Алишер Навоий “Мажолис ун-нафоис” тазкирасида ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур “Бобурнома” асарида ёзиб қолдирган адабиётшуносликка оид қимматли маълумотларнинг айримлари бири-бирига жуда яқин ёки ҳар икки ижодкорга тааллуқли. Бундай умумий маълумотларни бир муштарак адабий ҳодиса сифатида баҳолаш мумкин. Муштарак адабий ҳодисалар жаҳон адабиётидаги турли адабиётлар, бир ҳудудда яшовчи адиблар ижоди ва бир даврда яшаган ижодкорларга ёки айрим олинган шоирлар ижодига хос бўлиши мумкин. Биз муштарак адабий ҳодисаларнинг айрим олинган ижодкорлар ижодига хос кўринишини темурийлар Уйғониш даври вакиллари — Абулвафоий Хоразмий, Алишер Навоий ва Бобур ижодида кузатдик.

Мақолада Алишер Навоий ва Бобур ижодида битилган ниҳоятда кам учрайдиган таворуд каби ноёб муштарак адабий ҳодисани ҳамда Абулвафоий Хоразмий ва Бобур ижодида маҳорат билан назм ва насрда қўлланган, Шарқда машҳур бир мақол асосида яратилган ирсоли масал сингари адабий ҳодисани аниқлаб, танлаб олдик. Хусусан, Алишер Навоий ва Бобур ўзларининг темурий шаҳзода Кичик мирзо(1451 — 1484) ҳақида ёзган тарихий маълумотларида таворудга тушган жуда гўзал рубоийсини таъкидлаб кўрсатган ва бирдек таворуд истилоҳини қўллаган.   Улар таворуд сабаб темурийлар Уйғониш даври мутафаккири Абдураҳмон Жомий ижодига очиқ ва яширин талмеҳ­(Нуран Махдум, Мулло нисбаси)да, Кичик мирзо ижодига эса очиқ талмеҳ воситасида юксак баҳо берганлар. Ўрганишимизга кўра, Ўзбекистон Қаҳрамони Су­йима ўаниева ва атоқли навоийшуносларнинг таворудга берган таърифлари бир-бирини тўлдиради, чунончи: “Таворуд (арабча: кетма-кет келмоқ, бир-бири билан тасодифан бир ерга тушиб қолмоқ ) – адабиётда шеърни бир-биридан хабарсиз ҳолда икки шоир томонидан яратилиш ҳодисаси, тасодифан бир-бирига айнан ўхшаб қолиши” (Ё.Исҳоқов, М.Ҳакимов).

Султон Ҳусайн Бойқаронинг жияни шаҳзода Кичик мирзонинг форс тилида ёзган бир рубоийси тасодифан улуғ шоир Абдураҳмон Жомий рубоийси билан бир-бирига айнан ўхшаб – таворуд воқе бўлади. Ушбу гўзал илҳомий жараён бўлмиш муштарак адабий ҳодиса Ҳирот адабий муҳитида шуҳрат қозонади, қалам аҳли орасида Абдураҳмон Жомий ва Кичик мирзо ижодига ҳавасу рағбат, қизиқиш ортади. Бу ҳақда Ҳирот адабий муҳитининг раҳбари ва ҳомийси Алишер Навоий “Мажолис ун-нафоис”нинг   Соҳибқирон Амир Темур ва йигирма нафардан зиёд темурийлар ёдга олинган еттинчи мажлиснинг Кичик мирзо зикрида ва Бобур “Бобурнома”нинг Султон Ҳусайн Бойқаро ҳақидаги “Валодат ва насаби” номли фаслда   ёдга   олган ва фикрлари исботи учун шаҳзоданинг машҳур рубоийсини келтирган. Биз ўқувчиларнинг Кичик мирзо тўғрисида тўлиқроқ маълумотга эга бўлишларини истаб, мақолада Алишер Навоий ва Бобурнинг шаҳзода ҳақидаги ҳасби ҳолини, таърифу тавсифларини тўлиқроқ ҳолда беришга уриндик. Аммо ҳар икки даҳо ижодкор Кичик мирзога ўз асарлари хусусиятидан келиб чиқиб маълумот ва баҳо берганлигини ҳисобга олишимиз керак. Масалан, Алишер Навоий тазкирасида Кичик мирзонинг   фазилати ва иқтидори билан боғлиқ ўндан ортиқ сифатларини ­санаб кўрсатса, Бобур мемуарида унинг “табъи ­назми”дан ташқари қисман автобиографиясини, жумладан, Султон Ҳусайн Бойқаронинг Оқобегим исмли опасининг ўғли, отаси Султон Аҳмад мирзо, унинг асли исми Муҳаммад Султон мирзо эканлигини, у отаси билан подшоҳ тоғаси қўлида муайян вақт ҳарбий хизматда бўлганлигини   ҳам айтган. Алишер Навоий ёзади: “Кичик мирзо – хуб табълиқ, тез идроклик, шўх зеҳнлик, қавий ҳофизалиқ йигит эрди. Оз фурсатда яхши толиби илм бўлди ва кўпроқ улум ва фунундин ўз мутолааси билан вуқуф ҳосил қилди. Шеър ва муаммони хуб англар эрди, балки кўнгли тиласа айта ҳам олур эрди. Бовужуди бу фазойил дарвешларга мойил бўлуб, Макка зиёрати шарафига мушарраф бўлди. Аммо бағоят мустағни киши эрди. Бўла олурким, фақир истиғноси эркан бўлғай. Бу рубоий анингдурким:

 

Умри басаллоҳ месутудам худро,

Дар шевайи зуҳд менамудам худро,

Чун ишқ омад кадом зуҳду, чи салоҳ,

Ал-миннату лиллоҳ, озмудам худро.

 

Баъзи дерларким, бу рубоий ҳазрат Махдумий Нуран била таворуд воқе бўлубтур. Андоқ дағи бўлса, улуғ давлат турур”.

Ёки Бобур “Бобурнома”да ҳам Кичик мирзо рубоийсини айнан келтиради ва шундай ёзади: “…Бир ўғли бор эди, Кичик мирзо отлиғ. Бурунлар тағойисига мулозамат қилур эди, сўнгра ­сипоҳийлиқни тарк қилиб, мутолааға машғул бўлди. Дерларким, донишманд бўлуб экандур. Табъи назми ҳам бор экандур…”.

“Муллонинг рубоийси била таворуд бўлубтур. Охирлар ҳаж тавофи ҳам қилди”.

Таворуд бўлган рубоий таржимаси: Умр бўйи ўзимни яхшилик била мақтадим, ўзимни зоҳид ва тақводор қилиб кўрсатдим. Ишқ келгач, зоҳидлик қайда қолдию яхшилик нима бўлди? Оллоҳга шукр­ким, ўзимни синадим.

Қизиғи шундаки, Навоий таворудга сабаб бўлган Кичик мирзо рубоийси тўғрисида ёзар экан, биринчидан, таворуд Ҳирот адабий муҳитидаги бошқа ижодкорлар томонидан тан олиниб айтилганини “Баъзи дерларким” дея таъкидлаб кўрсатса, иккинчидан, ўзи ҳам замондош шоирларнинг таворуд ҳақидаги мазкур баҳосини мунаққид сифатида ўрганиб, қадрлаб ўз хулоса ва розилигини “Андоқ дағи бўлса, улуғ давлат турур” дея лутф билан баён қилган. Тарихий манбаларда, Алишер Навоийнинг меҳри, ҳурмати Кичик мирзога ва ўз навбатида Кичик мирзонинг ихлоси, эътибори Алишер Навоийга ҳам ўзгача бўлганлиги, ҳатто бу муносабату яқинликни ифодаловчи расм чизилганлиги тўғрисида ҳам хабарлар айтилган. Бу ҳақда навоийшунос Қ. Эргашов шундай изоҳ берган: “Ўша давр миниатюраларидан бирида Алишер Навоийнинг Кичик мирзо билан суҳбатлашиб тургани тасвирланган”. Алишер Навоий “Соқийнома” асарида Кичик мирзонинг навқирон, ўттиз уч ёшда бевақт вафот этганидан қаттиқ куюниб, чеккан изтироблари ҳақида, унинг отасига берган тасаллилари борасида ҳам қатор байтларни ёзиб қолдирган.

Фикримизча, Бобур эса бу таворудни Кичик мирзонинг донишмандлик фазилати билан боғлаган.

Абулвафоий Хоразмий ва Бобур ижодига хос бўлган муштарак адабий ҳодисани белгилашда биз яна ихлос билан Алишер Навоий ижодхонасига юзланамиз. Алишер Навоий “Мажолис ун-нафоис” тазкирасининг “Аввалғи мажлиси”да ўзининг ҳурмати ва эътиқодини изҳор қилган ҳамда “Хожа авсофини ҳар киши битар бўлса, алоҳида бир китоб битмак керак, маълум эмаским бу китобда ҳам сиқғайму ё йўқ” дея шарафлаган, ижодкорларни у ҳақда китоб ёзишга ундаган ва Хоразм халқи “Ер фариштаси” дея улуғлаган, эъзозлаган Хожа Абулвафоий Хоразмий(14-асрда, Шоҳрух мирзо замонида яшаб, ижод қилган шайх ва шоир, бизга 100га яқин рубоийлари етиб келган, Ҳ. Абдуллаев ва Э. Очилов каби олимлар унинг рубоийлари хусусида тадқиқот ва таржималарни амалга оширган) ҳақидаги фиқрасида унинг форс тилида битган чуқур фалсафий мазмундаги бир рубоийсини намуна ва далил сифатида келтиради:

 

Бад кардаму эътизор бадтар зи гуноҳ,

Зеро ки дар ин ҳаст се даъвии табоҳ,

Даъвии вужуду даъвии қуввату ҳавл,

Ло ҳавла ва ло қуввата илло биллоҳ.

 

Рубоий таржимаси: Гуноҳ қилдим, узрим гуноҳимдан ёмон, бу узрда учта бузилган даъвони: вужудни, қувватни, қўрқувни даъво қилиш бекордир. Чунки қўрқув ҳам, куч-қувват ҳам Оллоҳдандир.

Англашимизча, ушбу рубоий улуғ шоирга жуда маъқул келган бўлса керакки, мазкур шеърни у “Насоийим ул-муҳаббат” тазкирасида келтирган саккизта рубоий қаторида ҳам тилга олган. Агар рубоийга диққат қилсак, Абулвафоий Хоразмий рубоийнинг биринчи “Бад кардаму, эътизор батар зи гуноҳ” мисрасида Шарқда машҳур бўлган, ҳозир ҳам сўзлашувда бор бўлган “Узри гуноҳидан ёмонроқ” мақолини маҳорат билан қўллаганига ва назмда ирсоли масалнинг бетакрор намунасини ижод этганига амин бўламиз.

Хулоса шуки, биз юқорида таҳлил ва талқин қилган таворуд, ирсоли масал каби муштарак адабий ҳодисалар Алишер Навоий, Абулвафоий Хоразмий ҳамда Бобурнинг ҳаёти ва ижоди билан боғлиқ айрим муштарак жиҳатларини очиб бериш билан бирга, уларнинг ўзига хос бадиий маҳоратини кўрсатувчи мезон ҳамдир.

 

Буробия РАЖАБОВА,

ЎТАФИ катта илмий ходими,

филология фанлари номзоди

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan