АБАДИЯТ

Асрларни қаритган,

Ривоят сўйлар ровий:

Икки буюк зот ўтган,

Иккиси ҳам самовий –

Навоий билан Жомий,

Жомий билан Навоий.

 

Бошдан оёққача сўз,

Томирдош ҳам жондош дўст,

Бири қароғ, бири кўз,

Қалбимизда доимий,

Навоий билан Жомий,

Жомий билан Навоий.

 

Ўқиб сиғмам оламга,

Олам тўлар ноламга,

Такрор айтгум боламга:

Эзгу ишларга ҳомий –

Навоий билан Жомий,

Жомий билан Навоий.

 

Халқ деб ухламай тунлар,

Чеккан афғону унлар,

Эзгулик сари ундар,

Тенгсиз, рутбаси олий –

Навоий билан Жомий,

Жомий билан Навоий.

 

Икки устоз, Икки пир,

Икки ҳазрат эли бир –

Ўзбек-тожикникидир,

Сўйлайвергин эй, ровий:

Навоий билан Жомий,

Жомий билан Навоий.

 

АДАБИЁТ АЛИФБОСИ

I

Математик дўстим, адашаяпсиз

Олам рақамлардан иборат эмас!

Физиклар, бу дунё сиз айтган мисол

Атомлардан бино иморат эмас!

Тан олсангиз эди ноҳақлигингиз,

Борлиқ зарралардан ташкил топмаган.

Наҳот, кўрмасангиз атрофни тугал —

Бутун коинотни ҳарфлар қоплаган.

 

II

Ҳарфларнинг бирикмасида

Яшаяпман сизлар сингари

Мана ўша ҳарфлар:

“Д”, “у”, “н”, “ё”.

 

III

Ҳарфлар босиб турар елкамдан,

Биноларга боқсам кўзимга

Иккита ҳарф қадалаверар:

“У”, “й”.

 

IV

Оҳангларни тинглар эканман,

Қулоғимга ноталар эмас

Ҳарфлар оқиб бораверар:

“К”, “у”, “й”.

Ҳарфлар бир-бирига урилиб,

Жаранглайди жуда ёқимли.

 

V

Инсон борки унинг, албатта,

Ҳарфлардан иборат махсус

коди бўлар билсангиз —

Исми.

Масалан, мен дўстимга боқиб,

Исми билан ёнма-ён турган

“С”, “о”, “д”, “и”, “қ”

ҳарфларини ўқийман ҳар гал.

 

VI

Осмон ҳарфларни сарфлар

Ерга ёғаяпти, айтмоқчи

Кўкдан саноғи йўқ ҳарфлар –

“Т”, “о”, “м”, “ч”, “и”.

 

VII

Аслида гул эмас қўлларингизда,

Кўзингизни қувнатиб турган.

Сиз уни томоша қилмадингиз йўқ,

Фақат ушбу ҳарфлар ўқилган:

“А”, “т”, “и”, “р”, “г”, “у”, “л”.

 

Бир жойда ғуж бўлиб тўпланган

Ҳарфларга гар эътибор бериб,

Ўқишингиз билан, албатта

Нимагадир айланар шаксиз.

 

VIII

Дейлик, ҳарфлар ортиб боргани сари,

Йириклаша бошлар ҳар битта жисм —

Ўсиб бораверар дарахт тобора.

Кичиклашиб кетар ҳайбатли дунё.

 

Йўргакларда, тилакларда, фалакларда,

Эзгуликка тўлиб тошган юракларда,

Қалқиб-қалқиб порлагувчи ҳарфлар бордир,

Шу ҳарфлар бор олам бордир, одам бордир.

Дўстлар, бизлар шу ҳарфлардан бир нишона:

“О”, “н”, “а”.

 

Х

Нимагадир бошқа ҳарфлардан

Меҳрим ўзгачароқ мана шуларга:

“а”, “н”, “в”, “т”, “а”.

Уларга муҳаббат билан термулиб,

Ўқий бошларканман дафъатан,

Кўз олдимда гавдаланади

Оналардай мушфиқ,

Оталардай меҳрибон –

“В”, “а”, “т”, “а”, “н”.

 

ХI

“О”, “н”, “а”, “В”, “а”, “т”, “а”, “н”.

ОНА ВАТАН!

 

СЕВИНЧ

Исмингизни ким қўйган, Севинч,

Анқиб турар ҳаётнинг иси.

Сочларингиз бунчалар нотинч,

Ҳаёлимни келар олгуси.

 

Қароғингиз шу қадар тубсиз,

Беркитолган жаннатдай жойни.

Тушунмайман, қандай қилиб сиз,

Уддалайсиз бунча чиройни.

 

ТУШЛАР

Тушлар изғиб юрар хонамда,

Мендан сўрамасдан бемалол.

Мана бу туш бунчалар жанда,

Буниси энг аянчли савол.

 

Кипригимдан сизиб кирарлар,

Кипригим нам сезиб кирарлар.

Гоҳи қувонч улашар менга,

Гоҳ кўнглимни эзиб кирарлар.

 

Кимлар келар таниш, нотаниш,

Дер: Чўчиманг, мен оддий тушман.

Бу тушлардан яқинроқ дўст йўқ,

Булардан-да ёвузроқ душман.

 

Уйғонишни истамам гоҳо,

Ширин тушлар оғушида маст.

Эй, қўрқинчли тушлар, эшитинг

Туш кўришни хоҳламайман бас!

 

CУБҲИДАМ

 

Тонг отмоқда, азизам, бу тонг,

Иккимизга қарашли танҳо.

Озроғин бер қарши бўлмасанг,

Тонгсиз қолиб кетмай дунё то.

 

Бўлди, жоним, ёшларингни арт,

Олам яшнар туйғуларингдан.

Табиатнинг кўрки учун шарт,

Туҳфа этгин кулгуларингдан.

 

Қулоғинг тут бир гап айтаман,

Ишонишинг мумкин мутлақо.

Энди фақат тонгимиз отгай,

Кунларимиз ботмагай асло!

 

Жўрабек ЖАҲОН

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *