Аёл сиймоси, унда мужассам гўзаллигу жозиба, улуғворлик ҳамиша мўйқалам соҳибларини ўзига асир этиб келган, қалбига илҳом бағишлаган. Кўплаб машҳур рассомлар ҳаёти, ижоди бунга ёрқин мисол. Улар яратган бетакрор аёл портретларига ҳар гал назар солганимизда қалб туғёнларини, абадий гўзаллик, муҳаббат қудратини ҳис этамиз.

* * *

Рус шоираси Анна Ахматованинг катта ижодга кириб келиши тасвирий санъатда авангард йўналишининг ривожи билан уйғун кечган. Шу боисми, шоиранинг энг машҳур портретларидан бирини авангард устаси Натан Альтман яратган. Ушбу асар 1914 йили шоира Санкт-Петербургда яшаётган пайтда чизилган. Ўша вақтда турмуш ўртоғи, рус шоири Николай Гумилёв билан ажрашган Ахматованинг қиёфасида маҳзун кайфият ҳукмрон. Унинг нигоҳлари бир нуқтага қараган, хаёлини турли ўй-фикрлар банд этган. Бироқ деразадан кўринаётган гўзал боғ манзараси келажакка умид ҳали сўнмаганидан дарак беради. Мазкур портретнинг яратилиши Ахматовани бефарқ қолдирмагани шоиранинг қуйидаги тўртлигида ҳам эътироф этилган:

Кўзгуга боққандай боқдим дилғашлик

Кулранг суратимга, ҳар ҳафта гўё

Тобора аччиқроқ, ғалат ўхшашлик

Ўзим билан янги тасвирим аро.

* * *

Уйғониш даврининг буюк ижодкори Сандро Боттичеллининг “Венеранинг дунёга келиши” картинасидаги, бир неча аёл тасвирланган. Лекин улар орасида асар марказидаги Венера образи алоҳида ажралиб туради. Ренессанс даврининг тимсолига айланган бу машҳур сиймо юнон асотирларида гўзаллик маъбудаси саналса-да, унинг қиёфасини мўйқаламда яратишда реал аёл қиёфаси намуна сифатида хизмат қилган. Мутахассисларнинг фикрича, Венера образида рассомнинг замондоши, флоренциялик соҳибжамол қиз Симонетта Веспуччи тасвирланган. Ўзининг ҳусну малоҳати, гўзал одоби билан бутун Италияда довруғ қозонган бу аёл кўплаб ижодкорлар, жумладан, Боттичеллининг ҳам илҳом парисига айланган. Рассомнинг деярли барча Мадонна ва Венераларида унинг қиёфаси акс этган. Аммо Симонетта 23 ёшида сил касаллигидан вафот этади. Қаттиқ қайғуга ботган Боттичелли қиз сиймосини ўзининг энг машҳур асари — “Венеранинг дунёга келиши” картинасида қайта жонлантиришга қарор қилган. Бу образ рассомнинг қалбидан шу қадар чуқур ўрин эгаллаганки, у вафотидан сўнг ўзини қизнинг қабри ёнига дафн этишларини васият қилган.

* * *

Огюст Ренуарнинг “Актриса Жанна Самари портрети” бугун импрессионизм йўналишининг ёрқин намуналаридан бири сифатида эътироф этилган. Рассомнинг илҳом парисига айланган Ж.Самари Париждаги “Комедиа Франсез” театрида ишлаган. Саҳнада ижро этган роллари актрисага катта шуҳрат келтирмаган. Шунга қарамай, Ренуар бу аёл сиймосини акс эттирган тўртта портрет яратди. Улар орасида энг машҳури 1877 йили чизилган. Унда актрисанинг юз қиёфаси тасвирланган. Ёрқин ранглар уйғунлигидан маҳорат билан фойдаланган рассом фақат бир лаҳзада намоён бўлувчи аёл кишининг оний гўзаллигини акс эттиришга эришган. Бу асар француз актрисаси сиймосини санъат тарихига муҳрлади.

* * *

Лидия Делекторская билан илк бор учрашишганида машҳур француз рассоми Анри Матисс 63 ёшда эди. Аввалига котиба сифатида иш бошлаган камтар қиз вақт ўтиши билан унинг энг яқин ёрдамчиси, ишончли дўстига айланди. Кейинги йигирма йил давомида Матисс бир зумга ҳам Лидиядан айрилмаган. У барча кўргазма ва сафарларда рассомнинг ажралмас ҳамроҳи, яқин маслаҳатчиси сифатида иштирок этган. Бу дўстликнинг ёрқин ифодасини Матисснинг ўнлаб картиналарида кўриш мумкин. Уларнинг энг машҳури 1947 йил яратилган “Лидия   Делекторская портрети”дир. Унда рассом ўзи етакчилик қилган фовизм оқимининг асосий услубига содиқ қолган ҳолда, бир-бирига зид ёрқин ранглар, содда шакллардан унумли фойдаланган.

Матисснинг вафотидан сўнг Лидия ҳаётини рассом ижодини ўрганиш ва тарғиб этиш ишига бағишлади. Ўзига мерос қолган барча асарларни эса Пушкин номидаги тасвирий санъат музейига ҳадя этди.

* * *

Рус балеринаси Ольга Хохлова ва испан рассоми Пабло Пикассо 1917 йили, Дягелев балет жамоасининг Париждаги гастроли чоғида танишишади. Икки ижодкор қалбларда уйғонган муҳаббат шу қадар тез аланга оладики, ўша йилиёқ ёш рассом севгилисини оиласи билан таништириш учун Барселонага олиб боради. Пикассонинг “Ольга испан либосида” номли машҳур портрети айнан шу пайтда яратилган. Бу даврда рассом ижодида модернистик оқимлар таъсири кучли бўлса-да, у бўлажак рафиқасининг портретини реалистик услубда чизган. Улар 1918 йил никоҳдан ўтишганидан сўнг ҳам Пикассо севикли ёрининг портретини яратишда давом этган.

Ольга ва Пабло фарзанд кўриб, узоқ вақт бахтли ҳаёт кечиришганига қарамай, ажралишга мажбур бўлишади. Мутахассисларнинг фикрига кўра, бу аввало, Пикассонинг ижодий эркинликка интилиши билан боғлиқ бўлган. 1935 йили Пикассонинг бошқа аёлдан фарзанд кўрганидан хабар топган Ольга ўртадаги алоқаларни бутунлай узиб, ўғли Пауло билан Франция жанубига кўчиб кетади. Шундай бўлса-да, умрининг сўнггигача буюк испан рассомининг ­рафиқаси бўлиб қолаверди.

 

А.ИМОМОВ тайёрлади.

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan