ВАҚТ ҚАДРИ

 

Боғлар гўзалдир баҳори билан,

Кунлар файзиёб наҳори билан.

Тоза ҳисларга ошён юраклар,

Бахтиёр севги изҳори билан.

 

Умр бир лаҳза тўхтамайди ҳеч,

Бугун эртага ўхшамайди ҳеч.

Ёшлигимизнинг шодон дамлари,

Қайтиб бизларни йўқламайди ҳеч.

 

Бой бермай ёшлик — буюк имконни,

Эъзоз этайлик ҳар лаҳза, онни.

Кунимиз ўтсин илм йўлида,

Бахт излаб юрмас бедард инсонни.

 

Улуғлар сўзи – ўлмас маънолар,

Эртани ўйлар эди донолар.

Умр боғига кексалик келмай,

Вақтни қадрла, дейди донолар.

 

АЁЛЛАР

Содда кўнгли райҳонга яқин,

Райҳону лек осмонга яқин,

Осмонда у уммонга яқин —

Таърифлари достон аёллар.

 

Гоҳи Зайнаб, гоҳида Кумуш,

Бир жонига етмишта юмуш,

Ҳар суратда кўринади хуш —

Жон аёллар, жонон аёллар.

 

Бардошига тоғлар қолар лол,

Кўз-қошига кимлар бўлар зор?

Чеҳралари сувдан-да зилол —

Соҳибаю султон аёллар.

 

Тош келса кемирар болам деб,

Сув келса симирар болам деб,

Яшайди шу ёруғ олам деб —

Орзулари осмон аёллар.

 

Гўзаллиги гулларга қиёс,

Тозалиги нурларга қиёс,

Нафосати ҳурларга қиёс —

Босган изи бўстон аёллар!

 

Муштарийбегим САЙФИДДИНОВА,

Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *