Ўтган асрнинг 60-70-йилларида радио, телевидение орқали янграган “Куйла, даврим ҳур қизи”, “Аяжоним, койиманг”, “Гулчи қиз”, “Ким ўзи?”, “Ошиқ” каби шўх-шан қўшиқлар мухлислар тилидан тушмасди. Булар ўзбек эстрадасининг тамал тошини қўйган атоқли санъаткор Ботир Зокиров билан бир даврда саҳнага чиққан, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Раъно Шарипова ижодининг илк намуналари эди. Ана шу қўшиқлариёқ хонанданинг ёқимли овози, актёрлик маҳорати ва дилбар ижроси туфайли мухлислар қалбидан жой олди. Бундай жозибали овоз бастакорларни янги-янги эстрада қўшиқлари яратишга илҳомлантирди. Ўша йилларда кўплар ажабланиб: “Э, бу қўшиқларини маза қилиб эшитадиганимиз Раънохон асли шифокор экан-ку!” дейишарди. Биз ҳам санъаткорга: “Нима учун аввал бошдан санъат йўлини танламагансиз?” деган савол билан юзландик.

— Яхши биласиз, отам Байзо Шарипов санъатни ниҳоятда севган, мақомларни билган ва куйлаган, бир неча йил юртимизда фан ва санъат соҳасида раҳбарлик лавозимларида ишлаган. Онам Берта Давидова-Шарипова дастлаб раққоса, драма актрисаси, 1934 йилдан Алишер Навоий номидаги давлат академик катта театри саҳнасида бош ролларни ижро этиб, эл олқишига сазовор бўлган санъаткор эди. Ота-онам санъат кишилари бўлганлари учун мени қийинчиликлардан, саҳна ортида кечадиган турли гап-сўзлардан асраш мақсадида тиббиёт соҳасида ишлашимни хоҳлашган. Аслида болалигимдан театрда, уйимиздан қадами узилмайдиган санъат аҳли орасида катта бўлганман. Куйлашни жуда яхши кўрардим, ҳатто тушларимда ҳам куйлардим. Энг кичик уч опа-сингил биргаликда уруш даври қўшиқларини айтиб юрардик. Боғчада, кейинчалик мактабда ҳаваскорлик тўгарагида ҳам қатнашганман. Шу ерда кейинчалик таниқли композитор бўлган Евгений Живаев билан танишганман. Мактабни тугатиб, ҳужжатларимни Тошкент медицина институтига топширдим. Ректорнинг таклифи билан ўн тўрт кишилик оркестр тузилди. Учинчи курсдан концерт бера бошладик. Албатта, ҳам ўқиш, ҳам куйлаш осон бўлмаган.

— Раъно опа, билишимча, сиз евро гуруҳида ўқигансиз. Лекин қўшиқларни ўзбек тилида жуда яхши айтасиз. Ҳозир ўзбек мактабида ўқиган баъзи хонандаларнинг сўзларни нотўғри талаффуз қилиши, урғуни нотўғри қўйиши ғашга тегади.

— Хонанда қайси тилда куйласа, ўша тилнинг талаффузига, қонун-қоидаларига риоя қилиши шарт. Бу, аввало, тилга ҳурмат. Қолаверса, қўшиқни пала-партиш ижро этиш маданиятсизлик, савиясизлик белгиси. Тўғри айтдингиз, рус гуруҳида, европача тарбия кўрган одамлар орасида катта бўлганман. Шу боис рус тилида эркин гапираман. Лекин ўзбекча урф-одатлар, анъаналарга риоя қилинган санъаткорлар оиласида, ўзбек мумтоз мусиқаси ва ашулалари ҳамиша янграб турадиган, ўзбек ва тожик тилларида эркин сўзлашиладиган хонадонда тарбияланганман. Бундан ташқари хонадонимиз Тамарахоним, Қори Ёқубов, Аброр Ҳидоятов, Малик Қаюмов, Миртемир, Ҳалима Носирова, Мутал Бурҳонов каби ўзбек санъатининг забардаст вакиллари билан гавжум бўларди. Айтмоқчиманки, ана шу омиллар орқали ўзбекча талаффуз қон-қонимга сингиб кетган. Айниқса, онам билан бирга театрда кечган дамларим мен учун катта мактаб бўлган.

Айтганингиздек, бугун баъзи ёш ижрочиларнинг қўшиқларини эшитганимда, уларнинг тилга, матнга эътиборсизлиги, талаффузидаги ғализликлардан ранжийман. Ахир, буюк Алишер Навоий “Тилга эътиборсиз — элга эътиборсиз” деб бежиз айтмаган. Халқ номидан куйлаётган одамнинг шу халққа беҳурматлик қилишга ҳаққи йўқ.

— Ижодингизни кузатиб, ўтган асрнинг 70 — 90-йиллари фаолиятингизда энг гуллаган даври бўлганини кўрдим. Айниқса, “Шояд” “Юраккинам”, “Бошимдаги зарбандим”, “Нозлигим”, “Умрим борича”, “Мунча иссиқ экан юлдузинг” каби қўшиқларингиз кўпчиликнинг тилидан тушмасди. Янглишмасам, йигирмадан ортиқ тилда куйлагансиз. Улардан туркча “Севинжим”, қозоқча “Аулунг сенинг иргели”, озарбойжонча “Қунешли омрум”, туркманча “Немесен” каби қўшиқларингиз халқ орасида машҳур бўлиб кетганди. Таниқли театршунос олим Мамажон Раҳмонов ижодингиз ҳақида гапира туриб шундай деган: “…шеърдаги қофиядан тортиб унда ифода этилган теран ҳис-туйғу ва кайфият оҳангларга кўчади. Бу соҳада сизнинг бастакор ва композиторлар билан ҳамкорликда изланишингиз, ижод қилишингиз ибратлидир”.

— Биринчи навбатда ўзимга ёққан, қалбимга учқун ташлаган шеърни танлардим. Кейин композитор билан иш бошлардим. Жомий, Низомий, Маҳтум­қули шеърларини қўшиқ қилганман, Пўлат Мўмин, Маъруф Қориев, Саида Зуннунова, Ҳусниддин Шарипов каби шоирлар билан яхши ҳамкорлик қилганмиз. Улар сўз устида ишлашдан оғринмасди. Эътироз билдирилган сўз ё мисраларни қайтадан ёзиб беришарди. Композиторлар билан ҳам жиддий ҳамкорликда ишлардик. Шу ўринда Сайфи Жалил, Муҳаммаджон Мирзаев, Эдуард Қаландаров, Энмарк Солиҳовдек ажойиб санъаткорларни эслаб ўтишни бурчим, деб биламан.

Айни пайтда эстрада санъатининг таниқли намояндалари Александра Пахмутова, Илья Резник, Иосиф Кобзон, Раймонд Паульс каби санъаткорлар билан яқин ижодий ҳамкорлик қилишга, фикр алмашишга, уларнинг эътирофини эшитишга муваффақ бўлганимдан хурсандман. Айниқса, ўтган асрнинг 80-йиллари бошларида бўлган бир воқеа ёдимдан чиқмайди. Ҳиндистонлик ўқитувчи танловда рус қўшиқларининг чет эллик моҳир ижрочиси сифатида ғолиб бўлади. Шу сабаб Шубра исмли бу аёл бутун шўро республикалари бўйлаб саёҳат қилиш имтиёзини қўлга киритади. Мени ҳайрон қолдиргани, Ўзбекистонга келган заҳоти Раъно Шарипова деган хонанда билан учраштиришларини сўрайди. Шубра билан учрашганимизда бирга қўшиқлар куйладик. “Дайди”, “Жаноб 420” фильмларидан ҳиндча қўшиқлар айтиб берганимда, ниҳоятда хурсанд бўлди.

Ҳаётимда бундай воқеалар жуда кўп бўлган. 1975 йил қўшиқлари танловида лауреат бўлганим ёдимдан чиқмайди. Якуний концертда қатнашиш учун Москвага йўл олганмиз. Об-ҳаво ноқулай, қор, совуқ сабабли Ленинградга қўнган самолёт ичида тўрт соат ўтирганмиз. Москвадаги меҳмонхонага етиб келгунча анча машаққатли йўлни босиб ўтганмиз. Совуқ ҳавода узоқ ўтириб, иситмам чиқиб кетган. Катта саҳнада 38,5 даража иситма билан қўшиқ айтганман. Энг муҳими, жонли ижрода куйлаганман. Ўша пайт­да фақат жонли ижрода айтганмиз.

— Билишимча, саҳна либосларингиз, пардоздан тортиб бошқа барча ташкилий ишларгача ўзингиз шуғулланар экансиз…

— Тўғри. Ахир, театрда катта бўлганман-ку. Ёшлигимдан ҳамма нарсани тайёрлашни ўрганганман. Тикишни биламан. Ҳар бир концерт ва суратга олиш жараёнига матони, бичимни ўзим танлаганман ва истаганимдек тиктириб кийганман. Мода кетидан қувиб, қимматбаҳо либослар харид қилишга ружу қўйган эмасман. Пардоз масаласида ҳам шундай. Барча зарур нарсаларни ўзим танлаб, пардозни ҳам, соч турмагимни ҳам ўзим қилардим. Эҳтимол, баъзида қиёфамда бирхиллик кўзга ташланиб қолгандир. Лекин бу менинг имижим, менинг қиёфам. Хуллас, саҳнадаги қиёфамни ўз ҳисобимдан яратганман. Ҳатто ижодим ҳақидаги дастлабки фильм-концертларда ҳам оддий либосларда чиққанман. Кийимларим ҳозиргача сақланиб қолган.

Ҳозир баъзи хонандаларнинг чиқишларини кўриб ҳайрон қоламан. Битта қўшиқ тугагунча беш-олтита кўйлак алмаштиришади. Тоғда ҳам, боғда ҳам концерт либосида қўшиқ айтади. Қизиқ, у қўшиқ куйлайдими ё кийимини реклама қиладими? Ваҳоланки, асосий эътибор ижрода бўлиши керак. Ижро жараёнида саҳнада у ёқдан бу ёққа югуриш, залга қарата қичқириш, қарсакни сўраб олиш — булар ҳақиқий санъат кишисининг иши эмас. Эҳтимол, баъзилар бугун бошқа давр, ёшлар шуни талаб қиляпти, дейишар. Лекин санъаткор ёшларни ортидан эргаштирадиган кучга эга бўлиши, уларнинг ортидан югурмаслиги керак. Саҳна, телевидение, радио — маданият, маънавият тарғиботи ўчоқлари. Ҳар бир санъат кишиси зиммасидаги шундай улкан юкни ҳис этиб ижод қилиши лозим. Бугун ёшларимизда ўз иқтидорларини намоён этишлари учун барча шарт-шароит ва имкониятлар бор. Афсуски, бадиий мукаммал қўшиқни топиш мушкул бўлиб қолди. Ваҳоланки мен учун бу борада ҳеч қачон муаммо бўлмаган. Ҳозир баъзи хонандалар қўшиқларимни айтишга рухсат сўраб мурожаат қилиб қолишади. Баъзан ўзлари эмас, кимлардандир сўраттиришади. Ишлагилари, бош қотиргилари келмайдими, ҳайронман. Яхши шоирлар, шеър китоблари кўп. Ўқиш, изланиш, ижод қилиш керак. Албатта, ижоди билан халқ меҳрини қозонганлар бундан мустасно.

* * *

Биз Раъно опа билан анча суҳбатлашдик. Очиғи, айтилмаган гаплар, эсланмаган инсонлар қолмади ҳисоб. Айниқса, санъаткорнинг ота-онаси ҳақидаги хотиралари битмас-туганмас. Онаси, ўз даврининг бетакрор актрисаси Берта Давидова-Шарипованинг ҳаёт ва ижод йўли ҳақида, оиласи ҳақида ёзган китобининг ўзи бир олам. Шу ўринда Раъно опанинг онаси ва мақом қўшиқлари ижрочиси Берта Давидова мутлақо икки хил санъаткор бўлганини айтиб ўтмоқчиман. Ҳали санъат мухлислари, китобхонлар Р.Шарипова битикларидан ўзларини қизиқтирган кўплаб саволларга жавоб топадилар, деб ўйлаймиз. Раъно Шарипова билан мулоқотда бўлиб яна бир бор ҳис қилдимки, одам ўйлаган ниятини амалга ошириш йўлида ҳеч қандай тўсиқдан қўрқмаса, албатта, ҳаётининг қизиқарли, намунали, бетакрор кечишига йўл очаркан.

Тиббиёт соҳасида қирқ йил, санъатда эллик йил (қаранг-а, қўшилса 90 йил бўлади) баракали ижод қилган Р.Шарипова бугун ҳар қанча фахрланса арзийди. Улуғ ёшни қоралаб қолганига қарамай, санъаткор ҳамон ўз устида ишлаш билан банд. Барча қўшиқларини саралаб, хотираларини жамлаб, компьютерга “михлаб” қўйяпти. Раъно опанинг техника билан ишлашига ёшлар ҳавас қилса арзийди. Сўнгги ўн йил давомида Эстрада симфоник оркестри, хор жўрлигида “Лайли ва Мажнун” операсидан Лайли арияси (“Ушшоқ”), бетакрор санъаткор, созанда Турғун Алиматов жўрлигида “Тошкентимга жоним тасаддуқ”, “Энг гўзал қўшиғим”, “Дийдор ғанимат”, “Тошкент — Париж”, “Халқимга таъзим” каби бир неча қўшиқлардан иборат телевизион дастур тайёрлади. Устоз санъаткорнинг ижро жараёнини кўриб-кузатиб, унинг саҳна маҳорати, хушқомат, гўзал қиёфаси, қўшиқни қалбан ҳис этиб куйлаши бугунги ёшларга ўрнак эканига ишонч ҳосил қилдим.

Раъно Шарипованинг энг катта ютуқларидан бири, шубҳасиз, оиласи — турмуш ўртоғи Пўлат Юсупов, ўғли Ботир Юсупов, қизи Заринабону Юсупова ҳамда ўқимишли набираларидир. Бугун невара ва эваралари даврасида, турмуш ўртоғининг меҳрибонликлари остида, машаққатли меҳнатлари эвазига бахтиёр ва осуда умр кечираётган Раъно Шариповага узоқ умр тилаймиз.

 

Гулчеҳра УМАРОВА

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan