Мен қўлимга олиб соз

ЯНГИ УЙ

“Ватанлик бўлибсан, – дерди боболар,

Жонинг тинч, хотиржам энди палак ёз”.

Ҳар гапини билиб айтган донолар,

Янги уйга янги ниятлар ҳамроз.

 

Кўкдаги орзулар ерга тушгандай,

Беғубор туйғулар қалбинг қучгандай.

Кириб боражаксан остона ҳатлаб

Янги ҳаёт сари эшик очгандай.

 

Бемакон йилларнинг интиҳоси шу,

Ширин ташвишлардан тошиқар юрак.

Мен сени қутлайман: уйлар муборак!

Порлоқ келажагинг ибтидоси бу.

 

Обод айлагайсан, боғ айлагайсан,

Мўъжаз ватанингга дил боғлагайсан.

Энди чал, уй тўйин таронасини,

Чароғон маконинг шукронасини.

 

САМОВИЙ ТУЛПОРЛАР

 

Ислом Каримов номидаги

Асака автомобиль заводига бағишлов

 

ўиротмиди зоти ё Бойчиборлар,

Минг йиллар нарида учган тулпорлар,

Орзулар мулкига тушиб самодан,

Тўлқинлар мавжида ўтиб дарёдан,

Водий қирларига ёйилган хилқат,

Юрт бошига қўнган қушмиди бу бахт!

Чин хоқони қалбин уйғотган орзу,

Самовий тулпорлар – муқаддас туйғу –

Йигит ор-номуси, элнинг тақдири,

Яратган инъоми, илоҳий сири –

Мудраган тарихнинг кўксини тилиб,

Асрлар қаъридан чиқди отилиб

Самовий тулпорлар,

Ўшал тулпорлар,

Дунё бўйлаб елди гўзал тулпорлар!

Асака – чавандоз боболар ери,

Бил, тарих эврилган ул Инсон эди!

 

ҚИШЛОҚДА

Сўрида ўтирсанг, ток соясида,

Шаббода келтирар райҳон бўйини.

 

Чумчуқлар галаси қоплаб бодомни,

Чуғурлаб чалади эски куйини.

 

Шивирлай бошлайди дарров тераклар,

Пойида пичирлаб ариқ қўшилар.

 

Қуёш ёнбошлайди адир ортига,

Оқшомда бошланар тотли қўшиқлар.

 

Дарвоза очиқдир, очиқдир осмон,

Ҳали замон келиб қолади меҳмон.

ТИКЛАНИШ

Дарахтга айланган пайванди куртак,

Обод бўлсанг керак, шод бўлсанг керак,

Нурдан ёноғи ол меваларинг бол,

Аммо томиринг ким?

Билмайсан бешак!

 

Табиат қонуни шафқатсиз бироқ:

Пойингда ниҳоллар ёзибди япроқ,

Улар асл, ўсиб чиққан томирдан –

Томирни қалбига яширган тупроқ.

 

ЯПРОҚ ЁМҒИРИ

Шаҳар узра тилла булутлар,

Мудроқ боғлар ёзни унутар.

 

Ёға бошлар шитирлаб япроқ,

Новдаларда видо ва титроқ…

 

Боғкўчани сайр айла аста,

Япроқларни босгил оҳиста.

 

Бу поёндоз олтин хазондан

Ҳозиргина тушди осмондан.

 

ГУЛБОНГ

 

Кеча-кундуз қилма гулбонгингни бас,

эй андалиб…

Алишер Навоий

 

Лола қўнғироғи таратса садо

Ҳатто тоғу тошга оташ туташар.

Алвонга бўялган садолар – наво,

Қояга урилиб то даштга тушар.

 

Атиргул ғунчаси чалса қўнғироқ,

Водийлар бағрига сочилгай жаранг:

Қуёшдан чўғ олар минг бир шамчироқ –

Зангор боғлар ичра қизил, сориғ ранг.

 

Ишқ ғалаён бошлар сас келган чоғи,

Қаранг, карнайгулдан гумбурлар само!

Қўнғироқдай титрар юрак япроғи –

Гулбонг таралганда уйғонар дунё!

 

КУЙЛАРИМ

Бу қушнинг патидан яралган қалам –

Мисли қувонч, осмон каби оқ,

У парвоз завқини ёзса ҳам

Бўлар эди минг достон, бироқ…

 

Тоғларнинг кўзидан оққан ёш

Ва гиёҳ қонидан бу сиёҳ

Дардин айтса мисоли сирдош,

Бўлар эди минг қисса, бироқ…

 

Бироқ,

Мен қўлимга олиб соз,

Қалбим тўкиб, тин олсам бир он.

Дарров қалам этгайдир парвоз

Ё сиёҳим йиғлар бағри қон.

 

ВОДИЙ ЙЎЛИДА

Қалдирғоч ҳамроҳим, йўл бошлар

Минг тилда шивирлар япроқлар,

Шаббода, саболар – сирдошлар,

Чорлайди уфқдан йироқлар.

 

Довонда чўққига бош уриб,

Кўз ёш тўкар қўрғошин булут.

Қоя мудрар ё хаёл суриб

Донишманддай сақлайди сукут.

 

Тоғ ошаман, чақнар чақинлар,

Денгиз, даштдан ўтгум хуш дамлар:

Саҳройи бархандай тўлқинлар,

Денгиздай тебранар барханлар.

 

Қучганми ё оламни ҳайрат,

Унут бўлар соғинч хаёли.

Ҳаммасида аён бир сийрат –

Эсаётган вақт шамоли.

 

САФАР

Хайрлашар қўллар ва сўзлар,

Илк қадамлар босилар йўлга,

Чамаларкан довонни кўзлар,

Хаёл етиб бўлар манзилга.

 

Сафар чоғи ҳамиша шундоқ,

Ёддан чиқиб қолар нимадир.

Ўйлайсану топгайсан шу чоқ:

Уйда қолиб кетибди кўнгил…

 

ШАҲАРЛИК ҚИЗГА

(ҳазил)

Қўрғошинранг булутлар аро

Тунд осмоннинг хира юлдузи

Милтирайсан қалбимда гоҳо

Олағовур шаҳарнинг қизи.

 

Юрган йўлинг мармар, тошкўча,

Атрофингда кўкўпар уйлар,

Олма-анор шарбатин ича

Тинглаганинг ажнабий куйлар.

 

Юр, тоғларга кетайлик бирга,

Лолазорни этай армуғон.

Шамол бўлиб чиқарсан қирга,

Тоғлик қиздай, мисли оҳужон.

 

Дашт оқшоми сокин, гулчирой

Кўкда чаман юлдуз очилар.

У самовий ғунчалар, эй ой,

Заркокилинг ичра сочилар.

 

Табиатнинг эрка қизидай

Унутиб шаҳарга қайтишни.

Сен момомнинг худди ўзидай

Ўрганардинг алла айтишни.

 

РАЙҲОН

Айтинг, бунча суюшмаса райҳонни,

Хуш бўйидан маст қилганда инсонни,

Гоҳ бошини, гоҳ сочини юларлар,

Сезмайдилар райҳон чеккан фиғонни!

ҐУМОЮН

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan