Муҳаббат боғи

Бухоролик мусаввир Даврон Тошев миниатюра жанрида ижод қилади. Тошкент Фотосуратлар уйида ўз ижоди билан Бухоро тасвирий санъат мактабининг қадимий анъана ва услубларини англаш ҳамда тиклашга ҳаракат қилаётган ижодкорнинг “Муҳаббат боғи” номли кўргазмаси очилди. Мусаввирнинг ҳар бир композициясида мавзуга мутаносиб ранглар қуёш нурлари каби жилоланади. Жумладан, “Боғда базм”, “Баҳром қора қасрда”, “Висол”, “Туш”, “Муҳаббат рақси”, “Шоҳона ов” сингари ўнлаб ишлари замонавий миниатюра йўналишининг сара намуналаридир.

* * *

Пойтахтимиздаги халқаро Маданият карвонсаройида очилган кўргазма графика санъатига бағишланди. Унда қирққа яқин таниқли ва ёш рассомларнинг юздан зиёд асари намо­йиш этилмоқда. Леким Ибрагимов, Марат Содиқов, Александр Ли, Галина Ли, Анвар Мамажонов, Ҳусан Содиқов, Радик Азизов, Муҳаммад Фозилий ва бошқа кўплаб мусаввирларнинг ишлари устоз-шогирд анъаналари бардавомлигининг ёрқин намунасидир. Қашқадарёлик Д.Нозиловнинг “Юқори Зарафшон”, “Бошчорбоғ қишлоғидаги эски масжид”, Камола Субҳонованинг “Тоғларда оқшом”, “Хайрли тонг”, Анвар Мамажоновнинг “Эски ва севимли” номли туркум ишлари қизиқарли мавзуси ва ёрқин ранглари билан томошабинларда катта таассурот қолдирди.

С.ҚОСИМОВА

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan