Ҳаққул мударрис ҳам уй қурмаган, лекин ўузор беклигида ХIХ асрда бунёд қилинган маърифат кошонаси – мадрасада мударрис бўлиб ишлаган ойдин фикрли инсон эди. Таниқли матншунос олим Абдусаттор Жуманазарнинг “Бухоро таълим тизими” фундаментал тадқиқотида ёзилишича, қадимда мадраса мударриси бўлиш жуда катта мавқе-мартаба ҳисобланган.

Учинчидан, Суннат Аҳмедов доимо янгиликка интиладиган, тараққиёт, илм-фан ютуқларини тез ўзлаштирадиган, бугунги лаҳжада айтадиган бўлсак, ҳақиқий инновацион инсон, замон кишиси. Бу ҳақда доимо янгиликнинг изидан юрадиган аҳли қалам яхши хабардор, деб ўйлаймиз. Бу тиниб-тинчимас инсоннинг Германиядан энг сўнгги русумдаги матбаа машинаси олиб келиб, нашриёт биносига ўрнатганининг ўзи бутун бир тарих, унча-мунча одам жидду жаҳд қилолмайдиган жасорат. Бундай дадил ҳаракат ҳақида ўйлаганда, беихтиёр машҳур маърифатпарвар Исҳоқхон Ибрат домланинг ХХ аср бошида минг машаққатлар билан Тўрақўрғонга босма дастгоҳ олиб келиб ишга туширгани, халқимиз учун сув ва ҳаводек зарур луғатлар, китоблар, газета ва журналлар, дарсликлар чоп этгани хаёлимиздан ўтади.

Немис машинасини олис Европадан олиб келиш, таъбир жоиз бўлса, бу “гўзал хоним”нинг “нозик мижози”га мос шароит яратиш, нашриёт биносига олиб кириб ўрнатиш жараёнидаги саргузаштларни бирма-бир сўзлайдиган бўлсак, устоз Эркин Воҳидовнинг машҳур “Донишқишлоқ ҳангомалари”дан кам асар бўлмайди.

Хуллас, янги матбаа машинаси йўл юриб, йўл юрса ҳам мўл юриб, Тошкентга етиб келганидан сўнг кутилмаган муаммо юзага келади: шундай баҳайбат техникани қандай қилиб икки қаватли мўъжаз бинога олиб кириш мумкин? Матмуса – Суннат муаллимнинг боши қотади. “Донишқишлоқ аҳли” –   шогирдлар ва нашриёт жамоаси уч кунлик муттасил ўйловдан сўнг оқилона бир ечим топгандек бўлади: кўча тарафдан бино деворини тўрт газ кенгликда кесиб, дарвоза очиш керак. “Бино – эски, пойдевор – омонат, девор савил – лойдан, тепақават лоп этиб қулаб тушса, додимизни кимга айтамиз?” деб хавотирга тушади “Матмуса”. “Янгамизни келин қилиб олиб келганингизда уйга қандай олиб киргансиз? Бу ишда ҳам иримини қилмаса бўлмайди”, дейди кўпни кўрган “Донишқишлоқ” аҳли.

Девор орасига замонавий металл қурилмалардан ўзига хос “кесаки” – таянч устунлар қўйилади. Кейин “олмони келин” ғузорча (Суннат Аҳмедов Қашқадарё вилоятининг ўузор туманида туғилган) миллий таомиллар асосида ҳурмат-иззат билан “гўшанга”га олиб кирилади. Қарабсизки, “куёв”нинг неча йиллик орзуси рўёбга чиқиб турибди-да! “Ана, бўлди, дуони тортинг, бахтли бўлинг, эшон бобо”, дейди “Донишқишлоқ” аҳли.

Афсуски, муаммо охиригача ҳал бўлмади. Келинларнинг машмашаси тўйдан кейин бошланганидек, Машинахоним алоҳида электр қуввати тортиб келмасангиз, китоб тугул конфетқоғоз ҳам чиқармайман, деб оёқ тираб туриб олди. “Матмуса” Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати билан келишди – улар бир кеча тонгга қадар йўл ҳаракатини тўхтатиб турадиган бўлишди. “Ўзбекэнерго”га бориб додини айтди – улар бир кечада йўлни ўйиб, юқори кучланишдаги электр қуввати ўтказишга рухсат беришди. Фақат шу шарт билан: эрталабгача қазиш ишлари амалга оширилган жой ва унинг атрофига (жами 500 метр) асфальт ётқизилиб, автомобиллар ҳаракати учун шай қилиб қўйилиши керак. Бундан ташқари, туман электр тармоғи, ён-атрофдаги маҳалла аҳли ва ташкилотлар билан музокара – “переговор” олиб боришга тўғри келди. “Матмуса” “Сени севмай мен ўлай”, деб барчасига чидади, жон чекмасанг, жонона қайда!

Шундай ҳам кармонни бўшатиб кетган машина янада қимматга тушди. Унга Қимматхон деб ном бердилар.

Лекин-чи, одамни хурсанд қиладиган томони ҳам бор: Қимматхон кутилганидан ҳам аъло чиқди – китобдан тортиб плакатгача, албомдан то реклама ва маросим қоғозларигача исталган рангда кўзни қувонтириб чиқариб ташлайди, денг! Чарчаш деган нарсани билмайди. Суннат Аҳмедов уни еру кўкка ишонмайди: таътилга чиқиш йўқ, шанба, якшанба, дам олиш деган гап йўқ, эртаю кеч умри – ишхонада, Қимматхоннинг ёнида. Буёқда янгамиз ҳайрон: етмишдан ошган одам нима жин урди, ўтирмайдими бундай уйда, болалар, набираларга насиҳат қилиб. “Сиз немис тили муаллими бўламан деб немисча ўқимаганингизда, шу ташвишлар йўқ эди менинг бошимда. Сизни деб шу немис машинага боғланиб қолдим”, — дейди Суннат ака ҳам бўш келмасдан.

Ўрни келди, нашриёт ишидаги, Суннат муаллимнинг шахсий ҳаётидаги барча ютуқлар учун муштипар кеннойимиз – София аяга алоҳида ташаккурлар айтамиз.

Азиз газетхон, сезиб турибсиз, ҳурматли қаҳрамонимиз ҳақидаги фикрларимизни “тўртинчидан”, “бешинчидан”, деб етмишга қадар давом эттиришимиз мумкин. Аслида мақсад ҳам шу: табаррук ёшга тўлган маърифат фидойисининг таваллуд айёми баҳонасида унинг етмиш хусусиятини айтиб, билмаганларга – билдириш, билганларга – яна бир бор эслатиш эди. Лекин олдинда хурсандчилик кунлар кўп. “Маънавият” нашриётида ҳар бир янги китобнинг чиқиши – байрам. Қолаверса, Суннат Аҳмедовга дўстлардан, ошнолардан Худо берган. Ҳар бири бир оғиздан гапирганида ҳам гўзал бир достон бўлади.

Тўй устига тўй, деганларидек, Қимматхонни деб қарз ботқоғига ботган нашриёт айни шу кунларда барча олди-бердилардан қутулиб, фойда келтиришга ўтди. “Маънавият” нашриёти шу билан ўнгланмайди, тамом, синиб адо бўлади, деб башорат қилганлар бугун тилини тишлаб ўтирибди. Ҳақиқат эгилади, лекин синмайди. Ҳақиқат ва адолат мураббийси бўлган маънавият ҳам.

Шундай шодиёна кунда ортиқча сипориш, таъриф ва тавсифларни бир четга суриб, миллий ноширчилигимиз, журналистикамиз оқсоқолига янада мазмунли ва баракали умр, фарзандлар, набиралар ва шогирдлар бахтини, камолини кўриб, меҳрибон янгамиз билан муроду мақсадларига етишларини, Қимматхонга муносиб “кавалер” – умр йўлдоши (Хитойдан бўлсаям майли) топиб, нашриётни янада кенгайтиришни тилаймиз.

Полвон ОТАБЕК

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan