Она юрт шаъни

“Темур тузуклари”дан илҳомлар

МУҚАДДИМА

Кўҳна китобларнинг чангини қоқиб

Эсган шаббодалар, сизга ташаккур!

Манглайдан юракка нур кирди оқиб,

Тасаввур ёришди, ўсди тафаккур.

Энди садаф куртак, зумрад япроқни

Кўрсам, кўздан ниҳон томир ёдимда.

Бугун Ўзбекистон яратган боғни

Ўйласам, аввало, Темур ёдимда.

Жимжима сўзларни ёқтирмайди вақт,

Ахир тарих ўзи энг доно устоз.

Аммо ўтганларнинг ҳаммаси илҳақ –

Кутгани авлодлар дуоси холос.

Биз ўтмиш пойига гул қўя туриб,

Келажак орзусин ўйлаган элмиз.

Бирда Соҳибқирон бўлиб от суриб,

Бирда Навоийдек куйлаган элмиз.

Ҳар қандай замоннинг ҳукмига мос бу –

Эртани ёритгай тарих берган нур.

Фақат китоб ёки ҳайкал эмас бу,

Ўзбек деган халқнинг ўзидир Темур.

Пирим Зайниддин Абубакр Тайободий менга ёзмишларким: “…салтанат ишларида тўрт нарсага амал қилгин, яъни: ўзинг билан кенгаш, бошқалар билан машварату маслаҳат айла, ҳушёрлигу мулоҳазакорлик билан қатъий қарор чиқар, эҳтиёткор бўл!” Бу мактуб менга йўл бошловчи янглиғ раҳнамолик қилди. У менга салтанат ишларининг тўққиз улуши машварат, тадбир ва кенгаш, қолган бир улуши эса қилич билан бажо келтирилишини англатди.

 

Гоҳо бир сўз инсонга қанот,

Бир насиҳат ёритар йўлни –

Пиримнинг тўрт ўгити ҳаёт

Йўлларимда маёқдек бўлди.

Яроғимнинг устига ҳикмат

Китобларин бостириб қўйдим.

Ҳеч бир чора топмаса фикрат,

Кейин қилич шартлигин туйдим.

Билагимни чоғлашдан аввал

Тафаккурим кучин тобладим.

Не кенгашлар қилмайин, ҳар гал

Ақлдан зўр қудрат топмадим.

“Ур-ҳо” дея жангга киришдан

Тадбир қилиб енгмоқ осон-ку!

Оқилона кўрилган ишдан

Қанча увол жонлар омон-ку!

Қилич иши лаҳзада ҳалдир,

Бир нафасда ечилар тугун.

Аммо уни орқага қолдир,

Аввал ақлинг ишлаши учун.

 

Тажрибамдан кўрилганким, азми қатъий, тадбиркор, ҳушёр, жанг кўрган, мард, шижоатли бир киши мингта тадбирсиз, лоқайд кишидан яхшироқдир.

ўарам-ғарам сомондан кўра

Бир ҳовуч дон қадри юқори.

Бир тўп оғзи полвондан кўра

Тадбирлининг режаю кори

Салтанатга кўпроқ наф берган,

Мамлакатни гуллатган шаксиз.

Қачон лоқайд ишни қотирган,

Қачон жангга кирган юраксиз?!

Олтмиш чоғли аскарим билан

Минглаб ёвга солганимда от,

Не ботирлар тугал енгилган

Ва кўнглида туғилган ҳайрат.

Шунда билдим, ғаним шовқини

Буколмагай куч-иродани,

Албат кўргай зафар шавқини

Содиқ бўлса дўст-биродари.

Ярим хуржун мис чақа эмас,

Битта тилло танга танладим.

Ватан учун шу Ватанга мос

Юраклар шартлигин англадим.

 

Давлат ва салтанатимга боғлаган менинг биринчи тузугим шулким, Тангри таолонинг дини ва Муҳаммад мустафо шариатига дунёда ривож бердим. Ҳар ерда ва ҳар вақт ислом динини қувватладим.

 

Қачон етди тақдирдан шоҳлик,

Бу толени қилдим эҳтиёт.

Бутун умрим берар гувоҳлик –

Ҳамроҳ бўлди менга эътиқод!

Қўлларимда Қуръон ва қилич,

Унутмадим Муҳаммад ёдин.

Балки шундан фаровон ва тинч

Эта олдим элнинг ҳаётин.

Ҳақ дегани – Аллоҳнинг номи

Юрагимда нақшин битикдир.

Демак, Унинг дини – исломи

Байроғимдек ҳамиша тикдир.

Қай манзилга етса оёғим,

Зулматни қалб нури ёритди.

Гоҳи сўзим, гоҳи яроғим

Терс феъллининг ақлин киритди.

Юлдузларга сайқал берган тун,

Рангни рангдан ажратган қуёш

Каби мен ҳам эътиқод учун

Ва халқ учун тикиб келдим бош.

 

Ўн икки табақа ва ўн икки тоифадаги кишилар билан мамлакатларни забт этдим, уларни идора қилдим. Давлат, салтанат устунларини ўшалар билан қувватлаб, мажлисларимни шулар билан зийнатладим.

 

Кўп кузатдим меъморлар ишин,

Санъатлари лойиқ таҳсинга.

Ўз касбига моҳир бир киши

Ҳаётдан дарс берар гоҳ сенга.

Мен ҳам қурдим салтанат уйин,

Устунларин танлаб ва тоблаб.

Йиқмасин деб беаёв қуюн,

Бир бор кесдим, етти ҳисоблаб.

Мўрт дарахт кўтармас бўронни –

Илдизидан чамалай билдим.

Ақли, кўнгли бутун инсонни

Мамлакатнинг устуни қилдим.

Она Ватан топсин тараққий

Ва авлодлар унсин, ўссин деб

Соз устунлар қўйдим, эл ҳаққин

Нопок қўлли ёвдан тўссин деб.

Бу устунлар илму ҳунарни,

Динни, ҳарбни кўтариб турар.

Улар сақлар номусни, орни,

Ҳамма зарбни кўтариб турар.

 

Давлатим ишларини тўра ва тузукка асосланган ҳолда бошқардим. Уларга таяниб, салтанатда ўз мартаба ва мақомимни мустаҳкам сақлаб турдим. Амиру вазирлар, сипоҳ, раият – ҳар бири ўз лавозим, мартабасидан мамнун ҳолда хизматимда бўлиб, ундан ортиғига даъво қила олмади.

 

Ўн саккиз минг олам аслида

Яратганнинг чиқмас измидан.

Мен ҳам етук ёшим фаслида

Қонун битдим Темур исмидан.

Қонун – асл шоҳнинг қудрати,

Мамлакатнинг кўзгуси ахир.

Салтанатнинг барча мурватин

Хўжасизлик бузгуси ахир!

Ўйинда ҳам “шоҳ”нинг зотини

Қайси “сипоҳ” эгаллай олган,

Чапдаст чавандознинг отини

Қайси ношуд эгарлай олган?!

Азиз тутдим аъёнларимни,

Оширмадим аммо ҳаддидан –

Магар кўпроқ сийладим кимни,

Тутиб турдим “нозик банди”дан.

Худди полвон сўнгги сирини

Шогирдидан тутгандек ниҳон,

Биз ҳам юрту халқ тақдирини

“Тузук”ларда этдик имтиҳон.

Амирларим ва аскарларимни мартабаю унвонлар, олтин-кумуш билан хушнуд этдим. Базмларда уларга муносиб ўрин бердим, шунинг учун жангларда жонларини фидо қилдилар. Юмушларини енгиллаштириш учун меҳнату машаққатларини ўзимга юкладим ва уларни тарбият этдим.

 

Кўксин яланг очиб фидокор

Жангга кириб борган бир аскар

Онасимас, ёримас зинҳор,

Энг аввало Ватанин асрар!

Ой олдида ҳамиша Чўлпон

Нур сочгандек гўзал ва қойим.

Арслонюрак ҳар битта ўғлон

Менга яқин дўст бўлди доим.

Бир қўлида яроғ, бир қўлда

Она юртнинг шаънин кўтариб

Юрган йигит бор бўлган ўлка

Ҳаётда ҳеч бўлмагай ғариб.

Бойликмасми бундай қўшининг

ўазнангдаги давлатдан аъло!

Олам узра ғолиб қўшиғинг

Шулар куйлаб бермасми, зеро!

Шул сабабки, ҳар бир шербилак

Аскарим (у борми, қурбонми!)

Кўксига мен тақаман бешак

“Ватан ўғли” деган унвонни!

Носиржон ЖЎРАЕВ

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan