Агар ҳаёт бўстон эса, боғбон муаллим

Шуҳрат домлани эсласам, кўз ўнгимда истеъдодли шоир, атоқли романнавис, моҳир таржимон, ажойиб драматург ҳамда табассум билан боқиб турган комил инсоннинг порлоқ сиймоси гавдаланади. Мен адибни гўдаклигимдан билардим, у киши қадрдон маҳалладошимиз, Халил дадамнинг энг яқин дўсти эди. Ҳар гал Шайх Шиблий маҳалласи томонидан ўтганимда, албатта, киндик қоним тўкилган уйимизни, ғуборсиз болалик ва ёшлик чоғларимни, оила аъзоларимни, маҳалладошларимни ва биз учун азиз бўлган Шуҳрат домлани эслайман.

 

Аслида дадам ҳам, Шуҳрат домла ҳам Хастимом маҳалласида дунёга келишган, улар тенгқур эдилар. Уларнинг болаликлари ҳам Хастимом маҳалласида ўтган. Дадамлар шўх-шодон болалик йилларини эслаганларида маҳалла яқинидан оқиб ўтадиган Кайковус каналида дўстлари билан “ким­ўзар”га сузишгани ҳақида ҳикоя қилиб берарди. Иккинчи жаҳон уруши бошланганда икки дўст ҳам фронтга отланишади, урушда оғир жароҳат олиб, ўз юртига қайтишади.

Шуҳрат домла янги асар ёзсалар, уни албатта, дадамга ўқишга берарди. Шу сабабли менга ёшлигимдан адибнинг асарларини ўқиш, улардан баҳраманд бўлиш насиб этган.

Ҳар гал “Минор” қабристонига яқинларимни зиёрат қилишга борганимда, албатта, Шуҳрат домлани ҳам хотирлайман. Илоҳим, ҳаммаларининг охиратлари обод, руҳлари шод бўлсин, деб ўтганларимизни бирма-бир тилга олиб тиловат қиламан.

Шуҳрат домла яшаган Хастимом маҳалласидаги уйини кўриш мақсадида у ерга бордим. Адибимизнинг уйи Ҳазрати Имом мажмуаси яқинида жойлашган экан. Мени шу файзли хонадоннинг соҳиби, Шуҳрат домланинг жиянлари тадбиркор Ҳикматилла Зиёмуҳамедов кутиб олди. Саранжом-саришта, шинамгина хонага кирар эканман, кўзим китоб жавонига тушди. Ушбу кўркам хонадонда зиёлилар, китобсеварлар яшаши сезилиб турарди.

Хушфеъл, очиқчеҳрали Ҳикматилла Шуҳрат домланинг танланган асарларини бирма-бир олиб менга кўрсатди. У киши билан суҳбатимизда: “Оиламиз учун азиз бўлган тоғамиз бизларга жуда меҳрибон, ғамхўр, қўллари очиқ, бағрикенг, ширинсўз ва ҳозиржавоб эдилар. Мени ўз фарзандларидек яхши кўрардилар”, дея хотирлайди адибимизнинг жияни. Урушнинг даҳшатларини кўрган, ҳаётнинг оғир заҳматларини бошидан кечирган бўлса-да, лекин адибнинг ҳаётга, Ватанига, унинг келажагига умид билан боқиб, сабрли бўлиб, шижоат билан ёниб ижод қилгани кишини ҳайратга солади.

Шуҳрат домла назмда ҳам, насрда ҳам, драматургияда ҳам ажойиб асарлар ёзган истеъдодли, қалами ўткир адибдир. Айниқса, шеърлари тиниқ ва равонлиги, халқ тилига, дилига яқинлиги, ҳаётийлиги, оҳангдорлиги билан китобхонни ўзига мафтун этади. Аксарият шеърларида Ватанга, халққа садоқат, севги, яхшилик, тўғрилик, камтарлик, дўстлик каби мавзулар самимий ва ҳаққоний ифодаланган. Ватанпарвар адиб киндик қони тўкилган муқаддас она юртини жондан севади ва унга ҳамиша содиқ қолади.

Тунингдек юлдузли осмон кўрмадим,

Ватаним, елингдай хушбўй юмшоғин.

Бир жаҳон олтинга алмашмас эдим,

Бир харсанг тошингнинг кичик ушоғин!

Бир он ҳам меҳрингсиз олмасдим нафас,

Қаерда бўлмайин, эй она ўлкам!

Шуҳрат домланинг шогирди, таниқли шоир Ойдин Ҳожиева устозини шундай хотирлайди: “Шуҳрат ака чинакам ҳаёт ошиғи, яхшиликлар элчиси эдилар. Шуҳрат ака жуда меҳрибон, меҳнаткаш, қаттиққўл эдилар. Ходимдан ўтган ҳар бир имло хато, матн тайёрлашдаги пала-партишлик учун оталарча койиб берардилар.

— Бир қўлингизда қалам, бирида ўчир­ғич бўлсин, — дердилар. Қўлёзмаларнинг тоза, сифатли бўлишига алоҳида эътибор берардилар”.

Шуҳрат домланинг шеърияти бамисоли одобнома, ҳикматномадир. Айниқса, саккизликлари, олтиликлари, тўртликлари бунга ёрқин мисолр. Қуйидаги тўртлигида шоир дилозор бўлмасликка, хушфеълликка чақиради:

Тил дами қиличдан ўткир бўлади,

Жароҳат изи ҳам битмайди асло.

Дилозор бўлмагин тилим узун деб,

Тил бошинг посбони ҳар чоқ, ҳар асно!

Шуҳрат домла жуда болажон эди, шу боисдандир, болалар учун ҳам самарали ижод қилган. Бугунги кунда унинг мазмунли ҳикояларини, шеърларини, ҳажвларини фарзандларимиз севиб ўқийди. Бу ҳақда Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ҳаким Назир замондошини эслаб шундай деганди: “Шуҳрат болаларга ҳам асарлар ёзишга вақт топарди. Болаларга ёзганда у худди қувноқ кичкинтойлар даврасига кириб қолгандай, улар билан чуғур-чуғур тиллашгандай, уларнинг шўх-шодон ўйин-кулгиларию қилиқларига қўшилиб кетгандай сезарди ўзини. Ҳикояларида… болаларда урушга қаттиқ нафрат уйғотувчи воқеаларни келтирар, халқлар ўртасидаги дўстликнинг кучини очиб берувчи, атроф табиатга меҳр уйғотувчи мавзуларга кўпроқ диққатни тортарди. Шеърлари ҳам гўзал, шўхчан, хилма-хил бўлиб, ўғил-қизлар онги-қалбига маънавият уруғларини мўл-кўл сочар, ота-оналарни, Ватанни жондан севишга ундарди”.

Шуҳрат домла фронтда кўрганлари, бошидан кечирганлари, ватандошларининг Иккинчи жаҳон урушидаги кўрсатган жасоратлари асосида “Шинелли йиллар” романини ёзди. Мазкур асарни ўқиганда беихтиёр уруш даҳшатларига гувоҳ бўламиз, тинчликнинг нақадар олий неъмат эканлигини чин дилдан ҳис этамиз. “Олтин зангламас” романи эса, машъум қатағон йиллари ҳақида ёзилган биринчи асардир. Қатағон этилган бегуноҳ кишиларнинг фожеали қисмати, халқимизнинг метин иродаси, олижаноблиги ёзувчи томонидан жонли тасвирланган бундай асарни ёзишнинг ўзи ўша пайтда катта жасорат эди. Ватанга садоқат, ўз юртига ҳамиша содиқ бўлишга ундовчи “Жаннат қидирганлар” нашр этилганда биз талабалар бу романни қўлма-қўл олиб ўқиганмиз.

Шуҳрат домланинг “Беш кунлик куёв”, “Қўша қаринглар”, “Она қизим” каби драматик асарлари саҳналаштирилган ва уларни халқимиз катта қизиқиш билан томоша қилган. Адибимиз қирққа яқин жаҳон ва қардош халқлар шоирларининг шеърларини ўзбек тилига таржима қилиб, дунё адабиёти намуналаридан барчамизни баҳраманд қилди. Сабрли, иродаси мустаҳкам, меҳнатсевар адиб она Ватанини, унинг ажойиб халқини дилдан севиб куйлади, ҳатто хасталигида ҳам, умрининг охиригача ижод қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимов адибни эслаб: “Шуҳрат домла ҳалол одам эди. Ижодда ҳам, ҳаётда ҳам! Шоир Шуҳрат замон азобларидан йиқилиб, тўшакка ётиб қолган чоғида ҳам титроқ қўллари билан ҳақиқат олдида титрамайдиган асарлар ёзди”, деган эди.

Устознинг асарлари қайта-қайта нашр қилинмоқда, шеърлари куйга солиниб, хонандаларимиз томонидан ижро этиб келинмоқда. Унинг ўлмас шеърларини болажонлар боғча ёшиданоқ ёд олишади. Айниқса, ўқитувчиларга атаб ёзилган “Ўқитувчи қасидаси” шеърини Шуҳрат домланинг “шоҳ асари” десам муболаға бўлмайди. Чунки мазкур шеър халқ орасида шундай оммалашганки, уни ёд олмаган киши бўлмаса керак. Ҳар гал ушбу шеърни ўқувчилар ёддан ўқишганда кўзларимда севинч ёшлари билан тинглайман.

Агар ҳаёт бўстон эса, боғбон муаллим,

Агар ҳаёт карвон эса, сарбон муаллим.

Агар ҳаёт олтин бўлса, заргар муаллим,

Агар ҳаёт денгиз бўлса, гавҳар муаллим.

Агар ҳаёт узук бўлса, кўзи муаллим,

Агар ҳаёт шоир бўлса, сўзи муаллим…

Шуҳрат домла муаллимларни гўзал сатрларида чиройли таърифлаган экан, ўзи ҳам юзлаб шогирдларига ва кўплаб адабиёт мухлисларига устоз эди, десам янглишмайман. У кишининг шогирди, таниқли ёзувчи Саъдулла Сиёев устозини шундай хотирлайди: “Шуҳрат ака зукко муҳаррир – ношир эди… Шуҳрат ака гапираётганида биров у кишининг сўзини бўлолмасди. Чунки устознинг гапи шу қадар самимий, жўяли, сержило, энг муҳими, юракка жиз этиб тегадиган бўларди. Устоз ерни тебратгудек бўлиб шаҳдам юрар, ғайрати ичига сиғмас, қўлга олган ишини охирига етказмагунча тинчимасди”.

Орадан йиллар ўтса-да, дадамиздан сўнг ҳам Алимовлар оиласи билан боғланган ришта давом этиб, менга Шуҳрат домланинг невараси Боту Алимовга она тили ва адабиёт фанларидан дарс бериш, синф раҳбари бўлиш насиб этди. Ўқувчиларим билан қадрли адибимизнинг уйларига бориб, у ерда суҳбатлар ўтказганман. Ҳозир Алимовлар сулоласи турли соҳада юртимиз тинчлиги, Ватанимиз равнақи, халқимизнинг фаровон ҳаёти йўлида ҳормай-толмай меҳнат қилишмоқда.

Ёниб яшаб, шижоат билан ижод қилган Шуҳратдек атоқли адиб билан маҳалладош бўлганимдан беҳисоб ғурурланаман.

Мен яшайман тотли мевалар

Лаззатида, ҳусни-кўркида.

Мен яшайман улуғ халқимнинг

Ниятида, орзу, эркида —

деб ёзганидек, устоз ўзлари яратган кўркам боғнинг эрта баҳорда униб чиққан навниҳолида, нафис, хушбўй гулида, ширин мевасида доимо барҳаётдирлар.

 

Гулжамила АЪЗАМХЎЖАЕВА,

Ўзбекистон Республикаси

халқ таълими аълочиси,

адабиётшунос

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan