Олис манзилга элтувчи йўл биринчи қадамдан бошланади. Шарқ дониш­манд­ларидан мерос бу ҳикмат замирида бадиий ижод олами учун муҳим мезонлардан бири мужассам: агар санъат ривожи йўлида ишонч ва собитлик билан қадам қўйилган бўлса, унинг истиқболи учун мустаҳкам пойдевор яратилади. Пойтахтимизда ўтаётган I Тошкент халқаро амалий санъат фестивали шу жиҳатдан ҳам муҳим аҳамиятга эга. Ўтган йиллар давомида мамлакатимиз халқаро миқёсдаги кўплаб нуфузли санъат анжуманларига мезбонлик қилган бўлса-да, амалий санъат йўналишидаги халқаро фестиваль илк бор ўтказилаётганини таъкидлаш лозим.

Фестивалнинг Ўзбекистон Бадиий академияси Марказий кўргазмалар залида ўтган очилиш маросими санъат ихлосмандлари, айниқса, халқ ҳунарманд­лиги фидо­йилари, устоз ижодкорлар учун ҳақиқий байрамга айланди. Тадбир доирасида Озарбойжон, Буюк Британия, Эрон, Италия, Хитой, Россия, Германия сингари мамлакатлардан ташриф буюрган машҳур амалий санъат усталари, улар яратган ижодий ишлар билан ­танишиш имконига эга бўлдик.

Халқ амалий санъатининг барҳаёт анъаналарига қизиқиш бугун нафақат Шарқда, балки замонавий санъат марказларига айланган ўарб мамлакатларида ҳам кучайиб бораётгани бежиз эмас. Дунё ахборот майдонида кенг қулоч ёзаётган ­“оммавий маданият” айни пайтда миллийликка, урф-одат ва анъаналар, барҳаёт қадриятларга бўлган маънавий эҳтиёжни ошираётгани рост. Тошкент фестивалининг ижодий харитаси кенг ва ранг-баранг кўриниш касб этиб, кўплаб хорижлик ижодкор ҳамда мутахассисларни жалб қилгани айнан шу омил билан боғлиқ. Пойтахтимиздаги барча йирик кўргазма залларини қамраб олган ушбу фес­тиваль жаҳон амалий санъатидаги янги изланишлар, замонавий жараён ва тенденциялар билан яқиндан танишиш имконини берди. Шу ўринда айтиш лозимки, бугунги замонавий амалий санъат ўтмишдаги ҳунармандлик йўналишларининг шунчаки акси эмас. Бу соҳа замонавий тасвирий санъат йўналишлари билан ҳамқадам ривожланаётир. Шунга яраша ижодий ишларнинг шакли, мазмун доираси ҳам янгича, давр руҳи билан уйғун қиёфа касб этиб бормоқда. Марказий кўргазмалар залида очилган фестивалнинг асосий экспозицияси бунинг далили.

Намойиш залига қадам қўяркансиз, турфа шакл­лар, бетакрор рангу услублар, миллий анъаналар ва замонавий изланишларни мужассам этган тўқимачилик ва кулолчилик намуналари билан юзлашасиз. Анъанавий ҳамда ноанъанавий ҳунармандлик асарларига тўла кўргазма залини турфа маданиятлар учрашуви юз берган мулоқот майдонига қиёслаш мумкин. Намойишда кенг ўрин берилган россиялик усталарнинг кашта ва қуроқларига назар солиб, миллий анъаналарнинг замонавий нафасини ҳис қиласиз. “Лоскутная мозаика” лойиҳаси доирасида яратилган тўқимачилик ишлари томошабинда рангтасвир асарлари сингари ёрқин таассурот уйғотади. Масалан, Наталья Муравьёва, Ксения Шликова, Валентина Бочарова, Ольга Таранованинг мусаввирона маҳорат билан яратган манзара ва композицияларида рус фольклорининг анъанавий мотивлари, миллий анъана ва қадриятлар устуворлик қилади. Ижодкорлар мумтоз декоратив услуб доирасидан чиқиб кетмаган ҳолда, қизиқарли ифода шаклларини яратишга интилишган. Ульяна Потапова, Анатолий Белик, Ирина Букреева ҳамда “Қизил сарафан” клуби аъзоларининг ишларида эса, аксинча, бутунлай янгича талқинни кўрамиз. “Осмон ва ер”, “Кутилмаган меҳмон”, “Акс”, “ўалаба юлдузлари” сингари асарларда авангард санъатига хос шаклий ёндашувлардан усталик билан фойдаланилган. Яъни бу асарлар қиёфаси, мазмуни жиҳатидан рангтасвир асарларидан қолишмайди.

Мусаввирона талқин услубини ўзбек ижодкорларининг ишларида ҳам кўриш мумкин. Мисол учун, фарғоналик матога сурат чизувчи усталар Владимир Пучковский, Светлана Шихова ва Яна Пучковскаянинг манзара, натюрморт ва композицияларидаги ёрқин ранглару шакллар, миллий мотивларнинг ноанъанавий талқини нигоҳингизни сеҳрлайди. Улар мойбўёқ билан эмас, мато қийқимлари ёрдамида яратилганини гоҳида сезмайсиз ҳам. “Марғилон оҳанглари”, “Кайфият”, “Анор”, “Мақомлар” каби композицияларда декоративлик устунлик қилса, “Қовун сотувчи”, “Дарвешлар”, “Қудуқ бошида”, “Кўсак ичидаги кўсак” асарларида чуқур ҳиссиётлар, жиддий ўй ва кечинмалар ифодасини кўрамиз.

Тошкентлик ижодкор Алексей Қодировнинг суратли матоларидаги образли ечимлар янада мураккаб кўриниш касб этган. Нозик тола ва иплар ёрдамида ифодаланган рамзлар томошабинни ботиний туйғулар, сирли кечинма ва зиддиятлар дунёсига олиб киради. “Дарвешлар” триптихида таниқли рассом Файзулла Аҳмадалиев картиналарига хос қатламланган теран мазмун мужассам бўлса, “Тўда” полиптихида қизғиш сояга айланган инсон ва ҳайвон образлари фалсафий-ахлоқий муаммолар ҳақида мушоҳада юритишга чорлайди.

Бундай ўзига хос ёндашувлар миллий мерос намуналари замирида дунёга келаётгани муҳим аҳамиятга эга. Озарбойжонлик амалий санъат устаси Инна Костинанинг суратли матолари муғом мусиқаларидан таъсирланиб яратилган. Мумтоз оҳанглар сингари нафис чизиқлар тўқ рангдаги мато фонида сирли мазмунга эга рамзий тасвирларни пайдо қилади. Уларга назар соларкансиз, гўё муғом куйларини тинглаётгандек бўласиз. ­Истеъдодли ижодкор миллий руҳ ва замонавий ­талқин ўртасида гўзал уйғунликни топа олган.

Намойишдан ўрин олган кулолчилик ишларида замонавий тенденциялар таъсири яққол кўзга ташланмаса-да, маҳаллий мактаблар доирасида жиддий изланишлар кечаётгани сезилади. Риштонлик керамика усталари учун ажратилган майдонда Усмон Рустамов устахонасида тайёрланган керамик инсталляция билан бирга, Алишер Назиров, Исмоил Комилов, Бахтиёр Назировнинг кулолчилик ишлари ҳам диққатингизни тортади. Мовий, оч яшил рангдаги рўзғор идишларида риштон кулолчилик мактабига хос анъанавий услуб билан бирга, янгича шакл, безакларни ҳам пайқайсиз. ўиждувон мактаби усталари яратган ишлар орасида эса Абдувоҳид Каримовнинг “Йўқотиш” керамик инсталляцияси эътиборни жалб қилади. Бир неча пландан иборат бу ижодий иш марказида парчаланган кошинлар осилган. Уларнинг ортида ўзига хос панно кўринишида кошин парчалари ҳамда лаганларни кўрамиз. Инсталляциянинг пастки қисмидан қумлар орасида қолган нодир санъат намуналари жой олган. Ижодкор бу орқали асрлар давомида яшаб келган анъана ва қадриятлар бой берилаётганини ифодалагани долзарб аҳамиятга эга.

Кўргазмадан ўрин олган ҳар бир ижодий иш ўзига хос таассурот қолдириши табиий. Томошабинларни Нурота, Сурхондарё сўзаналари сингари асрлар давомида ўз жозибасини йўқотмай келаётган ноёб ҳунармандлик намуналари билан бирга, қадимий санъатнинг янгича талқинлари ҳам бефарқ қолдирмайди. Гувоҳи бўлганимиздек, бугун амалий санъат усталари бир жойда депсиниб тургани йўқ, ишлаш техникасидан тортиб, ижодий ишларнинг шакли ва   мавзуси ҳам кенгайиб, эврилишларга учрамоқда. Шуни ишонч билан айтиш мумкинки, замонавий амалий санъат соф декоративлик доирасидан чиқиб бўлган. Гарчи бу хусусият анъанавий ҳунармандлик намуналарида муҳим аҳамият касб этишда давом этаётганига қарамай, янги изланишлар ғов бўлаётгани йўқ. Аксинча, халқ ҳунармандлиги, унинг қадимий анъаналари замонавий санъат тараққиёти учун янги изланиш майдонига айланмоқда.

Биринчи Тошкент халқаро амалий санъат фестивали бу йўналишдаги муҳим тенденцияларни белгилаш имконини берди. Жумладан, ҳозир амалий санъатда индивидуалликка, муаллиф “мени”ни намойиш этишга интилиш тобора кучайиб бораётганини қайд этиш лозим. Ҳунарманд усталар рассомлар сингари кенг кўламда ижод қилишга, изланишга ҳаракат қилишмоқда. Ушбу жараёнда постмодернистик ёндашувлар ҳам оммалашиб бораётгани янги ижодий уфқлар сари йўл очиши аниқ. Албатта, ҳозир бу изланишлар қандай натижа бериши ҳақида хулоса чиқаришга эрта. Чунки ҳали ижодий йўлнинг бошида турибмиз. Тошкент фестивалининг келажакдаги фаолияти бу борадаги саволларга янада аниқ жавоб беришига умид қиламиз.

 

Азизхон ИМОМОВ

* * *

Халқаро амалий санъат фестивали доирасида Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейи, Ёшлар ижод саройи, Ўзбекистон Тасвирий санъат галереяси, Тошкент фотосуратлар уйи, Халқаро маданият карвонсаройида кўргазмалар очилди. Фестиваль давомида амалий санъат усталари ва санъатшунослар иштирокида анъанавий ва ноанъанавий ҳунармандчиликка бағишланган давра суҳбати ҳамда
“Art and part news Uzbekistan” журнали тақдимоти ҳам ўтказилди. Бугун фестивалнинг ёпилиш маросими бўлиб ўтади.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *