Ўзбек Миллий академик драма театрининг навбатдаги янги спектакли Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг “Буюк адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори билан ҳамоҳанг бўлди. Буюк адибнинг “Оқ кема” асари асосида театр ижодий жамоаси саҳнага олиб чиққан янги спектаклни томошабинлар қизғин қарши олишди.

 

— Чингиз Айтматов асарлари фақат қирғиз халқининг эмас, бошқа қардош халқларнинг, ўзбек халқининг ҳам қалбидан чуқур жой олган, — деди театр директори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Фатхулла Маъсудов. — Юртимиз театрлари саҳналарида, жумладан, бизнинг саҳнамизда турли йилларда адибнинг “Сарв­қомат дилбарим”, “Асрга татигулик кун”, “Момо ер” каби асарлари муваффақият билан намойиш этилган. Бу гал биз унинг бетакрор асарларидан бири “Оқ кема”га мурожаат қилдик. Бир қараганда оддий сюжетга эга бу қиссада давр фожиаси, одамлар тақдири юракларни ўртайдиган даражада ҳаққоний тасвирланган. Албатта, ҳар қандай янги томошанинг баҳосини томошабин ва вақт беради. Лекин премьералардаги муносабат, қизиқиш ва самимий тилаклар бизни мамнун этди.

Шуниси эътиборлики, мазкур спектакль уч халқ ижодкорлари ҳамкорлигининг ёрқин намунасига айланди. Қирғизнинг буюк ёзувчиси асарини Қозоғистон Республикасида хизмат кўрсатган санъат арбоби, Маҳамбет номидаги мукофот соҳиби, профессор, Олмаота давлат драматик театрининг етакчи режиссёри Абубакир Раҳимов ўзбек актёрлари билан биргаликда саҳнага олиб чиқди. Бу тажрибали режиссёр Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ташаббуси билан мазкур спектаклни Миллий театрда саҳналиштириш учун таклиф этилди.

А.Раҳимов иш жараёни ҳақида қу­йидагиларни гапириб берди:

— Чингиз Айтматовнинг бу қиссасини тасодифан қўйишга киришганим йўқ. Асар сюжети жуда ажойиб, чуқур маъноли. Қаҳрамон ўз эртагига ўзи ишонадиган бола. У ишонадиган яна бир нарса она буғи ҳақидаги афсона. Ҳаётида қувончли кунлар у қадар кўп бўлмаган боланинг тақдири мени ўзига тортиб олди. Постановкада банд бўлган барча актёрлар ишидан кўнглим тўлди. Айниқса, театр-студияда актёрлик маҳорати алифбосидан сабоқ олаётган болалар мени жуда хурсанд қилишди. Танлаш жуда қийин кечди, чунки болаларнинг ҳаммаси ҳам истеъдодли. Болалар ролига ёш актёр, актрисаларни таклиф қилишди. Лекин мен рад этдим. Унда режиссура шаклини ўзгартиришга тўғри келарди. Классик услубда асар қўя туриб, томошабинни алдаёлмайман. Умуман, Олмаотада қўйган барча спектаклларимда болалар ролини, қаҳрамон бўлса ҳам ўз тенгдошларига ўйнатганман. “Оқ кема”да бош ролни ўйнаган Бунёд Абдуллаев ва Нурмуҳаммад Хуррамовнинг келажаги порлоқ. Агар худди шу тарзда ўз устларида ишлаб боришса, яхши актёр бўлиб етишишади. Улар режиссёр топшириқларини аниқ, гап-сўзсиз бажаришдики, ҳатто баъзи катта ёшли актёрлар ҳақида бундай дейиш қийин. Омина, Ясмин, Иброҳим, ўолибнинг ижроси ҳам жуда яхши. Хуллас, болалар ҳам, катталар ҳам мазза қилиб ишладик.

Албатта, тақдимотда турлича фикр­лар айтилди. Лекин асосий масалада фикр бир жойдан чиқди: спектакль ҳеч кимни бефарқ қолдирмади. Мен 35 йилдан сўнг яна шу машҳур ўзбек саҳнасида таниқли санъаткорлар билан бирга ишлаганимдан мамнунман. Асосийси, томошабиннинг тушуниши, буюк Айтматов асари билан яна бир бор юзма-юз бўлганидан мамнунлик туйишидир.

Асосий роль ижрочиларидан бири, таниқли актёр Абдураим Абдуваҳобовнинг фикри ҳам қизиқарли деб ўйлайман: “Бизнинг ишимизда фақат меҳнат муваффақият келтиради. Ишимизга баҳони биз билан бирга ишлаганлар ва томошабин беради. Менинг қаҳрамоним фожеий образ. Лекин ҳозир болалар ҳақида гапирмоқчиман. Болалар билан ишлаб ўзимнинг болалигимга қайтгандай бўлдим. Уларда образ яратишга, актёр бўлишга жуда кучли хоҳиш бор. Шунинг учун ҳаммаси аъло даражада бажаришди, чин дилдан саҳнада роль ўйнашди. Ўзим ҳам болалигимдан санъатдаман. Кинога ҳам тушганман, нималарни кўрмадим дейсиз. Лекин ҳеч қачон “Чарчадим, хоҳламайман”, деган эмасман. Ўзим қилаётган ишга катта ишонч бор эди. Бу болаларда ҳам шуни кўрдим. “Оқ кема” уларни бахтли келажакка олиб боришига ишонаман”.

Мазкур спектаклда Фарҳод Абдуллаев, Сайёра Юнусова, Беҳзод Абдураимов, Лола Элтоева каби таниқли актёрлар ва бошқа истеъдодли актёр, актрисалар ҳам ўзига хос, эсда қоларли образ яратишган. Пьесанинг қоғоз шаклидан саҳна шаклигача бўлган йўли оғир ва машаққатли: репетициялар, қайта-қайта топширишлар, тақдимот, ва ниҳоят, премьера! Айнан премьера куни зал тўла томошабинни кўрганда, ҳамма машаққатлар унутилади.

Айниқса, Чингиз Айтматовдек бетакрор адиб асари саҳнани нурлантирганда кўнгилларга ҳузур, дилларга ғурур тўлади.

 

Флора ФАХРУТДИНОВА

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *