(“Навоий” романидан парча)

…Шоир эл-улус ишидан қутулган дамларда бекор ўтирмас эди. Ё ўқур, ё ёзар, ё хаттотликда машқ қилар, ё мусиқийда янги куйлар яратишга уринар, ҳатто баъзи вақтларда расм солиш, фикрини бўёқлар ила ифодалаш билан машғул бўлар эди. Тафаккур, амал, ҳаракат унинг мангу ҳамроҳлари эди. У “Бир соат тафаккур бир йиллик тоатдан афзал” деган дастурни кўп вақт такрорлашни севарди.

Даричалари ёпиқ ва жиҳозлари завқ ҳам ички бир оҳанг билан саранжом топган хонанинг ўртасида манқал тўла қип-қизил чўғ ёлқинланади. Даричаларнинг тепасидаги ранг­ли ойналарда қиш қуёши ўйнайди. Навоий манқалга яқин китоб устига қўйилган янги, ҳафранг қоғоз тиззасида, салласиз, учли тақя кийган, боши бироз эгик, қалами енгил қитирлаб чиройли ҳарфлар туширмоқда.

Ижод дардини туғлуқ дарди билан қиёс этадилар. Ижод дарди — қалбнинг қаърида уйғониб, бутун вужудни ларзага солган бу оғриқ, Навоий учун энг ширин лаззат, она алласи каби юпантирувчи, қуёш каби ҳаёт ва қувонч бағишловчи бир куч эди. Шунинг учун у самимий, табиий бир завқ билан енгил ёза олар эди. У чинакам сўз сеҳрбози! У ҳар қандай ўжар фикрни, руҳнинг энг ингичка, энг тутқич бермас жилваларини, юракдаги ҳисларнинг мавжланишларини сўз орқали ажойиб ёрқин тажассумлаштирар, қатрада дарёларни мавжлантирар, учқунда қуёшларни айлантирар, ишқдан ҳаёт ясар, оддий ҳаётдан эса улуғ, тийрар афсоналар тўқур… У мингларча йилги маданиятни, асрларнинг фикр бойлигини қамраган шоир эди. Унинг шеърий даҳоси араб, эрон ва туркий халқларнинг санъат, фикр заминига чуқур илдиз отиб, унинг абадий кучидан гуллаган эди.

У турли шоирларнинг турли-туман асарларидан ўн мингларча байтни ёд билар эди. У уч-тўрт ёшдан бошлаб жиддий гўзал шеърларни ёдлаган. Саккиз-тўққизда бутун-бутун илмий, фалсафий, шеърий асарларни ўзини унутажак равишда завққа берилиб мутолаа этган. Бир қариш болаликда кекса шоирлар билан шеър ҳақида мунозара қилган!

Қалам равон югурарди. Сўзлар шеърнинг олтин ипига эркин терилади. Мисраларда сўзлар гавҳар каби ёнади, янги ранглар, янги жилвалар билан порлайди. Шоир ўз ота-бобоси тилининиг содда ва тоза гўзаллигини чуқур сезиб қувонади. Мана, мисралар қоғоз бетини тўлдирди. Она тилида шеърнинг янги бир гулдастасини боғлади. Шоир қаламни четга қўйиб, ичида ўқиди:

Очмағай эрдинг жамоли олам аро кошки,

Солмағай эрдинг бори оламда ғавғо кошки.

 

Чун жамолинг жилваси оламға солди растухез,

Қилмағай эрди кўзум они томошо кошки.

 

Бўлмағай эрди кўзум ўтлуғ юзинг кўрган замон,

Ишқинг ўти шуъласи кўнглумда пайдо кошки.

 

Айлагач ишқинг балоси зор кўнглумни ҳазин,

Қилмағай эрди мени маҳзунға парво кошки.

 

Тушмагай эрди фириб омиз лутфинг билмайин,

Нотавон кўнглумға васлингден таманно кошки.

 

Лутф ила кўнглумни васлингдин тамаъкор айлабон,

Қилмағай эрдинг яна зулм ошкоро кошки.

 

Бевафолиғ онглагач ишқингни кўнглим тарк этиб,

Қилмағай эрди ўзин оламда расво кошки.

 

Эмдиким девонаю расвойи олам бўлмишам,

Васл учун мумкин йўқ ўлтурғай бу савдо кошки.

 

Эй, Навоий, бевафодур ёр, бас не фойда,

Неча ким десанг агар ёхуд магар кошки.

Шоир ғазални китоб орасига солди. Енгилланиб ўрнидан турди-да, қалам ва довотни токчага олиб қўйди. Токчалардаги чиройли хитой идишларга, фил тишидан ишланган ажойиб, мўъжаз қутичаларга разм солди. У чиройли нарсаларни, ингичка санъат намуналари бўлган буюмларни севар эди. У ўйлади: “Хуросонда санъатнинг турли бобларида ажойиб моҳир санъаткорлар бор. Ҳунармандлар ўртасида ажойиб истеъдодли, сердиққат, серзавқ одамлар жуда кўп. Нима учун, масалан, хитойи чинниларни, хитойи шоҳиларни, кашмир шолларини Ҳиротда яратмоқ мумкин бўлмасин! Уларни санъат ва ҳунарнинг олий пояларига ташвиқ этмоқ керак, улар учун керакли асбобларни топмоқ керак!” Навоий яқинда ҳунармандларнинг бир байрамида улар томонидан ясалиб, халқни таажжубда қолдирган ғалати буюмларни эслади. Узоқ ўлкалардан нодир матолар сифатида келтириладиган кўп нарсаларни секин-секин Ҳиротнинг ўзида ясамоқ мумкинлигига ишонди.

Совуқдан бадани жимирлашди. Манқал олдига ўтирди. Устини юпқа кул боса бошлаган чўғни мис куракча билан енгилгина титиб, қўлларини тутди. Яна шоирона хаёлга, тафаккурга берилди. “Бир соат тафаккур бир йиллик тоатдан афзал!” У ўз она тилининиг қудратини, гўзаллигини намойишлантира билажак катта достонлар яратмоқни орзу қиларди. Унинг хаёли афсоналарнинг гўзал боғларида сайр этди. Нега бу боғчаларнинг олтин дарвозалари унинг халқи учун ёпиқ! Араблардан, эронликлардан унинг халқининг қай ери кам?! Йўқ, у ўз халқи учун шеърнинг гўзал гулзорларини яратиши керак.

Эшик аста очилди, яқинда шоирга хизматга кирган Шайх Баҳлул пайдо бўлди. Бу — анча таҳсил кўрган, ҳар вақт мутавозе, ювош табиатли, камтарин йигит эди. Шайх Баҳлул ўз хўжасининг фазлу камолотини тақдирлаб, унга хизмат қилишни ўзи учун бир шараф деб ҳисоблар эди.

— Буюринг, не демоқчисиз? — паришонлик билан сўради Навоий.

— Тарабхонада султон ҳазратлари сизни йўқламишлар, — жавоб берди Шайх Баҳлул.

Навоий бир муддат бошини қуйи солиб, сукут этди. Кейин ранжиганликни ифодаловчи товуш билан: “Айтинг, тез етиб борурмен” деди. Шайх Баҳлул бошини қимирлатиб “хўп” деб чиқди. Шоир узилган хаёлларига яна бир муддат берилди. Кейин шоҳи тўн устидан оғир бўлмаган қундуз почали пўстинини кийди. Кўча эшиги олдида отга миниб, саройга жўнади.

Тарабхонада сарой мулозимлари уни, ҳар вақтдаги каби ҳурмат билан қаршиладилар. Тарабхона — катта боғларнинг ўртасига солинган кичикроқ, лекин жуда келишган икки ошёнли бино; бу ерни ўз кўзи билан кўрган Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг таъбирича, “ширингина” иморат эди. Буни Абулқосим Бобир солдирган эди.

Шоир иккинчи қабатга чиқди. Тўрт тарафда нақшлари нафис тўрт ҳужра; буларнинг ўртасида катта бир хона. Ҳусайн Бойқаро Навоийни шу катта уйда қабул этди. Бу уйнинг тўрт томонидаги деворларда Абу Саид Мирзо ўзининг жанглари ва сафарларининг тасвирини ишлатдирган эди. Навоий одатдагича расмий таъзим ва ҳол-аҳвол сўрашлардан кейин, кўзларини беихтиёр равишда девордаги расмларга тикди. От гижинглаткан, ўқ узаётган, қалқон тутиб ўзини зарбадан сақлашга интилган душманга қилич кўтарган баҳодирлар, боши кесик, қонга бўялган гавдалар, қалъага ҳужум этаётган аскарлар ва ҳоказо жанг манзараларига диққат қилди. Бир кўп суратларнинг афтларида жонлилик, ҳаракатларида табиийлик кўрмади. Расм санъатининг ҳали орқада эканига ичдан таассуф қилди. Ҳусайн Бойқаро ҳам бир муддат расмларга қараб, марҳум рассом ҳақида эшитган баъзи бир қизиқ гапларни айтди-да, кейин ҳукумат ишларидаги нуқсонлар тўғрисида шикоят қилди. Навоий бу муносабат билан мамлакатни идора этиш ҳақидаги ўзининг мулоҳаза ва орзу-армонларини сўзлаб, подшоҳга тўғри йўл кўрсатмоққа тиришди. У мамлакатнинг келажаги, давлатнинг барқарор бўлиши учун зироатга, турли ҳунарларга катта аҳамият бериш зарурлигини муфассал тушунтирди. Юртда илм, шеър ва ўзга санъат одамларнинг маишатини яхшилаш учун уларга ҳамиша ҳомийлик қилиш кераклигини, айниқса, таъкидлади. Подшоҳ ёлғиз пойтахтнинг эмас, бутун вилоятларнинг ишларидан ҳар кун хабардор бўлиб туриши, ҳамма мансабдорларнинг вазифаларини тафтиш этиши зарурлигини баён қилди. Ҳатто подшоҳ ҳар куннинг қайси палласида қайси ишлар билан машғул бўлиши кераклигига қадар кўрсатиб берди. Ҳусайн Бой­қаро диққат билан тинглади. Лекин охирда бу фикрлар ҳақида бирон сўз айтмади. Сирти қоракўл, қалин, чиройли қундузли телпагини бироз кўтариб қўйди-да, кулиб шоирни чақиришдан мақсади нима эканини сўзлади — амир сифатида девонда вазифа олиб боришни таклиф этди.

— Бу мушкул масалани яна ўртага қўйдингиз, — деди Навоий ташвишланиб, — бу хусусда каминанинг эътирози ҳазратларига белгули-ку.

Ҳусайн Бойқаро норозиланиб қошларини чимирди:

— Бу эътирозингизни муҳокама қилдик. Аммо, далилларингизни ҳақиқатдан узоқ кўрдик. Салтанатимизнинг сиз каби нодир шахсини амирлик рутбаи олийси билан сарафроз қилмагунча кўнглимиз қарор топмас. Иншоолло, бу тадбиримиз яхши самаралар берур.

— Шоҳона марҳаматингиз учун раҳмат, — деди Навоий қатъият билан, — иложи бўлса, мени ҳар қандай расмий мансаблардан озод этсангиз. Амирлик рутбаси ва девонда муҳур босмоқлик, гарчи шарафли бўлса ҳам, кўнгил эркинликка кўпроқ мойилдир. Мен давлатга, эл-улусга холис кўнгил билан хизмат қилмоқни орзу қилурмен. Бу хусусда қилган эътирозларим, балки зоҳиран маъносиздек кўрингандир. Лекин чуқурроқ андиша қилинса, унинг маъноси равшанлашурки, бунга имоним комилдир. Дарҳақиқат, амирлик рутбасини қабул қилсам, баъзи улуғ зотларнинг кўнгли ранжур. Орада беҳуда сўз кўпаюр. Дўстлик ўрнига нифоқ вужудга келур. Инсон руҳи ожизликлардан холи эмас…

Ҳусайн Бойқаро қўли билан “масала ҳал” деган ишоратни қилди.

— Бизки бу ишни орзу қилибмизми, ҳар не эътирозни рад қилурмиз, — деди у табассум билан, — шундай фармон берурмизки, амирлардан ҳеч бири мажлисларда сиздан олдин ўлтирмагай.

ОЙБЕК

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *