Буюк мутафаккир Алишер Навоий бундан беш аср олдин тилларнинг ўзаро чоғиштирма тадқиқига асосланган “Mуҳокамату-л-луғатайн”(“Икки тил муҳокамаси”) монографияси билан дунё тилшунослигида мутлақо янги илмий йўналиш – компративистикага асос солган эди. Аллома ушбу асари орқали чоғиштирма тилшуносликнинг тадқиқ йўллари, таҳлил усуллари, методологик асосини ишлаб чиқди. Ҳозирга қадар замонавий тилшуносликда ушбу илмий изланиш ўз ўрнини, таҳлил ва тадқиқ усуллари, қадри ва аҳамиятини йўқотган эмас.

Лингвистика тарихида Алишер Навоий бошлаб берган мутлақо янги илмий йўналишга асосланган компрати­вистик тадқиқотлар Оврупода XIX асрнинг биринчи ярмига келибгина яратила бошлади; тилшунослик тарихида қиёсий-тарихий тилшунослик номи билан ўрин эгаллади. Ҳозирда ушбу йўналиш замонавий ­тилшуносликнинг йирик соҳаларидан бирига айланган.

Ҳазрат Навоий илмий тафаккурининг гултожи ҳисобланган ушбу тадқиқот ўзбек фани тарихида ҳам тенгсиз мақомга эга. Ушбу асар бизгача етиб келган илмий ишлар орасида ўзбек тилида яратилган биринчи соф лингвистик илмий-тадқиқот ҳисобланади. Кези келганда қайд этиш керакки, Низомиддин Мир Алишер Навоийга қадар туркий тиллар тадқиқига бағишланган ўнлаб илмий асарлар яратилган. Бироқ улар араб тилида ёзилганлигини ҳамда уларнинг катта бўлаги ўқув қўлланма хусусиятига эга эканлигини эсдан чиқармаслик керак. Навоий ушбу асари билан ўзбек лафзида тилшунослик бўйича илмий иш яратиш услубини, ёзма илмий баён техникасини яратиб бериш билан бирга, унинг илмий терминшунослигини ҳам ишлаб чиқди. Шу жиҳатлари билан ушбу асар ўзбек ва жаҳон фани учун ғоят қадрли фундаментал тадқиқот саналади.

Яқинда ана шу асарнинг янги ­нашри туркий тиллар тарихининг билимдонларидан бири Қосимжон Содиқов таҳлили, табдили ва талқини остида чоп этилди(Алишер Навоий. Mуҳокамат ул-луғатайн. – Тошкент: “Академнашр”, 2017).

Китобда асарга бағишланган тад­қиқот, “Mуҳокамат ул-луғатайн”нинг илмий транскрипцияси, ҳозирги ўзбек тилига соддалаштирилган ўгирмаси, асарда ишлатилган илмий истилоҳлар сўзлиги берилган. Илова сифатида Париж ва Тўпқопи нусхаларининг факсимили ҳам келтирилган.

Ҳозирда дунё қўлёзмалари фондида “Mуҳокамату-л-луғатайн”нинг тўртта қўлёзмаси маълум.

Нусхалардан биринчиси Истанбулдаги Тўпқопи саройи музейи Реван кутубхонасида сақланаётган Навоий куллиётидан ўрин олган. Ушбу қўлёзма, тахминларга қараганда, мавжуд нусхаларнинг энг эскисидир.

Асарнинг яна бир нусхаси Истанбулдаги Сулаймония кутубхонасининг Фотиҳ бўлимида сақланаётган Навоий куллиётига кирган.

Париж нусхаси. Ушбу нусха Mиллий кутубхонада сақланаётган Навоий куллиёти таркибида. Қўлёзма 1526–1527 йиллари кўчирилган.

Aсарнинг яна бир қўлёзмаси Будапештда сақланмоқда. Янги нашр ана шу нусхаларни ўзаро қиёслаш натижасида яратилган.

“Mуҳокамату-л-луғатайн”нинг қўлёзмалари орасида Тўпқопи ва ­Париж нусхалари матний жиҳатдан бир-бирига жуда яқин: Тўпқопида қайси жойлари тушиб қолган бўлса, Париж қўлёзмасида ҳам айтарли шундай.

Асарнинг Фотиҳ кутубхонасида сақланаётган қўлёзмаси бошқа нусхалардан бирмунча фарқ қилади. Муҳими шундаки, Тўпқопи ва Париж қўлёзмаларида учрамайдиган сўз ва жумлалар ушбу нусхада тўлдирилган; текстологик жиҳатдан бу нусханинг ўзига яраша афзаллиги ҳам бор.

Навоий ўз асарида компративистиканинг таянч усулларини ихтиро этган. Чунончи, у тилларнинг қандай бирликлари ва қатламлари солиштирилса, асосли илмий натижаларга эришиш мумкинлигини ҳам кўрсатган. Ана шу мақсадда Навоий ўзбек тилининг сўз бойлигини кўрсатиш орқали форсийда муқобили бўлмаган юзта феълни келтирган. Қизиғи шундаки, асарнинг Тошкент нашрида ушбу феъл­лар тўқсон тўққизта. Бунинг сабабини Қ. Содиқов тўғри кўрсатган. Унинг ёзишича, aсарнинг бизга етиб келган қўлёзмаларида феълларнинг сони турлича: Тўпқопи ва Париж нусхаларида тўқсон тўққиз, Фотиҳ ва ­Будапешт нусхаларида юзтадир. Ушбу икки нусхада бошқа қўлёзмада тушиб қолган юзинчи феъл ҳам бор. У чимдиламоқ феъли бўлиб, кетма-кетликда қичиғламақ сўзидан кейин кeлади. Бундан кўринадики, ҳалиги нусхани кўчираётган котиб бу сўзни тасодифан тушириб қолдирган. Тошкент ­нашрида ушбу феълнинг учрамаслигининг сабаби ҳам шунда, нашр учун Париж қўлёзмаси асос бўлган.

Янги нашрда ана шу феъл ҳам келтирилган.

Қ.Содиқовнинг таъкидлашича, баъзи ўринларда жумлаларнинг тузилишида ҳам фарқли жиҳатлари бор. Масалан, Тўпқопи ва Париж қўлёзмаларидаги айрим жумлалар Фотиҳ қўлёзмасида таҳрир қилинган ёки аввалги икки қўлёзмада учрамайдиган жумлалар Фотиҳ қўлёзмасида тўлдирилган. Бир-иккитасини кўчириш чоғида тушириб қолдирилган, дейиш мумкиндир, лекин орада муҳим маълумотлар ҳам киритилган бўлиб, улар тил ва услуб жиҳатидан Навоийнинг жумлалари, буларни асарга муаллифдан бошқа киши киритиши имконсиз. Масалан, Тўпқопи қўлёзмасидаги “Форсийгўй турк беглар-у мирзодалар “бўхсамақ”ни форсий тил била тиласалар-ки, адо қилғайлар”, деган гап Фотиҳ қўлёзмасида “Форсийгўй турк беглар-у мирзодалар “бўхсамақ”ни форсий тил била тиласалар-ки, адо қилғайлар, аё не навъ қилғайлар”, деб берилган.

Орада йирик-йирик жумлалар ҳам фарқ қилади. Улар китобнинг тадқиқот бўлимида рўпарама-рўпара қилиб жадвалга солиб берилган.

Навоий асарлари тилида сингармонизм(товушлар уйғунлиги) “темир қонун” сифатида амал қилган. Бу нарса товушлар системасини англашга ҳам имкон беради. Масалан, муаллиф келтирган мисолларда “йўғон” ўзак-негизли сўзларга масдар кўрсаткичининг мақ варианти қўшилади: қуруғсамақ, алдамақ, қистамақ, йалинмақ сингари; “ингичка” талаффузли сўзларга эса —mдk варианти қўшилади: игирмак, индамак, сурканмак, ўртанмак сингари. Кўринадики, Навоий тилида орқа қатор, “йўғон” a билан олд қатор, “ингичка” анинг ҳар иккови мустақил фонемалар сифатида амал қилган.

“Муҳокамату-л-луғатайн”да жониворларнинг ҳаракатини англатувчи феъллар билан боғлиқ қизиқ бир мисол бор. Асарнинг Анқара нашрида бу мисол шундай берилган: “уй мунграмагига ва ишак инграмағиға ва ит тегишмағиға ва улимағиға лафз йўқтур”. Муҳими шундаки, ушбу жумла асарнинг Тўпқопи қўлёзмасида йўқ, Фотиҳ қўлёзмасида эса бор, нашрга ўша қўлёзмадан олинган.

Ушбу жумладаги келишик қўшимчаларининг қўшилиш тартибига эътибор қаратилса, қуйидаги ҳолатга дуч келамиз: тегишмак сўзи “ингичка” ўзакли бўлишига қарамай, унга қўшимчанинг “йўғон” варианти қўшилмоқда: тегишмағиға. Англашиладики, нашрда бу ўринда хатога йўл қўйилган. Қ.Содиқов туркча нашрдаги бу хатони асар қўлёзмасига асосланиб тўғри беради.

Унинг ёзишича, қўлёзмада тегишмағиға эмас, мингашмағиға экан. Mингашмақ “йўғон” ўзакли сўз, шунинг учун унга қўшимчанинг ҳам “йўғон” варианти қўшилмоқда.

Тузатилган жумланинг ўқилиши шундай бўлади: уй мунграмагига ва эшак инграмағиға ва ит мингашмағиға-ву улимағиға лафз йўқтур.

Бу жумлада кечган мунграмаги сўзи “ингичка” ўзакли бўлгани учун унга жўналиш келишигининг “ингичка” -га варианти, инграмағи, мингашмағи, улимағи сўзлари “йўғон” талаффузли сўзлар бўлгани учун эса қўшимчанинг ҳам “йўғон” талаффузли ға варианти қўшилмоқда. Агар эски ўзбек тилида “темир қонун” бўлмиш товушлар уйғунлигига эътибор берилмаганда, юқоридаги нашрда унинг хато ўқилганини сезмай ҳам қолардик.

Ушбу қонун қўлёзмаларни ўқиётганда сўзларни тўғри ўқишимизда, ҳатто уларнинг маъносини билиб олишимизда очқич вазифасини бажаради.

Қўлёзмалар орасидаги ушбу текстологик фарқларга таянган ҳолда, Қ.Содиқов шундай хулосага келган. Унинг фикрича,“Муҳокамату-л-луғатайн” асарининг икки хил варианти бўлган: Навоий асарни ёзиб тугатгач, уни котибга топширган; котиб ана шу вариант асосида матнни кўчирган. Кейинчалик, чамаси бир оз фурсатдан сўнг, муаллиф асарни қайта кўриб чиқиб, унга баъзи-бир қўшимчалар ҳам киритган. Айтиш мумкинки, асар Навоийнинг ўз қўли билан таҳрирдан ўтказилган. Шундай қилиб, “Муҳокамату-л-луғатайн” асари, муаллифнинг кўзи тириклигидаёқ, икки хил вариантда ёйилган эди.

Олимнинг таъкидлашича, бугунгача етиб келган нусхалар асарнинг у ёки бу вариантидан кўчирилган чамаси. Масалан, Тўпқопи ва Париж нусхалари асарнинг илк вариантидан, Фотиҳ қўлёзмаси эса асарнинг кейинги, Навоийнинг қайта таҳриридан ўтган вариантидан кўчирилган кўринади. Шунинг учун ҳам, Тўпқопи ва Париж нусхалари текстологик жиҳатдан, айрим жузъий фарқларни айтмаганда, бир-бирига жуда яқин. Фотиҳ қўлёзмаси эса улардан фарқ қилиб туради.

Олимнинг хулосасига кўра, асарнинг илмий ва илмий-танқидий матнларини яратишда қўлёзмалардаги ушбу текстологик фарқлар инобатга олинмоғи керак.

Қ.Содиқов нашрининг аввалги ­нашрлардан фарқи катта. Олим асарга тилшунос кўзи билан қараб, туркологиядаги энг сўнгги илмий қарашларга таянган ҳолда сўзларнинг ўқилиши, талаффуз шаклларида ҳам ўзгаришлар киритган.

Китобнинг яна бир ютуғи, унда асар матни лотин алифбоси асосидаги ­халқаро илмий транскрипцияда берилганлигидир. Бунда ҳозирги Санкт-­Петербург ва немис туркология мактаблари томонидан ишлаб чиқилган транскрипция асосга олинган. Таъкидлаш ўринлики, Ўзбекистонда Навоий асарлари биринчи бор ана шу транскрипцияда берилмоқда.

Янги нашрнинг юзага келиши ўзбек навоийшунослигида катта ҳодиса бўлди. Нашрда ота-боболаримиздан қолган ёзма ёдгорликларни чоп этиш йўналишида замонавий туркшуносликда ишлаб чиқилган тугал қолипга асосланилган. Бунга кўра, нашрда бошлаб матннинг халқаро транскрипцияси, кейин ўзбекча ўгирмаси, асрдаги истилоҳларнинг очиқлама сўзлиги ҳамда асарнинг фотонусхаси(факсимили) жойлаштирилган. Бу билан нашр манбашунослик ва матншунослик соҳасида бундан буён яратилажак ишларга намуна бўла олади.

Қудратулла ОМОНОВ,

филология фанлари доктори

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *