Бахт ошёни соҳибасиман

Бундан атиги бир йил олдин мендек ёлғиз онага биров сенинг ҳам ўз уйинг бўлади, деса сира ишонмасдим. Сергели туманида янги уйжойлар қурилиб, гўзал мавзелар бунёд этилармиш, дейишганда қанийди, ўша хонадонлардан бири менга ҳам насиб этса, дея орзу қилганим сир эмас.

Турмуш ўртоғим хасталаниб вафот этганида ўғлим етти, қизим икки ёш эди. Ўн беш йил қайнонам билан бирга яшадим. Саккиз жон бир уйда анча қийналиб қолгандик. Қолаверса, фарзандларимнинг бўйи чўзилиб, алоҳида хоналарга эҳтиёж туғилди. Кекса қайнотам ва қайнонамнинг бизга уй-жой қилиб беришга имкони ҳам, шароити ҳам йўқ эди. Аммо инсон ҳамиша эртанги кунга ишониб яшаши керак экан. Президентимиз ташаббуси билан барпо этилган янги уй-жойлар аввало, биз каби аҳолининг эҳтиёжманд қатлами учун мўлжаллангани боис шу йилнинг бошида яхши ниятлар билан туман ҳокимлигига ҳужжатларимни топширган эдим. Қарангки, ҳеч қанча вақт ўтмай ўша уйлардан бирининг икки хонали квартираси соҳибаси бўлдим.

Ўн уч гектар майдонни эгаллаган янги мавзедаги кўп қаватли уйларнинг соҳиблари — ҳамюртларимизнинг қувончи чексиз. Буни мен яқинда ­Юртбошимизнинг ушбу мавзега ташрифига гувоҳ бўлган одамларнинг юз-кўзидан билдим. Ахир, севинмай бўладими? Барча шарт-шароитларга эга ёруғ ва шинам уй-жойларнинг ёнгинасида 240 ўринли мактабгача таълим муассасаси, 630 ўринли ўрта мактаб, оилавий поликлиника, сузиш ҳавзаси, шаҳар милиция бўлинмаси, почта, болалар майдончалари, автомобил турар-жойлари, велотрасса барпо этилибди. Хизмат кўрсатиш муассасалари ёнида китоб дўконининг жойлашгани ҳам барчани қувонтирди.

Юртбошимиз келгусида бу уйларга яқин жойда қуриладиган янги корхона ва ишлаб чиқариш тармоқлари ҳақида гапирдилар. Демак, келажакда фарзанд­ларимиз учун ҳам янги иш ўринлари яратилади, биз яшаётган ушбу ҳудуд шаҳримизнинг энг обод ва кўркам масканларидан бирига айланади.

Янгидан қурилган бу уйларга кўчиб кираётган кишилар ўзларини гўзал ва мўъжаз шаҳарчага келиб қолгандек ҳис этишмоқда. Кўркам бинолар, чиройли кўчалар, боғ-роғлар шаҳарчамиз файзига файз қўшиб турибди.   Президентимизнинг шаҳримиз аҳолисининг оғир муаммоларини ҳал этиш мақсадида оталарча ғамхўрлиги билан амалга оширилган беқиёс бунёдкорлик ишларини “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари” йилининг энг улкан туҳфаси, деб биламан. Мамлакатимиз обод, турмушимиз фаровон экан, мен каби ҳамюртларим, элдошларим доимо шоду хуррам, бахтли ҳаёт кечиришади. Демак, ҳар биримиз шу юртнинг фуқароси, фарзанди сифатида, қайси касб эгаси бўлмайлик, ана шу бунёдкорликка, бахтли келажак қуришга ўз ҳиссамизни қўшайлик. Токи, келгуси авлодга ана шундай хайрли ишларимиз эзгулик тимсоли бўлиб қолсин.

 

Мадина ЭРГАШЕВА

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan