Ватан туйғуси ҳақида

 Озод ШАРАФИДДИНОВ,

Ўзбекистон Қаҳрамони

Ватан. Ватан туйғуси. Ватан муҳаббати. Нимадир булар? Булар қандай сеҳрли қудратки, ҳали вояга етмаган, дунё кўрмаган, турмушнинг паст-баландларидан бехабар, ўйину шўхликлардан ўзга дарди йўқ бир ўсмирнинг юрагига жо бўлиб олиб, бутун умр унинг хатти-ҳаракатини, юриш-туришини бошқариб туради. Бу туйғу инсон фарзандида туғма бўлармикин? Ёки гўдак тамшана-тамшана онасини эмганида, она сути билан бирга бу туйғу унинг ҳам томирларига югурармикин? Умуман, «Ватан» деганнинг ўзи надир? Туғилиб ўсган уйингми? Бешикда қулоғингга кирган мунгли ва айни чоғда нурли аллами? Бувингнинг эртакларими? Мактабми? Илк бор висол онларига гувоҳ бўлган сўлим хиёбонларми? Албатта, буларнинг ҳаммаси ва яна аллақанча нарсалар бирлашиб, «Ватан» деган нарсанинг сўнмас тимсолини яратса керак. Ва яна ўйлайманки, боланинг мурғак қалбидаги илк бор пайдо бўлган Ватан тимсоли ҳар қанча ёрқин бўлмасин, ҳали ўзининг шаклу шамойилини тўла топиб улгурмаган бўлади. Ватан туйғуси инсоннинг ўзи билан бирга ўсиб-улғаядиган туйғу бўлар экан. Тажрибангиз ортгани сари, ҳаёт дошқозонида қайнаб пиша борганингиз сари Ватан деган нарсани чуқурроқ қадрлайдиган бўлиб қоласиз, Ватан ҳақидаги тасаввурингиз тўлишиб, кенгайиб, бойиб боради. Ватан туйғуси бутун вужудингизни қамраб олади, ҳар бир ҳужайрангизга томир ёзади. Сиз энди англай бошлайсизки, Ватан нафақат жўшқин ёшлик дамлари билан боғлиқ сўлим маскандир. Инсон ҳам ниҳолдай гап — уни ундириб ўстирадиган она замин бор, қуёш, сув, ҳаво уни ўз неъматларидан баҳраманд қилади. Шунинг учун буларнинг бари инсон учун азиз ва ардоқли.

* * *

…«Ватан» тушунчаси муайян жўғрофий ҳудуднигина қамраб олмайди, балки унинг таркибига бутун жамият, унинг кечаги куни, бугуни ва эртаси ҳам киради. Шунинг учун мен «ўлсам айрилмасман қучоқларингдан» дея бот-бот такрорлаганимда биламанки, мен ватанимга керакман. Кимлигимдан, ёшу қарилигимдан, касбу коримдан қатъи назар. Биламанки, менсиз Ватанимнинг нимасидир кемтик, нотўкис бўлиб қолади. Айни чоқда шуни ҳам биламанки, Ватаним менга кўпроқ керак. Ватан менсиз яшаши мумкин, лекин мен ватансиз яшаёлмайман!

* * *

Яратганга беадад шукроналар қиламан, баъзан эса Ватаннинг менга кўрсатган беҳисоб иноятларига, элу юрт ардоғига муносиб жавоб бера олаётганим йўқ, Ватан олдидаги фарзандлик бурчимни тўла ўтаёлмаяпман деб ўкиниб қўяман. Бу ўкинч мени кўп нарсалар тўғрисида ўйлашга ундайди. Ахир, бу беқиёс гўзал Ватан Аллоҳнинг эл қатори менга ҳам атаган буюк туҳфаси. Мендан аввал ўтган авлод-аждодларим уни жамики бетакрор жозибаси билан, туганмас хазиналари билан менга мерос қолдирган. Хўш, нима қилмоқ керак? Текин мерос экан деб унинг бойликларини бир чеккадан совураверишим керакми? Ахир, ётиб еса тоғ чидамас экан. Йўқ, орқа-олдимизга қарамай совуриш йўлини тутадиган бўлсак, бу гўзал ўлка уч-тўртта авлоднинг умри ўтмасданоқ одам юрса оёғи, қуш учса қаноти куядиган дашту биёбонга айланади-ю, биз ҳаммамиз келажак авлодларнинг қарғишига учраймиз. Бахтимизга, ўтган авлод-аждодларимиз бизга Ватанни мерос қилибгина қолдирган эмаслар, балки бу Ватанни чин юракдан севишни, унга фидокорлик билан хизмат қилишни, унинг ҳуснига ҳусн, бойлигига бойлик қўшишни ҳам мерос қолдиришган. Ватанни севмоқ имондандир, деб таълим беришган улар. Демак, ҳар бир одам учун Ватанни севиш ҳам фарз, ҳам қарз.

* * *

Ватанни севиш ва, айниқса, бу севгини амалда намоён қилиш унчалик осон иш эмас. Бу одамдан жуда катта жасоратни, бардошни, чидамни талаб қилади. Қизиғи шундаки, Ватан ўз фарзандларидан ҳар ойда, ҳар ҳафтада, ҳар соат, ҳар сонияда жон фидо қилишни талаб қилмайди. Ватан йўлида содир бўладиган бундай фидокорлик энг юксак, энг олий фидокорлик бўлиб, у фавқулодда ҳолларда рўй беради. Лекин Ватан севгиси одамдан бир қарашда маҳобатли кўринмайдиган, инсоннинг оддий фаолиятидан кам фарқ қиладиган, аслида эса жуда машаққатли меҳнатдан иборат бўлган кундалик жасоратни талаб қилади.

* * *

Ватанга муҳаббатингизни амалда намоён қилмоқ учун фалон қилинг, пистон қилинг деб кўрсатма беролмайман. Ҳаётнинг ўзида сиз қилишингиз мумкин бўлган юмушлар оёқ остидан чиқиб қолади. Ҳозир ўзи турган жойда ободончилик ишларига ёрдам бераётган, мактабларга, болалар боғчаларига кўмаклашаётган, ижодкорларнинг китобларини чоп эттиришга мададлашаётган, қўли қисқароқ оилаларга болаларнинг тўйларини ўтказиб бераётган ва яна қанчадан-қанча саховатпеша ишларни қилаётган одамлар ҳақидаги хабарлар кўпайиб қолди. Буларнинг бари элу юрт равнақи йўлида қилинаётган савоб ишлардир. Агар борди-ю, бунақа ишларга ҳам қурбингиз етмаса, ҳечқиси йўқ, ўкинманг — жилла бўлмаса, тўрт-беш туп дарахт экинг, ҳовлингиз атрофини обод қилинг, лоақал, эшигингиз тагига бир туп қирқоғайни экингки, ўтган-кетганлар яшнаган гулларни кўриб, ичларида «баракалла» дейишсин. Бундай ишлар ҳам юртимизнинг ҳуснига ҳусн, чиройига чирой қўшади-ку.

* * *

Одам ота-онасини танлаёлмаганидек, ­Ватанни ҳам танлаёлмайди. Албатта, Аллоҳ одамга Ватанни музликлардан ҳам, саҳролардан ҳам, чангалзорлардан ҳам ато этиши мумкин. Лекин сиз билан бизга Аллоҳ Ўзбекистон деб аталган, тупроғида олтин гуллайдиган, қишларида баҳор шивирлайдиган, тоғ деса тоғи бор, боғ деса боғи бор, ҳар тонгда булбуллар мадҳини ўқиб тамом қилолмайдиган бир юртни Ватан қилиб берган экан, бунинг учун ўзимизни БАХТЛИ деб билмоғимиз керак. Президентимиз айтганидай, шукроналар билан яшамоғимиз керак. Ватан бизга ато этилган улуғ неъмат экан, Ватанга муҳаббат ҳам ҳар биримизга берилган улуғ неъматдир.

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan