Йигирманчи асрнинг таниқли хонандаларидан бири, эстрада қўшиқларининг моҳир ижрочиси Анна Германнинг тақдири Ўзбекистон билан боғлиқ бўлгани учун ҳам бу санъаткорнинг ижоди биз учун икки карра қадрли. Урганчда туғилган А.Герман хотираларида юртимиз ҳақида самимий гапларни айтган.

Яқинда Польшанинг Варшава шаҳрида Анна Герман ижодига бағишланган халқаро фестиваль бўлиб ўтди. Анжуманда Ўзбекистон давлат консерваториясининг III бос­қич талабаси Фарида Гиргин муваффақиятли қатнашиб, хонанданинг портрети акс эттирилган ва исм-фамилияси ёзилган кубокни қўлга киритиб қайтди. Бу ёш истеъдоднинг биринчи ютуғи эмас. Илгари Италиянинг Сан-Ремо шаҳрида ўтган халқаро танловда ғолиб чиққан бўлса, ўтган йили Анна Герман ижодига бағишланган IV фестивалда полякча “Рақс тушаётган эвридикалар” қўшиғини куйлаб, катта муваффақият қозонди. Бу йил эса хонанданинг итальянча “Соронтога қайт” қўшиғини куйлаб, мухлислар ва мутахассислар олқишига эришди. Шуниси эътиборлики, Фарида А.Германнинг “Севги садоси”, “Меҳрибонлик”, “Порла, порла, менинг юлдузим” ва бошқа турли тилларда айтилган қўшиқларини меҳр-муҳаббат билан куйлайди.

— Репертуаримда ўзбек фольклори асосидаги, жаз йўналишидаги қўшиқлар, инглизча, итальянча, озарбойжонча, қрим-татарча ва бошқа халқлар қўшиқлари бор. Куйлашни саккиз ёшимда, Қрим татар маданият марказида қатнашиб юрганимда бошлаганман. Куйлашга қизиқишим эса онамдан мерос. Онам ўқувчилик пайтларида фортепиано чалиб, санъат билан шуғулланган бўлса-да, болалигидан оппоқ халатли врачларга ҳавас билан қараб, уларга ўхшашни истагани устунлик қилиб, тиббиёт йўлини танлаган. Лекин қобилиятим ўсишига онамнинг санъатга муҳаббати жуда катта ёрдам берган. Шуни алоҳида таъкидлашим керакки, Варшавадаги танловда ўзбекистонлик яна бир ёш истеъдод соҳибаси, Варшава умумтаълим лицейи ўқувчиси Сабини Мустафина ҳам қатнашиб, мутахассислар эътирофига сазовор бўлди.

Ф.Гиргин Маданият уйидан сўнг Консерватория қошидаги академик лицейда вокал бўйича таълим олди. Бугун эса моҳир педагог, етук санъаткор Дилором Омонуллаева раҳбарлигида эстрада санъати сирларини эгалламоқда. Орзулари бир олам бу қизни олдинда янги ютуқ ва эътирофлар кутмоқда.

Г.УМАРОВА

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *