* * *

Дунёда кўрмаган жойинг қолдими,

Бир томон Амриқо, бир ён Осиё.

Ҳайратинг ошириб, ақлинг олдими,

Сайру саёҳатдан яйрайсан гўё.

 

Оғзингдан бол томиб, ёнар кўзларинг,

Синиққан юзингда ажиб жилвалар.

Таъму шираси йўқ сачрар сўзларинг,

Ер билан бир бўлиб, пастга думалар.

 

Нима ҳам дер эдим,

Истайсан ҳузур,

Ўзгалар юртига қиласан ҳавас.

Лекин эсни йиғиб, бош эгиб бир қур,

Она юрт тупроғин ўпиб қўйсанг бас.

 

О, унинг бўйлари нақадар азиз,

Нақадар   сирлию нақадар буюк.

Момолар руҳлари — чақнаган юлдуз,

Боболар излари — қуёшдек суюк.

 

Ахир, у сени-да қўлингдан тутган,

Туну кун бошингда уйғоқ, парвона.

Бугундан эртангни нурафшон кутган,

Меҳрини, тафтини бериб, айлона.

 

Билгилки, чақалоқ тушида она,

Гўдак илк қадамин тутган шу тупроқ.

Кун кўриб юрибсан сен-ку шоҳона,

Наҳотки қалбингга тушмади титроқ.

 

Титроқки, зуваланг соҳиби шу ер,

Оқ ювиб, оқ тараб силаган бошинг.

Титроқки, ризқингни берган маржон тер,

Кенг дала, боғ-роғлар сенинг қондошинг.

 

Осмондан тушмадинг бўй-бастинг билан,

Томирда оққан қон бегона эмас.

Ёдингга солмасми, ахир, ҳар бир он,

Шу кунни бахш этган шу ҳаво, нафас.

 

Бамисли қушдайин қоқасан қанот,

Тақдиринг этаклаб қувонч тўкибди.

Ўтганлар орзуси бугунги ҳаёт,

Ўзликнинг туғини маҳкам тутибди.

 

Камолга етказган шу она диёр,

Ҳам отанг, ҳам онанг меҳнати аён.

Сен таъзим айласанг арзийди минг бор,

Элим деб, юртим деб ловуллагин, ён.

 

Яратиш завқидан сипқоргин тўйиб,

Келажак пойига бахш этгин жонни.

Озодлик, ободлик бахтини суюб,

Бошингга кўтаргин Ўзбекистонни.

 

Мени қўй, Ватанда орзуларим кўп,

Далалар қўйнига   чорлаб турибди.

Дўсту ёр ҳолидан хабар олай хўп,

Соғинган соғинчлар кутиб юрибди.

 

Ўзга томонларга истак йўқ, билки,

Руҳим она юртдан кетолмасман дер.

Бир кун кириб борар қалбингга балки,

Юрагим зикридек икки сатр шеър.

 

                         * * *

Тинглаяпман кўнгил торини,

Дардларимни ичимга ютиб.

Эшитганча фарёд зорини,

Бош эггунча яшайман кутиб.

 

Қадамингда гуллар очилгай,

Юзларингда кулгичинг раъно.

Ажиб туйғу қалбимга сингай,

Не юз берар билмайман барно.

 

Ҳар кимсанинг борар йўли бор,

Юрак зарбин соҳиби аён.

Қулоқ солмай кўнгилга зинҳор,

Типирчилар   беҳаловат жон.

 

Ҳисларингга айланса кўз ёш,

Лабларингдан манзилга етса.

Томирларда айланса талош,

Бор вужудга инсаю, кетса.

 

Сўнг тошса у бир булоқ бўлиб,

Оқаверса тинмай бир нафас.

Бу дунёда вужудинг ғолиб,

Руҳиятинг синдирар қафас.

 

                         * * *

Сочингни силасам қувонармидинг,

Юлиб кетмасдинг гулу баргларни.

Боғларни оралаб овунармидинг,

Супуриб-сидириб беҳад гардларни.

                                  

Ҳовучлаб сув тутсам қўлларинг силтаб,

Толларнинг ортига бекинмайсанми?

Саратон бағрини аввали ўртаб,

Сунбула ортидан ўкинмайсанми?

                              

Сочларинг узундан узундир, ахир,

Илашиб қоладир гоҳи хору хас.

Етаклаб чарчамас бечора тақдир,

Манзилинг аслида бу ерда эмас…

                 * * *

 

Мактубинг ўқидим.

Юз очар тоқат,

Шалола сингари оқар ҳаяжон.

Азизам, узоқда бўлсанг ҳам фақат,

Хаёлан қошимда турибсан шу он.

 

Қўлларинг тафтининг ҳовури қучар,

Ҳар бир сўз қатида сен олган нафас.

Соғинган меҳрни ташна дил ичар,

Бу сенинг оламинг —

Бу қоғоз эмас.

 

Ўртаниб титрайди бор жисму жоним,

Топгандай дунёнинг ноёб исини.

Авайлаб тўймайман, ахир, кутганим,

Қалбингнинг бир парча саҳифасини.

 

* * *

Сўзлар- гул,

Сўзлар – мушт,

Тушар зарбалар,

Қалб боғин майсасин этар гоҳ пайхон.

Умримнинг варағин йиртиб бурдалар,

Жонимни қақшатиб йиғлатсалар қон.

 

Нурларни орқалаб лоқайд офтоб ҳам,

Коинот қўйнида кезар шу нафас.

Талашиб-тортишар тинмайин бирдам,

Кўзлар кўзгусида ҳасаду ҳавас.

 

Дарз кетган ойлардан чиқиб соғ-омон,

Чегачи сўз истаб дил сарсон ғаввос.

Гоҳ қувонч шодону гоҳи ғам гирён,

Қуйилар ёмғирдек бошимдан шаррос.

 

Ўзимни овутиб дала-даштдаман,

Сирғалиб ўтади умрим ғалвирдан.

Истагим тополмай гоҳ адашаман,

Гоҳ ишим юришмай қолади бирдан.

 

Бунча ҳам нотекис, нотанти ҳаёт,

Нишонни чамалаб кетаверар кўз.

Бир калом дастидан портлайди фарёд,

Юракни йиғлатиб юборар бир сўз.

* * *

Оловмиди,

Сачради учқун,

Ўт тушгандек ловуллар таним.

Наҳот сени мен топдим бу кун,

Излаб-излаб дилдан кутганим.

 

Нурга интиқ — кўзларим ташна,

Илиқликни симирди руҳим.

Кўнгил боғим гуллади яшнаб,

Ва жилмайиб тинчланди оҳим.

 

Жой тополмай ҳайрон умидим,

Қувончини эплолмас ахир.

Булут билан мен сузар эдим,

Эркаларди суюниб тақдир.

 

Кўзларимдан ёмғир каби ёш,

Чанг-ғуборни тинмай юварди.

ўунчаларда очилган бардош,

Дил дардини оламга ёрди.

 

Бир беғубор насим ҳам эсар,

Чаманзорда боши айланиб.

Руҳиятим энди саросар,

Бир умрга сенга бойланиб.

 

Юрагимда тинсиз ўт ёнар,

Шарқираган сойдайин умр.

Эрта десам дилим қувонар,

Ишқ тафтидан илоҳий ҳузур.

 

* * *

Зумрад ҳаволарнинг беланчагида,

Тебраниб сочингни тутасан елга.

Беҳудуд дунёнинг бир бурчагида,

Сен ҳам қарайсанми тикилиб йўлга.

 

О, соғинч,

Туйғумни айлаган сархуш,

Кўксимдан кошкийди эритса тошни.

Ўтган кунларим ҳам айланганда туш,

Топармидим майса, сендай сирдошни.

 

Бу фалак қўйнида отаверар тонг,

Тун-кун қўйнида нафас олар ер.

Харсангу кўкатни кўриб теппа-тенг,

Ирмоқдек кўксидан оқаверар тер.

 

Зумрад ҳаволарнинг беланчагида,

Тебраниб сочингни тутасан елга.

Беҳудуд дунёнинг бир бурчагида,

Сену мен қараймиз тикилиб йўлга.

 

О, соғинч,

Умрбод ям-яшил ўлка…

 

Ўткир РАҲМАТ

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *