Оташ-а оташ! Кун ёнаяпти. Жавзонинг жазаваси қўзиган. Қилтонглаган дунёга қилт этган шамол малол, дов-дарахт гунг-соқов.

Шундай иссиқда уйгинангда ўтирсанг бўлмайдими, тостў бангдан офтоб уриб ярим каллангнинг қолган-қутган қатиғини чиқариб ташласа қай гўрга борасан, дейдиган одам йўқ. Кимга бўларди — ўулом чолга-да…

Бовоси тушмагур эрталабдан туртиниб-суртиниб ҳали унинг эшигига борди улов сўраб, ҳали бунинг эшигига борди, неварасини вилоят марказига олиб бориб қўлини ҳалоллаб келайин деб. Э-ей-ей, қўлини ҳалоллаб деган гапниям тушунмайсизми? Мусулмон қилиб келади, ана, боринг-ей, чукини кестириб келади. Эрта-индин мактабга чиқадиган боланинг бу аҳволда юриши… а-й-ий, энди муҳокама қилмайлик шуни: борса борсин бово, тўғри ўйлаган. Кап-катта болани на эл, на эр томонда турмаслиги ҳам чакки ишда.

Кап-катта бола бу — Эломон. Ота-онаси Эльбрус деб исм қўйишган. Тоғ чўққиси шундай аталармиш. Улар аллақаерга курортга бориб ўша тоғнинг тепасига чиқишган йили шу бола туғилган. Ўша ёқда ният қилишган экан, ўғил туғилса исми Эльбрус бўлади деб. Лекин бовоси учун Эломон. Бу исмни бово қўйган. Акасининг иззат-ҳурматига. Не бир урушларга бориб, таёкдай бўлиб қайтиб келган, алпсавлат акаси, Эломоннинг шарафига (акасининг ўзидан изн сўраб) исмини Эломон деб қўйган. Катта Эломон бурноғи йили юз ёшнинг эшиги кесакасига қўли етишига бир баҳя қолганда бу дунёга терс қаради, кетди. Оллоҳимдан қарзини қутулди.

Бовога аканинг кетиши оғир бўлди. Жонтомир-қонтомир экан денг, ортидаги тоғи қулагандай довдиради.

Хуллас, гапдан чалғимайлик, қисқаси, қишлоқда машинасиз ҳовлининг ўзи йўқ ҳисоб. Битта яримта қари-қартанг яшайдиган уйдан бошқа ҳамма хонадонларнинг эшиги олдини бир мошин банд этади. Лекин шу бугунга қолганда ҳеч ким рўйхушлик бермади. Алининг ёқилғиси йўқ, Валининг вақти, Эшматнинг улови бузуқ, Тошматники ундай, Нурматники бундай… хуллас, ҳеч кимнинг шаҳарга боргиси йўқ.

Охири Қулматни кўндирди. У ҳам тайсаллади, бово бўш келмади — яп-янги ўнталик пулдан бир дастасини олдига ташлади: “Бўлди, гапни калта қил, мижиллама… Туш олдимга…”.

Уйдан набирани олишди. Кампирининг ҳай-ҳайлаганига ҳам қарамай гунгу кар бўлиб уловга ўтирди, ёнида набира. Айтган гапи шу бўлди: “Катта ўғлингга тилпон қил. Бир соатда қайтамиз. Келиб қўйни сўйсин… Қўни-қўшни, мачитда йиғилган чолларни пешиндан сўнг чақирсин. Гап бор!”

Чол гапни қисқа қилди. Кампири оғзини очди-қолди, машина жилди.

Чол анчагача жим кетди. Қулмат найнов ҳам дим-дирс. Хаёлида “Чол шошиб мингталик ўрнига ўн мингталикни отиб юборди. Шаҳарга аталган ҳамённи кира пули билан адаштирди-ёв”, деган ташвишли ўй. Охири чидай олмади.

— Бово шу, йўл пулини сал кўпроқ бериб юбордингиз-ов. Қанчасини қайтарай?..

Чол найновнинг олд ойнакдан мўлтирабгина турган кўзларига ўқрайиб боқди:

— Бовонгди гапидан қайтгувчи палағда деб ўйлаяпсанми? Бовонгда бундай ўнталиклардан икки ҳўкизнинг пули бор, — деди димоғ билан. Сўнг набирага қараб жилмайди:

— Бугун Эломонимни бир айлантириб келай девдим, сендан бошқаси рўйхуш бермади, ноз қилди, уловингга улоқ ортармидим уккағарди уллари, ҳе-ей, савобнинг саволи, ҳурматнинг уволи оёқ ости бўлмасин-да, болам…

Қулмат найнов бир сапчиб тушди. Орқа чўнтагидаги бир даста ўнталик думбасини чўғ бўлиб куйдирди, кети ёниб шимига ўт кетадигандай бўлди-да, бир тўлғониб қўйди, шартта киссадаги пулни олиб чолга узатди.

— Мана, бово олинг, чин кўнглимдан айтаяпман. Боя бир каллам кетди, шайтон ол деб ёзғирди, энағар…

Найнов машинани тўхтатди. Бу гал унинг ҳам кўзлари бовога дадил боқди. Кўзлари ичидаги имон ўтидан чўғ олиб порлаб турарди. Чол бош ирғади.

— Пулни олмасангиз ҳеч қаерга бормайман. Шу ерда тушинг, сиз ҳам, набирангиз ҳам…

Чол жилмайди:

— Ҳеч бўлмаса ёқилғи пулингни ол. Йўқса, биз ҳам сен билан бормаймиз.

— Бу бошқа гап, бово…

Машина жилди. Бово бу икки ғалати одамнинг тортишувига қизиқсиниб, қараб қолган набирага бош ирғади:

— Эломоним, шаҳарга борайик, сенга велосипед олиб бераман, ўзинг танлайсан.

— Зўридан. Кейин мултимедия ҳам. Меники эскириб қолган. Ростакам дурбин ҳам олиб беринг…

Чол болага меҳри ийиб, ўқтомири ўйнаб, қонтомири қайнаб қаради.

Изим   менинг,   юзим менинг деган   ўй ўтди. Худойимдан айланайин, одамзодни наслдор, аслдор қилиб яратган-да, деб қўйди ичида.

Набира чолнинг ёнида талтайибгина унинг пинжига тиқилиб олди. Чол ич-ичидан тўлиқиб, кулгиси келди. Бу кулгини беозор жилмайиш билан юзида зоҳир этди: “Шугинага ҳам нимадир берсанг… ёқасан…”.

— Бово, той болага бу нарсаларни ҳалиги ишдан олдин олиб берганингиз маъқул. Шунинг шавқида… енгил кечади. Бўлмаса…

Бово бош ирғаган бўлди. Найнов тушунди. “Гапни калта қил!..”

— Бово, той бола нечи ёшда?

— Бешдан ўтаяпти, — чол набирага қараб қўшиб қўйди. — Беш ёшдан ўтган ўғилни диккайтириб юришлари яхшимас-да.

Кимни, нимани диккайтиради, Қулмат найнов унча илғамади.

— Бово, нимани гапираяпсиз?

— Олим ошнангни айтаман-да. Шу пайтгача шугинанинг қўлини ҳалоллаб қўйиш хаёлига ҳам келмаганини кўр… Ахир, қишлоққа келиб эл-эломонни чақириб, ўғлини эрга қўшилганини билдириб тўй берса қовурғаси қийшайиб қолармикан, дейман-да. Қачон қарасам вақти йўқ, қачон қарасанг иши кўп. Қишлоққа келиб уйга боши кириши ҳамона кети қайтаманга тушади… Охир айтдим, ўзинг ғир этиб келиб, пир этиб кетгунча, болангни ҳам олиб келиб бирон ҳафтага ташлаб кет, деб туриб олдим. “Мен билан ойиси соғиниб қоламиз”, деб тихирлик қилаверувди, сермаб ташладим! Ўлмайсанлар соғиниб. Болада мен билан кампирнинг ҳам ҳаққимиз бор дедим. Сенлардан оти дунё сўрамаяпман-ку дедим… Изза бўлишди. Тунов кун келиб ташлаб кетишди.

—         Уларга айтмадингизми?

— Нимани?

— Шу қилаётган ишингизни?

— Йўқ. Индамадим. Бир сурприз қилай дедим.

Бово набирага кўз остидан қараб қўйди. Отасининг ўзи — қуйиб-қўйгандай. Ўғли Олимжоннинг болалиги. Куни кеча эди. Ўғли Олимжон ҳам шунинг ёшида эди. Қишлоқ кўчаларида “айтувчи”лар жар солиб ўтишди: “Ҳамма ўулом аканикига тўйга-а-а-а!!!”

Ҳовлига қишлоқнинг бош-адоғидан одам йиғилди. Қозон осилди. Самовар қайнади. Уйдаги катта бир хона ўртасига уч қават қилиб кўрпа ташланди. Олимжонни ётқизишди. Оғзига битта нонни тишлатиб қўйишди. Уста Рўзи қисма чўплар билан ўғлининг чумбилини қисиб, қўлига покисини олиши ҳамоно отанинг юраги дош бермай, ҳовлига отилди, ичкаридан боланинг дод-войи эшитилиб қолди. “Нонни тишла. Тишла нонни. Узиб ол! Е, билинмайди…”, деб дўриллади Ҳусан бово. Ўғлининг тепасида турган тумонат қўни-қўшни, қишлоқдагилар гуррос-гуррос овоз беришди: “Ҳуйдуйду, ҳуйдуйду!!! Қўли ҳалол бўлди, қўли ҳалол бўлди-и-и!!!”

Ота ичкарига уриб кириб, ўғли бошидан бир сўмми, ярим сўмми ташлаётган одамларни ва тўшакда “мен йиғламаяпман… Мен кучли боламан…” деган маънода талтайиб ётган ўғлини кўрди… Ҳа-ей, ўша пайтлар одамлар ҳам сал бошқачароқмиди-ей! Ҳар қандай маросим-мавлуд кўпчилик билан, аҳли-иноқликда ўтиб кетаверарди-да…

— Бова, Олимжон ошнамнинг вақти бўлмаслиги чин… Катта одам. Иш кўп. Яхши қилаяпсиз…

Чолнинг хаёли-ҳуши жойига қайтди. Олд ойнакка боқди.

— Ҳе-ей болам. Иш, иш дейсан, иш биздан қолган. Ишнинг кичигиниям, каттасиниям кўрдим. Эллик йил оёғим узангида, лекин қўлим кўксимда бўлди.

— Отам раҳматли айтгич эди. ўулом раиснинг дамига довучча пишарди деб.

Чол талтайиб илжайди.

— Шивиримиз шамолни тўхтатган пайтлар бўлди, лекин элнинг пойи патаги эдик… Элдан узилиб кетмадик, болам.

Бово шу гапни зорлангандай бўлиб айтди. Қулмат найнов ниманидир сезди, ўзича гапни бошқа ёққа бурмоқчи бўлиб оғиз жуфтлаб эди, ўхшамади, ўзи билмаган ҳолда чолнинг маддасига тегиб қўйди.

— Катталик ҳам ҳаммага насиб қилмайди. Олимжон ошнам сизнинг изингиздан кетди, бово. Кимсан олис шаҳардаги катта идоранинг эгаси.

Чолнинг кўнглидан ўтгани шу бўлди: “Изимдан кетса кетгандир… Лекин от устида турганингда бир ҳақиқатни билиш ҳаммага насиб қилмайди. Чунки отнинг деви, мансабнинг даъвоси баланд бўлади… Йўрғанг   йўртанглаб   турса   йўлдошинг   йўлбарс     бўлар,   тойчоғинг тойринганда қумурсқа ҳам қасд қилар. Бу гапни ўргатиб бўлмайди от устидагиларга…

— Қизиқ, шу гапни ким айтувди-я… Шу гап аҳён-аҳёнда хаёлимда жаранглаб қолади.

— Қайси гап, бово?

Чол бир сапчиб қўйди.

— Қўявер, ўзимга ўзим гапирдим.

Машина шаҳар марказидаги кўп қаватли дўкон олдида тўхтади. Улар алламбало айланадиган эшикдан дўкон ичига киришди. Қулмат найновнинг тавсиясига кўра, чиқими чақсаям чидамли велосипедни танлашди. Катта елим халта набиранинг хоҳиш-истаги билан турли-туман ўйинчоқларга тўлди. Чўнтагига шамол кирса-да, чол ўз ишидан хушнуд эди. Набирани айтмайсизми, ирғишлайди, агар оёғи остидаги ер қўйворса осмонга учиб кетгудай, сапчиб-ўйноқлайди, Қулмат найновнинг ҳам оғзи қулоғида.

Машинага ўтиришди.

— Катта балнисага ҳайда, — деди чол секингина.

Тумандаги энг катта шифохонага келишди. Панжара билан ўралган беадоқ, кенг ҳовлининг бош эшигидан набирани етаклаб ичкариларкан, чол Қулмат найновга юзланди:

— Сен қолавер. Шаҳарни айланиб келсанг ҳам майли. Бир соатлардан сўнг уловингни ичкарига олиб кирсанг бас… Бор боравер, болам.

— Шу ерда кутиб ўтираман. Шаҳарнинг нимасини кўраман.

— Майлинг, болам, майлинг…

Қулмат найнов машина олд ўриндиғини ортга тушириб ухламоққа чоғланди. Кўп ўтмай машина эшиги шаҳд очилди-ю, ўулом чол ўзини орқа ўриндиққа урди. Арзи-ҳоли холиққа маълум. Ҳеч нарсадан бехабар набира беайбгина айбдор бўлиб қийшайибгина машина эшигига суяниб турибди. Қулмат найнов чолнинг кайфияти тирриқ бўлганини қизариб кетган юзининг тундлиги-ю, пешонасидан реза-реза тер симиллаб оқаётганидан билди. Чол ҳансирарди. Шу тобда ташқаридаги набирага ўдағайлади:

— Кирмайсанми энди, тирмизак! Ҳе, сенинг отангди…

Қулмат найнов чолга илкис қаради:

— Нима бўлди, бово? Дўхтир йўқмикан?

— Гўр бўлди! Кириб кетишингизга очиқ мозор йўқмикан демайсанми, ундан кўра?!

— Ўлай агар ҳеч нарсага тушунмадим, бово. Нима гап?!

— Нима бўларди. Изза бўлдим. Ер ёрилса-да ерга кириб кетсам эди… Дўхтирнинг олдидаям, оқ халатли қизлар олдидаям шарманда бўлдим…

Қулмат анграйиб бир бовога, бир набирага қаради. Набира илжайиб қўйди. Чол тутоқди:

— Илжайма. Илжайма, хумпар. Эй-ей, худойима, бу нима деган гап бўлди-а?!

— Бово, нима бўлди, — яна ўсмоқчилади найнов.

— Ҳайда мошинангди. Уйга ҳайда… Манави тирмизак чипрон қилинган экан… Дўхтирнинг олдида дикрайтиб мени гўрга тиқди бу бола.

Найнов ўзини тутолмади, қаҳ-қаҳ отиб кулиб юборди.

Чол секингина, биров эшитиб қолишидан чўчигандай ўзига ўзи пичирлаб қуйди:

— Ҳамма нарса ими-жимида қилинадиган бўп қопти-да. Ҳатто шу нарса-ям… Бу нима деган гап-а, бу нима деган гап?!

Найнов ўзини ҳамон кулгидан тўхтатолмасди. Чол набирага яна бир ўқрайди:

— Ҳали отанг келсин. Отнинг қамчиси билан орқасидан ариқ очаман.

Бола яна илжайди.

Қулмат найнов ҳиқиллаб-сиқиллаб кулгидан ёшланган кўзини енги билан артиб чолга гап қотди.

— Уйдаги бугунги тўй нима бўлди энди, бово?

— Тўй бўлади, тўй тўхтамайди! Эломоннинг олдиндан   эркак бўлганини элга билдириб қўямиз.

Чолнинг чиройи энди бироз ёришди. Сўнг бош чай­қади ва… ўзи ҳам қаҳ-қаҳ уриб кулиб юборди.

— Болам, — деди найновга, — сен бу гапларни бировларга айтиб юрма. Шунчаки шаҳарга тушиб, манави тирмизакка у бу нарса олиб бердик,   хўпми?!

— Айтмайман, бово, айтмайман!

Чол яна қаҳ-қаҳ уриб кулиб юборди:

— Ҳа боласи тушмагур-а, боласи тушмагур, — набирага илкис қаради, — сендан ҳам, отангдан ҳам хафа бўлдим, тирранчалар…

Қўчқор НОРҚОБИЛ

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *