— Бу туришингда охири сени Хосият момога ўғил қип берамиз-ов.

Қўшни момога нисбатан меҳр ва ҳурмати ҳарчанд баланд бўлмасин,бу гап болага ёқмайди. У жиндек ясама зарда билан ушбу гапни ирод этган отаси ҳамда, нима деркин, дегандай мийиғида кулиб турган энаси томон кўзи остидан бир-бир қараб қўяркан, тўнғиллаб, “йўқ” дейди. Эртаси эса, гўё бу гап бўлмагандек, кундалик майда-чуйда юмушлардан қўли бўшаши ҳамоноқ уйлари қаршисидаги кенг сойлик ёқалаб чўзилган нариги бетдаги дўнглик белида, сўл биқинида кигизлари униққан чоққина ўтов, кўклам қуёшидан қовжираган қўзиқориндай, ёлғиз қўнқайиб турган тошкулба сари зинғиллайди. Уйидагилар унинг бу қилиғига кўпда монелик қилишмаса-да, нечундир сўнгги пайтда, деярли ҳар икки оқшомнинг бирида ушбу гапни такрор этмоқни хуш кўришади. Бола, одатдагидек, “йўқ” деганидан сўнг, ҳар гал дастурхон теварагида кавшанишиб ўтирган синглиси ва укасига кўз қирида зимдан разм солади ва ҳамиша ўзга бир хонадонда улардан айро ҳолда умргузаронлик қилишни ҳеч тасаввурига сиғдиролмайди: минг яхши кўргани билан Хосият момоси хеш эмас, бегона, магар чинданам унга ўғил қилиб берар бўлишса, жигарларисиз бировникида қандай яшайди? Бу-ку майли, сўнг анову Мўмин қотма “ўгай ўғил” дея, устидан роса иршанглаб-иршанглаб кулмайдими? Бола шуларни миясидан ўтказаркан, оғзидаги луқмасини чала-чулпа ютиб, бу сафар ичдан қатъий дейди: “Йў-ўқ!” Кейин энди-энди чойини эплаб-сеплаб ичишга кўника бошлаган укасига тағин хаёли оғади: “Отам қачон бунинг тўйини қиларкин, а?” Аммо бу ўйини сиртига чиқармайди, негаки, сўрар бўлса, отасининг жавоби ҳамиша тайин: “Худо хоҳласа, яқинда!”.

Укаси оёқлабдики – шу гап.

Кўклам бошида ўзидан бир синф юқорида ўқийдиган Мўмин қотма билан жиққамушт бўлганидан бери, бола инисининг суннат тўйини зўр интиқлик билан кутади – тўй куни узоқ-яқиндан ташриф буюрган хел-хешлари ҳовлиларига сиғмай, тишга ошиб-тошиб чиқишини, ўзи эса, мисли сувдаги балиқдек, меҳмонлар орасида жавлон уриб юрмоқни орзулайди. Бежизга эмас – Мўмин қотма ўз укасининг тўйи куни қариндош-уруғларининг сероблиги билан мақтаниб, ўмган тешар гап қилган: “Сен у, худди етим қўзидай, етти ёт бегонани хеш тутиб, доим уйига чопқиллаб юрасан!” Бу гапдан сўнг иккиси сойлик тубидаги сайҳонликда обдон ёқалашган, уриб, бир-бирларининг кўзларини кўкартиришган. Ушбу воқеа сабаб, укасининг тўйи куни барча хешларининг уйларида жам бўлишини сабр-тоқат-ла кутади. Ана ўшанда Мўмин қотмани ёнига имлаб, ўзича димоғланиб-димоғланиб дейди: “Ув-в, қотма, кўриб қўй, бизди қариндош-уруғлар қанчалигини?!” Баъзан эса кутилмаганда, беихтиёр, шубҳа-гумонга боради, негаки олис-яқиндан   унда-бунда меҳмон бўлиб келадиган саноқли уруғларини демаса, бўлак хешларини кўпда танимайди. Бунақада Мўмин қотманинг олдида ер бўлиб қолмасмикан?

У гоҳида ушбу руҳсиз ўй-хаёллар оғушида тошкулбага қадам қўяди. Аммо Хосият момосининг биргина ширин каломиданоқ зумда барчасини унутганини ўзи ҳам сезмай қолади.

Момо уни ҳар сафар қуёшдай чарақлаб қаршилайди. Боламлаб, дарров гирдига тош терилган супага таклиф этади, йўқ, деганига қарамай, чой дамлаб, олдига ярим косача қаймоқ қўяди. Сўнгра, одатдагидек, қўлига урчуғини олиб, қошида шу куз адоғида саккиз ёшга тўлиши лозим бўлган бўйчангина бола эмас, кап-катта мўртли йигит савлат тўкиб ўтирганидек, гурунг беришга тушади.

Момо кундузлар ёлғиз, тонг саҳарлаб молини қирга ҳайдаб кетадиган чоли – Эсон оқсоқол доимо оқшомлатиб уйига қайтади. Болани бу хонадонга момонинг ёлғизлиги ёхуд унинг бетаъма, қайноқ меҳри эмас, эртакнамо гурунглари кўпроқ ўзига чорлайди – онгу шуурини сеҳрлаб, бутунлай   ўзига мафтун этиб қўяди. Натижада, бола маълум вақт бу олам шовурини унутиб, ўтмишда бўлиб ўтган ғаро­йиб воқеалар гирдобида яшай бошлайди: мана, қуюқ қаймоққа нон ботириб, эндигина оғзига олиб борган ҳам эдики, икки қир оралиғидаги сертепа кафтдек водийда жойлашган   овули бирпасда кўздан ғойиб бўлиб, унинг ўрнида ҳалича одам оёғи етмаган кимсасиз бир ҳудуд юзага келади-да, хиёлдан сўнг паст-баланд тепаликлар орасида ўтов лаш-лушлари ва рўзғор қақир-қуқурлари юкланган қўш туяни етаклаган, олдида бир сурув қўй-қўзи, қаватида эса гўзалликда тенгги йўқ бир келинчак, ҳайбатли ва келбатли бир кимса — Эсон оқсоқол, йўқ, Эсон полвон пайдо бўлади.

Келинчак — Хосият момо ғамгин.

Куёв — Эсон полвон андак дилгиртоб.

Боиси уч кун бурун, агар бизни деяр бўлсанг, туғмас бу келинчакнинг баҳридан ўтасан, дея қатъий шарт қўйган хел-хештидан қаттиқ аразлаб, кўч-кўронини туяларга юклаганча, тоғ ошиб бу томонларга йўл торт­ган ва энди қайси манзилда қўним топмоғини билолмай, сарсон кезиниб юрарди-да. Ана, Эсон полвон тепаликлардан бири ёнидаги кенг сайҳонликда оёқ илиб, теваракка боққанча бир муддат туриб қолади. Шунда қаватидаги гўзал келинчак ияги билан водийдаги энг баланд тепалик – ушбу дўнгликка имо қилади. Пойида бир эмас, икки булоқ қайнаб турган бу жой Эсон полвонга жуда маъқул келади ва мазкур овулнинг илк тамал тоши мана шу тарзда у томондан қўйилади, яъни дўнглик белида ушбу тошкулба бунёд этилади.

Бошқалар эса сўнг-сўнг бирин-сирин кўчиб келишган.

Овул номи шундан қолган — Яккатом.

Бу орада бир дамгина ўзига келган бола воқеа қаҳрамонларидан бири шундоққина қаршисида ўтирганига ишонгиси келмагандай, Хосият момога ҳайратомуз боқади. Бир пайтлар унинг гўзал келинчак бўлганини тасаввур этолмай, майда ажин тилимлаган юзига, урчуқ тутган озғин бармоқларига тикилади, сўнг хаёлидан не ўтаётганини, гўё момо сезиб қоладигандек,   тошлари пишиқ-пухта терилган кулбага, наридаги ўтовга, сойлик тубидаги кенг майдонни энлаб тушган тошдеворли қўрага кўз ташлаб, ҳар келишида нуқул момонинг нону қаймоғини жиғилдонига уравермай, бирор юмушига кўмак бермоқни, ҳеч қурса қуйидаги булоқдан сув олиб чиқиб беришни ўйлайди. Бироқ момоси тушмагур — нақд ишнинг куяси, унга бирорта юмуш қолдирмайди. Боз устига, бола бир нарсадан — овулдаги айрим оғзига кучи етмайдиган, умрида бировга қайишмайдиган кимсаларнинг, фалончанинг боласини куни ўтмай қоптими дейман, Эсон оқсоқолнинг хизматини қилиб юрибди, дейишларидан ҳайиқади. Чамаси, момо ҳам шундан истиҳола қилса керак шекилли, болага бирор иш айтмайди. Аммо қаймоғу гурунгини ҳеч қачон қизғанмайди.

Кейинги қаймоқхўрликлардан бирида бола овул ёқалаб, кунчиқишга чўзилиб кетган катта қирга туташ чўнг тепаликда чордона қуриб ўтирган Алпомишни кўради. Ўҳ-ҳу, Алпомиш деганлари бу қадар ҳайбатли бўлмаса, ҳар бир кифтига тўрт-беш одам бемалол сиғади-я! Йўқ, бу сумбати олдида китобдаги сурати бир чақага қиммат! Чамаси, мусаввир Алпомишни Хосият момочалик билмайди. Билганида… Момонинг айтишига кўра, Ойбарчинни қоралаб, ўзга элга йўл тортган Алпомиш айни ўша тепаликда бирров қўниб ўтган экан, шунга кўра, мазкур тепалик “Алптепа” деб юритиларкан. Бола Алптепага ўзгача бир эҳтиром билан боқади. Эрта ё индин Алпомиш изларини тавоф қилгани Алптепага кўтарилишни кўнглига тугади. Шомда эса бу ҳақда уйдагиларга тўлиб-тошиб сўзламоқни истайди. Минг афсуски, тингловчи дегани ҳамиша анқонинг уруғи, тенгқурлари эса катталардан-да бефарқ — жуда нари борса, ўтирик, Алпомиш бу томонларга доримаган, дейишади. Бола бу қадар лоқайдликни танига сингдиролмай, эртаси тағин тошкулбага ошиқади. Одатдагидек, момонинг адоқсиз гурунгларига маҳлиё бўлиб, гоҳида чойнакдаги чой совуб, косадаги қаймоқнинг ярми қолиб кетганини ҳам сезмайди. Шунда кутилмаганда нақ мияни пармаловчи чўзиқ чорлов қулоғига чалинади.

— Анвару-у-у!

Бу овоздан хаёли бўлинган бола воқеаларни бамисли эртакдай ғоятда келиштириб сўзлаётган момонинг ориқ, чўзиқ, рангпар юзи ва ададсиз меҳр ёлқинланиб турган кўзларига боқаркан, сўзланг, сўзлайверинг моможон, дея ўрлангиси келади. Бироқ момо ортиқ сўзланмайди, сергакланиб, боланинг кетмоғини истамаган бир оҳангда, аста дейди.

— Энанг чақираяпти, болам.

Бола сойликнинг нариги бетидан туриб, ўзини йўқлаётган энаси томон норози боқади, малолланиб боқади.

— Насибангни қолдирма, еб кет, болам, — дейди момо.

Аммо емак дегани момонинг мароқли гурунглари билан тотли, шунга кўра, бола дастурхонга боқмай, ноилож ўрнидан қўзғалади. Бу бемавруд чорловдан оғриниб-оғриниб, ич-ичдан ғижиниб-ғижиниб секин-аста қуйига — эртаксиз олам сари эна бошлайди. Баъзида сойлик бетида, “ҳа, ўгай ўғил”, деган маънода ишшайиб турган Мўмин қотмага рўбарў келиб, бундан дили баттар хуфтон тортади. Ундан боплаб ўч олиш истаги хуруж қилиб, укаси тўйини тасаввурида жонлантириб, ўша кун тезроқ келмоғини орзулай бошлайди.

Иттифоқо, шу кунларда, отасидан бўлак, уйдагиларнинг бари тоғолди овулларидан бирида яшовчи холасининг тўйига борадиган бўлиб қолишди. Бу тўй — қавм-қариндошларининг қанчалигини аниқлаш умидида юрган болага зўр важ бўлди. Тўй куни эса йўқ-бор нарсага алаҳсимай, хешларини зимдан туванлаш билан банд бўлди. Буни қарангки, қариндошлари ўзи ўйлагандан ҳам кўп экан. Эркаклар, аёллар ва болалар — бари уларга хеш экан, уруғ экан.

Бундан бола ўзида йўқ севинди.

Азбаройи қувонганидан кўзлари ўтдек чақнаб, хешман деганнинг ҳар бирига меҳри жўшиб-жўшиб боқди, меҳри тошиб-тошиб боқди. Аммо чатоқ бир жиҳати – аксарият қариндошлари муносабатида ўзи кутган илиқликни туймади. Айримлари елкасига қоққан бўлиб: “Сен фалончанинг улимисан? Вой-бўй, кап-катта йигит бўп қопсан-ку!” — дегани билан улар нигоҳида   ўзининг катта йигит бўлиб қолганидан қувониш аломатларини илғамади. Бироқ бундан боланинг кўнгли чўкмади, аниқроғи, чўктирмади — унисини у деб, бунисини бу деб, ўзича уларни оқлаган бўлди. Сўнг холасига ҳамсоя турмиш ўртанча тоғасининг ўзи тенги ўғли билан иноқлашиб, тўй якунига қадар у билан бирга юриб, бирга турди.

Эртаси кетар жафосига тоғасиникида меҳмон бўлдилар.

Тоғасининг тўлагина, чеҳраси тўнггина аёли — янгаси кўп чаққон экан, эт қовураётган ерида, иккинчи қозонда сут пиширмоққа тушди. Бола момонинг қаймоғини еявериб, мазахўрак бўлиб қолган эмасми, аёл ўртача сирли тоғорадаги сутни қозонга қўяётганида, бирдан иштаҳаси қўзиб, эт эмас, қаймоқ емоқни истаб қолди.

У шу истакда ёнидаги мезбон болага деди:

— Би-ир қаймоқхўрлик қимаймизми, а?

— Бўпти, юр, — деди мезбон бола ҳам тамшаниб.

Болалар қозон бошига бордилар.

Аёл улар хоҳишини англаб, чинни косага қаймоқ қуйиб узатди.

Бола хиёл олдинроқда эди, беихтиёр косага қўл чўзди.

Аёл ўзи билмаган ҳолда ошкора қизғаниб, қўлидаги идишни бола қолиб, ўз ўғлига узатиб, деди:

— Ўзи озгина… ма, ҳадаҳа ютиб ол!

Қўли муаллақ қолган боланинг кўнгли чўкди, ўзини етти ёт бегонадек ҳис этди.

Олам хира тортди.

Борлиқ хунук тус олди.

Дарвоза ёнида ётган ит, кет, дегандай ҳурди.

Ҳовли юзидаги хўроз итни маъқуллагандай қичқириб қўйди.

Биргина лаҳза ичидаёқ жиддий йигитчага айланиб улгурган бола ичкарида туғишганлари билан кулишиб ва суйлашиб ўтирган энаси олдига қуйидаги талабни кўндаланг қўйди.

— Эна, кетдик!

* * *

Эртаси тушга яқин бола тошкулба томон ўрларкан, бу дафъа, ҳар галгидек, Хосият момонинг қистовига итоат этиб, дастурхонга ўтирмади. Қўлига болта олиб, анча бурун кўз остига олиб қўйган, ўтов ортида қалашиб ётган қуриган ўтинларни ҳафсала билан майдалашга киришди. Момо эса уни алқай-алқай, мижжаларини ёшлай-ёшлай тезда эт қовурмоққа тушди. Боиси бугун унинг хонадонига ўша ўзи билган бола эмас, қарашлари жиддий йигит ташриф буюрган эди-да. Ахир, йигит одамни нону қаймоқ билан эмас, қовурилган эт ила сийламоқ лозим-да!

Оқшом ота ҳазиломуз деди:

— Бу туришингда охири сени Хосият момога ўғил қип берамиз-ов.

Бу сафар бола отасига ер остидан эмас, дадил қараш қилиб, деди:

— Майли.

Ота донг қотди.

Эна анқайди.

Бола эса қўлига қошиқни олиб, косадаги шўрвани ошиқмай ичмоққа тутинди.

Нормурод НОРҚОБИЛОВ

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *