Аслиятни англаш йўлида

Адабиётимизнинг катта таржима мактабини бунёд этган устозларимиз ўз даврида ўзбек китобхони қалбида жаҳон адабиётига чексиз муҳаббат уйғота олганлар. Бу мактаб тарихи қадим ва мавзу доираси кенг, унинг ботинида кечаётган жараёнлар эса бетимним ва унда энг яхши таржима намуналари сараланиб, дурдона асарлар хазинаси бойиб бораверади.

 

Кейинги йилларда улғайиб келаётган ёш таржимонлар тўлқини таржима асарларнинг тил жиҳатидан ҳам, географик жиҳатдан ҳам янада кенгайишидан далолат беради. 2016 йили чоп этилган ёш таржимонларнинг, уларнинг аксарияти талабалар, “Баҳор булбулларининг чаҳ-чаҳи” деб номланган тўпламида дунёнинг ўн бир тилидан бевосита ўгирилган асарлар жамланди. Албатта, айрим камчиликлардан холи бўлмаган бу тўплам ёш китобхонларнинг севимли китобига айланди.

Ўтган 2017 йил давомида таржима қилинган асарлар ҳам ўзбек тилидаги жаҳон адабиёти хазинасини имкон қадар бойитиш йўлида чекилган заҳматлар натижасидир. Шу муносабат билан “Шарқ юлдузи”, “Жаҳон адабиёти” журналлари ва “Китоб дунёси” газетасида босилган таржималар хусусида тўхталиб ўтмоқчимиз.

Нашрларни кузатганингизда ҳозирги адабий жараёнда насрий асарларга нисбатан назмий асарлар кам таржима қилинаётганига ва уларнинг барчаси ҳам талаб даражасида эмаслигига гувоҳ бўламиз.

“Жаҳон адабиёти” журналининг май ойи сонида эълон қилинган таниқли шоир Усмон Қўчқор таржимасидаги Юлиан Тувим шеърлари ўтган йилги энг яхши таржима намуналари сирасидандир. Жумладан, “Чизги” шеърида халқ қўшиқлари оҳангида яратилган дарвеш ошиқ қиёфаси аниқ-равшан жонланади:

Кўк қалпоғин қўйиб дол

Севги кезади шаҳар.

Қайдаман мен хастаҳол?

Айтсин ким билса агар.

Абдулла Шер олмон тилидан таржима қилган Ҳанриҳ Ҳайненинг шеър­лари ҳам (“Китоб дунёси” газетасида босилган) ўқувчига ҳайрат бағишлайди, таржимонлик маҳоратидан ёш мутаржимлар учун сабоқ вазифасини ўтайди. Шу ўринда яна “Шарқ юлдузи” журналида босилган Мирпўлат Мирзонинг рус шоири Николай Рубцов, Ўктам Мирзаёрнинг испан шоири Хуан Рамон Хименес, Абдумажид Азимнинг рус шоири Евгений Евтушенко ижодидан ўгирган шеърларини ҳам таъкидлаш жоиз.

“Жаҳон адабиёти” журналида чоп қилинган қирғиз халқ эпоси “Манас” таржимаси салмоқли ишлардан бири бўлди. Устозларимиз Миртемир ва Турсунбой Адашбоев бошлаган ишни давом эттирган Зуҳриддин Исомиддиновнинг таржимаси ҳам салмоқли ишлардан.

Ушбу журналда босилган Жеймс Жойснинг “Донаси бир пенни” шеърий туркуми инглиз тилидан Ҳумоюн ва Ойдиннисо таржималарида қиёсан икки намунада берилди. Буни таҳририят томонидан амалга оширилган ижобий тажрибалардан бири сифатида баҳолаш мумкин.

Тажрибали таржимон сифатида шаклланиш узоқ йиллар ўқиш-ўрганишни, машаққатли меҳнатни талаб қилади. Керакли малака, бой тажрибага эга бўлмай туриб жаҳон адабиёти намояндалари ижодига мурожаат қилиш ҳар доим ҳам кутилган натижани бермайди, турли савиядаги таржима асарлари юзага келади. Албатта, адабий жараённи синчковлик билан кузатганда шу ҳолга гувоҳ бўламиз. Муваффақиятсиз таржималарни юзага чиқармаслик учун нашрларнинг масъулиятини ошириш керак.

Атоқли рус шоири Марина Цветаева ижодига шоир-таржимонларимиз кўп мурожаат этадилар. Уларнинг орасида Гулбаҳор Саидғани ҳам фаоллик кўрсатаяпти. “Жаҳон адабиёти” журналида эълон қилинган туркум шеърлар орасида Цветаева ҳаёти ва ижоди ҳақида ёрқин таассурот уйғотадиган “Ёшлик” шеърининг таржимаси бунга бир мисол. Икки қисмдан иборат шеърнинг биринчи қисми нисбатан талаб даражасида ўгирилган, иккинчи қисми эса, аксинча. Маълумки, М. Цветаеванинг ёшлик йиллари машаққатли кечган, умрининг ўтган қисми билан видолашув руҳидаги “Ёшлик” шеърининг иккинчи қисми орада бир неча кун фарқ билан ёзилган: биринчи қисм нисбатан қувноқ, иккинчиси эса, айрилиқ, маҳзун оҳангларга йўғрилган. Таржимон шеърнинг биринчи қисмидаги “Молодость! Мой лоскуток кумашный!” сатрини “Эй, умримнинг атлас парчаси” деб ўгирган. Атлас парчаси рангин туйғуларни, қувончни англатади, алвон парчаси эса – фожеа, оташинлик, бебош ёшликка ишора. Шеърнинг иккинчи қисми таржимасида камчиликлар талайгина. Аввало, 9 бўғинли шеър нега 11 бўғинда таржима этилгани тушунарсиз.

Неспроста руки твоей касаюсь,

Как с любовником с тобой прощаюсь.

Вырванная из грудных глубин —

Молодость моя! — Иди к другим!

Гулбаҳор Саидғани таржимасида бу тўртлик қуйидагича:

Мен шунчаки қўлинг тутиб турмасман, гўё

Севгилим-ла видолашиб тургандек шайдо.

Қалб тўримдан суғурилган сен менинг бахтим –

Эй ёшлигим! Ўзгаларга этарман тақдим!

Кўриниб турибдики, таржима матнида пайдо бўлган изоҳлашлар ҳисобига шеър ритмикаси сусайиб кетган. Ўндан зиёд ортиқча сўз ихчамликка футур етказган. Аслиятдаги “Иди к другим!” сўзлари ўзбекчада “Ўзгаларга этаман тақдим” тарзида баён қилинган. Аслида “Бор ўзгаларга” (бошқаларга, бегоналарга) де­йилгани маъқулмиди. Зеро, шоир ўзининг бахтсиз ёшлигини ўзгаларга тақдим этаётгани йўқ, балки бешафқат ҳаёт, вақт унинг ёшлигини кўксининг қаъридан, юрагидан юлиб олаяпти.

Мазкур туркумдаги “Мактуб” шеърининг таржимаси ҳам аслиятдан йироқ. Шеър рус тилида 6 – 5 ҳижода ёзилган ва бу жўшқин оҳанг яратган. Қисқа сатрли шеър ёзиш ҳам, уни таржима қилиш ҳам қийин иш, айниқса, бунда қофия топиш имкониятлари чекланади.

Так писем не ждут,

      Так ждут — письма.

      Тряпичный лоскут,

      Вокруг тесьма

      Из клея. Внутри — словцо.

      И счастье. — И это — всё.

Таржимада:

Шунча кутилмас сўзлар,

      Бир хат шунча кутилар,

      Елим тасма гирдида

      Хатни боғлар қийқимлар

      Ичкарида бир сўз бор.

      Бахт бор унда. Шу – бори.

Шеър 7 бўғинда – бир маромдаги оҳангда таржима қилингани учун табиий равишда ортиқча сўзлар учрайди. Биринчи сатр “Так писем не ждут” “Шунча кутилмас сўзлар” тарзида ўгирилган. Аслида муаллиф “Шунчаки кутилмас хат” маъносида ёзган эди. Аслиятга кўра, хат шунчаки, бекордан-бекорга кутилмаслиги айтилаётир ва айни пайтда оддий хат кутилмаётгани ҳам англанади: ҳошияси елимланган хатнинг ичида сўз, бахт келади. “Шунча” ва “шунчаки” сўзларининг маъноларида катта фарқ бор. Таржимон сатрларга сингдирилган маънони тўла-тўкис англамагани, ҳис этмагани учун мазмунга футур етган, иккинчидан, қофиясизлик оқибатида оҳанг йўқолган. Олтита сатрда мазмунга халал берувчи саккизта (сўзлар, бир, хатни, боғлар, бир, бор, бор, унда) сўзга дуч келамиз.

Ўтган йили “Жаҳон адабиёти” журналининг 9-сонида Франческо Петрарка   сонетларидан айримлари рус тилидан Сафар Оллоёр таржимасида эълон қилинди. Одатда, даҳо адибларнинг асарлари бир қарашда оддий туюлади, аммо бу оддийлик замирида қат-қат маъно яширин. Уларнинг умрбоқийлик сири ҳам шунда.

Журналда йигирмага яқин сонет таржимаси берилган, улардан фақат биринчи сонетнинг биринчи тўртлиги таҳлили билан чекланамиз. Рус тилида:

В собранье песен, верных юной страсти,

Щемящий отзвук вздохов не угас

С тех пор, как я ошибся в первый раз,

Не ведая своей грядущей части.

Ушбу тўрт сатрда: Ёшлик эҳтироси жўш урган барча қўшиқларимдаги ҳўрсиниқларнинг ингроқ акс садоси тинмаган. Олдинда, келажакда нима кутаётганини билмай биринчи хато қилганимдан буён, дейилган.

Сафар Оллоёр таржимасида:

Қўшиққа жо этдим ёшлик завқ-шавқин,

Оғриқли оҳ-воҳлар шовқини гирён,

Илк хато хун   олган шум дамдан буён

Ҳис этмай яшарман ўз умрим ҳаққин.

Таржиманинг илк сатридаёқ аслиятдан узоқлашиб кетилган, шу боис, анг­лашилмовчилик келиб чиқади. Бу ҳол кейинги сатрларда ҳам давом этади. Айниқса, учинчи сатрда русча таржимага тамоман зид маънога дуч келамиз: оддийгина “Мен биринчи хатога йўл қўйганимдан буён” деган маъно сингдирилган сатрга йўқ жойдан “хун олган шум” ибораси қўшилиб қолган. Сабаби таржимон сонетдан таъсирланиб, сатрлар тагмаъноларини ифодалашга берилиб кетган. Тўғри, йўл қўйилган ҳар қандай хатонинг жазоси бор, лекин Петрарка буни ёзмай туриб ўқувчига англатади. Чиройли ҳаёт кечиришга ҳаққи бор, аммо мана шу хато туфайли афсус билан ўтаётган ошиқ хўрсинишлари ҳамон акс-садо бериб турибди, дейди. Муҳими, таржимада туйғуни ифодалаш, фикрни аслидай етказа билишдир.

“Китоб дунёси” газетасининг ўтган йилги сонларида атоқли рус шоири Иосиф Бродскийнинг иккита туркум шеърлари ёш таржимон Рафиқ Сайдулло таржимасида эълон қилинди. Бродский шеърияти рамзларга бой, уларнинг маъно-моҳиятини англаб етиш ўқувчидан юқори даражадаги мутолаа маданиятини талаб қилади. Мана, шоир ижодининг энг ёрқин намуналаридан бири, ҳаёт фалсафасига йўғрилган “Натрюморт” шеърининг илк тўрт сатри:

Вещи и люди нас

окружают. И те,

и эти терзают глаз.

Лучше жить в темноте.

Ёш таржимон таржимасида бу тўртлик қуйидагича:

Бизни қуршаб олмиш борлиқ –

Нарсалар ва кимсалар

Кўзларимга солар оғриқ,

Зулумотга кетмасам гар.  

Таржимада одамлар ва нарсалар битта “борлиқ” сўзи билан умумлаштирилган. Борлиқ жуда кенг тушунча – одамлар ва нарсалар унинг зарралари, холос. Аслиятда борлиқ ҳақида гап йўқ. Муаллиф нарсалар ва одамларни аниқ ажратиб кўрсатяпти. Шоир дейди: бизнинг атрофимизни одамлар ва буюмлар қуршаб олган. Унисига ҳам, бунисига ҳам қарасанг кўзларингни оғритади, толади. Шунинг учун қоронғида яшаган маъқул.

Ўтган йили эълон қилинган таржима асарларни кузатиш жараёнида шундай фикр-мулоҳазалар туғилди. Биринчидан, таниқли шоирлар таржималарини таҳлил этиб, ибрат оладиган жиҳатларини тарғиб этиш билан бирга, ёш, ҳаваскор мутаржимларнинг интилишларини қўллаб-қувватлаган ҳолда, уларнинг машқларини аслиятга жиддий қиёслаб, пишитиб, етарли йўл-йўриқ бериб, шундан ке­йингина нашрга тақдим этган маъқул. Маромига етмаган таржималарни эълон қилмаслик керак.

Иккинчидан, кўп ҳолларда шеърий таржималар изоҳталаб ҳолда эълон қилинади. Асарни ўқувчи чуқур англаши учун, албатта, изоҳлар зарур. ­Бошқа халқлар адабиётига мансуб асарлар таржимасига аксарият ҳолларда изоҳ зарур.

Аслият муаллифи ва таржима этилаётган асарни ҳурмат қилиш, эъзозлаш таржимоннинг бурчи. Шунда ортиқча сўз ёки тушунчаларни қўшишга таржимон ийманади. Афтидан, сўзни чуқур ҳис этмагунча, шеърга сингдирилган туйғуни туймагунча таржимага киришмаган маъқул. Аслият муаллифининг ҳаёти ва ижодини, қарашларини чуқур билиш, таржимага танланган асари унинг ижодида, қолаверса, жаҳон адабиётида қандай ўрин тутишини мутаржим билиши шарт.

Асар ўзбекчага ағдарилдими, ­демак, ўзбекча бўлишига эришмоғимиз керак.

Ҳумоюн АКБАРОВ

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan