ҲУР ДИЁР

Ўзбекистон ҳур диёр, хуррам диёр,

Бағридан кетмас баҳор-кўклам диёр.

Доимо ижод билан, меҳнат билан,

Илму фан, заҳмат билан кўркам диёр.

 

Сен онамсан, қай сифотинг мақтасам,

Нур хонамсан, эзгу отинг мақтасам.

Сўз деган ожиз эрур, рангсиз эрур,

Ҳар матонат, кашфиётинг мақтасам.

 

Яшнасанг сен ифтихорим ортадир,

Ифтихорим, ҳар на борим ортадир,

Сен сабаб дунё кезарман қуш бўлиб

Кенг жаҳонда дўсти ёрим ортадир.

 

Йўлларинг бўлсин чароғон-нур, диёр,

Бахтиёр эллар сафида бўл, диёр,

Давлатим, бахт юлдузим ёлғиз ўзинг,

Онажоним Ўзбекистон, ҳур диёр.

 

СОЙ

Сой оқади сокин, сим-сим,

Сой оқади мисли тилсим.

Сойнинг сири, асрорини

Сой кечмаган қайдан билсин?!

 

Қайдан билсин бегоналар

Юрагимнинг ёнишларин.

Гоҳи яйраб, гоҳи тўлиб,

Гоҳи ўксиб қолишларин?!

 

Қайдан билсин бегоналар,

Бағримда бор қандоқ бисот?

Унга маҳрам англар фақат:

Кўнгил дўстдир, кўнгилдир ёт.

 

Сой оқади сокин, сим-сим,

Сой оқади мисли тилсим.

Сойнинг сеҳру синоатин

Сой кечмаган қайдан билсин?!

 

МУҲАББАТДАН

Бошимдаги ҳамма савдо муҳаббатдан,

Дилимдаги қуёш сиймо муҳаббатдан.

Ажаб сеҳру зиёси бор муҳаббатнинг,

Ҳар эзгулик, ҳар муддао муҳаббатдан.

 

Ёруғ дунё жамолидан сурурландим,

Ҳар орзуки, дилимга жо муҳаббатдан.

Диёр меҳри қону жонга омухтадир,

Арзир унга эсам фидо, муҳаббатдан.

 

Ўғил-қизим кўзу қоши, рухсорида

Магар бўлсам мен ҳувайдо, муҳаббатдан.

Кўп учрадим таъналарга муҳаббат, деб,

Лек, узмадим умид илло муҳаббатдан.

 

Чўчимасман азобдан ҳеч… қайтаролмас

На Қорақум, на Карбало муҳаббатдан,

Бу дунёда юпанчим ҳам, илинжим ҳам

Кўнгилдаги эзгу зиё — муҳаббатдан.

 

Муҳаббат, деб шу ёшгача, ажаб, етдим,

Не тонг, тузсам соҳир наво муҳаббатдан?!

Қувон, кўнглим, Ватан меҳри қанотингдир,

Арзир қилсанг баланд ҳаво муҳаббатдан.

 

МУДДАОСИ БЎЛМАСА

Ўтар умр самарсиз муддаоси бўлмаса,

Юрак-юракми агар мубталоси бўлмаса?!

Кўзим кимгадир илҳақ, домига тушдим чоғи,

Безовта бўларми дил, бир балоси бўлмаса.

 

Келармидим бу ерга, бу боғга кирармидим,

Чаманзорда гулюзли ёр қароси бўлмаса.

Муҳаббат бунча сирли, сержозиба бўларми,

Бошингда турфа савдо, можароси бўлмаса.

 

Ўкинма, дил, санамнинг ноз ва истиғносидан,

Борармидик гоҳ излаб истиғноси бўлмаса.

Шу ёр қалбимнинг ёлғиз, бир умрли эгаси,

Севармидим аҳдига, айт, вафоси бўлмаса.

Кўтариб бошга уни ифтихор этармидим,

Тийнати пок, дилида гар худоси бўлмаса.

Шу ёрга йўлдош бўлиб, меҳри ила яшайман,

Бу умрнинг, қанийди, ҳеч адоси бўлмаса.

 

* * *

Қайси дилга Ҳақнинг ёди ёр экан,

Унда, билки, одамийлик бор экан!

 

Ким дилига этмаса дўст Ҳақ ёдин,

Барча иши бесамар, бекор экан.

 

Бу қарорга келмагингда, эй кўнгил,

Ҳақ ўзи берган ақл ҳамкор экан!

 

Бу ҳаёт кўркамлиги ҳам ёр ила,

Бўлмаса ул кенг жаҳон ҳам тор экан!

 

Шукр қил ҳам ўзингдан кетма ҳеч,

Ким ўзидан кетди, бил, дажжол экан.

 

Яхшилик қил ҳамда қолдир яхши от,

Яхшиликка икки жаҳон иқрор экан.

 

Қилма таъма, Ҳақ ўзи эъзозласин,

Ҳақ назари тушмаган кас хор экан.

 

Охиратда юз ёруғ бўлсин деган

Дилда Ҳақ-ла юрт учун бедор экан.

 

* * *

Куйма, эй дил, боқмаса гар сарвиноз,

Балки қилар у карашма, балки ноз.

Ё сабрингни синамоқчи, эҳтимол,

Эҳтимол, кўнглида ўзга дилнавоз.

 

Қалбини овлай дединг, овлатмади,

Қилса ҳам гарчи сени ҳурмат, эъзоз.

Кетди нафсиз қанчалар изҳори дил,

Кетди нафсиз эътибору эҳтирос.

 

Сен фидо этмоқ бўларсан унга жон,

У эса сендан қочар оҳу мижоз.

Ерга урма, тут баланд ишқ қадрини,

Бизга ул Қодир Худодан бир ниёз.

 

Ноумид ҳам бўлмагил, илло юрак,

Қиш ўтиб, кулса ажабмас сенга ёз.

Аслида нозик эрур кўнгил иши –

Ким, ўқиб бўлмас уни мисли баёз.

 

УМРИМИЗ

Умримизнинг кечаси кўп,

Кўнглимизнинг кўчаси кўп.

Билолмадим дилхушликнинг

Нечаси кўп, нечаси кўп.

 

Яхшиликка тўймас одам,

Яхшиликни қўймас одам.

Шунча юриб ҳеч кўрмадим

Яхшиликни суймас одам.

 

Эзгу ишлар — дилга қанот,

Ёмонликда ким ёмон от.

Яхшилик қил, яхшилик, деб

Берилгандир бизга ҳаёт.

 

ХОТИРОТ

Кундалик дафтарга ўхшар хотира,

Тўлиб бораверар асти бир бошдан.

Кўчар экан унга умринг бир сира,

Шафақ қолган каби ботган қуёшдан.

 

Кун етиб ўчса-да умр чироғи

Ўтган ҳам тириклар бирла, барҳаёт.

Улар яхшилиги, феъли, сиёғи

Қалбларда қоларкан бўлиб хотирот.

 

АГАР СЕНДАН…

Самад Вурғундан

Агар сендан тонар бўлсам насибам оҳу зор ўлсин,

Баҳорим қишга айлансин, чечаксиз бир диёр ўлсин.

Чаманзорим, боғим-боғчам тўкилсин, бори хор ўлсин,

Мозорим ўт олиб ёнсин, бу ишқим ошкор ўлсин.

 

Қўн-эй, булбул, тин-эй, довул, ки хоҳиш истироҳатдир,

Бу ерларда илинжим йўқ, юпанчим бир саёҳатдир.

Ўлим! Эвоҳ, бир неъматдир, бу бир шонли саодатдир,

Агар бевақт ўлар эрсам рақибим бахтиёр ўлсин.

 

Фалакдан интиқом истар жўшиб руҳимда бўронлар,

На инсофни, на виждонни билар, ё Раб, бу инсонлар.

Ёз, эй Вурғун, яна жўшсин бугун оламда тўфонлар,

Йиқилсин меҳвари олам, у тубдан тор-мор ўлсин.

 

Раззоқ АБДУРАШИД

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *