ШАҲИДЛАР ХИЁБОНИ

Нурга тўлсин бу шаҳидлар хиёбони,

Иймон билан ўтганларни раҳмат айла!

Кафани йўқ, ер остида лаҳади йўқ,

Тупроқ ичра ётганларни раҳмат айла!

 

Кўҳна тарих кўрди неча тузумларни,

Зулму бедод, истибдоду русумларни,

Раҳмат айла Қодирийдек мазлумларни,

Фитрат ила Чўлпонларни раҳмат айла!

 

Тани кетиб, тирик қалби элда қолган,

Жони кетиб, нафаслари елда қолган,

Бас, умидвор карвонлари йўлда қолган –

Карвони йўқ сарбонларни раҳмат айла!

 

Бу манзилни топтамасин беҳаёлар,

Айшу ишрат мулки эмас бу маъволар,

Бу даргоҳга ярашади илтижолар:

Руҳи дуо кутганларни раҳмат айла!

 

Ўлим бордир ғофилларнинг уйқусида,

Кимки эрку озодлик бор туйғусида,

Халқу ватан, дин диёнат қайғусида

Ўзни қурбон этганларни раҳмат айла!

 

Зулмат ичра юлдузлари рахшон эди,

Кенг бағрида ой ва қуёш пинҳон эди,

Ҳар бирлари замин узра осмон эди,

Ерда ётган осмонларни раҳмат айла!

 

Мирзо, қалбинг кечалари нола чекар,

Ким покларга тошлар отса, сенга тегар,

Охиратни эслаб кимки ёдгор тикар –

Диёнатлиғ султонларни раҳмат айла!

 

ИМОМ БУХОРИЙНИНГ ЗИЁРАТИДА

 

Нурга тўлғун ётар ҳазрат Бухорий

Тангри насиб этган иморатида.

Димоғларга етар ҳикмат ифори

Имом Бухорийнинг зиёратида.

 

Эй дўст! Ихлос ила иссиқ нафас қил,

Танни пок, дилни соф, овозни паст қил,

Аллоҳ ризосини юракдан қасд қил

Имом Бухорийнинг зиёратида.

Кўп эзгу ишларга инсон чоғланур,

Гуноҳ, хатолардан кўнгил доғланур,

Ҳақнинг Расулига хаёл боғланур

Имом Бухорийнинг зиёратида.

 

Илмидан бир насиб тегдими бизга?

Ҳеч амал қилдикми бирор ҳадисга?

Кўнгил тўлиб-тошар анвойи ҳисга

Имом Бухорийнинг зиёратида.

 

Чин ризо қилдикми ота-онани?

Йўқладикми бирор ғариб хонани?

Босмоққа ҳад борми бу остонани

Имом Бухорийнинг зиёратида?

 

Дўст-ёр, қўни-қўшни, қавму қариндош

Мушкул ишларида бўлдикми йўлдош?

Қалбинг саволларга берурми бардош

Имом Бухорийнинг зиёратида?

 

ўийбатдан тиндими бирор кун тиллар?

Омонатни омон элтдими қўллар?

Айланар умрлар, асрлар, йиллар

Имом Бухорийнинг зиёратида.

 

Ўлимни ёд этиб, титрайди виждон,

Қаро ер барчани истарми бежон? –

Дунё ва охират турар ёнма-ён

Имом Бухорийнинг зиёратида.

 

Ҳазрат Навоий ҳам ғами дин қилмиш,

Қирқ ҳадис назм этиб, Арбаъийн қилмиш,

Ҳирот ичра қалбин сарзамин қилмиш

Имом Бухорийнинг зиёратида.

 

Ватан ифтихори, Ислом шонидир,

Пайғамбар издоши, ҳикмат конидир,

Юрак илму ҳикмат сиёҳдонидир

Имом Бухорийнинг зиёратида.

 

Мирзо, ким азиз зот руҳин шод этар,

Мақбара, илмгоҳ, юрт бунёд этар,

Халқ ҳам дуоларда уни ёд этар

Имом Бухорийнинг зиёратида!..

 

УСТОЗ БЎЛМАСА

Устоз Воҳид Абдуллаев хотирасига

 

Жаҳон ободлиги устоз биландир,

Дилда қарор бўлмас, устоз бўлмаса.

Камолот, кушуфот устоз биландир,

Ишда барор бўлмас, устоз бўлмаса.

 

Йўқдан олим бўлди отамиз Одам,

Ҳақдан таълим олди Сарвари олам,

Сабаб оламинда бул куни бекам

Илму анвор бўлмас, устоз бўлмаса.

 

Ҳар йўл, ҳар соҳанинг бир пири бўлур,

Эҳтиром дил аҳлин тадбири бўлур,

Ҳар ишда устознинг бир сири бўлур,

Кашфи асрор бўлмас, устоз бўлмаса.

Ҳикмат кўп илму фан касбу корида,

Деҳқон кетмонида, дорбоз дорида,

Ошпазнинг бир сири – гармдорида,

Шогирд ҳушёр бўлмас, устоз бўлмаса.

Устоз қадрин билур ҳар қалби салим,

Ҳаёт дарсларидан бергайдир таълим,

Диллар ардоғида азиз муаллим,

Кимса сардор бўлмас, устоз бўлмаса.

Маърифат, иқтисод, санъат турлари,

Осмон эшиклари, ер унсурлари,

Устоз-ла очилгай Қуръон сирлари,

Ҳадис ошкор бўлмас, устоз бўлмаса.

Пуштли, устозлидир ҳар бир синиқчи,

Беустоз муҳандис – оддий чизиқчи,

Устозсиз очилмас ҳатто қизиқчи,

Сухан тагдор бўлмас, устоз бўлмаса.

Ўзи ўсган дарахт мева бермагай,

Сурчи ўз тўйида сурнай чалмагай,

Сартарош ўз сочин ўзи қирмагай,

Уста саркор бўлмас, устоз бўлмаса.

Устоз кўрган зотлар ишга омилдир,

Заковат аҳлига бу сўз шомилдир,

Устознинг авлоси пири комилдир,

Дилда баҳор бўлмас, устоз бўлмаса.

Мирзо, ҳар кўнгилда ният бор бўлсин,

Ватан обод, эл ҳам бахтиёр бўлсин,

Покдил устозларга Тангри ёр бўлсин,

Ҳаёт гулзор бўлмас, устоз бўлмаса.

 

МУҲАММАД ЮСУФНИНГ ОНА ҚИЗЛАРИ

 

Шоир бўстонидан икки хазина,

Икки дарддош кўнгил, икки қарина –

Бири Нозимадир, бири – Мадина,

Ҳаёт уммонида ёдгор сафина;

Шоирнинг борлиқда қолган излари,

Муҳаммад Юсуфнинг она қизлари.

 

Тўй кўрмай кетса ҳам, Ҳақ иродаси,

Тўй куни юз очди гуллар шодаси,

Улуғ халқ меҳрининг соф ифодаси –

Оталик кўргузиб юртнинг отаси,

Ҳеч кимдан кам бўлмай, кулди юзлари,

Муҳаммад Юсуфнинг она қизлари.

 

Отаси борларнинг бахтига қараб,

Бир ҳис юрагимдан чиқар сирқираб,

Ўзбекона кўнгил, юзлари араб,

“Она қизим!” дерди суюб, эркалаб,

Чиндан она бўлди бу кун ўзлари,

Муҳаммад Юсуфнинг она қизлари.

 

Ҳар ким иқбол тилар ўғил-қиз учун,

Шоир яшар эл юрт – сиз ва биз учун,

Адиб ардоқ кўрса ўлмас сўз учун,

Қалбим қувонади аввал сиз учун,

Эй, ғариб қалбимнинг эрка ҳислари,

Муҳаммад Юсуфнинг она қизлари!

 

Шоир – меҳри улуғ, дарди бепоён,

Элни тарк этмасин диёнат, иймон,

Меҳру дарди билан яшаб соғ-омон,

Юртга она бўлинг мушфиқ, меҳрибон,

Армонли шоирнинг тийранг кўзлари,

Муҳаммад Юсуфнинг она қизлари!

 

МАЪНОГА КЕЛДИНГ

 

Суннатли бир кунда дунёга келдинг,

Туғилган чоғингдан ғавғога келдинг,

Йиғи тасбиҳ бўлур –   поклик саноси,

Аслий фитрат билан санога келдинг.

 

Тириксан, сен қалблар зиёратин қил,

Дўстларга огоҳлик ишоратин қил,

Тун ва кун охират тижоратин қил,

Асли шул муборак савдога келдинг!

 

Оловнинг зиддига қайси хас келур? –

Рақиб номард бўлса, доно паст келур,

Сабру сукут билан ишинг рост келур,

Кўп яшаб, энди шул маънога келдинг.

 

Ботирлик, пешравлик эмас жасорат,

Нафсингни кишанла, шудир маҳорат,

Каслар қилаверсин тинмай ҳақорат,

Сен улар келмаган маъвога келдинг.

 

Мирзо, йўлдошингдир мунаввар фикр,

Ер устини кўрдинг: ола-була, кир,

Энди шошилмасдан ер остига кир –

Сабри жамил билан Мавлога келдинг!..

 

Мирзо КЕНЖАБЕК

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *