Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг давлатчилик сиёсатида, юртни, салтанатни бошқариш ишларида ҳамиша маслаҳат орқали, олим, фозил, оддий кишилар билан барча ишларни кенгашиб юритиш тартиби изчил амал қилинган. У умрининг охирроғида, аниқроғи, 1528 йили фарзанди Ҳумоюн мирзога ёзган мактубида, шаҳзода Комрон мирзога ёзган васиятномасида салтанатни юритишда салтанат вакиллари халқнинг ҳам истакларини сабр-тоқат билан эшитиши, улар фикрини ўзининг ақл-заковати билан таҳлил этиб иш қилиши лозимлигини алоҳида таъкидлаган. Айниқса, “…туркий улуснинг оталари ота-оналаримизга хизмат қилиб, жон тортиб иссиғ-совуқда, сафар ва ҳазарда …хизмати шоиста қилиб келтирибтурлар, ул элдин имтиҳон қилиб, эшигинга йўл беруб, вакили мутлақ этиб кичик ёшлиқ эрса алардин кегаш сўруб, маслиҳат тилаб, аларнинг сўзи била амал қилиб асло   ва мутлақо ҳеч муҳимга иштиғол қилмағайсан(бошқа ишга вақт сарфламагайсан)” дейиши фикримизга далил бўла олади.

Бобур шаҳзода ўғлига насиҳатини давом эттириб, қуйидагиларни   илова қилади: “Тақи Мовароунаҳр эли бисёр соддалавҳ элдурлар. Ҳар неча беқобилият эрсалар, аларга эътимод қилса бўлур… Ул силсиланинг мурид ва асҳоби подшоҳзода деб сенга келсалар, зинҳор икром ва эъзозларини маръий тутуб аларнинг борасида тахсис қилмагайсен… Элдин яхши сўзунгни айтиб, мукаммал бўлуб,   истеъдоди тамом била мутаважжиҳ бўлғайсен”.

Шу тариқа Бобур эл дардини сўраш, гарчи давлат ишлари билан жуда банд бўлган тақдирда ҳам, одамларнинг жамиятдаги мавқеига қарамасдан уларнинг дардларини тинглаш, мушкулларини осон қилишни фарзандига уқтирган. Унинг давлатчилик сиёсатида, ҳатто кичик масала бўлса-да, оддий одамлар фикрига, ҳаётий тажрибасига таяниб бир қарорга келгани борасида “Бобурнома”да кўпгина мисолларга гувоҳ бўламиз.

Бобур ўз фарзандларига, айниқса, умрининг охирги йилларида, давлатни бошқаришда ҳамиша халқ билан ҳамфикр бўлишни — “эл била ихтилот қилиб туриш”ни қайта-қайта таъкидлаган. Салтанат девонидаги кишиларнинг шахсияти пок бўлиши, улар ҳеч қачон хиёнатга йўл тутмасликлари, ҳамиша бамаслаҳат иш кўришлари ва юрт манфаатига хизмат қилишларини асарларида ҳам, фарзандларига ёзган васиятнома ва мактубларида ҳам уқтирган. Хусусан, тўнғич ўғли — тахт вориси Ҳумоюннинг укалари билан, давлат, юрт манфаатини кўзда тутган ҳолда, салтанат ишларини юритишини маслаҳат беради.
У Ҳумоюнга салтанатни машварат орқали бошқариш лозимлигини таъкидлар экан, бу ишда хусуматга йўл қўймаслигини, азму шижоатли, узоқни кўра оладиган беклар ва аъёнларга таяниши, уларни тез-тез машваратга чақириб   туришни тайинлайди: “Яна улуғ иш устида борасен, раъй ва тадбирлик беклар билан кенгашиб, аларнинг сўзи билан амал қилгайсен. Агар менинг ризомни тиларсен, хилватнишинлиқни ва эл била кам ихтилотлиқни бартараф қилғил. Кунда бир-икки навбат инингни ва бекларни ихтиёрларига қўймай, қошинга чарлаб, ҳар маслаҳат бўлса кенгашиб, бу давлатхоҳлар иттифоқи бирла ҳар сўз ва унга қарор бергайсен”.

Бошқа бир ўринда Бобур Ҳумоюнга мурожаат этиб, кичик ўғли Комрон мирзо билан бамаслаҳат иш кўргани, унга меҳрибонлик кўрсатганини олқишлаб, барча эл — салтанат фуқароларидан беклар, аъёнлар ва темурийзодалар билан ҳам кенгашиб туришни, шундан кейингина аниқ, пухта қарорга келиб салтанатни бошқариши маъқуллигини айтади. Дарҳақиқат, бобурийлар салтанатида эл билан мулоқот, маслаҳат ва машварат орқали давлатдорлик қилиш тартиби жорий этилган. Эҳтимол, ана шу хусусият ҳам бобурийларнинг Ҳиндистон ўлкасида 332 йил ҳукмронлик қилиб, бу ўлкани кўп офатлардан асраб қолишга, тараққиёт сари дадил қадам ташлаб юксалишига асос бўлгандир. Бобур ўғли Ҳумоюнга мактубида ёзади: “Турк улусининг… хизмати шоиста, панд-насиҳатлари жўялик. Ёшлари кичик бўлса улар билан ҳам кенгашиб, маслаҳатларига амал қилиб, номатлуб ишларда иштирок этмагайсен. Мулоҳазакор беклар билан сенга хайрихоҳ бўлган одамшаванда оддий кишиларки бор, қайсики ёнингда ҳамиша муҳим ишлар юзасидан маслаҳатга келиб турарлар, уларнинг савол-жавобларидан ўзингни тормагайсен ва кенгашларидан чиқмагайсен”.

Турли масалаларни эл билан кенгашиб ҳал этиш тартиби Бобурнинг иш услубига айланган эди. У атрофидаги кишиларнинг маслаҳатларини сабр билан эшитар, агар уларнинг маслаҳати муҳим бўлса, уни ким айтишидан қатъий назар, қабул қилар, акс ҳолда, ўзининг бу борадаги қарашларини маъқул билар эди. Тоғаси Али Дўст ҳақида кўп кишилар унинг жуда яхши сарбоз экани, қилич тутишга моҳирлиги, Умар Шайх мирзонинг саройида муносиб ўрни бўлгани каби ижобий жиҳатларини айтиб, Бобур салтанатидан муносиб ўрнини топишига тарафдорлик қилардилар. Бобур бу маслаҳатларга танқидий қараб, Али Дўстга салтанатидан қандай мансабни раво кўриш, умуман, уни салтанатида қолдириш ёки қолдирмаслик ҳақида ўйлаб кўради ва “Бобурнома”да ёзади: “Яна бир Али Дўст тағойи эрди. Менинг онамнинг онаси Эсан Давлатбегимнинг уруғидан бўлур эди. “Илигидин иш келур” дедилар. Бир неча йилким менинг қошимда эди, ҳеч андоқ иши зоҳир бўлмадиким деса бўлғай. Ярамас ахлоқ ва атворлиқ киши эди. Бахил ва фитна, ва зумухт, ва мунофиқ ва худписанд ва қаттиқ сўзлиқ ва совуқ юзлиқ киши эди”. Бобур Али Дўст ҳақида подшоҳ сифатида ўзи ҳукм чиқариши мумкин бўлган ҳолда барча яқинларини чақириб, у тўғрисида фикрларни билиб, сўнгра мулоҳаза қилиб ўз фикри тўғри эканини англаб, бир хулосага келган.

Бобурнинг ҳамиша оддий аскарлар ҳақидаги қараши, уларга муносабати ҳарбий интизомнинг етук намунаси бўлган. Жангари, ғолиб черик(аскар)ни тасвирлаш ва уни намуна сифатида кўрсатиш “Бобурнома” сюжетининг услубига айланган. Оддий аскарнинг муҳораба майдонидаги жасорати, бошқа аскарлардан кўра ўз зиммасидаги вазифани аъло даражада уддалаши, фидойилигини Бобур бошқалардан эшитиб эмас, балки шахсан бу қаҳрамоннинг ўзи билан суҳбатлашиб, ишонч ҳосил қилади. Бундай мулоқотлар ҳақидаги маълумотларнинг бир нечасини “Бобурнома” саҳифаларида ўқиймиз, уларнинг аксарияти оддий аскар, жасур жангчи, фидойи беклар. Муҳораба майдонининг бу қаҳрамонларининг ҳар бири Бобур билан мулоқотда бўлган, шахсан таниган ва шундан кейингина асаридан жой берган. Шунинг ўзи ҳам Бобурнинг эл билан ҳамиша яқин мулоқотда бўлганини, салтанатидаги муносиб тақдирланган кишиларни нома-ном билганини кўрсатади.

Бобур наздида навкарлар ва бекларнинг садоқати муносиб тақдирланиши керак. Шу ақидага у ҳамиша содиқ қолган. Дўстбек исмли навкари ҳақида шундай ёзади: “Сешанба кечаси, ойнинг бешида, Дўстбекким, йўлда тунда иситиб эди, Тенгри раҳматиға борди. Басе мутаассир ва мутаъаллим бўлдук. Дўстбекнинг наъшини ўазниға элтиб, Султоннинг равзасининг эшикининг олдида қўйдилар. Дўстбек хейли яхши йигит эди, беглигида ҳануз тараққий қилур эди. Беглигидин бутун ичкиликларида неча қатла яхшилар борди…». Бобур садоқатли аскарининг вафодорлигини улуғлар экан, бу билан унинг хислатларини таърифлашни якунламайди. Дўстбекнинг ўлими Бобур ва унинг атрофидагиларни ҳам “басе мутаассир ва мутаъаллим” қилган экан, ана шу қадр рамзини нозик ифодада баён этади: Дўстбекнинг жасади ўазнига олиб борилиб, Султон Маҳмуд ўазнавий қабри-зиёратгоҳи ёнида дафн этилади. Бу билан Бобур садоқатли дўсти ва моҳир жангчисини Хуросон ва Мовароуннаҳр, Яқин Шарқ ва Ҳиндистон вилоятларини забт этган машҳур Султон Маҳмуд ўазнавий ёнида мангу ором олишга лойиқ деб билади.

Камина етти йил хизмат вазифаси билан Афғонистоннинг турли вилоятлари, жумладан, ўазни шаҳрида ҳам бўлганимда Султон ўазнавий мақбараси зиёрати пайтида мақбара эшигининг ёнгинасида кичкина бир сағанага кўзим тушди. Бизга ҳамроҳлик қилаётган афғон қадимшуносларидан бу кимнинг қабри, деб сўраганимда у: “Бобуршоҳ бир вақтлар ўзининг бир аскарини олиб келиб шу ерда дафн этган экан, исмини билмадик” деган эди. Энди “Бобурнома”даги маълумот унинг оддий аскар, кейин Бобурнинг беги бўлган Дўстбек экани маълум бўлди. Бундай мисолларни “Бобурнома”дан кўплаб келтириш мумкин.

Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг мустаҳкам давлат тузганининг асосий омилларидан бири халқ билан яқиндан мулоқотда бўлиб, унинг ташвишу дарди, омадию омадсизлигини ­ўрганиб иш тутганида, эл-улуснинг мақсади, дарди ва армонларидан ­доимо хабардор бўлиб, давлатдорлик қилганидадир.

 

Ҳасан ҚУДРАТУЛЛАЕВ,

филология фанлари доктори,

профессор, Халқаро Бобур

мукофоти совриндори

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *