Ўзбекистон халқ шоири, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби

Ҳалима ХУДОЙБЕРДИЕВА билан суҳбат

 

– Президентимиз Сирдарё вилоятига сафарлари давомида бу ўлкада амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишдилар. Сафар тафсилотларини зўр ҳаяжон билан кўриб кузатдик. Она юртингиз Сирдарёда, қолаверса, бутун мамлакатимизда янги юксалиш даври бошланганини ҳис этиб, элимиз қатори ижод аҳлининг ҳам қалби яшаш-яшариш иштиёқида жўш ураётгани шубҳасиз…

– Биласизми, одам умрбод туғилиб ўсган тупроғига илдизлари билан боғланиб яшаркан. Ҳар доим узоқ йўллардан борарканман Боёвутга бурилишимиз билан ҳаво бошқача, янаям дилкаш, янаям қаймоқлидек туюлади. Сирдарё, Боёвут деган сўзларни мен юрагим қалқимасдан айтмайман ҳеч. Туғилган жойинг то сўнгги нафасинггача кўксингда кўтариб юрадиганинг – табаррук маскан. Бундан 40 йил аввалги шеърларимга ҳам она юртимнинг меҳри сингиб кетган:

 

Боболарим бирин-кетин суяк суриб ўтган Ер,

Момоларим сочларини қирқта ўриб ўтган Ер.

Ёки:

Бир четида қуёшдай онам ботган Ватаним,

Бир четини қўриқлаб отам ётган Ватаним.

 

Боёвут ҳақидаги шеърларимдан бирида Улуғбек ўғлимга шундай сўзларни айтгандим:

 

Майли болам, қайда гул оч, қайда кўкар,

Боёвутда бир гўша бор, чекка, чўкар,

Дарахтлари олмаларин йўлга тўкар,

Йўлингдаги хотирани ўлдирмагил.

 

Сирдарёнинг сирли бўйларини, Боёвутнинг “Мени танияпсанми” деб тебраниб турган дарахтларини кўз ўнгимга келтирсам шеър ўзи қўйилиб келаверади. Энди-эндиларда Боёвутга борсам отам, онам, қишлоғимнинг урчуқ йигирар кампирлари, қишлоқ йўлларини тўлдириб юрган боболарининг файзли чеҳралари ялт-ялт этиб хаёлимдан ўтаверади. Бу юртнинг соғинчи, меҳрини тоабад кўксимда сақлаб, шеърларимда куйлаб келаяпман.

Президентимизнинг Сирдарёга ташрифини эшитган кунимдан юрагимга ҳаяжон кирганди. Биласизки, улуғлар қадами етган жойларда буюк ўзгаришлар бўлади, албатта. Илоҳим улуғларнинг қадами бардавом бўлсин! Шавкат Миромоновичнинг очиқ чеҳра, халқчиллик ва самимият билан Сайхунобод туманида фаоллар иштирокидаги йиғилишда айтган сирдарёликларнинг оғир пайтларда ҳам бир оила бўлиб яшагани, бу эса, буюк муваффақият, буюк ғалаба бўлгани ҳақидаги эътирофи юрагимга нурдек сингиб қолди. Назаримда, бу самимий сўзлар ҳар бир сирдарёликка кучу ғайрат, ўз ватанига муносиб бўлиш, бундан кейин янада шиддат билан меҳнат қилиш кайфиятини бағишлади.

Айниқса, нуронийларимизни оталарча меҳр билан “Ҳурматли Президент, Сизни бир кун телевизорда кўрмасак соғиниб қоламиз” деган сўзларини, отахонларнинг асаларичиликни ривожлантириш борасида Шарқ оталарига хос донишмандлик билан гапирганларию, шу файзли бобони Давлат раҳбари ғоятда олижаноблик, мурувват билан ўз ҳисобидан Ҳаж сафарига юборишини айтиб дуо устига дуо, нур устига нур олганларини қаранг! Буни туркона, шарқона, ўзбекона ва умуман олганда халқона муносабат дейдилар!

Мен нафақат Сирдарёдаги, бутун юртимиздаги ислоҳотларни кузатиб, “Ҳар бири байроқдор доруломон кунлар бу” деб қўяман ва шу улуғ ўзгаришлар даврига ўз меҳнатим билан ҳисса қўшмоққа ҳаракат қиламан. Назаримда аксарият юртдошларимизда ҳам шу сезимлар бор. Илоҳим, юртимизнинг юксалишларига, Юртбошимизнинг шаҳду шиддатларига, халқимизнинг кўнгил байрамларига кўз тегмасин!

– Хотира ва қадрлаш куни арафасида барчамиз устозларни ёдга оламиз. Улар кўмагини ўз ижодингизнинг қай бир қирраларида кўрасиз? Ҳозир ҳам устозлар ижодига мурожаат этиб турасизми?

— Аввало, мумтоз адабиётимиз вакиллари бўлмиш Навоий, Румий, Бедилу Машраб, Мирзо Бобур, Зебунисобегим, Нодирабегим, Увайсий каби аждодларимизнинг ҳар бир сатри бизга сабоқ бўлганини ва уларнинг устозлик мақомлари бошимиз устида эканини эътироф этмоғимиз керак.

Бедилнинг “Санинг базмингда ухлабман, буям бахт, Оёқ қўй бошима, илҳом олурман”, Навоийнинг “Бир-бир не дейин, бошдин оёғинг яхши”, Ҳазрати Румийнинг “Нарса йўқким хорижий олам эрур, Ҳар на истарсан ўзингда жам эрур”, Бобурнинг “Шоҳмен элга, вале сенга қулдирмен”, Зебунисонинг “Мен илон оғзидан шаккар талабмен”, Нодиранинг “Кўз очмайин ғамида рўзигорим ўтгувсидир”, Увайсийнинг “Қайда дард эли бўлса ошино Увайсийман” каби мисраларини уйқумдан уйғотиб сўрасангиз ҳам айтиб бера оламан. Уларнинг ижоди, шоир тили билан айтганда, руҳимга “болам исмидек таниш, она алласидек ёд” бўлиб кетган. Ижодда нимаики ютуғим бўлса, бунинг учун, аввало, мумтоз адабиётимиз, азиз устозларимизга таъзим қиламан ҳар дам.

Ундан кейин, бизнинг авлод Миртемир домла, ўафур ўулому Ойбекларнинг ижоди ва мурувватларидан баҳра олди. Миртемир домладек гўдакларча ҳалол, соф бўлиб яшаш осонми, ахир? “Мажнунтол тагига ўтқазинг мени, энди у йиғласин, мен йиғлаб бўлдим.” Бу сатрларда қанчалар азоб, изтироб бор? Бизга шу изтироблар дарс бермадими? ўафур ўулом бир шеърида: “Сиз агар осмонга чиқмоқ бўлсангиз, Мен нечун елкамни тутиб бермайин” дейди. Бизнинг устозларимиз ана шундай “елка тутиб бериш” деган инсонпарварликни, хайрихоҳликни улуғлаб, ўз ҳаётларида исботлаб яшаганлар. Бизнинг ана шундай тийран ва улуғ дарёларимиз бор, уларнинг барчасини санаб ўтиш имкони бўлса қанийди. Мен уларнинг таъсирини ижодим қирраларида эмас, ижодим ва ҳаётимнинг асосларида кўраман. Ҳар доим ҳам уларнинг ижодига мурожаат қиламан ва улуғ асарлари менга   илоҳий илҳом лаҳзаларини яқинлаштиради.

– Бугун адабиётга, ижодкорларга берилаётган эътибор ҳар қачонгидан-да юксак. Энди, ўзингиз айтгандай, юракдан ёзиш вақти келмадимикан?

– Ҳеч бир муболағасиз бугунги эътибор таҳсинга лойиқ. Мен бугун ижодкорга кўрсатилаётган эътиборни қайта-қайта таъкидлашдан чарчамайман, чунки, ростдан ҳам кун сайин, соат сайин ижодкорнинг жойи пойгакда эмас, юракларнинг тўрида эканига мисоллар кўпайиб бормоқда. Қисқа муддатда адабий ҳаётимизда шу қадар кўп янгиланиш ва ўзгаришлар юз бердики, уларни кузатиб ўзингни кундан-кун янаям баланд учаётган қушдек ҳис қиласан одам. Адибларимиз номлари абадийлаштирилиши, Адиблар хиёбони ташкил этилгани, ҳудудларда улуғ шоирларимиз бадиий сиймолари ўрнатилгани, уларнинг ўктам овозлари янграб турган хиёбонлар яратилгани, Ёзувчилар уюшмаси фаолияти тубдан такомиллаштирилаётгани, Уюшмамизга фаолиятини энг юқори даражаларда олиб бориши учун қасрдек бино қуриб берилгани, ижодкор истеъдодини емирадиган маиший муаммолардан озод қилиниб бошпана масаласида чоралар кўрилаётгани   каби асрларга татигулик воқеалар таърифига сўз ожиз.

Яқинда Ўзбекистон Республикасини ри

вожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси билан танишиб чиқдим. Унда иқтисодий ислоҳотлар натижасида одамларнинг турмуш даражасини кўтариш билан бир қаторда адабиёт орқали халқ маънавиятини юксалтириш, оилавий китоб ўқиш анъаналарини кенг тарғиб қилиш, ёшларни маънан баркамол қилиб вояга етказишда китобнинг ўрни ва аҳамиятига, китоб мутолааси маданиятига бўлган эътиборни кучайтириш ғоясига жуда кенг ўрин берилганидан хурсанд бўлдим. Ростдан ҳам, ахир, қайси миллат адабиётсиз ривожлана олади? Инсоният маънавияти инқирозга юз бураётган бўлса, уни қутқаргувчи куч ҳам адабиёт. Халқнинг маънавият даражаси унинг адабиёти, ижодкорларининг салоҳияти билан белгиланади. Шу боис ҳам ижодкорнинг миссияси замон фарзанди бўлиш ва унинг дардларига дармон топишдир.

Энди юракдан ёзиш масаласига келсак, асл шоир ҳамма замонларда ҳам юракдан ёзгани учунгина асл бўлади. Шоир ёзмаслигининг иложи йўқлиги учун ёзади, шоир бўлмасликка имкон қолмагани учун шоир бўлади. Сўзлар уйқуларида ҳам безовта қилавергани, мени қоғозга тушир, мени ёз деб руҳини саркаш қилавергани учун ёзади, шоир бўлади. Буни Худо ёзган тақдир, манглай, ёзиқ, қисмат дейдилар. Шоир бўлишликнинг сабаби бўлмайди назаримда, шоирлар шоир бўлиб яраладилар. Бу дегани фақат Худо берган истеъдоднинг ўзи етарли дегани эмас, бу йўлда 99 фоиз меҳнатга, кўргуликларга чидаш, одамлар ўтиб юрган оғирнинг устидан, енгилнинг остидан эмас, балки аксинча одамлар юргиси келмаётган оғирнинг остидан юриб юк кўтаришга, инсонларнинг оғирини енгил қилишга, дунёнинг янада обод ва озода бўлишига ҳисса қўшишга ҳаракат қилиш деган қора меҳнат ҳам бор, албатта. Шунга кўнганлар шоир бўладилар. Яъни чидаганга чиқарган деб шуни айтсалар керак.

Оноре де Бальзакнинг: “Ижодкор туҳфа этиши мумкин бўлган энг яхши нарса бу сўздир” деган фикри бор. Ва яна у: “Асарларим мендан кейин яшаб қолса бас, ахир, адабиёт ўлимдан кучли-ку” деган гапни ҳам айтган. Кимдир сокин шеърлар ёзиб ҳам одамларни улуғ ишларга чорлайди, кимдир янгроқ шеърлар ёзиб одамларни чўққиларни забт этишга ундайди. Ундаш, чорлаш, сафарбар этиш каби улкан фазилатлар шоирликнинг моҳиятида яшайди.

Шу ўринда “Демакки сен шоирсан” деган шеъримдаги айрим мисралар ёдимга тушди:

Олтинми

Ё олмосда,

Тиғда юролсанг, рост-да,

Итқитса, оёқ ост-да,

Тўрдаям ҳайқиролсанг,

Демакки, сен шоирсан!

Нафақат

Кўтарса халқ,

Кўксингдан итарса халқ,

Пешонанг намакоб, талх,

Шўрдаям ҳайқиролсанг,

Демакки, сен шоирсан!..

Яна бир шеъримда шундай мисраларим бор:

Шунчаки ёзмоққа, кўнгил тўлмайди,

Шунчаки ёзмоққа бормайди қўлим.

Шунчаки ёзмоққа чидаб бўлмайди,

Шунчаки ёзмоқ, бу — шоирга ўлим.

Инсон ўзини бахш этолсагина шеъриятнинг машаққатли йўлига кириши керак, жонини аяган, юракдан ёзмаган одамга бу майдонда саодат йўқдек, назаримда.

— Адабиёт, китобхонлик тарғиботи, албатта, ижодкорга рағбат беради. Қачонки, шоирнинг шеъри ўз мухлисларига етиб борса, унинг мақсади ижобат бўлади. Бу борада бугунги ёш ижодкорларнинг омади бор, деб ўйлайсизми?

— Халқимиз, неча асрларки, урушу қатағонларда ҳам ўз жонини эмас, китобни асраб қолган халқ. Аждодларимизнинг олтину тиллоларни эмас, китобни асраб яширгани учун қатағонга учраганини ҳам биламиз. Китоб, адабиёт илоҳий неъмат, халқимиз бу хилқатни жон бериб ҳимоя қилган, асраган. Тарихий манбалардан маълумки, Пётр I даврида карра жадвалини билмаган йигитларга уйланишга рухсат берилмаган, гуржиларда “Йўлбарс терисини ёпинган паҳлавон” асари маъносини айтиб бермаса турмуш қуришга изн берилмаган ва қизларнинг сарпосига Шота Руставелининг ушбу китоби қўшиб қўйилган. Ҳозир моддий фаровон оилаларга кирсангиз ҳамма нарса бор, лекин аксариятида китоб йўқ, бу ҳолатни ўзимиз ҳам кундалик ҳаётимизда кўряпмиз. Биз китобсиз яшаётган оилаларга ҳаётнинг нима қизиғи бор деб ўйлаймиз, улар эса китобнинг нима қизиғи бор экан бу одамларга деб ўйласа керак. Ўтган вақтларда маълум муддат илм аҳли, китоб одамлари пойгакда қолди, шу боисмикан бугунги авлоднинг кўпчилиги китобга, айниқса, бадиий китобга ҳуши йўқдек. Бундан ташқари ахборот технологиялари ривожланиб, инсон онгу қалбига таъсир этувчи воситалар кўпайиб кетди. Лекин китоб берган ҳузурни ҳеч нарса беролмайди. Дунёни гўзаллик қутқаради деган сийқаси чиқар даражада такрорланадиган сўз бор, аслида, гўзаллик бу адабиёт дегани, санъат дегани, китоб дегани эмасми? Энг улкан ва тийран гўзаллик бу китоб!

Китобхонликни доимий рўйхатдаги тўрт-

беш ижодкорни ҳудудларга учрашувларга юбориб, учрашувлар ўтказиш билан ривожлантириш мушкул. Шу боис бугун шоирларимизнинг катта-катта залларда, маърифий саройларда, гавжум давраларда шеър ўқиши каби анъаналар тикланяпти. Китоб дўконлари нафақат марказларда, эндиликда қишлоқ жойларида ҳам қуриляпти. Шунингдек, китоб савдосини   ривожлантираётганларга катта имтиёзлар бериш, китоб савдосининг ўзини оқламайдиган савдо тури бўлиб қолиши олдини олиш чоралари ҳам кўрилмоқда.

Ижодкорнинг вазифаси ёзиш, меҳнат

қилиш! Китобларини елкалаб юриб сотиш эмас. Бугун асарнинг халққа етиб боришини таъминлаш чоралари кўрилмоқда, ижодий ташкилотларнинг кўпи китоб тарғиботи билан шуғулланмоқда, қолаверса, интернет тармоқлари ҳам китоб тарғиботидаги энг яхши восита бўлиб хизмат қилмоқда. Шунча имкониятга эга бўлган бугунги ёшлар, албатта, бу борада омадли. Лекин муҳими, халққа етиб боришига арзийдиган, ўқувчининг савияси ва бадиий дидини ўтмаслаштирмайдиган асарларни ёза билишдир! Кейинги йилларда “Ижод” фонди томонидан 80 га яқин ёш ижодкорнинг минглаб нусхадаги китоблари чоп этилиб, китобхонларга етказиб берилгани ҳақида маълумот берилди. Бу, албатта, яхши, бироқ муҳими улар орасида ҳақиқий шахслик ва ижодкорлик фазилатлари мужассам бўлган истеъдод эгаларининг қанча эканидир. Ёзилганни етказишга бел боғлаган ва сафарбар этилган ташкилотлар ўз ишини қойиллатса, шунинг ўзи етарли.

— Адабиётда устоз-шогирдлик масаласи ҳар доим ҳам долзарб. Шогирдларингиз кўп, ўзингиз билган ва билмаганларингиз ҳам бор. Аммо улар орасида сиз кўз остингизга олганларингиз ўйлаганингиздай натижаларга эриша олишяптими?

— Устоз-шогирдлик муносабати ҳақида ўйлаганимда Румий ва Табризий эсимга тушади. Улар бир-бирларига шундай меҳр ва ихлос қўйишган эканки, уларнинг бу қадар соф муносабатига ғайирлиги келганлар душманлик қилиб Табризийни ўлдиришади. Румий айрилиқ азобида севимли шогирдининг номидан ғазаллар битади. Бир сафар Румийни масхара қилишиб, “Шогирдинг келди, Шамс келди” деб алдайдилар, Румий ишониб суюнчи учун тўнини ечиб беради, шунда ғаламислар алдадик дейишади. Румий уларга қараб: “Ёлғонларинг учун тўнимни бердим, ростингизга жонимни берган бўлардим” дейди. Меҳрнинг софлигини қаранг! Навоий айтади: “Жомий қуёш, мен эса тупроқман. Ахир қуёшдан нур тушмаса тупроқда гул унадими” дейди. Қаранг, улар бир-бирларига қанчалар илоҳий ва эътиқодий ришталар билан боғланиб кетганлар. Рус шоираси Марина Цветаева устози Анна Ахматовага: “Сўнгги йўлга кетаримда ҳам бошим остига Сизнинг китобингизни қўйишларини сўрайман” деб хат ёзади. ўафур ўулом Саид Аҳмадни шу қадар яхши кўрганки, ҳазиллашиб: “Сен илҳом париемсан” деркан. Уларнинг муносабатлари устоз-шогирдликнинг энг юқори чўққилари эди.

Мен ҳаётим давомида   амин бўлдимки, муносиб шогирдлар кўп бўлмас экан. Яна бир ҳақиқат шуки, яхши шогирд яхши фарзанддек гап. Муносиб шогирд сен нуқта қўйган жойда хаёлан сени давом эттира олади, у сен билан ҳамнафасу ҳамдард бўлади, гарчи ўз йўли, ўз ҳаётий қарашларига эга бўлса-да. Абдулла Ориповнинг ҳазиломуз таъбири билан айтганда “етти ўлчаб, етмиш ўлчаб, барибир устози айтган жойидан қирқади”. Муносиб шогирд фидойиликни, жасоратни ва ижодий тартиб-интизомни ҳаёт тарзига айлантиради.

Мустақилликнинг аввалида ўзига хос услублар билан адабиётимизга кириб келган бир қатор ёшлар орасида кўпчилиги мени ўзларига устоз деб билишларидан қувонаман. Эшқобил Шукур, Салим Ашур, Қўчқор Норқобил ва бошқаларни ўқиб юрагим қалқиганлари, шеъриятимизнинг эртасидан кўнглим хотиржам тортганларини ҳалиям эслайман. Эшқобилнинг “Меҳр бу суннатдир, меҳр бу фарздир, Сизни Худо суйсин менинг суйганим”, Салимнинг “Қордек эриб кетсам агар, Сизга зарра қилмайди кор” каби сатрларини такрорлаб қўяман баъзан. Дилфуза Шомаликованинг публицистик асарларини ёқтириб ўқийман.

Кейинги йилларда ҳам шеъриятимизга тоза бир эпкинлар олиб кирган бир гуруҳ ёшларнинг ижоди эътирофга муносиб. Гулондом Тоғаева, Фарҳод Арзиев, Нодир Жонузоқ, Гулноз Мўминова, Муҳиддин Абдусамат каби ижодкорларимиз менинг яхши шоирларим рўйхатида туради. Суюмли шогирдим Гулжамол Асқаровани эса нафақат шогирдим, балки 20 йилдан ортиқроқ вақтдан буён ҳамнафас дўст, фарзандларим қаторидаги азиз инсоним деб биламан. Мана шу, сиз айтмоқчи, “кўз остимга олганларим”нинг барчаси ижодкор ва шахс сифатида камолга етган ёки камолга етиб бормоқда, улар нафақат мен ўйлаган, балки ўзлари кўзлаган натижаларга эришаяптилар.

Шу ўринда айтиш керакки, биз устоз-

шогирдлик анъанасини бугун янада парвариш қилишимиз, бу қадриятни мустаҳкамлашимиз лозим, чунки бу уйғунликнинг ёрқин намуналари тобора камёбдек назаримда. Бу гўзал маърифий муносабатсиз адабиёт ривожи юксак бўлиши қийин, ахир. Биз ёнимизда яшаб бораётган ижодкорнинг истеъдодини тўғри баҳолашимиз, бир-биримизни қадрлашимиз керак. Кўриб кўрмасликка олиш, четлаб ўтиш касалимизни даволашимиз лозим. Президентимиз ташаббускор бўлган адабий ислоҳотлар моҳиятида ҳам ижодкорлар ўртасида бир-бирига яхши муносабат ва хайрихоҳлик, бизга жуда улкан маънода керак бўлган тушуниш ва англаш, шогирдпарварлик ғояси ҳам мужассам десам хато бўлмайди. Илоҳим, ҳақиқий шогирдларимизнинг қўлларидан қаламлари тушмасин, йўллари равон бўлсин!

— Келгуси режаларингиз…

— Ижодни режалаштириш қийин, қачон, қандай асар ёзишимизни Яратган билади. Лекин энг муҳими гўзал шеърлар яратиш орзуси мени ҳеч қачон тарк этмаган. 2017—2018 йил мен учун   чин маънода ижодий лабораториямни тартибга келтириш йили бўлмоқда. Ўтган йили янги шеърлардан тартиб берилган “Осойишта шам” китобимни нашр эттирдим. Бу китобим кейинги 22 йиллик изтиробларим, умидларим, сиру асрорларим, сокинлигиму исёнларим, бир сўз билан айтганда, дунёни янаям тоза кўриш илинжида ёзган шеърларим жамланган китоб бўлди.

Ҳозирда томликларим устида ишлаяпмиз. Томликларда бугунги кунгача ёзилган барча шеърлар, проза жанридаги   асарлар, ижодий суҳбатлар, таржималар жамланяпти. Мана шу асарларим мухлисларим қўлига етса мен ўзимни ижодий маънода анча саранжом ҳис этардим. Чунки томликлар паришон бўлиб ётган ижодий ишларингни тартибга келтиришдек туюлади менга ва улар шоир сифатидаги барча қирраларингни яққолроқ кўрсатиб беради. Шунингдек, халқ билан учрашувлар ўтказиш ҳам ижодий режаларимнинг бошида турибди. Хулоса қиладиган бўлсак, шоир айтганидек, меҳнат қиладиган, баланд руҳ ва шиддат билан “қучоқ очиб халқ ичига борадиган” даврлар келди! Шу давру давронлар муборак бўлсин, халқимизнинг доруломон кунлари кўп бўлсин!

 

ҲУМОЮН суҳбатлашди.

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг