– Айвонда моғор босиб ётаверадими, бир қопгина туршак экан-да, олиб чиқиб сотинг, дадаси, у ёғи бир гап бўлар.

Хотини қайтиб келиб тағин шу гапни такрорламасин деб Мирсафо сўкиб берди:

– Эгаси келиб қолса, ўрнига сени чиқариб кўрсатаманми?

Шундан сўнг тирикчилик қайсар Мирсафонинг бошига “Сен ким бўпсан?” дегандай, шундай кунлар солдики, у ўзини йўқотаёзди. Шўрлик бу дунёда одам қатори тўрт кун умр кечириш тошдан ҳам қаттиқ бўлишини умри   поёнига етиб бораётган мана шу паллаларда англаб етди. Ҳомид савдогар қолдирган омонати – бир қоп туршак тушларига кириб чиқадиган бўлди.

Агар Худо инсоф бериб хотини пўписани унутиб, яна туршак ҳақида оғиз очса, Мирсафо, жон деб қопни кўтариб бозорга йўл олишни кўнглига тугиб қўйди. Хотин эса қайта чурқ этмади.

Аёли индамаган сайин кўнгли ғаш бўлди. Кўзи айвон четидаги қопга тушганда у ўзини қўярга жой тополмай қоларди. Таниши нега кутилмаганда қорасини кўрсатмай қўйди? Излаб боришнинг ўзи бўладими?

Савдогарлардан сўраб-суриштирди. Дарагини топмади. Охири бир кун аёлига ёрилди:

– Туршакни нима қил дейсан, хотин?

– Эгаси сўраб келса…

– Сени чиқариб бераман! – қуюшқондан чиқди эр. – Ўйламасдан валдирайверасанми?

– Сотганингиз маъқул, – мунғайиб жавоб қилди хотини. – Омонатини сўраб келса, пулини, йўқ деса, ўшанча туршак олиб берарсиз.

Мирсафо совиб қолган чойини ҳўплаб, бир тўхтамга келгандай бўлди.

Эртаси азонда айвондаги қопни орқалаганча йўлга тушди, бозор оралаб харидор излади…

Хизрни йўқлагандай қаршисидан Ҳомид савдогар чиқиб қолса-я! Елкасидан тоғ қуларди. Очиғи, иш шу тариқа кетса, уни бироз койишни ҳам дилига тугиб қўйди. Савдогар дегани сал пишиқроқ, пухтароқ бўлмайдими? Бундай бир манзилини ҳам қолдириб кетмаган. Омонат деб бир мўминни тириклай гўрга тиқиб кетасанми, қанақа мусулмонсан ўзи?

* * *

Кўп йиллар бурун тасодифан бозор эшигида учрашиб қолган савдогарнинг йўли бу томонларга тушса, албатта, Мирсафони йўқлаб келар, ётиб ҳам қолар, уч-тўрт кун бозорларни айланиб, ишлари саранжом бўлгач, яна “Сайр ҳам сайр…” деганча эски ҳикматни замзама қилиб қайтиб кетарди.

Аммо ўшандан буён Ҳомид савдогар бу томонларга қадам босмади.

“Ё, ранжидимикин? Йўқ, бўлиши мумкин эмас. Бирор дардга чалинмадимикин? Тинч, омонмикин ишқилиб?”, ўйлади Мирсафо. Ҳомид бесабаб бундай қилмасди. Аммо қолдирган бир қоп туршаги уни тириклай икки ўтнинг орасига ташлади. Ўртада омонат бўлмаганда, Мирсафо бир вақтлар шунчаки тасодиф боис бозор эшигида учратган таниши кейинчалик уни йўқламай қўйганидан балки бунчалик озор чекмасди.

Худо ўзи кечирсин, шу куни Мирсафо туршакни пуллади. Пулни белбоғига тугиб, бозор айланди, кейин йўлга тушди. Кечга яқин худди мусофир қўноқдек бир эшик қошига келиб тўхтади, ортига бир қараб қўйиб, астойдил эшикни қоқди. Шошиб эшик очган аёли қандайдир мусофир эмас, остонада эрталаб бозорга кетган эри турганини кўриб ақлдан озишига оз қолди:

– Ҳа, тинчликми?

– Қоч йўлимдан.

Мирсафо кун бўйи эски таниши ҳақида ўйлайверганиданми, бир қоп туршак ташвиши қаттиқ чарчатдими, негадир паришон бўлиб, ари уясидек гавжум Пайшанба бозорини ортда қолдириб Саҳҳоб ўғли Ҳомид савдогар деган танишининг хонадонини ахтариб юрди. Мана, топди ҳам. Бироз тараддудланиб тургач, астойдил қоқаётган дарвоза савдогар танишининг эшиги эмаслигини, ўзининг уйи рўпарасида турганини пайқаб қолди. Эшик очилиб қаршисида хотинини кўргач эса, сир бой бергиси келмади. Қурғур паришонлик, омонат туршак Мирсафога панд берди.

Кечқурун эрининг тағин тунд қиёфасини кўрган аёли ўзини тутиб туролмади:

– Яна азами? – деди норози бўлиб. – Қуриб кетсин ўша қандакфуруш. Келса, ана, бирмас, ўн қоп туршак олиб кетсин, келмаса ўша туршаги ордона қолсин, қанақа одамсиз ўзи! – жаврай кетди.

Мирсафо жим ўтираверди. Хотин зотига нима? Эски китобларда ёзилганидек, мўрт нарса. Мирсафо ҳозир чўк тушиб: “Ҳамма нарсанинг жавоби бор! Шуни биласанми ўзи?“ дея тушунтирса, нима, хотинига ақл кириб қолармиди.

– Дадамирзо Намангоний нақл қилган воқеани сенга   айтганмидим, онаси? – деди ўзига келган Мирсафо.

– Ичингизда қолиб кетмасин…

Кутилмаганда Мирсафонинг юзи ёришгандай бўлди:

– Чортоқ томонларда ўзига тўқ бир бадавлат киши ўтган экан, – дона-дона қилиб бошлади Мирсафо. – Ўлимидан олдин уч ўғлини қошига чорлаб, тўрт кўза олтинни кўрсатиб, мендан кейин буни тенг бўлиб олинглар, деб васият қилибди. Фақат бир шартим бор, мен лаҳадга қўйилганимда бирларинг ёнимда эрталабгача қоласан…

– Олтинлари ақлдан оздирган экан-да чолни, тавба! – қўлларини ёқасига олиб борди Мирсафонинг хотини.

Мирсафо ёнаётган оловдан кўзини узмади:

– Қазоcи етиб ота вафот этибди. Сўнгги амр вожиб, фарзандлар ўз бурчини бажаришга киришибди. Узоқ баҳсдан кейин ўша атрофда ўтин сотиб амаллаб кунини кўриб юрадиган йигитни топиб келишибди. Бир кеча отамизнинг қабрида тунайсан, эрта билан мана бу бир кўза олтинни олиб уйингга жўнайсан, дейишибди. Ўтинчи шартга кўнибди.

– Ё тавба, ё тавба! – Мирсафонинг аёли ёқасини ушлади.

– Бир кеча нима? – Эр хотинига эътибор бермасдан давом этди: – Ўтинчи арқонини белига бойлаб, қабрга кириб ётибди. Саҳарда уч ўғил ваъдага мувофиқ етиб келишиб, қабрни очишибди. Шунда ўтинчи йигит лаҳаддан чиқа солиб ортига қарамай қочиб кетаётганмиш.

– Олтинни олмай-а?

Мирсафо чалғимади:

– Марҳумнинг ўғиллари унинг ортидан чопармиш, “Бир кўза олтин сеники”, дея. “Ахир, келишганмиз-ку?..”

– Олтин ўзларингга сийлов! – қочармиш ўтинчи.

– Тўхта, қандай одамсан ўзи? – дейишибди охири ака-укалар ҳолдан тойиб.

– “Тонг отгунча бир қулоч арқонни қаердан олганимнинг жавобини бера олмадим-у, бир кўза олтинингни бошимга ураманми”, деб қочармиш ўтинчи.

Орага жимлик чўкди.

Мирсафонинг аёли кўпдан бери эри нимадан бунчалар озор чекаётганини энди сал пайқагандай бўлди. Бир қоп туршак ва бир қулоч арқонни кўз олдига келтирди-ю, кўнгли маъюс тортди. Кўз ўнгида худди бир қулоч арқон жавобини эрталабгача беролмаган ўтинчи йигитдек, елкасига бир қоп туршакни орқалаб изиллаб юрган эрини тасаввур қилди.

– Олмоқнинг бермоғи, емоқнинг қусмоғи борлиги рост экан-да, дадаси, – деди.

Чоли индамади.

* * *

Йўловчи довруғи узоқ-узоқларга довур кетган шарқона бозорнинг шовқин-сурон расталарини ортда қолдириб, кунботарга қараб кетди. Тангрининг марҳамати билан, ниҳоят, катта шаҳарнинг катта маҳалласида – Саҳҳоб ўғли Ҳомид савдогарнинг кекса балх тути соя солиб турган икки табақали дарвозасига етиб келди. Елкасидан бир қоп туршакни оҳиста ерга қўйиб, эшикни қоқди…

У ҳали олдинда, тўғрироғи, ичкарида ўзини нелар кутаётганини билмасди. Отасининг таниши Ҳомид савдогар бир неча йил бурун қазо қилиб кетганини, савдогар ўлимидан олдин фарзандларига Мирсафо деган таниши ҳақида гапирганини, унга атайин бир қоп туршак қолдириб келганини, бу Парвардигорнинг омонати – шу боис қадрдонлик ришталари узоқ-узоқ йиллар узилмай давом этиши керак, дея болаларига васият қилганини билмасди.

Йўловчи бир муддат туриб қолгач, яна дарвозани қоқа бошлади.

Ичкаридан тўлачадан келган, эпчиллиги юз-кўзидан кўриниб турган киши остонада иккиланиб турган қўноқ отасининг кўп йиллик таниши Мирсафо амакининг ўғли эканини билгач… қувончдан боши осмонга етди.

Азиз меҳмон ҳурмати пойига жонлиғ сўйди, такаллуфлар қилди, эъзозлар кўрсатди.

“Сизни йўқлаб ўзим борай десам, ҳар гал отам қолдириб келган бир қоп туршак кўз ўнгимдан ўтаверади, шунча ердан омонатини қистаб келибди деган ўйга боришмасин дердим, энди йўл очиқ, туршак андишаси йўқ”, деди Ҳомид савдогарнинг ўғли дастурхон устида кулиб.

Йўловчи бу хабар билан узоқ йўл босиб уйига кириб келганда ҳолдан тойган, касал отаси тўшакдан туриб кетишини ҳали билмасди.

Алишер НАРЗУЛЛО

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *