– …Бошидан айтадиган бўлсам, ҳаммаси арзимаган хўжа кўрсин учун…дан бошланди…

Рихситилла билан жа унақанги орамиздан қил ўтмайдиган даражада қалин, оқибатли дўст ҳам эмас эдик. Ўзи у бизга еттинчими-саккизинчими синфда ўқиётганимизда қўшилди. Шунгами, биз билан элакишиб кетолмади, эшитишимизча, баъзан қўшни қишлоқдаги синфдошлари олдига бориб турарди. Бунинг устига, ўзиям сал одамовироқ бола эди, киришимли эмасди.

Хуллас, мактабни битирдик, ҳамма ҳар томонга тарқалиб кетди.

Институтни тугаллаш арафасида қишлоққа келганимда Рихситиллани кўриб қолдим, озгина гаплашдик. Далада экан. Сувчи, чопиқчи дегандай. Уйланишгаям улгурибди. Ўпкалаган бўлдим: “Тўйингга нега чақирмадинг? Шуми оқибат?”. Бунақа гинани кутмаган экан, шекилли, айб иш устида қўлга тушгандай эсанкираб қолди,   сўнг – аниқ эсимда, хижолат зўридан қизариб кетди, мен ана ўшанда қора одамнинг ҳам лавлаги тусга киришини кўрганман   – бир амаллаб:

– Насиб қилса… болаларнинг тўйига… – деди.

Мен:

– Чақир! – дедим. – Албатта, чақир!

Илло, дунёда қисир ваъда беришдан осони йўқ, устига-устак, аллақачон шаҳарнинг нуқси уриб бўлган: мулозаматни боплаб ташлаймиз!

Чин гап, бу учрашув эсимдан ҳам чиқиб кетган экан. Янглишмасам, орадан беш-олти йил ўтиб, бир гал йўл-йўлакай овулга кирганимда акам “Анави Рихси жўранг уч марта ҳовлиқиб келиб тўйига айтиб кетди, телефонингни, адресингни сўраганди, “билмайман” деб туриб олдим”, деганида, рости, бунақа жўрам борлигини ҳеч эслолмадим… Ниҳоят, акамдан сўраб-суриштириб “уч марта ҳовлиқиб келиб тўйига айтиб кетган” жўрам кимлигини аниқлаштириб олдим. Аввалига Рихситилланинг мени болаларининг суннат тўйига чақиргани ўзимга ғалати туюлди: қачон у билан офтобда қатиқ ялашган эканмиз, ҳа, ана, бир пайтлар бир синфда ўқиган бўлсак ўқигандирмиз, ундаям бор-йўғи икки-уч йил эди, шекилли; ўзимча гумонгаям бордим: бирон дарди бор-ов шу боланинг. Тўйига борсам, нон-тузидан тотинсам, кейин илтимосини айтиб қолса, қайтиб “йўқ” деб жавоб бераман, ахир, еган оғиз уялади. Яхшиси, оч қорним – тинч қулоғим. Шундай қарорга келиб турган маҳалим ҳўв ўша учрашувни, лавлагидай қизариб кетган Рихситилланинг ваъдасини эслаб қолдим.

Мутлақо тасодифан шу куни кечқурун бекор бўлиб қолдим, чўнтагимда уч-тўрт сўм пул ҳам бор эди. “Борай-чи, бир нарса сўраб ёпишиб олса ё ўзимни мастликка солиб қутуламан, ё ҳеч кимга билдирмасдан инглизчасига жўнаб қоламан”, деган ўйда баланд мусиқа овози эшитилаётган тарафга қараб юрдим.

Мени кўриб Рихситилла шайтонлаб қолди ўзиям… Тўй эгасининг дир-дир титраётган қўлларига – “Элдан бурун ичиб олганми нима бало!” деган густоҳона ўй ўтди кўнглимдан – тўёнамни тутқаздим, табриклаган бўлдим ва ҳар эҳтимолга қарши вақтим зиқлигини, азбаройи ҳурмат юзасидан бирровга кирганлигимни писанда қилиб ўтдим.

Мени алоҳида иззатли қўноқларга мўлжалланган махсус сўрига бошлаб боришганию, базм давомида адашиб, балки Рихситилланинг ўтинчи боис бир эмас, икки марта қутлов сўзи айтиш учун ўртага таклиф қилишганини эслаб ўтирмай. Ёдимда қолгани шуки, лаб-лунжини йиғиштиролмай қолган Рихситилла атрофимда парвона денг, баайни тўйига ташриф буюриб унга буюк марҳамат кўрсатгандайман. Ўзингни қандайдир каттаконроқ, улуғворроқ, кераклироқ одам ҳис этасан.

Ҳай, майли, буларам ўтди.

Энди буниси аниқ эсимда: орадан икки йилдан сўнг мен шаҳарда ўтаётган никоҳ базмимда қишлоқдан келган меҳмонлар сафида Рихситиллани кўриб ажабландим. Саволимга акам бамайлихотир, дунёнинг энг жўн ҳақиқатини тушунтираётган каби изоҳ берди:

– Нимасига ҳайрон қоласан, қайтар дунё бу. Сенам унинг тўйига боргансанми, боргансан. Тўёна бергансанми, бергансан. Келади-да. Тўёна қарздай гап. Бўйинда қарз билан ўтиб кетиш ёмон…

Дарҳақиқат, эртаси куни акам тутган ўн икки варақли катак дафтардаги қинғир-қийшиқ ёзилган исмлар орасида Рихситилланинг номини ҳам учратдим. Унинг тўёнаси мен берганга нисбатан икки ҳисса кўп эди.

Дафтарни олиб қўйдим. Бўйинда қарз билан ўтиб кетмасман, қайтарарман.

Кўп кутмадим, орадан икки йил ўтиб, Рихситилла яна суннат тўй қиладиган бўлди. Бунинг хабарини акамдан эшитгач ўша кунни мўлжаллаб қишлоққа ўтдим, бориб собиқ синфдошимни қутладим ва уч ҳисса тўёна тутдим.

Орадан уч йил ўтди-ўтмади, тўйимда “қиёмат қарз” тўрт ҳисса бўлиб қайтди. Дарров “темир дафтар”га илдириб қўйдим.

Нима, менинг Рихситилладан кам жойим борми? Йўқ! У ўғил уйлантирганида мен бироз қийинчилик билан бўлса ҳам беш ҳисса тўёна обордим: пул кетса кетсин, обрў кетмасин!

Сиз боя: “Ашаддий ўқирман яхши китоб учун охирги иштониниям сотади”, деб қолдингиз. Жим ўтиргандим, шу гапингиз тилимни қичитди-да. Бизам сотамиз, ака, охирги чалворимизниям сотамиз, керак бўлса бўғзимизга қадар қарзгаям ботамиз. Фақат ­бошқа нарса учун…

Хуллас, қиз чиқарганимда мен олган тўёна олти ҳиссага етганди. Қандай эплаган экан шўрлик. Маълум-ку аҳволи. Ўзиям чўпдай озиб кетибди, баттар қорайибди, нуқул ерга қарагани-қараган, базмдаям еган-ичгани ичига ботмади-ёв: оёғига тикан киргандай безовталаниб ўтирди…

Тез орада у ўғил уйлантирди, мен кўрсаткични етти ҳиссага етказдим. Ўзимнинг аҳволим ўзимга маълум, айтиб ўтирмай.

Ўғлимнинг бошини иккита қилганимда тўёна саккиз ҳисса бўлиб қайтди.

Орадан икки йил ўтди-ўтмади, у қиз чиқарди. Роппа-роса тўққиз ҳиссалик тўёнани қандайдир ваҳима ичида қалт-қалт титраб турган Рихситиллага тут­қаздим. У балки ичида: “Илоё, шу жўрам тўрт-беш йил тўй қилмай турсин-да” қабилида илтижолар қилгандир. Аммо мен кейинги йили тўй қилдим, туриш-турмуши аёнлиги боис атай унга таклифнома юбормадим. Бироқ қишлоқда гап ётармиди, кимдандир эшитган экан, изтиробдан юзи буришган, елкасини босган ваҳм-қўрқув тоғлари остида қадди ёйдай букилган Рихситилла ўн ҳиссалик тўёнани кўтариб келиб қолди… Буни кўриб ичимда бир нима узилгандай бўлди. Лекин мен бир нарсани билиб турардим: энди ҳатто хоҳлаган тақдиримда ҳам бу мусобақани тўхтатолмасдим, у менинг ихтиёримдан ташқари равишда тобора катталашиб-шишиб, ваҳимали тарзда улканлашиб-баҳайбатлашиб борарди. Балки у бир куни ўзимни босиб кетар, аммо шундаям тин олмайди…

Тез орада… Орадан икки йил ўтиб…

Хўш нима қипти шунга, ўлар жойдамисан, бунча ваҳима қиласан дейсизми? Майли, саволингизга жавоб берай. Мен биттагина Рихситиллани эсладим. Лекин худди шундай бош­қа рихситиллаларим ҳам бор-да: саксон олтита қариндош-уруғим, ўн олтита синфдошим, ўн еттита курсдошим; рафиқам томонидан хешларим, қудаларимни санаб ҳам ўтирмай… Мен уларнинг ҳамма-ҳаммаси билан худди шундай мусобақа ўйнайман, худди шундай. Зиғирчаям фарқи йўқ… ­Нимасини айтай, умрим шунақа ўйин билан ўтиб кетяпти, ёзувчи ака. Сиз бўлса менга китобни гапирасиз-а…

Абдуқаюм ЙЎЛДОШЕВ

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *