Оқ мато қаршисида ёш мусаввир… У чизув дастгоҳини созлаб, турли бўёқлар, ранг аралашмаларини ҳозирлаётир. Эътибори, ўй-хаёллари эса, кўз ўнгида жилоланаётган манзарада жамланган. Ниҳоят, мўйқаламларидан бирини қўлига олиб, чизишга киришади… Кўп ўтмай мато юзасида яшил либосга бурканган дарахтлар, сабза майсалар орасидан бош кўтарган чучмомалар тасвири кўрина бошлайди. Ҳар бир ҳаракатда янги бир шакл, бетакрор жилолар намоён бўлади… Кўклам ифорига чўмган манзара бағрида Марказий кўргазмалар зали бўй чўзган. Ёшлар билан гавжум салобатли ижод кошонаси баҳорнинг зангори осмони билан ажиб уйғунлик ҳосил қилган. Шу пайт бир зумга чалғиб, атрофга назар соласизу ўнлаб дастгоҳларда бундай гўзал манзараларни чизаётган бошқа ёш рассомларга ҳам кўзингиз тушади. Кўтаринки руҳда ўтаётган Тасвирий ва амалий санъат фестивали улар учун қизғин ижод майдонига айланган.

Шу кунларда Камолиддин Беҳзод музейи қаршисидаги сўлим гўшада ёш мусаввирларнинг ўзига хос устахонаси вужудга келган. Бу ерда, асосан, Рассомлик институти талабалари ижод қилмоқда. Кимдир натурада портрет чизиш билан машғул бўлса, бошқалари яшилликка чўмган боғ манзарасидан илҳом олади, тенгдошлари билан фикр алмашади, тажриба ўрганади. Улар яратаётган ижодий ишларда самимият, беғуборлик уфуриб турарди.

Кўргазма залининг очиқ айвонларини кўҳна Шарқ бозорларини ёдга солувчи гавжум майдонга айлантирган санъат коллежи ўқувчиларининг ишларига назар соламиз. Рангтасвир асарларидан тортиб халқ ҳунармандлигининг турли йўналишларида яратилган ишлар саноғига етиш қийин. Бу ерда уларнинг муаллифлари билан юзлашиш, суҳбат қуриш мумкин. Дизайн коллежининг каштадўз қизлари мато юзасига гўзал тасвирларни тушириш билан бирга, бу санъат турининг ўзига хос жиҳатлари ҳақида бажонидил сўзлаб беришади. Уларнинг ёнида эса ўспирин йигитлар ёғоч қутилар, лаган ва қаламдонларга нақш солишмоқда. Томошабинлар кўплигига қарамай, ёш миниатюрачилар диққатини бўлмай нафис суратларни ипак қоғозга маҳорат билан кўчирмоқда, навқирон ҳайкалтарошлар пластилинда турли эртак қаҳрамонларини ясамоқда.

Турфа рангдаги қуроқ парчалари сингари бирлашиб кетган рангтасвир, графика ишлари орасида мойбўёқда, акварелда чизилган турфа мавзу ва жанрдаги ишлар бисёр. Масалан, Фарғона санъат коллежи ўқувчилари табиат манзараларини, бухоролик ёшлар тарихий обида ва натюрмортларни, навоийлик ўқувчилар тенгдошлари портретларини катта қизиқиш билан чизгани сезилиб турибди. Бу ижодий ишларнинг ҳар бирида ўзига хос иқтидор учқуни бор.

Фестивалнинг асосий намойишидан ўрин олган асарлар билан танишаркансиз, ҳайрат ва таассуротларингиз янада ортади. Услуб ва ёндашувлар ранг-баранглиги маданиятлар, миллий анъана ва урф-одатлар хилма-хиллиги билан уйғунлашиб, гўзал манзарани ҳосил қилади. Бу йил фестивалда ўн бешга яқин мамлакатдан рассомлар иштирок этаётгани кўргазманинг доирасини кенгайтириб, уни ижодий жиҳатдан бойитган. Томоша залида латвиялик рассомларнинг ажойиб фото асарлари билан юзлашасиз. Болтиқбўйининг мафтункор табиат манзаралари, тарихий обидалар, одамлар тасвири қизиқарли саёҳат таассуротларидек хотирангизда муҳрланади. Румин ҳайкалтароши Константин Бранкусининг фотодаги рамзий асарлари рўпарасида грузин, беларус халқларининг миллий либослари жилоланади, ҳинд, индонез миллий чолғуларининг ажабтовур шакли ҳаммани ўзига маҳлиё қилади. Эрон санъатига бағишланган намойиш майдонида ҳам томошабинлар гавжум. Бу ерда таниқли форс мусаввири Ардовани Моназам маҳорат дарсини ўтказмоқда. Саъдий, Румий, Аттор, Навоий ҳикматларини нафис чизиқлар билан қоғозга кўчираётган рассомнинг ҳуснихатини ёшлар диққат билан кузатишади. Ажамлик хаттотларнинг гўзал нақшлар билан безатилган асарларида Самарқанд, Хива, Бухоро обидалари пештоқидаги битиклар билан уйғунлик бор.

Экспозицияда асосий ўринни рангтасвир асарлари эгаллаган. Акмал Нурнинг баҳорий рангларга бурканган ишларидан кўз қамашади, Журъат Раҳмоновнинг рангин гуллар тароватини мужассам этган картиналари Хуршид Зиёхоновнинг кубистик автопортрети билан уйғунлашиб кетган. ўофур Қодировнинг “Қора товус”и ва “Учиб кетаётган қушлар”и бизни сирли туйғуларга ошно этса, Шаҳноза Абдуллаеванинг фақат дўппи тасвиридан иборат асарлари, унда акс этган нақшу безаклар миллий анъаналаримиз ҳақида ҳикоя қилади. Бу ижодий ишларни кузатиб, халқимизнинг кўҳна мероси, урф-одат ва қадриятлари замонавий рассомлар учун туганмас илҳом манбаига айланганини, мустақилликнинг дастлабки йилларида ўзбек рангтасвирида шаклланган бу тенденция ҳамон давом этаётганини англайсиз.

Ёш мўйқалам соҳибларининг ижоди ҳам эътиборга лойиқ. Жумладан, қорақалпоғистонлик ёш рассомлар бу йилги фестивалда қизиқарли мавзулардаги ёрқин асарлари билан иштирок этишмоқда. Улар қорақалпоқ халқининг тарихи, миллий анъаналарини ўзига хос кўринишда талқин этишган. Айниқса, истеъдодли мусаввир Саидбек Сабирбаевнинг асарлари диққатга сазовор. Она халқининг бой оғзаки меросидан илҳом олган ижодкор ўзига хос поэтик услубни топишга эришгани яққол сезилиб турибди. Саидбекнинг “Уйқудаги Орол”и чуқур рамзий маънога эга. Майин тўлқинлар бағрида сузиб бораётган қайиқ ичида уйқуга кетган аёл ва эркак образлари эртак қаҳрамонларини ёдга солса-да, бу манзара замирида рассомни ўртаётган ўй-хаёллар, муаммоларнинг бадиий ифодаси мужассам.

Умуман, кўргазмадан ўрин олган рангтасвир асарлари орасида навқирон авлод вакилларининг ижоди яққол ажралиб турибди. Шу боис асосий намойишда ёш рассомлар учун янада кенг ўрин ажратилса яхши бўларди. Тасвирий ва амалий санъат фестивали аслида ёшлар анжумани сифатида юзага келганини назарда тутган ҳолда, унинг марказида айнан ёшларнинг асарлари туриши муҳим. Бу жараёнда аввалги фестивалларда намойиш этилмаган янги асарларнинг танлаб олинишига ҳам жиддий эътибор қаратиш лозим. Шунингдек, асосий намойишдан ўрин олган инсталляциялар савияси масаласида ҳам жиддий саволлар бор. Очиғи, улар орасида томошабинлар эътиборини жалб этадиган, мушоҳадага чорлашга қодир профессионал ишлар деярли учрамайди. Бу борада фестиваль ташкилотчилари янада жиддий изланишини истаб қолардик.

Баҳор жозибаси, кўнгилга қувонч улашувчи таровати ижод аҳли учун ҳамиша илҳом бағишлаб келган. Тасвирий ва амалий санъат фестивали кўтаринки руҳда ўтаётганининг боиси ҳам шундадир, балки. Анжуман доирасида Ўзбекистон тасвирий санъат галереяси, халқаро Маданият карвонсаройи, Фотосуратлар уйида катта-кичик кўргазмалар, маҳорат дарслари, учрашув ва суҳбатлар ташкил этилмоқда. Бугун Марказий кўргазмалар залида “Замонавий жамиятнинг маънавий модернизациясида санъат ва бадиий таълимнинг ўрни” мавзусида илмий-амалий конференция, “Турон” театр-студиясининг спектакль-перфоманси ҳамда “Камолиддин Беҳзод издошлари” танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтади.

Тасвирий санъат байрами давом этмоқда, қизиқарли ижодий лойиҳалар амалга оширилаётир… Фестиваль доирасида ҳали кўплаб тадбирлар ўтказилади. Ёш рассомлар бу тадбирларда ўз ижодини намойиш этиш билан бирга, устоз рассомлар билан мулоқот қилиб, сабоқ олишини, маҳоратини оширишини хоҳлардик. Зеро, профессионал ижод,   гўзал орзулар сари элтувчи йўл мана шундай анжуманлардан бошланади.

 

Азизхон ИМОМОВ

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *