Кун ва тун

Йиллар ўтади, авлодлар алмашади… Оловли жанггоҳлар ўрнини сўлим боғлар, осойишта кенг далалар эгаллайди. Уруш суронлари, аянчли оҳу нолалар ўтмишда қолгандек туюлса-да, ватанидан олисда жон берган аскарлар хотираси унутилмайди. Келажак авлод қалбида яшашда давом этади…

Иккинчи жаҳон уруши йилларида тақдир тақозоси билан Ўзбекистонга келиб қолган япон аскарлари ҳам она юртининг азиз фарзандлари эди. Бугун уларнинг хотирасига инсоний ҳурмат ва эҳтиром кўрсатилиб, қабрлари обод этилмоқда. Адолатсиз уруш қурбонига айланган аскарлар тақдири ёш авлод вакилларини ҳам бефарқ қолдираётгани йўқ.

Улуғбек МИРЗААЛИЕВ Тошкент давлат шарқшунослик университетининг учинчи босқич талабаси. У ўтган йили Россияда ўтказилган халқаро Чеховхонлик танловида ғолиб бўлиб, хорижлик тенгдошларига китобсеварлик бўйича ўзига хос сабоқ берди. Таржимонлик санъатини катта завқ ва ҳавас билан ўрганаётган ёш ижодкорнинг “Кун ва тун” марсияси юртимизда мангу қўним топган япон жангчилари хотирасига бағишланган.

 

Япон денгизи тўлқинларидек

қатор-қатор,

саф-саф

даҳмалар.

 

Атом бомбаси буҳронин эслатар 

бир жуфт тол

мозор четида

толғин…

 

Толнинг акашак шоҳида

юзи қора қарға жонсарак.

Ер ости зиндонида

ерпарчин ётар

кунчиқар юрт йигитлари…

 

Қабристоннинг пахса деворидан

қуёш ошолмайди.

Унинг йўлин тўсар

сакуранинг пушти гуллари…

 

Уруш нима ўзи?

У кимга керак?

ўолиб ким?

Мағлуб ким?

Ким бергай жавоб?

 

…Байроқлардан тўкилар Юлдуз,

Байроқларни тилкалайди Ой,

Байроқларни куйдирар Қуёш.

Байроқларни ҳўл қилар

Қон,

ёш…

 

Боғчадаги ёғоч кулба ёнида

икки яшар

болакай

Ўртоғи қўлидаги олмани опқўйди.

Жабрдийда мунчоқ ёш тўкди.

Олмадай

Ер куррасин

саксон фоизи – шўрсув…

 

Бекободда,

Қўқонда,

Тошкентда…

Ер ости чорбоғларида

Илдизга айланган ботир самурай

Қиёматни кутар.

Хиросима,

Нагасаки эса кутмайди.

 

Урушни бас қил, дейман!

Хуружни бас қил!

Ҳуришни бас…

дейман ўзимга.

Аммо..

эшитмайман,

аммо тингламайман,

аммо англамайман…

Атроф тўла ўқлар овози,

Ёнбошимда портлайди бомба.

 

Тўхта, дейман, тўхтамайман лек.

Бўлди, дейман бироқ бўлмайди.

Бас дейману 

шўрлик товушим

ўққа учиб кетар ногаҳон..

 

Мен ҳам қисиқ кўзли бир аскар.

Ягонадир кўксимда жоним.

Мен жангчиман, самурайман мен,

Мен – халқимнинг ёвқур сипоҳи!

Ўзим лашкар, ўзим қўмондон.

Эй, лаънати уруш!..

 

Ўч оламан сендан, эй уруш!

Дунё, кўзингни оч!

Инсон, сен ким тараф!

Бугун

уруш эълон қилдим урушга!..

 

…Фозил-ота хилхонаси*

Осмонида юлдуз гуллади.

Аллақачон сўнган,

Ёғдуси тирик

Юлдуз.

 

Унинг бошида

Қабртошдай

Ой…

 

*Япон аскарлари мангу қўним топган пойтахтимизнинг Яккасарой туманидаги Фозил ота қабристони.

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan