Шу кунларда “Ўзбеккино” Миллий агентлигида, “Ўзбекфильм” киностудиясида, илмий-оммабоп ва ҳужжатли фильмлар студияларида жаҳон цивилизацияси ва маданиятига улкан ҳисса қўшган улуғ аждодларимиз сиймосини экранда жонлантириш, тарихимиз ҳақида авлодларга ибрат бўлгули қаҳрамонлар тасвирланган бадиий ва ҳужжатли фильмлар яратиш бўйича қизғин жараён кетмоқда. Бундай кенг миқёсдаги ишларни амалга ошириш учун киночиларимизнинг ижодий ва техник имкониятлари қай даражада экани бугун кўпчиликни қизиқтириши табиий. Таҳририятимиз бу ҳақда санъаткорларнинг фикр-мулоҳазаларини билиш учун ўзбек киносининг етакчи ижодкорлари, Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби Зулфиқор Мусоқов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходимлари — Жаҳонгир Қосимов ва Ҳилол Насимов, таниқли режиссёрлар Рустам Саъдиев ва Иброҳим Расуловга қуйидаги саволлар билан мурожаат қилди:

  1. Бугунги кун, давр талаби ўзбек киносидан воқеа бўладиган, томошабин қалбидан чуқур жой оладиган фильмларни яратишни тақозо этиб турибди. Айниқса, мухлислар, ёшларга бугун ҳаққоний тарихий фильмлар ниҳоятда зарур. Сиз узоқ йиллардан буён шу соҳада ижод қилиб келаётган тажрибали режиссёрлардан бирисиз. Айтинг-чи, бугун кино санъатида фаолият кўрсатаётганлар орасида тарихий фильм­ларни юқори савияда суратга олишга қодир илмли, салоҳиятли, фидойи режиссёрлар кўпми?
  2. Адабиётимиз хазинасида фильм қилишга арзигулик асарлар бисёр. Аммо киносценарий талабига кўра бундай асарларга ўзгача ёндашиш тақозо этилади. Айтинг-чи, ана шундай асарлар асосида маҳорат билан сценарий ёза оладиган қандай ижодкорларни биласиз?
  3. Шубҳасиз, юксак бадиий савиядаги фильмлар яратиш учун бир саҳнани турли ракурсларда туриб суратга оладиган замонавий техник асбоб-ускуналар жуда зарур. Бизда бу борада имкониятлар қандай?
  4. Ўзбек киносига шон-шуҳрат келтирган атоқли режиссёрларимиз ўз мактабларини яратолмай оламдан ҳам ўтиб кетишди. Уларнинг ижодий тажрибаларидан бугунги ёшлар қандай сабоқ олишлари мумкин? Ҳозир ижод қилаётган сиз тенги ва сиздан ёшроқ режиссёрлар ҳам 50-60 ёшни қоралаб қолишди. Ҳунарни асраш, уни кейинги авлодга етказиб беришда ижодий мактаблар жуда зарур! Кино санъати эса маҳоратли режиссёрларга муҳтож. Сиз ўз мактабингизни яратиш ҳақида ўйлаб кўрганмисиз? Кино санъати ривожи учун барча шароитлар яратилган ҳозирги кунда бу ишларни амалга оширишга халал берадиган яна қандай тўсиқлар бор, деб ўйлайсиз ва уларни бартараф этиш учун нималар қилиш керак?

Ҳилол НАСИМОВ: — Биласизми, биринчи саволдаги “фидойи” сўзи жуда ўринли ишлатилган. Ҳаммамиз хабардормиз: бир вақтлар бир тарихий фильм учун катта маблағ ва имкониятлар берилганди. Лекин экранга чиққан фильм кутилганидай бўлмади, томошабин уни яхши қабул қилмади. Айнан фидойилик етишмагани учун сарфланган маблағ ўзини оқламади. Режиссёрда истеъдод билан бирга, орият, бурч деган хислатлар ҳам бўлиши керак. Куни кеча бир фильм премьерасига тушдим. Катта маблағ сарфланиб суратга олинган. Лекин миллийлигимизга, қадриятларимизга зид асар ишлаган киноижодкордан жуда хафа бўлдим. Тарихий фильмга қўл урадиган шахс ўзлигимизни яхши билибгина қолмай, уни эъзозлай оладиган инсон бўлиши ҳам керак-да. Афсуски, бундай режиссёрларни санайдиган бўлсак бармоқларимиз ортиб қолади. Ҳозирги кунда режиссёрларимиздан Абдувоҳид ўаниев ва Жаҳонгир Аҳмедов тарихий жанрда фильм ишлашга киришишди. Натижа барча ижодкорлар учун тажриба бўлади, деб ўйлайман.

Мухбир: Кечирасиз Ҳилол ака, менимча тарихий фильм олиш устида тажриба ўтказиш керак эмас. Фильмни суратга олиб бўлгач, эй, бу ери унақа бўлиб қолибди, хомлик қилибмиз, чоғи, деган баҳонага ўрин қолмаслиги керак, шундай эмасми?

Ҳилол НАСИМОВ: Эътирозингиз тўғри, мавзуга пухта тайёргарлик кўриб иш бошлаган маъқул.

Адабий асарлар масаласига келсак, машҳур ёзувчиларнинг дурдона асарлари киносценарий талабларига мос тушмаслигини яхши биламиз. Шахсан мен бу борада режиссёр ва ёзувчи ҳамкорлиги мақсадга мувофиқ бўлади, деган фикрдаман. Ҳозир Давлат мукофотига лойиқ топилган асари асосида киносценарий ёзаётган таниқли ёзувчи Муҳаммад Али билан ҳамфикрликда иш олиб бораяпмиз. Бу борада қизғин фикр алмашувлар тўғри ечимга олиб боради, деб ўйлайман. Ҳам режиссёр, ҳам кинодраматург Ёлқин Тўйчиев бадиий асар асосида мағзи тўқ сценарий ярата олади.

Жаҳонгир ҚОСИМОВ: — Ижозатингиз билан мен гапни иккинчи саволдан бошламоқчиман. Сценарийнавислик машаққатли иш. Бу ёзувчилик ҳам, адабиётшунослик ҳам, кинотанқидчилик ёки киношунослик ҳам эмас. Ноёб касб бу. Мен бу соҳа эгаларини кўпроқ рассомга қиёслаган бўлардим. Чунки рассом бирор мавзуда сурат чизар экан, доим ранглар жилосини нур ва соя қарама-қаршилиги орқали кўриб, уни тасвирга туширади. Сценарийнавис ҳам икки қарама-қарши тўқнашувда бошқа янги бир ғояни кўра олади ва қоғозга туширади. Шунинг учун бу соҳа мутахассислари камёб. Бу фақат бизнинг эмас, жаҳон кинематографиясининг муаммоси.

Режиссурага келсак, кўп эмас, аммо яхши режиссёрларимиз бор. Қатор фильмларимиз нуфузли халқаро фестивалларда етакчи ўринларни эгаллаб келаётгани бунинг ёрқин мисоли. Аммо оммавий ахборот воситаларида бу ҳақда жуда кам гапиришади. Лекин, негадир, баъзи “режиссёрлар” бир кунда оммавий ахборот воситаларида, телевидениеда, ижтимоий тармоқларда “юлдуз”га айланади-қолади. Шунинг учун ҳам курмаклар ичидан гуручни топиш қийин бўлади. Қайтариб айтаман, талантли, ҳақиқий ижодкор, фидойи режиссёрлар бор. Лекин уларнинг аксарияти бугунги кун “шоу бизнес”ига кўниколмайди.

Зулфиқор МУСОҚОВ: — Режиссёр масаласида, доимгидек, баҳсли-мунозарали фикрлар юзага чиқиши турган гап. Ҳақиқат шуки, кўп эмас, оз бўлса-да тарихий фильм яратишга қодир режиссёрлар бор. Лекин илм, салоҳият, фидойиликка келадиган бўлсак, бу борада муаммолар йўқ эмас. Авваламбор, кинодан йироқ одамлар тарихий фильм ҳақида анча саёз ва тор тушунчага эга эканини кузатяпман. Албатта, улуғ алломаларимизни, буюк тарихий шахсларни экран воситасида акс эттириш савобли иш. Бу ҳаммамизнинг ишимиз. Лекин, айтайлик, Шароф Рашидов ҳақида фильм яратилса, бу тарихий фильм деб аталадими ёки йўқми? Яқин тарихимизда яшаб ўтган бу инсон ҳақида кўпчилик бехабар бўлган фактлар бор. 1961 йили айнан Ш.Рашидов ва А.Микоян дунёни учинчи жаҳон урушидан сақлаб қолганини ким билади? Саноқли одамлар билади. Шу мавзуга оид жуда кўп ҳужжатлар, фото ва кино материаллар бор.

Қолаверса, ҳар қандай тарихий фильм жуда катта маблағ талаб қилиши ҳам факт. Давлатнинг ёрдамисиз ҳеч қайси студия бу ишни эплай олмайди, сирасини айтганда кино санъати ўлади. Бу ўринда бир тийинга қиммат тижорат киномаҳсулотларни назарда тутмаяпман. Агар маблағ берадиган инсонлар илм, салоҳият, маданият, фидойилик деган юксак тушунчаларни четга суриб, таниш-билиш, ошна-оғайнигарчилик ёки очиқдан-очиқ лаганбардорликни кўзда тутишса, унда аҳвол ёмон бўлади.

Рустам САЪДИЕВ: — Тўғри, бугун халқимизда тарихий фильмларга эҳтиёж катта. Президентимиз ҳам бир неча бор тарихий мавзуда фильмлар яратиш масаласига тўхталдилар. Шу сабабли ҳозир бу борада уч йиллик режа ишлаб чиқилди. Чунки авлодларга ўзимизнинг тарихимиз, буюк тарихий шахслар, авлиёлар, алломалар, ислом дини намояндалари ҳақида кино тилида ҳаққоний ҳикоя қилиб бериш бизнинг асосий вазифаларимиздан бири. Лекин шошма-шошарлик қилиш керак эмас. Бир йилда бир неча тарихий фильм яратиб бўлмайди. Худди мураккаб жарроҳлик жараёнидан олдин врачлар йиғилиб, консилиум ўтказганидек, аввало, тарихчилар, олимларни йиғиб, ўртага ғоя ташлаш керак. Кейин сценарий ёзилади ва режиссёр танланади, афсуски, талантли режиссёрлар бармоқ билан санарли. Сценарийни қўлга олган режиссёр камида бир йил асар ким ҳақида бўлса, ўша давр, ўша шахс тарихи билан яшаши, воқеликни, шахснинг ўзини атрофлича ўрганиши керак. Ўйлашимча, фақат тарихий фильмларга берилиб кетмай, замонавий мавзуларда, бугунги одамларни қизиқтираётган, уларга ибрат бўладиган, мавжуд салбий ҳолатларга қарама-қарши туриб, ёшларда уларга нисбатан иммунитет ҳосил қилишга хизмат қиладиган фильмларни суратга олиш ҳам доимий мақсадимиз бўлиши зарур.

Мухбир: Рустам ака, биз ҳозир тарихий фильмларни суратга оладиган, экранлаштирадиган мавзуда суҳбатлашаяпмиз. Гап киноижодкорларнинг салоҳияти ҳақида кетяпти…

Рустам САЪДИЕВ: — Ҳар икки ҳолатда ҳам, шубҳасиз, сценарий масаласи кўндаланг туради. Очиғи, сценарий ёзувчилар масаласи режиссёрлардан кўра ҳам катта муаммо бўлиб турибди. Назаримда, ёшлардан Ёлқин Тўйчиев, ёши улуғлардан Эркин Аъзамов сценарийлари профессионаллиги билан ажралиб туради. Ўзим кўпроқ аёл сценарийчилар билан ишлайман. Мадина Мўминовага ўхшаган. Улар режиссёр фикрини жуда тез тушунади. Катта тарихий шахслар ҳақидаги китобларни кинога мослаштириш масаласида таниқли ёзувчи Тоҳир Маликка мурожаат қилиш мумкин. Очиғини айтганда, сценарийчилар масаласи борган сари муаммога айланиб боряпти.

Зулфиқор МУСОҚОВ: — Ёзувчи ва кинематограф. Бизда бу муаммо йўқ, десак хато бўларди. Ўз ижодига содиқ бўлган ёзувчи ҳеч қачон бировдан китобини кино қилиб беришини сўрамайди. Бу ерда асосий сабаб — маблағ масаласи. Бутун дунёда бадиий асар асосида сценарий яратишга шу асар муаллифидан рухсат олиш учун жуда катта пул тўланади. Бизда эса бадиий асар муаллифига ниҳоятда кам ҳақ берилади. Иккинчи сабаб шуки, кино соҳасида маълумоти ва тажрибаси бўлмаган кўпгина ёзувчилар киносценарийчиликка даъвогар. Бу борада энг яхши гапни Габриэль Гарсиа Маркес айтган. Ёзувчининг “Ёлғизликнинг юз йили” романи асосида фильм яратмоқчи бўлиб келган голливудлик сценарийчилар 10 миллион доллар тўлаймиз, дейишган. Маркес рад жавобини берган. Сабабини сўрашганда “Қилинадиган фильм китобимдан ёмон чиқади”, деган экан. “Агар фильм китобингиздан яхшироқ чиқса-чи?” деган саволга Маркес “Унда менинг нима керагим бор?” деб жавоб берган. Бундан ўзингиз хулоса чиқариб олаверинг.

Иброҳим РАСУЛОВ: — Дарҳақиқат, киносценарий масаласи бугун энг катта муаммолардан бири. Яхши кинодраматургларимиз, аслида улар кўп эмас, анча кексайиб қолишди. Албатта, адабиётимиз хазинаси жуда бой. Лекин бугун шулар асосида яхши, мукаммал сценарий ёзишга қодир ижодкорлар борми? Шунинг учун ҳам киносценарий ёзиш мактабига эътиборни кучайтириш ва бу ишни пайсалга солмай амалга ошириш зарур.

Режиссёрларга келсак, бугун фильм олаётганлар оз эмас. Кинотеатрларда кунора янги фильм   премьераси бўлиб ўтаяпти. Лекин, барибир, яхши режиссёрлар ҳақида гап борганда ўйланиб қоламиз. Бу борада Жаҳонгир Қосимов, Зулфиқор Мусоқов, Аюб Шаҳобиддинов, Ёлқин Тўйчиев, Ҳилол Насимов, Рустам Саъдиев, Акбар Бектурдиев, Абдувоҳид ўаниев, Жаҳонгир Аҳмедов номларини тилга олиш мумкин. Ҳар бир режиссёр тарихий фильмни суратга олишдан олдин мавзуга оид тарихни яхшилаб ўрганиши керак. Динимизни, қадриятларимизни яхши билмай туриб улуғ алломалар ҳақида қандай қилиб фильм олиш мумкин? Яна, режиссёрда фидойилик, миллат қадриятларига муҳаббат ҳам бўлиши керак. Бундан ташқари, режиссёрдан нафақат ўрганиш, балки ўрганганига амал қилиш ҳам талаб этилади.

Ҳилол НАСИМОВ: — Айни пайтда олдимизда юксак савиядаги фильм яратиш учун замонавий техник асбоб-ускуналар борасида аҳвол қандай, деган савол ҳам турибди.

Зулфиқор МУСОҚОВ: — Менингча, техник имкониятларимиз етарли. Моҳир операторлар ҳам бор.

Ҳилол НАСИМОВ: — Тўғри. Бугун давлатимиз раҳбарининг саъй-ҳаракатлари билан кино санъати соҳасида катта ислоҳотлар амалга ошириляпти. Замон талабларига жавоб берадиган суратга олиш техникалари сотиб олиниши арафасида турибмиз. Лекин шу кеча-кундузда кўплаб тадбиркорларимиз шундай техникаларни чет мамлакатлардан олиб келишяпти. Бизга уларнинг техникалари асқотяпти.

Рустам САЪДИЕВ: — Дарҳақиқат, баъзи хусусий компанияларнинг ҳаракати билан ҳозир юртимизга юқори сифатли техника кириб келяпти. Уларни ижарага олиш мумкин. Бироқ бу техникани ишлата оладиган мутахассислар саноқли. Ёки четдан мутахассис чақириб, ё бўлмаса ўзимизнинг ходимларни чет элга юбориб, малакаларини ошириш керак. Бу ҳам кечиктириб бўлмайдиган ишлардан биттаси.

Иброҳим РАСУЛОВ: — Бугунги замонавий техник ускуналарни хусусий киностудияларда ҳам учратиш мумкин. Аксариятида бир вақтнинг ўзида тўрт-беш нуқтадан суратга олиш мумкин. Лекин юқорида айтилганидек, юксак техниканинг ўзини ҳам, уни қойиллатиб ишлатадиган мутахассисларни ҳам кўпайтириш керак.

Жаҳонгир ҚОСИМОВ: — Шу ўринда эътиборингизни қуйидаги муаммоларга қаратишни истардим. Суратга олиш техника-технологияси, уни овозлаштириш, постпродакшн,   киноэффектлар бир муаммо бўлса, кинозал, кинотеатр иккинчи муаммо. Лекин буларни сотиб олиш, ҳал қилиш мумкин. Аммо учинчи, энг асосий муаммо бор. Бугун бизда киноасарларнинг сарагини саракка, пучагини пучакка ажратадиган, кино санъатини яхши тушунадиган, уни принципиал таҳлил қилиб бера оладиган ва халққа тарғиб эта биладиган юксак салоҳиятли киношунос, санъатшунос ва кинотанқидчилар етишмайди. Ваҳоланки, булар худди режиссёр ва сценарийнавис сингари соҳа ривожи учун зарур мутахассислардир.

Ҳилол НАСИМОВ: — Назаримда охирги саволга етиб келдик. Мен Санъат ва маданият институтида режиссёрлик гуруҳига дарс бераман. Талабаларимнинг қатор қисқа метражли фильмлари мамлакатимизда ўтаётган “Пролог” фестивалида ва бошқа кўплаб халқаро кинофестивалларда асосий совринларни қўлга киритяпти. Президентимиз ёш киноижодкорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида юртимизда Москва Кинематография институтининг филиалини очиш ҳамда алоҳида ўқув масканини ташкил этиш, ҳар бир талабанинг диплом иши учун маблағ ажратиш, замонавий кинотехника билан таъминлаш, сентябрь ойидан кинематография факультети иш бошлаши зарурлигини таъкидладилар. Демак, таълим учун барча шароитлар мавжуд, энди гап ёшларнинг ўзида.

Зулфиқор МУСОҚОВ: — Мен ҳам шуни айтаман-да. Биринчидан, Санъат ва маданият институтида ТВ режиссураси кафедраси бор. У ердаги талабаларнинг барчаси кинорежиссёр бўламан, деган орзуда ўқияпти. Қолаверса, балки нокамтарлик туюлар, ҳозирча республикамизда киномаълумот бериш лицензиясига эга битта “Фокус-скул” нодавлат таълим муассасаси бор. Унда республикамиз ва хориждан келган етук киночилар дарс беришади. Ўқиш икки йил. Камина бадиий раҳбарлигидаги айнан шу мактабда кинорежиссура ва киносценаристликка ўқитилади. Ўқиш пулли.

Рустам САЪДИЕВ: — Устозлардан фарқли ўлароқ, мен ҳали ўз мактабимни яратишга тайёр эмасман. Ҳали ўзим кўп нарсаларни ўрганишим керак. Раҳматли устозим Шуҳрат Аббосовдан қайсидир даражада таълим олиб келдим. Фильмларда секин-секин ана шу таълим самараларини кўрсатишга ҳаракат қиляпман. Айниқса, миллий анъаналар, образлар борасида устознинг ўлмас сабоқларидан ҳар қанча ибрат олса арзийди. Бошқа ўзидан мактабини қолдирадиган режиссёрни билмайман. Тўғри, Зулфиқор аканинг мактаби, Ҳилол аканинг талабалари бор. Лекин, назаримда, уларнинг шогирдлари ҳали кутилган ҳосилни берганича йўқ. Қандай бўлади, буни вақт кўрсатади.

Шуни айтишим керакки, ҳозир кино санъатини ривожлантириш йўлида ҳеч қандай тўсиқ йўқ. Тўғри, муаммолар бор. Кинодаги муаммо замонни ҳис қила олишда кўзга ташланади. Чунки биз интернет оламининг келажак авлодга салбий таъсири авжига чиққан даврда яшаяпмиз. Биз киноижодкорлар ёшларда ана шунга қарши иммунитет ҳосил қиладиган асарлар яратишимиз керак. Ёшларга ўргатиш баробарида улардан ўрганишимиз лозим. Дунёга уларнинг кўзи билан қарашга ҳаракат қилсак, балки кўп нарсаларга жавоб топармиз. Қолаверса, ҳозир ёшлар орасида ажримлар кўпайиб кетяпти. Ёшларни шукр қилишга, сабр-тоқатга ўргатадиган ҳақиқий замонавий фильмлар яратишимиз зарур. Лекин битта-иккита фильм билан кўзланган натижага эришиш қийин. Мактабдан бошлаш керак тарбияни. Ёшларга илмий-маънавий пойдевор яратиш ҳаммамизнинг ишимиз бўлсагина кутилган натижага эришиш мумкин.

Иброҳим РАСУЛОВ: — Менингча, Йўлдош Аъзамов, Шуҳрат Аббосов, Мелис Абзалов ўз мактабига эга устозлар бўлишган. Ҳозир Зулфиқор     Мусоқов мактаб очиб, ёшларга таълим беряпти. Бундан ташқари, баъзи режиссёрларнинг ёнида юриб, улардан ўрганаётган Санъат ва маданият институтини тугатган ёшларни кўрамиз. Устоз-шогирд анъанаси қадриятимизда бор.

Шуниси ҳам борки, устозни шогирд танлайди. Режиссёрлик соҳасини танлаб, меҳр қўйган уч-тўрт йигит мен фильмни суратга олаётганимда ёнимда юришади. Устозлардан ўрганганларимни уларга сингдиришга баҳоли қудрат ҳаракат қиламан.

Жаҳонгир ҚОСИМОВ: — Ўзбек киносига шон-шухрат келтирган атоқли режиссёрларимиз мактаб яратолмай ўтиб кетишди, деган фикрга мен ҳам қўшилмайман. Буюк кинорежиссёр Эйзенштейндан “Қайси шогирдларингизнинг номларини айта оласиз?” деб сўрашганида, шундай жавоб берган экан: “Шогирд танланмайди, устоз танланади. Ким мени устоз, деб билса, ўша менинг ҳақиқий шогирдим бўлади”. Асл ижодкор яратган санъат асарининг ўзи катта мактаб. Шогирдлар ундан кўриб, ўрганиб сабоқ олишлари керак. Ижод, санъат оғир ва машаққатли меҳнатни талаб қилади. Ёш ижодкорда ҳам шуларни енгишга қодир иқтидор бўлиши керак.

 

Давра суҳбатини

Гулчеҳра УМАРОВА тайёрлади.

 

ТАҲРИРИЯТДАН: Ўзингиз гувоҳ бўлганингиздек, таниқли режиссёрларимиз таҳририят томонидан берилган саволларга ўз ижодий фаолиятларидан келиб чиқиб, очиқойдин фикр билдиришга ҳаракат қилишди. Албатта, бир нечта мутахассиснинг фикр-мулоҳазаси ва таклифлари билан бугун кино санъатига доир жиддий муаммоларни қамраб олиб бўлмайди. Лекин юқорида билдирилган мулоҳазалар соҳа мутахассислари ва мухлисларда қизиқиш уйғотади, деб ўйлаймиз.

Таҳририят Сизлардан давра суҳбатида ўртага ташланган фикр-мулоҳазалар юзасидан жўяли ва асосли муносабатни кутиб қолади.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *