* * *

Қаламни соф иймон, ихлос билдим мен,

Ҳазрат Навоийдан мерос билдим мен,

Энг покиза изҳор, дилроз билдим мен,

Ҳам қувонч, ҳам нурли ғусса – қаламдир,

Қалам эл дардини ёзса – қаламдир.

 

Кўнгилга Ҳақ ва халқ муҳаббатин эк,

Нажмиддин Кубродек ёвга боргин тик,

Ватан дея султон Жалолиддиндек,

Қон кечса, жонидан кечса – қаламдир,

Қалам эл дардини ёзса – қаламдир.

 

Шоҳи Зинда нурдир, кўнгил янгориб,

Имом Мотуридий қошига бориб,

Насафий боболар сабоғин олиб,

Жаҳолат йўлини тўсса — қаламдир,

Қалам эл дардини ёзса — қаламдир.

 

Руҳ боқий, демакки, саломат жон ҳам,

Эл деб оқиб турса томирда қон ҳам,

Бор бўлиб ҳар дилда Соҳибқирон ҳам,

Кўк қадар юксалса, ўсса – қаламдир,

Қалам эл дардини ёзса – қаламдир.

 

Тезоб дарё каби замонда, дўстим,

Ким обод, ким эса вайронда, дўстим,

Англаб ўз қадрини жаҳонда, дўстим,

Бузилган оламни тузса – қаламдир,

Қалам эл дардини ёзса – қаламдир.

 

Юрт қолар, эл қолар, эл ичинда бўл,

Бул Ватан дил эрур, дил ичинда бўл,

Мудом адолатли йўл ичинда бўл,

Шу йўлдан адашмай кезса — қаламдир,

Қалам эл дардини ёзса — қаламдир.

 

Сўзим боболарнинг китобидандир,

ўайратим устозлар шитобидандир,

Бу даъват Юртбошим хитобидандир,

Танда бор жонини сезса – қаламдир,

Қалам эл дардини ёзса – қаламдир.

 

ЭҲТИРОМ

 

Кўнглимдаги бу алвон ранг –

Навоийдан, Навоийдан.

Ҳам ҳаётбахш нафис оҳанг,

Навоийдан, Навоийдан.

 

Ичимдаги ҳайратларим

Ортавериб аброрларга,

Нафсга қарши айласам жанг,

Навоийдан, Навоийдан.

 

Агар Мажнун, агар Фарҳод

Бўлиб севсам, ёниб севсам,

Бу ҳолимга ким ҳангу манг –

Навоийдан, Навоийдан.

Жавоҳирлар териб-териб,

ўариб умрим безай олсам,

Бўлмаса ҳеч аҳволим танг,

Навоийдан, Навоийдан.

 

Нафис мажлис аро кўнгил

Ёғдуланса, зиё топса,

Шубҳасиз, бу нури авранг,

Навоийдан, Навоийдан.

 

Минг асрлик нолам бу – ишқ,

Яна-яна минг асрлар

Бергай садо, бергай жаранг,

Навоийдан, Навоийдан.

 

Кўнглимдаги бу алвон ранг,

Навоийдан, Навоийдан.

Ҳам ҳаётбахш нафис оҳанг,

Навоийдан, Навоийдан.

 

ОТАМ АЙТГАН ЭДИ…

Кўнглимга басират – кўз бер, Худойим,

Пок, ҳалол насиба, туз бер, Худойим.

Дилларни зиёга элтмоғи учун,

Фақат даргоҳингдан сўз бер, Худойим.

* * *

Диллар малҳамидир покиза бир ун,

Унга эҳтиёжинг борми, айт, очун?

Ҳазрат олисда деб чекма изтироб,

Навоий ўтмишмас, Навоий бугун.

* * *

Ҳалво ер, саботга юз тутган доим,

Дилни ҳақ сўз элтгай ҳаётга доим.

Сенинг сафарларинг қай томон – билмам,

Менинг сафарларим Ҳиротга доим.

* * *

Сўзи илоҳийни ханда айлама,

Ўзни ўзгага ҳеч банда айлама.

Отам айтган эди: – Ҳирот ёқларга,

Салом бермоқни ҳеч канда айлама.

* * *

Тоза иймон бирла кўнгил бўлгай бут,

Дунё деб ғам чекар дамларни унут.

Ҳазрат Навоийдан мерос ҳикмат бу,

Эй дўст, тилинг бирла дилингни рост тут.

 

МЕҲР

Меҳр қолар деган гап янги эмас,

Муҳаббат яшайди, эски гап, ишон.

Бироқ қани ўша меҳр дегани,

Қани муҳаббатни тополган инсон?

 

Умримни кемириб бормоқда тамом,

Дилимни ўртайди надомат, ҳасрат.

Меҳр кўп кўргуздим, деб битта меҳрибон,

Тополмай яшади Навоий ҳазрат.

 

Бепоён, чексиздир Аллоҳ қудрати,

Дардларга шифодир гоҳ заҳри илон.

Шоҳ Бобур дардини ким ҳам англарди,

Яхшилик қилганми даҳр аро фалон.

 

Устод, бу сабоқлар кўнгилдадир жо,

Муҳаббатсиз диллар бечора, осий.

Шубҳа-гумонларни парчала, Худо,

Пуч ҳисларга қарши қиличман – ғозий.

 

Олис-олислардан келмоқда, ўзим

Меҳрга зорман-ку деган бир овоз.

Муҳаббат дегани билмоқчи эдим,

Бормикан, бормикан муҳтарам устоз.

 

Айтсангиз-чи, дунё ишида, ҳайҳот,

Борми бирор мезон, борми бир тартиб.

Мана кетаётир бир мураббий зот,

Муҳаббат ахтариб, меҳр ахтариб*.

 

Биродар, буларга берманг эътибор,

Санчмоққа яралган чаён нишлари,

Эҳтимол, кўнглимга бергандир озор,

Катта одамларнинг майда ишлари.

 

Боболар ортидан боряпман мен ҳам,

Нима бўпти қайғу, не бўпти армон.

Мен меҳр, муҳаббат бўлиб келганман,

Эй ҳаёт, ҳаммаси сенга армуғон.

*Мирзо Кенжабек сатри

 

Ғайрат МАЖИД

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *